– Мана сиз Аллоҳингизни мукаммал, раҳмли, мағфиратли деб айтяпсиз. У ер юзидаги барча ёмонликларни – хасталиклар, қарилик, ўлим, зилзила, вулқон, микроблар, заҳар, совуқ, саратон (рак) касалини яратганки, бу нарсалар ё гўдакка, ё кексага раҳм қилмайди. Агар Аллоҳ раҳмли бўлса, нега бу ёвузликларни яратди?
Дўстим кўтарган муаммо фалсафадаги энг баҳсталаб гап бўлгани ва бу ҳақда турлича фикрлар мавжудлиги учун мен шундай жавоб қайтардим:
– Аллоҳ таоло ҳақиқатан Меҳрибон ва Раҳмли, лекин у ҳеч қачон ёмон ишни қилишга буюрмайди. Айни пайтда бу ёмонликларга донолик туфайли йўл қўйган. Қуръони каримда бу ҳақда шундай дейилади: «Айтинг (эй Муҳаммад): «Аллоҳ ҳеч қачон бундай бузуқ ишларга буюрмайди. Аллоҳ шаънига (ўзингиз) билмайдиган нарсаларни айтаверасизларми? Айтинг: Парвардигорим адолатга буюргандир» (Аъроф сураси, 28-29-оятлари).
Аллоҳ ҳамиша фақат адолатга, яхши нарсаларга муҳаббат қўйишга даъват этади ва яхши амаллар билангина мамнун бўлади.
Аллоҳ нега унда золимни, қотилни, ўғрини жазоламайди? Шунинг учунки, Аллоҳ бизнинг озод, эркин бўлишимизни истайди. Агар бизларда тўғри ва нотўғри ишлардан, итоат ва гуноҳкорликдан бирини танлаш ихтиёри бўлмаганида эркининг заррача маъноси қолмасди.
Аллоҳ таоло ҳаммани солиҳ ва итоаткор қилиб қўйишга қодир Зот, лекин бунинг учун У бизнинг ихтиёр-эркимизни тортиб олиши керак бўлади.
Аллоҳ таолонинг қоидасида ёзилганидай, эрк нақадар аччиқ бўлмасин бахтли қулликдан афзалроқдир. Шунинг учун Аллоҳ таоло бизни адашадиган, касал бўладиган, изланадиган қилиб қўйди. Бу донолик эса турли ёвузлик, зулмга йўл қўяди. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло шундай деб марҳамат қилади: «Агар Аллоҳ одамларни улар қилган бор гуноҳлари билан жазоласа эди, (ер) устида бирон жониворни қўймаган бўлур эди. Лекин У зот уларни (жазолашни) белгиланган муддатгача (яъни қиёмат кунигача) қолдирур» (Фотир сураси, 45-оят).
Шу билан бирга масалага инсоф билан қарасак, эзгулик аслида асос экани, ёвузлик бўлса иистисно экани намоён бўлади. Биз ҳаётимизнинг каттагина қисмида соғлом юрамиз, маълум қисқа вақт ичида касал бўламиз. Шу каби миллионлаб йиллар ҳаёт кечаётган ер курраси учун зилзила – бир неча дақиқагина давом этадиган ҳодиса. Урушлар ҳам шундай – халқларнинг узоқ йиллар давомидаги тинч ҳаётида содир бўладиган қисқа тўқнашувлардир.
Кейин ана шу ҳар бир ҳолатнинг қандайдир яхши томонлари ҳам бор. Касаллик сабрни туғдиради. Азоб руҳнинг мустаҳкамлигини чиниқтиради, бардошли қилади. Зилзила – ер куррасининг улкан ички босимидан чиқувчи ички нафасидир. У ер қатламларини емирилишдан сақлайди, ернинг мувозанатини ушлаб турган тоғларни ўз жойига келтиради. Вулқонлар эса ер қаърида яшириниб ётган бойликларни ва унумдор қатламларни юқорига чиқаради. Уруш ҳарбий иттифоқлар ташкил этади, урушувчи томонларнинг шикоятларини ажрим қилади, сулҳга келтиради. Урушлар даврида кашфиёт ва ихтиролар кўпроқ бўлади, пениъиллин, атом, реактив учоқлар айни уруш пайтида кашф этилган. Илон заҳридан ноёб дорилар олинади, микробдан чечакка қарши эмлашда ишлатилади. Агар ўлим бўлмаганида, бизлар ҳозир ердаги ўрнимизни эгалламаган бўлардик. Бу дунёдаги ёвузликлар – портретдаги сояга ўхшайди, яқинроқдан қарасанг, худди ортиқчадай туюлади, узоқдан туриб кенгроқ қамров билан назар солсанг суратнинг гўзаллиги кўп жиҳатдан ўша сояга боғлик эканини кўрасан. Касалликчи? Агар касал бўлмаганимизда соғлиғимизнинг қадрига етармидик? Соғлик – бошимизни ўраб турган тож каби уни кўрмаймиз, беморлик пайтидагина қадрлаймиз. Агар хунуклар бўлмаганда гўзаллик нелигини билмай ўтардик. Агар табиий офатлар бўлмаса, ҳаёт жозибасини назардан қочирган бўлардик. Шунинг учун Абу Ҳомид Ғаззолий шундай дейдилар: «Батаҳқиқ дунёдаги доимий камчиликлар пиёзнинг асосий қисмини ташкил этувчи тўни каби унинг мукаммаллигига далолатдир».
Ҳаётдаги қийинчиликлар инсон табиатидаги фазилатларнинг намоён бўлишига ёрдам беради. Шоир айтганидай: «Гар машаққат бўлмаса эди, барча ҳукмдорга айланар, сахийлик қашшоқлашар, жасурлик қадрланмасди».
Ҳақиқатда машаққатлар – биз учун бир синов, бизнинг Аллоҳ таоло олдида нечоғли аҳамиятли эканимиз даражасини аниқлаш учун ўзига хос текширувдир. Қуръони каримда шундай дейилган: «Бирор мусибат келганда: «Албатта биз Аллоҳнинг (бандаларимиз) ва албатта биз У зотга қайтувчиларимиз», дейдиган сабрлиларга хушхабар беринг!» (Бақара сураси, 155-156-оятлари).
Дарҳақиқат, бу дунёдаги ҳаётимиз – жуда узоқ давом этадиган романнинг бир боби, унинг ортидан бошқа боблари ҳам келади. Ва ўлим ана шу ҳадсиз, поёнсиз романнинг фақат ибтидосидир.
Бирор томошанинг бир пардасини кўрибоқ у ҳақда хулоса чиқариб бўлмайди, китобнинг биринчи саҳифаси сизга ёқмаса уни улоқтириб ташламанг. Баҳо бериш учун булар етарли эмас. Хулоса фақат интиҳода маълум бўлади. Бизнинг устимиздан қулиб, қайғу-аламсиз, оғриқларсиз, кексалик ва ўлимсиз ҳаётни орзу қилган дўстимиз ўзи нимани хоҳлайди? У ҳаётнинг тўлақонли, мукаммал бўлишини истайдими? Лекин бундай ҳаёт фақат Аллоҳ таолонинг ҳузуридадир. Ягона Аллоҳгина мукаммал, нуқсонсиз. У камчилик ва нуқсонлардан холи бўлгач, нега Ягона бўлмасин!
Моҳият шундай: дўстим ўзи Худо бўлмагунча (науззам биллоҳ) мамнун бўлмайди шекилли. Доктор дўстим ҳайрон қолдириш мушкул бўлган кишилар тоифасига киради. У ортиқча машаққат чекмай, кийинчилик кўрмай тайёр жаннатни истайди. Лекин у ана шу жаннатга муносиб бўлиш учун нима қилди? Бу фан доктори хоҳлаган нарсага шу заҳотиёқ рўёбга чиқадиган қудратли Худо учун инсониятга нима қилиб берди?
Менинг бувим ана шу доктордан донороқ экан. У ҳамиша: «Эзгулик Аллоҳдан, ёвузлик – бизнинг ўзимиздан», деярди. Бу сўзлар жуда оддий кўринса ҳам, барча муаммоларни ҳал қилиб қўя қолди. Аллоҳ дарёни оқизиб, шамолни эсдириб қўйди, лекин хасис капитан кемасини одамлар ва молларга тўлдириб юборди, мўлжалдагидан кўп юк олди. Натижада кема юкни кўтаролмай чўкиб кетди, у эса бунда Аллоҳни айблаб, тақдирни сўка бошлади. Бу ерда Аллоҳ таолонинг қанақа айби бор? Аллоҳ дарёни оқизиб, сузиш учун қулай об-ҳаво яратиб берди, лекин инсоннинг хасислиги, очкўзлиги эзгуликни ёвузликка айлантирди.
«Эзгулик – Аллоҳдан, ёвузлик – бизнинг ўзимиздан». Нақадар ҳаққоний ва сермаъно сўзлар!
"Худосиз билан баҳс" китобидан