close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Қодёния

Қодёния фирқаси залолатга кетган фирқалардан ҳисобланади. Кўпчилик уларни билмаганлари боисидан мусулмон, деб ўйлайди. Аслида, ундай эмас. Хўш қодёнийлик нима ўзи? Қодёнийлик 1900 м. санада баъзи мустамлакачи давлатлар режаси ила Ҳиндистон ярим оролида юзага келган бир ҳаракатдир. Бу ҳаракатни юзага чиқаришдан асосий мақсад, Исломдаги фарзлардан бири бўлмиш жиҳодни йўққа чиқариш бўлган.

Қодёния фирқаси залолатга кетган фирқалардан ҳисобланади. Кўпчилик уларни билмаганлари боисидан мусулмон, деб ўйлайди. Аслида, ундай эмас. Хўш қодёнийлик нима ўзи? Қодёнийлик 1900 м. санада баъзи мустамлакачи давлатлар режаси ила Ҳиндистон ярим оролида юзага келган бир ҳаракатдир. Бу ҳаракатни юзага чиқаришдан асосий мақсад, Исломдаги фарзлардан бири бўлмиш жиҳодни йўққа чиқариш бўлган.
Бу ҳаракат, унга йўлбошчиликка танланган шахснинг лақаби ила номланади. Бу ҳаракатга 1839 м. санада Панжобнинг Қодёний қишлоғида дунёга келган Мирза Ғулом Аҳмад Қодёний бошчилик қилган. Унинг ота-боболари ҳам мустамлакачиларга сидқидилдан хизмат қилиш билан машҳур бўлганлар.
Мирза Ғулом Аҳмад Қодёний "Изолатул Авҳом", "Эъжози Аҳмадий", "Бароҳийни Аҳмадия", "Анворул Ислом", "Эъжозул Масиҳий", "ат-Таблиғ" каби китоблар ва кўлаб мақолалар ёзган. У 1908 й. да вафот этган. Сўнгра Нуриддин исмли одам ўрнига қолган. Унинг ёзган китобларидан бири "Фаслул хитоб" деб аталади.
Қодёнийларнинг машҳур арбобларидан Муҳаммад Али бўлиб, у Лоҳур қодёнийларининг амири бўлган. Қодёнийлар мажалласини чиқариб турган. Муҳаммад Али Қуръони Каримни қодёний мазҳаби асосида инглиз тилига таржима қилган. Унинг "Ҳақийқатул ихтилоф", "Ан-Нубуввату фил-Ислом" ва бошқа китоблари ҳам бор.
Башир Аҳмад ибн Ғулом ҳам қодёнийларнинг таниқли арбобларидан бири ҳисобланади. У "Сийратул Маҳдий", "Калиматул фасл" ва бошқа китоблар муаллифи.
Қодёнийларнинг ақийдалари Ислом ақийдаларига зиддир. Келинг, баъзилари билан танишиб чиқайлик:
- қодёнийлик ақийдаси бўйича, Мирза Ғулом Аҳмад Қодёний, ваъда қилинган Масийҳ, яъни Ийсодир.
Бу мутлақо нотўғри эътиқоддир;
- уларниннг эътиқодлари бўйича, Аллоҳ рўза тутади, намоз ўқийди, ухлайди, уйғонади, ёзади, имзо чекади, адашади ва ҳакозо.
Аллоҳ бу нарсалардан покдир;
- қодёнийнинг эътиқоди бўйича, унинг худоси инглиз, унга инглизча хабар беради;
- қодёнийларнинг ақийдаси бўйича, Муҳаммад (с.а.в.) охирги пайғамбар эмаслар. Балки, Аллоҳ эҳтиёжига қараб, пайғамбарлар юбориб туради. Пайғамбарларнинг энг афзали Аҳмад Қодёний деб биладилар;
- уларнинг эътиқоди бўйича, Жаброил (а.с.) Ғулом Аҳмадга ваҳий олиб тушади;
- қодёний ақийдаси бўйича, Ғулом Аҳмадга тушган китобдан бошқа Қуръон йўқ, унинг таълимотидан бошқа ҳадис йўқ. Ғулом Аҳмад раҳбарлигидан ташқари пайғамбар йўқ;
- уларга туширилган илоҳий китобнинг номи "Китобул мубийн" эмиш;
- қодёнийлар ўзларини янги мустақил дин ва шариат соҳиблари, деб биладилар. Ғулом Аҳмаднинг шериклари саҳобалар каби дейдилар.
- Қодённи Маккаи Мукаррама ва Мадинаи Мунавварадан афзал билишади. Қодённинг ери ҳарам ҳисобланади, қоёнийларнинг қибласи ва ҳаж қиладиган жойи ҳам ўша ердир;
- қодёнийлар ақийдаси бўйича, жиҳод қарз эмас;
- уларнинг эътиқодича, қодёнийликни қабул қилмаган ҳар бир мусулмон кофирдир;
- қодёнийлик ароқ ичиш, афюн, героин ва бошқа маст қилувчи моддаларни истеъмол қилишга рухсат беради.
Табиийки, қадимдан забардаст уламолар юрти бўлиб келган Ҳинд диёридан бу хил Исломга зид ақийдаларнинг Ислом номидан чиқиши ҳақиқий мусулмон уламоларни бефарқ қолдирмади.
Қодёнийларга қарши мақолалар, китоблар ва фатволар чиқарилди. Уларнинг мусулмон эмас, балки кофир эканлиги баён қилинди. Шу эътибордан, улар билан муомалада бу фатволарга амал қилиш барча мусулмонга юклатилди. Жумладан, қодёнийларга қиз бериб бўлмайди ва улардан қиз олиб бўлмайди, ўлигини мусулмонлар қабристонига кўмиш мумкин эмас ва ҳакозолар. Бу ҳамлалардан сўнг, улар ўзларининг ҳақиқатларини яшириш мақсадида, Қодёний номини ишлатмай, Аҳмадий исмини ихтиёр қилдилар.
Ҳозирги кунда қодёнийлар Ҳиндистон ва Покистондан ташқари, бир қатор араб ва Африка ҳамда ғарб давлатларида тарқалганлар. Лондонда уларнинг катта маркази бор.
МДҲ ҳудудига қодёнийлар кейинги йилларда кириб келдилар. Улар ўзларини мусулмонлар, деб атамоқдалар. Кези келганда "Аҳмадий" лафзини ҳам ишлатадилар. Кўпроқ ишбилармон, тожир ва хайрия жамияти вакиллари сифатида келмоқдалар. Мусулмонлик заиф жойларда, мисол учун, Татаристонга ўхшаш жойларда, расмий рўйхатдан ҳам ўтганлар. Улар, аввало, тиббий ёрдам ёки шунга ўхшаш кўпчиликнинг ҳожати тушиб турган нарсалардан иш бошламоқдалар.
Қодёнийлар бундан бир неча йил аввал Қуръони Каримнинг маъноларини Лондонда, рус тилига таржима қилиб, чоп этдилар. Шунингдек, бошқа бир қанча китобларни ҳам рус тилига таржима қилганлар. Улар Санкт-Петербургдаги нашриётлардан бири билан шартнома тузиб, бу китобларни кўплаб чоп қилиш ва барча минтақаларда тарқатиш режасини ҳам тузганлар. Мазкур нашриётнинг вакиллари ўша китоблардан нусхалар кўтариб, мусулмон минтақаларини айланиб, бозорини ўрганиб ҳам чиқдилар. Мазкур китобларни фақат мутахассис кишиларгина аҳмадийлар томонидан томонидан ажратиши мумкин.
Қодёнийлар ўзларига эргашганларни чет элларга ҳам даъват қилмоқдалар. Уч йил муқаддам қодёнийларнинг Лондонда бўлиб ўтган катта йиғинида МДҲ нинг турли бурчакларидан вакиллар иштирок этдилар. Жумладан, Ўзбекистоннинг Бухоро вилоятидан ҳам бир неча киши қатнашди.
Ўйлаймизки, ушбу камтарона маълумотлар қодёнийлар ёки аҳмадийларнинг кимлигини англашда кишиларга оз бўлса-да, ёрдам беради.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, роҳимаҳуллоҳ

Мақола жойлаштирилган бўлим: Фирқа, оқим, тариқатлар
Калит сўзлар
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase