1 – اللَّهُمَّ إِنِّي أَعُوذُ بِكَ مِنَ البَرَصِ، وَالْجُنُونِ، وَالْجُذَامِ، وَمِنْ سَيِّئِ الْأَسْقَامِ.
1 – Дуо ўқилиши: “АЛЛОҲУММА ИННИЙ АУВЗУ БИКА МИНАЛ БАРОС, ВАЛ ЖУНУВН, ВАЛ ЖУЗААМ, ВА САЙЙИЪИЛ АСҚОМ”.
Дуо маъноси: “Эй Аллоҳ, мохов, жиннилик ва песдан, ёмон касалликлардан менга паноҳ беришингни сўрайман!”
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дуо қилардилар (Абу Довуд, Аҳмад, Табароний ривояти. Ривоят санади саҳиҳ).
2 – بِسْمِ اللهِ الَّذِي لاَ يَضُرُّ مَعَ اسْمِهِ شَيْءٌ فِي الأَرْضِ وَلاَ فِي السَّمَاءِ وَهُوَ السَّمِيعُ الْعَلِيمُ.
2 – Дуо ўқилиши: “БИСМИЛЛААҲИЛЛАЗИЙ ЛАА ЯЗУРРУ МАЪАСМИҲИЙ ШАЙЪУН ФИЛ АРЗИ ВА ЛАА ФИС САМАА, ВА ҲУВАС САМИЙЪУЛ ЪАЛИЙМ”.
Дуо маъноси: “Унинг исми билан ерда ҳам, кўкда ҳам бирон нарса зарар келтиролмайдиган Аллоҳ (номи) билан (бошлайман). У Зот эшитувчи, кўрувчидир”.
Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким (қоронғи тушганда) уч марта “Бисмиллааҳиллазий лаа язурру маъасмиҳий шайъун фил арзи ва лаа фис самаа, ва ҳувас самийъул ъалийм”, деса, тонггача кутилмаган балога учрамайди. Ким уни тонгда уч марта айтса, кечгача кутилмаган балога дуч келмайди”, деганларини эшитганман” (Абу Довуд ривояти. Ҳадис санади саҳиҳ).
Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қайси банда ҳар куни тонгда ва кечқурун уч марта “Бисмиллааҳиллазий лаа язурру маъасмиҳий шайъун фил арзи ва лаа фис самаа, ва ҳувас самийъул ъалийм”, деса, унга ҳеч нарса зарар келтиролмайди”, деганлар” (Термизий ва Ибн Можа ривояти. Ҳадис санади саҳиҳ).
3 – أَعُوذُ بِكَلِمَاتِ اللهِ التَّامَّاتِ مِنْ شَرِّ مَا خَلَقَ.
3 – Дуо ўқилиши: “АУВЗУ БИКАЛИМААТИЛЛААҲИТ-ТААММААТИ МИН ШАРРИ МАА ХОЛАҚ”.
Дуо маъноси: “Аллоҳнинг мукаммал калималари билан У Зот яратган нарсалар ёмонлигидан паноҳ сўрайман”.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб: “Эй Расулуллоҳ, кеча мени чаён чақиб олди”, деди. Шунда у зот: “Кеч кирганида “Аувзу бикалимаатиллааҳит-тааммаати мин шарри маа холақ”, деб айтганингда, сенга зиён етказолмасди”, дедилар (Муслим, Абу Довуд, Ибн Можа ривояти).
Бошқа бир ҳадисда: “Ким бирон жойда қўним топиб, “Аувзу бикалимаатиллааҳит-тааммаати мин шарри маа холақ”, деса, ўша ердан кетгунича унга ҳеч нарса зарар етказолмайди”, дейилган (Муслим – Хавла бинти Ҳаким Суламия розияллоҳу анҳодан – марфу тарзда ривоят қилган).
4 – ИХЛОС, ФАЛАҚ ВА НОС СУРАЛАРИНИ ЎҚИШ.
Ибн Хубайб ривоят қилади: Биз ёмғирли, зим-зиё тунда йўлга чиқдик. Намоз ўқиб берсинлар, деб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни қидирдик. У зотни топганимизда:
– Сизлар намоз ўқидингизми? – деб сўрадилар.
Мен индамадим. У зот:
– Қул (яъни, айт), – дедилар.
Мен ҳеч нима демадим. Кейин яна:
– Қул (айт), – дедилар.
Мен индамай туравердим. У зот яна дедилар:
– Қул (айт).
– Ё Расулуллоҳ, нимани айтаман?
– Қул ҳуваллоҳу аҳад (яъни, Ихлос сураси) билан муаввизайнни (яъни, Фалақ ва Нос сураларини) кеч кирганда, тонг отганда уч марта ўқи. Шунда улар сен учун кифоя қилади (Абу Довуд, Термизий, Насоий, Аҳмад ривояти. Ривоят санади ҳасан).
Мўмин-мусулмон инсон касалликдан сақлашини сўраб Аллоҳга дуо қилиш билан бирга лозим чора-тадбирларни кўради (ЮЗ-ҚЎЛЛАРНИ ТЕЗ-ТЕЗ СОВУНЛАБ ЮВИШ, ПОКЛИККА АҲАМИЯТ БЕРИШ, ЖАМОАТ ЖОЙЛАРИДА ИЛОЖИ БЎЛСА, ҲИМОЯ НИҚОБИДАН ФОЙДАЛАНИШ, ШАМОЛЛАГАНДА ДАРРОВ ШИФОКОРГА МУРОЖААТ ҚИЛИШ, ЎЗИ ВА ОИЛА АЪЗОЛАРИ ИММУНИТЕТИ КУЧЛИ БЎЛИШИНИ ТАЪМИНЛАШ ВА ҲОКАЗОЛАР ШУЛАР ЖУМЛАСИГА КИРАДИ). Зеро, дуо ва ҳаракат жамланса, кўзланган мақсадга эришилади.
Аллоҳ таоло бутун дунёдаги инсонларни, хусусан, мўмин-мусулмонларни, диёримиз аҳлини коронавирус ва шу каби ёмон касалликлардан сақласин, барчамизни Ўз паноҳида асрасин!
СИЗ АЗИЗЛАРДАН АЛОҲИДА ИЛТИМОСИМ ШУКИ, бу маълумотни имкон қадар дўстларингиз ва таниш-билишларингизга тарқатсангиз, кўпчилик хабардор бўлади, миллатимиз учун фойдаси тегади, деган умиддаман.
Зиёвуддин Раҳим