close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Интернет ёвузлик тўрими?

Бугунги ҳаётни интернетсиз тасаввур қилиш қийин. Шубҳасиз, интернет давримизнинг энг буюк ихтироларидан бири. Катта-кичик, ҳар ким унинг хизматидан фойдаланиши мумкин. Бироқ гап ким қандай фойдаланишига боғлиқ. Ҳозир тўрт-беш яшар бола ҳам компютердан бемалол фойдаланиши, эртадан-кечгача “автопойга” ўйнаши ёки “жангари филм иштирокчиси”га айланиши мумкин. Бир қарашда бунинг ёмон жойи йўқдек. Боланинг уқуви кучаяди, кўпроқ ахборот олади. Бироқ бу нарса одат тусига кирса, нохуш оқибатларга олиб келиши ҳеч гап эмас.

Агар ўтган асрнинг 90-йилларида ёшларнинг энг севимли машғулотлари мусиқа тинглаш ва телекўрсатувлар кўриш бўлса, айни кунда компютер ва интернет олдинги қизиқишларни ёш авлод ҳаётидан сиқиб чиқарди. Ҳозирги замон ёшлари қизиқиш ва севимли машғулотлари ҳақида сўз юритганида, спорт, дўстлар билан суҳбатлашиш, маънавий ва маданий ҳордиқ чиқариш билан бир қаторда компютер технологиялари ва интернетга бўлган қизиқишларини биринчи ўринда тилга олади.
Сўнгги илмий текширувлар натижаларига кўра, бутун дунё тармоғига уланаётган ёш болаларнинг сони кун эмас, соат сайин ошмоқда. 2007 йил Европада ўсиб келаётган ёш авлод вакилининг учдан бир қисми онлайн тизимида бўлиши кузатилди. 2010 йил дунё тармоғида 10 миллион ёшлар “сайр қилган” бўлса, ҳозир уларнинг сони аллақачон 15 миллионга етган. Кундан кунга интернетдан фойдаланувчи оилалалар, фарзандлар сони кўпаймоқда. Бундай ёшларнинг катта қисми - 4,5 миллиондан ортиғи Буюк Британияга тўғри келади. Улар ҳар куни электрон манзилларини текширишади, турли хил сайтлардан маълумот излайди ва чат орқали мулоқотда бўлишади. Германияда ҳозирча 3 миллиондан ва Францияда 1,5 миллиондан ортиқ ёшлар вақтини асосан онлайн тизимида ўтказади.
Яна бир муҳим маълумот: “Болаларни асрайлик” (Save thе Children) халқаро ҳуқуқий ташкилоти ўтказган сўровномалар натижасидан маълум бўлдики, АҚШдаги 15-17 яшар ўсмирларнинг 85 фоизи, Канада ёшларининг 93 фоизи мунтазам равишда интернетдан фойдаланади.
Дарҳақиқат, бугун интернетдан фойдаланувчиларнинг деярли барчаси ёшларни ташкил этади. Тадқиқотлар натижаларидан шу маълум бўлдики, ҳозир мактаб ёшидаги болалар ҳам интернетдан тобора эрта фойдаланишмоқда.
Ёшларнинг интернетдан фойдаланиши ҳақида сўз юритар эканмиз, юқорида тилга олинган ҳолат - интернетдаги танишувлар, SMS, чатларга тўхталиб ўтамиз. Алоҳида таъкидлаш жоизки, бундай интернетаро ёзишувлар ёшлар ўртасида бугун кенг оммалашиб бормоқда, аста-секинлик билан чатга кирган ёшлар асосий вақтини ёзишмаларга сарфлаб, SMSларга, бу орқали интернетга муккасидан кетмоқда. Америкалик тадқиқотчиларнинг огоҳлантиришларича, 8М8га бундай муккадан берилиш ўсмирлар соғлиғи, шунингдек, хулқ-атвори билан ало-қадор бўлиши мумкин экан.
Тадқиқот ўтказилган ёшлардан 20 фоизи SMSга “ўта муккасидан кетганлар” тоифасига кириб, кунига 120 дан кўпроқ хабар жўнатар экан. Улар орасида, шунингдек, спиртли ичимликлар ичиш, тамаки чекиш, гиёҳвандлик ва шаҳвоний амалларга берилиш ҳам кўп учрар экан. Интернетдаги ижтимоиий тармоқларда кунига уч соатдан кўпроқ “ўтирган” ўсмирлар орасида ҳам шунга ўхшаш ҳолатлар қайд этилган. Ушбу тадқиқот шундан далолат берадики, SMSга, интернет ижтимоий тармоқларига берилиб кетиш ҳолатини назардан қочириш ўсмирлар соғлиғига хавфли таъсир ўтказиши мумкин. Ана шу ҳолат SMS ё интернет ижтимоий тармоғидан ҳаддан ташқари кўп фойдаланувчиларнинг ичкилик ва тамакига кўпроқ берилиб кетиши сабабларига ҳам ойдинлик киритади.

Муфтий Усмонхон Алимовнинг
"Оилада фарзанд тарбияси" китобидан

Мақола жойлаштирилган бўлим: Жамият
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase