close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Беморликнинг фазли ва унга сабр қилиш ҳақида

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мусулмонга қай бир мусибат: ҳорғинликми, беморликми, ташвишми, маҳзунликми, озорми, ғам-ғуссами, ҳаттоки тикон киришми етадиган бўлса, албатта, Аллоҳ улар ила унинг хатоларини каффорат қилур», дедилар». Икки Шайх ривоят қилишган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мусулмонга қай бир мусибат: ҳорғинликми, беморликми, ташвишми, маҳзунликми, озорми, ғам-ғуссами, ҳаттоки тикон киришми етадиган бўлса, албатта, Аллоҳ улар ила унинг хатоларини каффорат қилур», дедилар». Икки Шайх ривоят қилишган.
Шарҳ: Энг аввал таъкидлаб қўйишимиз лозимки, ушбу сарлавҳа остида келадиган ҳадиси шарифлар мусулмонлар амал қилишлари лозим бўлган диний кўрсатмалар жумласига киради. Бу ерда шахсий тажриба ёки шунга ўхшаш нарсалар йўқ.
«Тиб китоби»нинг бошида беморликка сабр қилиш лозимлиги ҳақидаги ҳадиси шарифларни келтириш ила бу масалада энг аввало сабр лозимлиги таъкидланмоқда. Ҳар қандай беморлик ориз бўлганда бемор учун энг зарур бўлган нарсалардан бири сабр ҳисобланади. Агар сабрсизлик қилинса дардга дард қўшилади, шифо топиш кечикади ва яна бошқа ноқулайликлар ҳам келиб чиқади.
Шунинг учун Исломда бу масалага алоҳида эътибор берилган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг ушбу ҳадиси шарифларида инсонга етадиган бир неча мусибатлар ичида беморликни ҳам номлаб туриб, ана ўша мусибатларига сабр қилган мусулмоннинг хатоларини Аллоҳ таоло кечиб юборишини таъкидламоқдалар. Албатта, бу борадаги кечиб юбориладиган хатолар, Аллоҳ таоло билан банданинг орасидаги муомалаларда банда томонидан содир бўлган кичик гуноҳлардир.
Демак, мусулмон каттаю кичик мусибатларга, оғир беморликларга ҳам, тикон киришига ҳам сабр қилмоғи лозим экан.

Оиша розияллоҳу анҳонинг ҳузурларига у киши Минода турганларида қурайшлик ёшлар кулиб кириб келишди. Бас, у киши:
«Сизларни нима кулдирмоқда?» дедилар.
«Фалончи чодирнинг ипига қоқилиб, йиқилиб бўйни синишига ва кўзи чиқишига сал қолди», дедилар.
«Кулманглар! Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг, қай бир мусулмонга тикон кирса ёки ундан ортиқ нарса етса, албатта, унга бир даража ёзилур ва бир хатоси ўчирилур, деганларини эшитганман», деди у киши». Муслим ривоят қилган.
Шарҳ: Ушбу ривоятда зикр қилинган ҳодисага ўхшаш ҳолат ҳар замон ва маконда тез-тез такрорланиб туради. Кимдир қоқилиб кетади, кимдир ўзини бирор нарсага уриб олади, яна бошқа бирор кишининг устига бирор нарса тегиб кетиши мумкин. Бундоқ ҳолларда ўзини билмаган кишилар, хусусан, ёшлар ноқулай ҳолга тушган киши устидан кулишга ўтадилар. Мазкур киши кулгили ҳолатга тушган бўлиши мумкин. Лекин озми-кўпми барибир унга мусибат етиб турибди. Нима учун унинг устидан кулиш керак? Аксинча, унга ёрдам бериш, ноқулай ҳолатдан чиқишга кўмаклашиш, бир оғиз сўз билан бўлса ҳам кўнглини кўтариш керак.
Эътибор берайлик, ҳадиси шарифда айтилишича, ана шундоқ ҳолга тушган одамга Аллоҳ таоло томонидан катта марҳамат бўлар экан. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ундоқ киши ҳақида:
«Қай бир мусулмонга тикон кирса ёки ундан ортиқ нарса етса, албатта, унга бир даража ёзилур ва бир хатоси ўчирилур», демоқдалар.
Қандоқ қилиб Аллоҳ таолонинг улкан марҳаматига сазовор бўлиб турган инсон устидан уни масхара қилиб кулиш мумкин!? Ҳар биримиз бу масалада жуда ҳам эҳтиёт бўлмоғимиз лозим. Мабодо ёшларимиз, бу масаладан бехабарларимиз, бировнинг устидан ушбу ҳадиси шарифда васф қилинган ҳолга ўхшаш ҳолларда куладиган бўлсалар, Оиша онамиздан ўрнак олиб билганларимиз уларга танбеҳ берайлик.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аллоҳ кимга яхшиликни ирода қилса, уни синовга учратур», дедилар».
Шарҳ: Ана ўшандоқ синовларнинг кўпроқ учрайдиганларидан бири беморликдир. Демак, беморликка мубтало бўлган мусулмон инсон ўзига ориз бўлган хасталикни Аллоҳ таоло томонидан ўзига нисбатан бўлаётган синов деб билмоғи лозим ва сабр қилиб, Аллоҳ таолонинг Ўзидан шифо сўрашга ўтиши керак. Мўмин-мусулмон одам ўзига беморлик етганда сабрсизлик қилиш ўрнига, сабр қилиб, хасталикни Аллоҳ таоло томонидан ўзига бериладиган яхшиликдан олдинги синов деб билмоғи лозим. Агар ўша синовдан яхши ўтса, унга яхшилик ато қилинади. Мабодо, Аллоҳ кўрсатмасин, синовдан ўта олмаса, ўзидан кўрсин.

Оиша розияллоҳу анҳо айтадилар:
 «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кўра шиддатлироқ беморликка учрайдиган бирортани кўрмадим». Иккисини Бухорий ривоят қилган.
Шарҳ: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Аллоҳ таоло ҳузуридаги мақомлари улуғ бўлганидан ҳам у зотга дарднинг шиддатлиси келар эди. Бирор мусулмон банда хасталикка чалинса, нима учун ҳадеб бемор бўлаверар эканман, бошқалар соппа-соғ юрибди-ку, қабилидаги гап-сўзларга бормай Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг беморликка учрашларини кўз олдига келтирмоғи лозим. Беморликка учраш Аллоҳ таолонинг азобига учраш дегани эмас экан, балки, баъзи вақтларда, хусусан, мўмин-мусулмон, тақводор одамлар учун беморлик даражаларининг кўтарилиши учун хизмат қилиши ҳам мумкин экан.

Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу айтадилар:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига кирсам, у зот беморликдан қийналаётган эканлар.
«Эй Аллоҳнинг Расули, сиз беморликдан қаттиқ қийналмоқдасизку?!» дедим.
«Шундоқ. Албатта, мен беморликдан сизлардан икки кишининг қийналганича қийналурман», дедилар.
«Сизга икки ҳисса ажр бўлиши учун шундоқдир-да?» дедим.
«Шундоқ. Худди шундоқ. Қай бир мусулмонга бирор мусибат етса, бирор тикон кирса ҳам, албатта, Аллоҳ унинг сабабидан ўша банданинг ёмонликларини худди дарахт ўз баргларини тўкканидек тўкадир», дедилар у зот».
Икки Шайх ривоят қилишган.
Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифда олдингиларида келган маъно яна ҳам кучлироқ таъкидланмоқда. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг беморликни қандоқ бошларидан ўтказишлари ўз кўзлари билан кўрган саҳобий Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу томонларидан ривоят қилинмоқда. Худди шу ҳадиси шарифга ишора қилиб илмли кишилар бемор бўлиб қолсалар, гуноҳларимиз кўпайиб қолгандир, ажаб эмас, шу хасталик ила ювилиб кетса, дейдилар. Ҳа, беморликни ҳам Аллоҳ таоло мўмин-мусулмон бандаларига гуноҳларни ювиш учун қулай фурсат қилиб берган. Фақатгина улар бу қулай фурсатдан тўғри фойдалана билишлари керак. Бунинг учун эса, бемор бўлганларида сабр қилиб, беморлик одобларини ўрнига қўймоқлари лозим. Бу ишда уларга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўрнакдирлар. Бошқаларга нисбатан беморликни икки ҳисса оғир кечирсалар ҳам сабр қилиб, Аллоҳ таолонинг раҳматидан умидвор ҳолда беморликни кечирганлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Албатта, тузалиб, соғайган беморнинг мисоли худди осмондан янги тушган дўл донасининг рангига ва софлигига ўхшайди», дедилар».
Термизий ривоят қилган.
Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам беморликдан тузалган кишини гуноҳлардан пок бўлишини осмондан янги тушган дўл донасининг поклигига ўхшатмоқдалар. Сув дўлга айлангунча бир неча босқичлардан ўтади. Буғланиб осмонга кўтарилиш, ундан яна ҳам юқорироққа кўтарилиб музга айланиш ва қайта ерга тушиш жараёнида дастлаб, сувлик чоғида аралашган баъзи ғуборлар кетиб топ-тоза ҳолга келади. Бемор бўлган инсон ҳам сабр қилса, соғайгунча унинг гуноҳлари ювилиб, тоза бир ҳолга келиб қолади. Мўмин-мусулмон инсон беморликдан соғайгандан кейин ўзига дард берган, дардга даво берган ва шу сабабдан гуноҳларининг ювилишига имкон берган Аллоҳ таолога шукр қилмоғи лозим. Шу билан бирга, бундан сўнг гуноҳ қилмасликка тиришмоғи керак бўлади.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Умму Соибнинг ҳузурига кирдилар ва:
«Эй Умму Соиб, сенга нима бўлди, қалтираяпсан?» дедилар.
«Иситма! Аллоҳ уни баракасиз қилсин!» деди у.
«Иситмани сўкма. У одам боласининг хатоларини худди босқон темирнинг зангини кетказгандек кетказур», дедилар у зот».
Муслим ривоят қилган.
Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифдан бир неча муҳим масалаларни ўрганиб оламиз.
Аввало, эркак киши бемор бўлиб ётган аёл кишини кўргани бориши мумкинлиги. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Умму Соиб розияллоҳу анҳони кўргани борганлари шунга далолат қилади.
Иккинчидан мўмин-мусулмон одам ўзига етган беморликни сўкмаслиги кераклиги. Умму Соиб розияллоҳу анҳо ўзига етган иситма касалининг шиддатига чидай олмай уни сўнишга ўтганида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам дарҳол:
«Иситмани сўкма. У одам боласининг хатоларини худди босқон темирнинг зангини кетказгандек кетказур», деганларидан шу маълум бўлади.
Шу ерда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муомалаларига алоҳида эътибор бермоғимиз лозим. У зот Умму Соиб розияллоҳу анҳога, иситмани сўкма, дейишлик билан кифояланмай, балки хасталик ҳикматини ҳам баён қилмоқдалар.
«У одам боласининг хатоларини худди бос¬қон темирнинг зангини кетказгандек кетказур», демоқдалар.
Ўз гуноҳларини кетказадиган нарсани мусулмон инсон қандоқ қилиб ҳам сўкиши мумкин? Аксинча, шукр қилмоғи керак бўлади.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам беморликдан қийналаётган бир кишини кўргани бордилар ва унга:
«Хурсанд бўл! Аллоҳ, бу менинг оловимдир, уни гуноҳкор бандамга дўзахдаги насибаси ўрнига берурман, деюр», дедилар».
Термизий ривоят қилган.
Шарҳ: Бу ҳадиси шариф беморликка сабр қилишнинг кўплаб фойдаларидан яна бирини баён қилмоқда. Унда бу дунёда тортган дард, агар банда дардни сабр ила, Аллоҳ таолонинг ҳукмига рози бўлиб, шариатга хилоф қилмай бошдан кечирса, охиратда бўладиган азоб ўрнига ўтиши мумкинлиги баён қилинмоқда.

Ато розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Ибн Аббос менга:
«Сенга жаннат аҳлидан бўлган бир аёлни кўрсатайми?» деди.
«Ҳа», дедим.
«Манави қора хотин. У Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб:
«Мени тутқаноқ тутадир, очилиб кетурман, Аллоҳга менинг ҳақимда дуо қилинг», деди.
«Агар истасанг, сабр қилурсан ва сенга жаннат бўлур. Агар истасанг, Аллоҳга сен учун офият сўраб дуо қилурман», дедилар у зот.
«Сабр қилурман. Аммо очилиб кетишим бор. Аллоҳга менинг очилиб кетмаслигимни сўраб дуо қилинг», деди аёл. Бас, у зот унинг учун дуо қилдилар».
Икки Шайх ривоят қилишган.
Шарҳ: Бу ҳадисда саҳобаи киромларнинг жаннат йўлида ҳар қандоқ қийинчиликларга сабр қилишга тайёр эканликларининг бир намунаси баён қилинмоқда. Оддий, бир қора танли саҳобия аёл. Исмлари Суъайра ал-Асадия бўлиб жуссали аёл бўлган эканлар. Тутқаноқ касалига мубтало бўлган. Тутқаноқ бўлганда ҳам энг шиддатлисидан. Хасталик келганда, думалаб қолганда баданларининг маълум қисмлари очилиб ҳам кетади. Афтидан аёлни асосан ташвишга солган нарса ҳам очилиб кетишлари бўлса керак. Шунинг учун ҳам у киши Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга мурожаат қилганларида:
«Мени тутқаноқ тутадир, очилиб кетурман, Аллоҳга менинг ҳақимда дуо қилинг», деди».
Агар у аёлни фақат тутқаноқ хасталиги ташвишлантирганда ўшанинг ўзини айтиб қўя қолар эди. Чунки тутқаноқ бўлмаса, очилиш ҳам бўлмайди. Унинг асосий ташвиши баданларини ўз ихтиёридан ташқарида очилиши эди. Шунинг учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан дуо умидида келган эди.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишига ихтиёрни кенг қўйдилар.
«Агар истасанг, сабр қилурсан ва сенга жаннат бўлур. Агар истасанг, Аллоҳга сен учун офият сўраб дуо қилурман», дедилар у зот».
Бу ерда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам сабр орқали эришиш мумкин бўлган нарсани эслатиб қўйдилар. Ихтиёрни аёлнинг ўзига ташладилар. Олдин дуони қилиб қўйиб, кейин тушунтирганларида аёл афсус қилиши эҳтимоли бор эди. Шунинг учун ҳам баъзи кишилар ёрдам сўраб келганда уларга ўша ишнинг ҳамма томонини баён қилиб бериш, ўзига танлаш имконини яратиш керак экан.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу гапларидан кейин аёл, ҳозир чексиз қаҳрамонлик саналса ҳам, ўша вақтда оддий ҳисобланган йўлни танлади.
«Сабр қилурман. Аммо очилиб кетишим бор. Аллоҳга менинг очилиб кетмаслигимни сўраб дуо қилинг», деди аёл».
Жаннатга кириш умидида тутқаноқ хасталиги шиддатларига, қийноқларига сабр қилурман. Тут-қаноғимнинг тузалиши ҳақида Аллоҳга дуо қилмасангиз ҳам майли, аммо тутқаноқ тутган пайтда очилиб кетишим мен учун катта мусибат, шуни йўқ қилишини сўраб Аллоҳ таолога дуо қилишингизни сўрайман.
«Бас, у зот унинг учун дуо қилдилар».
Аёлнинг тутқаноғи тутганда бадани очилмайдиган бўлди. Ўзи эса дардга сабр қилгани учун жаннатга кириш ваъдасини олди. Бу ваъда ҳақ ваъдадир. Шунинг учун ҳам Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу Ато ибн Абу Рабоҳ розияллоҳу анҳуга юксак даражадаги ҳавас ва эҳтиром ила:
«Сенга аҳли жаннатдан бўлган бир аёлни кўрсатайми?» демоқдалар.
Ҳа, мўмин-мусулмон банда учун беморликка сабр қилиш жаннатга эришишга сабаб бўлади.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:
«Албатта, Аллоҳ таоло, қачонки бандамни икки суюклиси ила мубтало қилганимда у сабр қилса, иккисининг эвазига унга жаннатни берурман, деюр», деганларини эшитдим».
Икки Шайх ва Термизий ривоят қилишган.
Шарҳ: Бу ҳадиси шарифдаги «икки суюклиси»дан мурод икки кўзидир. Албатта, икки кўздан ажраш ёки умуман икки кўзи кўрмайдиган бўлиб туғилиш ҳар қандай банда учун оғир мусибат. Шунинг учун ҳам бу оғир мусибатга сабр қилган бандага улкан мукофот — жаннат ваъда қилинмоқда.

