close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Сохта салафийлик ислом уммати учун энг хатарли иллатдир

"Салаф” сўзи луғатда - "аввал яшаб ўтганлар”, "аждодлар”, "ўтмишдошлар" деган маъноларни англатади. Шаръий истилоҳда "салаф” сўзи муайян бир давр билан боғлиқ маънони англатади. Яъни Набий алайҳиссалом замонларида ва ундан кейинги икки асрда яшаган мусулмонлар "салафи солиҳ”, яъни "солиҳ аждодлар” дейилади. Бу борада Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг муборак ҳадисларида шундай деганлар:

"Салаф” сўзи луғатда - "аввал яшаб ўтганлар”, "аждодлар”, "ўтмишдошлар" деган маъноларни англатади. Шаръий истилоҳда "салаф” сўзи муайян бир давр билан боғлиқ маънони англатади. Яъни Набий алайҳиссалом замонларида ва ундан кейинги икки асрда яшаган мусулмонлар "салафи солиҳ”, яъни "солиҳ аждодлар” дейилади. Бу борада Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг муборак ҳадисларида шундай деганлар:
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Энг яхши давр менинг даврим, сўнг уларга яқин бўлган, сўнгуларга яқин бўлган даврлардир. Сўнгра шундай инсонлар келадики, уларнинг гувоҳликлари қасамларидан, қасамлари эса гувоҳликларидан ўзиб кетади" (Имом Бухорий ва Муслим ривоят қилганў.
Мазкур ҳадисга кўра, Ислом уламолари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам замонларида ва ундан кейинги икки даврда яшаган мусулмонларни "салафи солиҳ", яъни, "солиҳ аждодлар" деб тавсифлайдилар. Улардан кейинги даврларда яшаган мусулмонларга нисбатан бу номлар қўлланилмайди.
Аҳли сунна вал-жамоа анъанасига кўра, салафи солиҳлар давридан кейин яшаган мусулмонлар "халафлар", яъни "кейингилар” деб аталади. Халафлар, яъни кейинги аср олимлари дарахт ўз илдизидан озиқлангани каби салафи солиҳларнинг қарашлари асосида шаклландилар.
Сўнгги йилларда "салаф солиҳларга эргашиш” шиорини ниқоб қилиб олган, мутаассиб кўринишдаги сохта салафийлар барча ақидавий ва ҳукмий масалаларни ҳижрий сананинг дастлабки уч асрига мувофиқ равишда ҳаётга татбиқ этишни тарғиб қилсаларда, аслида, уларнинг қарашлари асосан 18-асрнинг ўрталарида яшаб ўтган наждлик Муҳаммад ибн Абдулваҳҳобнинг мутаассибона ғоялари устига қурилгандир. Муҳаммад ибн Абдулваҳҳобнинг қарашлари эса Ислом динида биринчи бўлинишга сабаб бўлган Хаворижлар ақидаси билан йўғирилган.
Бу оқим аъзолари диний масаланинг ечимини «топишда фақат оят ёки ҳадисни узуқ-юлуқ ҳолда келтириб, унга юзаки ёндашиб, гўё муаммога жавоб топган бўлади. Уларнинг бу услуби авом халққа гўё тўғридек туюлади. Шу йўл билан ҳам улар ўз тарафдорлари сонини кўпайтиришга уринади.
Салафийлик ғояси тарафдорларининг асосий мақсадлари Қуръон ва суннатни ўзларича маҳкам тутиш ва қарийб 13 асрдирки Ислом умматининг бирдамлигини таъминлаб келаётган фиқҳий мазҳабларни йўқ қилиб, уларни илдизи билан қўпориб ташлашдан иборат. Уларнинг даъвосига кўра, гўё мусулмонларнинг ихтилофдан нажот топиши фақат Қуръон ва ҳадисни қаттиқ ушлаш билан бўлади, мазҳаблар мавжуд бўлар экан, Қуръон ва ҳадисни маҳкам ушлаш амри маҳол эмиш.
Гўёки бу билан улар Қуръон ва суннатни маҳкам тутишмоқда-ю, бутун уммат эътироф этган ва аввалги уч асрда яшаб ўтган мазҳаббошилар уни маҳкам тутишмаганини иддао қилишларини англаш қийин эмас.
Воқеъликда эса, улар мазҳаблар орасидаги жузъий ихтилофларни қоралаган ҳолда, ҳаммани мазҳабни ташлашга ҳамда Қуръон ва ҳадисларни ўрганиб, тушунганича уларга амал қилишга, бошқача қилиб айтганда, ҳаммани ўзи ижтиҳод қилишга чақирадилар. Бу эса, шубҳасиз, янада ихтилофлар ва қарама-қарши фикрларнинг кўпайишига олиб келади. Агар мазҳаблар орасидаги ихтилофлар маълум чегара билан чекланган бўлса, мазҳабсизликнинг бу даъвати эса чексиз ихтилофларга сабаб бўлади ва мусулмонлар ҳаётида даҳшатли фалокатларни келтириб чиқаради.
