Французлар истилоси даврида мазкур тариқатнинг ҳумрон табақалари француз ҳукумати билан ҳамкорлик йўлини танлаган. XIX аср ўрталарида тариқат вакиллари Сенегал ва Нигер дарёлари ҳавзасида алоҳида давлат (Тижония Умар ал-Ҳаж) ташкил қилганлар. Тариқатнинг Тижоний маъсумлиги ва тариқат аъзоларининг сараланганлиги ҳақидаги таълимоти бошқа мусулмон оқимлари вакиллари томонидан кескин танқид қилинган.
Аҳмад Тижоний 1737 йил Жазоирнинг жанубий қисмида таваллуд топган. У камбағал барбарлар оиласидан келиб чиққан. Диний илмларни ўрганган, халватийлар ва бошқа сўфий оқимлар билан боғлиқ бўлган.
1781—1782 йилларда унга ўзининг мустақил тариқатига асос солишга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан «ижоза» олганман, деб таъкидлаган ҳолда ўз тарғиботини бошлаган.
Абу Смагун воҳасида қўним топиб, Тижоний фаол тарғиботга киришган. 1789 йил у ўз издошлари билан Фесга кучиб борган ва то умрининг охиригача ўша ерда яшаган. У ерда маҳаллий аҳоли ва бошқа сўфий тариқатлари томонидан душманларча муносабатга дуч келган, лекин мустаҳкам ўрин топишга ва маскан (завия) барпо этишга эришган. Ўша ердан туриб тариқат ўз таъсирини Мағрибнинг бошқа ҳудудларига кенгайтирган. Аҳмад Тижоний Али Тамасинийни ўз вориси этиб тайинлаган, бироқ кўп йиллик курашлардан сўнг тариқатга Тижонийнинг икки ўғли бошчилик қилган.
Аҳмад Тижоний шунингдек, издошларига бошка тариқатлар шайхларига қасамёд қилиш (байа), уларнинг марҳаматидан (барака) ва ҳимоя қилишидан (шафаат) фойдаланишни тақиқлаган. Бунинг эвазига уларга Қиёмат куни ўзи ҳимоя қилиш ва қутқаришни ваъда қилган.
Тарихи
Тариқат мустақил сиёсат юритишга интилган. Французлар истилоси даврида тариқат пирлари французлар ҳукумати билан ҳамкорлик йўлини танлаган, лекин Марокашдаги издошларининг кўпчилиги босқинчиларни тан олишдан бош тортган. XIX аср ўрталарида тариқат вакиллари Сенегал ва Нигер дарёлари ҳавзасида истиқомат қиладиган аҳолига исломни қабул қилдиришни бошлаган. Алоҳида давлат ташкил қилиниши, шунингдек, насронийларга қарши фаол тарғибот французлар томонидан қуроллик қаршиликка олиб келган ва бу тариқатнинг мағлубияти билан якун топган. Бу даврда тариқатда бир нечта оқимлар шаклланиб, уларнинг энг йириклари хамалия ва яқубия бўлган.
1920-йилларда Марокаш, Жазоир ва Тунисда тариқатга қарши кенг кампания амалга оширилган, лекин тариқат араб мамлакатларида ҳам, Марказий ва Ғарий Африканинг араб бўлмаган бошқа мамлакатларида (Сенегал ва Нигерия) ҳам ўз издошларини сақлаб қолган.
Ҳозирги пайтда тариқат издошлари сони тахминан 100 млн кишини ташкил қилади. Тариқатнинг маънавий раҳнамоси Аҳмад Тижоний Али Сисси ҳисобланади.
Таълимот
Аҳмад Тижоний улардан тарки дунёчилик ва ёлғизликни талаб қилмаган, оғир-босиқ зикр жорий қилган, бошқа сўфий шайхлари ва тариқатларнинг «муқаддас жойлари»га зиёрат қилиш мумкин эмас деб ҳисоблаган. Тижонийнинг қарашларида бошқа сўфий мутафаккирлари (Ибн ал-Араби ва б.) кучли таъсири сезилади. У ўзини «олий қутб» (қутб) ва «Муҳаммаднинг муқаддаслиги муҳри» (хатм ал-вилая ал-Мухаммадия) деб атаган. Аҳмад Тижоний ўзини мутлақ маъсум деб атаган, ваҳоланки аҳли сунна нуқтаи назаридан бундай деб бўлмайди. У силсила санадини инкор қилиб, ўз таълимоти ва ибодатларини (вирд) бевосита Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан олганман деб таъкидлаган. Тариқат аъзолари ўзларини сараланганлар деб ҳисоблаган ва қолган мусулмонларга ўзларини қарши қўйган, бу ҳам исломнинг бошқа йўналишлари вакиллари томонидан кескин танқид қилинган.