ХУЛОСА

Ушбу «Беморликларнинг фазли ва уларга сабр қилиш ҳақида» сарлавҳаси остида келган ҳадиси шарифлар тўплами ҳақида хулоса тариқасида бир оз мулоҳазалар юритиб ўтмоғимиз лозим.

Биринчи мулоҳаза:
Беморликларга сабр қилган мўмин-мусулмон бандага бир неча хил мукофотлар ваъда қилинмоқда.
1. Гуноҳларнинг ювилиши.
2. Даражаларнинг кўтарилиши.
3. Хатоларнинг ўчирилиши.
4. Аллоҳ томонидан яхшилик ирода қилиниши.
5. Дарднинг оғирлигига қараб ажрнинг кўпайиб бориши.
6. Дард чекиб, сабр қилиб тузалган одам гуноҳлардан пок бўлиши.
7. Тортилган дард охират азоби ўрнига ўтиши.
8. Оғир дардга сабр қилишлик бандани жаннатга киришига сабаб ҳам бўлиши.

Иккинчи мулоҳаза:
Мўмин банданинг жаннатга киришига сабаб бўладиган нарса тутқаноқ ва икки кўз ожизлиги каби тузалишидан умид йўқ хасталикларга сабр қилмоқ эканлиги. Бу икки хасталикни ҳозиргача узил-кесил давоси топилмаётгани ҳам эътиборга сазовордир. Бу ерда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айни ушбу икки хасталикка сабр қилганларга жаннат ваъда қилганларига аҳамият бермоғимиз лозим.

Учинчи мулоҳаза:
Хасталикка сабр қилиш борасидаги тарғиб хасталаниб бўлган кишиларга қаратилгандир. Бу уларнинг сабр ила даволанишига катта йўл очади. Хасталикка сабр қилмаган беморга дори-дармон ёки бошқа даволаш услублари ҳам кор қилмаслиги аниқ. Аслида беморликка чалинмаслик учун лозим бўлган ҳамма чоралар кўрилади. Бу динимизнинг талаби. Аммо шундан кейин ҳам иссиқ жон хасталикка учраса, сабр қилишга даъват этилади. Бу ерда зинҳор ва зинҳор савоб бўлар экан деб ўзига хасталикни тилаш ёки хасталикка олиб борадиган ишни қилиш, қасддан даволанмай юриш мумкин эмас.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, роҳимаҳуллоҳ
"Ҳадис ва Ҳаёт" китобидан

Мақола жойлаштирилган бўлим: Саломатлик
Калит сўзлар
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase