“Расулуллоҳ соллаллоҳу алйҳи васаллам дедилар: “Албатта, инсон жасадида бир гўшт парчаси бор, агар у соғлом бўлса, бутун тана соғлом бўлади, агар у бузуқ бўлса, бутун тана ҳам бузилади. Огоҳ бўлинглар, ўша гўшт парчаси қалбдир” дедилар”. Бухорий ва Муслим ривоятлари. (“Риёз ус-солиҳин” китобидан). “Ҳаракат ва жисмоний меҳнат қилмасдан, қадалиб ўтириб ақлий меҳнат қилмоқ оғир бир кулфатдир” деган эди Лев Толстой. (“Энг яхши даво”, 60-, 71-бетлар).
Ҳаром егулик қалбни қорайтиради, фикрлаш қобилиятини, зикрнинг лаззатини кетказади. Ғафлат ва унутиш балосига гирифтор этади. Қисқаси, қулни яъни банданинг гуноҳ қилишига асосий сабаб ҳаром ейишидир. Нарсани егач, унинг ҳаромлиги сезилса, иложи бўлса, қусиш керак. Имкони бўлмаса, дарҳол тавба ва истиғфор айтиш лозим. (“Ибодат ва зикр аҳлига тавсиялар” китоби, 22-бет).
Калифорния университети тадқиқотчиси доктор Марион Даймонд мия фаолияти устида изланиш олиб бориб, “Инсоннинг қариши хотирадаги хужайра боғларини йўқотмайди” деган хулосага келди. Демак, хотирани заифлашувига қариликни сабаб қилиш ўринсиз. У ҳолда киши хотирасининг заифлашувига нималар сабаб бўлади. Психологлар бу муаммога битта сабаб қилиб тестостерон, яъни эркаклар гармонида юз берадиган ўзгаришни кўрсатишган. Олиб борилган тадқиқотлар тестостероннинг қондаги консентрацияси ва эркак киши заковати ўртасидаги боғлиқликни юзага чиқарган. Тестостерон концентрациянинг юқори даражага чиқиши эркак кишининг хотира ва ижодкорлик қобилиятини пайсайтиришига сабаб бўлар экан. Тадқиқотчилар ушбу қарашни қуйидагича изоҳлашади: “Тестостерон кишиларда иккиламчи жинсий белгиларни ҳаракатга келтиради, натижада агрессив хатти-ҳаракатлар ва шахвоний ҳис-туйғулар кучаяди. Бу эса кишининг мия фаолиятини тўлиғича ана шу тарафга қаратиб қўяди”. Демак, хотираси заифлашаётгандан шикоят қилувчи эркаклар шахсий ҳаётларини тартибга солиб шаҳватни қўзғатувчи турли хил омиллардан узоқ турганлари маъқул. Аслида психологларни мазкур хулосалари шарқ анъаналарида ҳам ўз тасдиғини топган. Маълумки, қадимда мадраса ўқитувчилари ўз талабаларини заковатига путур етмаслиги учун ҳам уларни номаҳрамларга назар солишдан қайтаришган. Имом Шофиийнинг “Бегона аёлга қараш ёдланган нарсаларнинг унутилишига олиб келади” деган ҳикматли сўзи ушбу қарашни тасдиқлайди.
Зеҳннинг сусайишига сабаб бўладиган асосий нарсалардан бири, бу гуноҳларни тарк этмаслик.
Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу: «Мен кишининг билган илмини унутишини қилган ёмон амали сабабли деб ҳисоблайман», деган эканлар.
Али ибн Хашрам айтади: «Вакиъ ибн Жарроҳга: «Мен зеҳни ўта паст кишиман, умуман ёдлаш қобилиятим йўқ. Бирорта зеҳнга дори бўлса, ўргатсангиз», дедим. У менга: «Эй ўғилчам, Аллоҳга қасамки, мен ўз тажрибамда зеҳнга гуноҳларни тарк этиш каби дорини топмадим», деди».
Имом Шофеъий ҳам ушбу маънода шеър битганлар:
Зеҳнимдан шикоят айладим Вакиъга
Деди: «Тарк эт гуноҳни бўлса ҳам майда
Чунки, илм бир нурдир шубҳасиз, айтчи,
Аллоҳнинг нури бўлур осийга қайда?
Яна зеҳнга зарарли нарсалардан бири балғамнинг кўпайишидир. Агар оғиздаги балғамнинг камайишига эришилса, зеҳн ўткирлашади. Балғам оғиздаги намликни зиёда қилса, у зеҳнни ўтмаслаштиради ҳамда унутиш касалини кучайтиради. Аммо зеҳн паст бўлишга гуноҳ ишларга мойил бўлиш, ибодатга аҳамиятсизлик ва дунё ғам-ташвишларига берилиш ҳам сабаб бўлади. Бу қалбни банд қилади, дунёвий ҳожатларни кўпайтиради.
Дунё учун ғам ема, ҳақдин ўзгани дема,
Биров молин ема, сирот узра тутаро.
(Хожа Аҳмад Яссавий)
Яна зарарли нарсалардан хом пиёз, нордон олма ейиш, осиқ нарсаларга қараш, масалан, осилган кирлар ва бошқа шу кабилар, қабр тошидаги ёзувларни ўқиш, туялар орасидан ўтиш, бит-бургани ўлдирмай ташлаш, кумуш асбоб билан елкадан қон олдириш, буларнинг ҳаммаси зеҳнни заифлашувига олиб келади. (“Илм олиш сирлари”, 83-84-бетлар).
Швециянинг Каролина шифохонаси профессори Ларс-Олоф Вахлунд бир неча йиллик тадқиқотлардан сўнг шундай хулосага келди: “Телевизор қаршисида кўп ўтириш алъсгеймер касаллигининг асосий сабабларидан бири бўлса, китоб ўқиш, кроссворд ечиш, шахмат-шашка ўйнаш, йўрғалаб юриш бу касалликнинг даволашнинг энг мақбул усулларидандир. Алъсгеймер касаллигининг пайдо бўлиш сабаблари ҳанузгача тўлиқ кашф этилмаган. Бу касаллик киши ақлини камайтиради, айниқса, ёши улуғ одамларда хотирани сусайтиради ва умуман, йўқотиши ҳам мумкин. (“Ғаройиб олам” китоби, 174-бет). Бундан ташқари, озиқ тишлар суғуриб олинганда ҳам хотира ёмонлашади. Туни билан ухламай бедор бўлиш эслаб қолиш қобилиятини 40% га камайтиради.
Нозимжон Ҳошимжон