Шу ўринда айтиб ўтиш лозимки, фиқҳий мазҳаблар орасидаги жузъий ихтилофлар саҳобалар ва тобеинлар орасида мавжуд бўлган ихтилофлар таъсирида юзага келган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эса:
Яъни "Саҳобаларимнинг ихтилофи сизлар учун раҳматдир", деб марҳамат қилганлар (Имом Байҳақий, Имом Табароний ва Имом Дайламий ривоят қилган).
Қолаверса, асрлар давомида барча мусулмонлар амал қилиб келган анъанавий мазҳабларни ва унга эргашган мўмин-мусулмонларни адашганлик ва залолатда айблашнинг ўзи улкан бўҳтондир. Бу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига ҳам тўғри келмайди. Зеро у Зот:
Яъни: "Умматим залолат узра жамланмас", дея марҳамат қилганлар (Имом ибн Можа ва Имом Табароний ривоят қилган). Машҳур саҳоба Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу шундай дейдилар:
Яъни: "Мусулмонлар яхши деб билган нарса Аллоҳнинг ҳузуруда ҳам яхшидир” [Имом Аҳмад ривоят қилган).
Сохта салафийлар дунёнинг қаерига бормасин, мусулмонлар орасида тушунмовчиликлар, ихтилофлар ва ташвишлар авж олади. Бугунги кунда уларнинг Аҳли сунна вал-жамоадан оғишганлиги, улар на саҳобалар ва на тобеинлар йўлидан юрмаётганлари ўз исботини топиб улгурган. Кўплаб уламолар томонидан уларнинг бузғунчи ғояларига нисбатан илмий раддиялар эълон қилинган.
Ўтган асримизнинг кўзга кўринган етук алломалардан бири марҳум Шайх Муҳаммад Саид Рамазон Бутий раҳимаҳуллоҳ ўзларининг "салафийлар” деб атаётганларга раддия сифатида "Салафийлик исломий мазҳаб эмас, балки у муборак давр босқичидир” номли асарларида жумладан шундай дейдилар: "Ислом динининг ўтган ўн тўрт асрлик тарихи давомида бирор мўътабар имом ёки уламодан эшитмаганмизки, мусулмонларнинг ҳидоятда бўлишларининг ҳужжати "салафийлар" деб номланган гуруҳга мансуб бўлиш ҳисобланса. Балки, "салафийлик” деган гуруҳга мансуб бўлишнинг ўзи айни бидъатдир" (231-232-бетлар).
"Сохта салафийлик" оқими пайдо бўлганидан бошлаб турли тоифаларга бўлиниб кетган. Битта мустаҳкам асосда, услубда юрмагандан кейин бундай бўлиши табиийдир. 1920 йилда "Илмий салафийлик", 1979 йилда "Жиҳодий салафийлик", 1984 йилда "Сурурий салафийлик” ва 1990 йилда "Жомия салафийлик" тоифалари пайдо бўлган. Бу тоифалар остида яна бошқа тоифалар сизиб чиққан. Масалан, "Мадхалий салафийлик”, "Албоний салафийлик” ва "Бозий салафийлик" кабилар шулар жумласидан.
Хулоса қилиб айтганда ота-боболаримиз, минг йиллик мўмин-мусулмонларнинг барчаси Ахди сунна вал-жамоа таълимотида бўлишган. Бироқ, милодий йигирманчи асрнинг ўрталарига келиб, Аҳли сунна вал-жамоадан оғишган ваҳҳобийлик оқими тизимидан сизиб, янги ва сохта салафийлик юзага келди. Асрлар давомида Ислом уламолари томонидан ёзилган асарлар ва орттирилган малака, эришилган ютуқларни рад этиб, фақатгина "салафи солиҳлар" даврини эътиборга олиш даъвосида бўлиш сохта салафийликнинг тор моҳиятини намоён этади.
Бугунги кунимизда юртдошларимиз ичида ҳали ҳам билиб-билмай сохта салафийларнинг асоссиз даъволарининг таъсирида юрган кишиларнинг мавжуд экани ушбу тоифанинг илдизларини ўрганиб, унинг асл моҳиятини очиб бериш, уни одамларга, халқимизга тўғри тушунтириб бериш долзарб эканлигини билдирмоқда. Айниқса, бизнинг энг асосий вазифамиз ёшларни бундай сохта салафийлар домига тушиб қолишдан асрашимиз ва бунинг учун эса доим огоҳлик билан уларга қарши илмий раддиялар бериб боришимиз керак бўлади. Қуйида улар томонидан даъво этилаётган баъзи масалалар ва уларга берилган раддияларни эътиборингизга ҳавола этамиз.

Шайх Нуриддин Холиқназар ҳафизаҳуллоҳ
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий,
Фатво маркази директорининг
"Фиқҳ ва ақидага оид ихтилофли масалалар ечими" китобидан

Мақола жойлаштирилган бўлим: Фирқа, оқим, тариқатлар
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase