close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Бир киши ота-онасини сўкиши гуноҳи кабиралардандир

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бир киши ота-онасини сўкиши гуноҳи кабиралардандир», дедилар.
«Қадай қилиб сўкади?» дейишди. «Бир одамни сўкади. У эса, анинг ота-онасини сўкади», дедилар».

Шарҳ: Албатта, ҳар қандай ёмон одам ҳам ота-онасини сўкмайди. Саҳобалар ҳам шу мулоҳазани қилиб, «Киши ота-онасини қандай қилиб сўкади?» - деб сўрашганда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ишнинг қадай ҳосил бўлишини тушунтириб бердилар.
Бола бир одамни сўкади, сўкиш эшитган одам унинг ўзини отангга фалон, онангга фалон, деб ота-онасини сўкади.
Демак, бошқа одамнинг ўз ота-онасини сўкишига сабабчи бўлган бола ота-онасини сўккан бўлар экан ва бу гуноҳи кабиралардан экан. Шунинг учун фарзанд ота-онасига лаънат келтириш эмас, балки уларга атрофдагилардан, халқдан раҳмат, ташаккур олишга ҳаракат қилмоғи керак экан.
Фарзанд бир ёмон ишни қилса, бировга ёмон муомала қилса, отанг фалон бўлсин, онанг фалон бўлсин каби сўкишларга сабаб бўлса, бу нарса ота-онаси учун ниҳоятда ёмон бир иш ва ушбу ҳадиси шарифнинг таъбири ила айтганда, ота-онасини сўккану, гуноҳи кабира содир қилган кишиларнинг қаторида бўлар экан.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Ота-онанинг сўкиш гуноҳи кабиралардан эканлиги.
2. Олим одам айтган гапни тушунмаган кишилар, сўраб тушиниб олиши кераклиги.
3. Ота-онанинг биров тарафидан сўкилишига сабаб бўлиш, уларни сўриш билан баробар экани.
4. Ота-онанинг сўкилишига сабаб бўлиш, гуноҳи кабиралардан экани.

Урва ибн Иёздан хабар берилади:
«У Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осс розияллоҳу анҳунинг «Аллоҳ таолонинг ҳузурида катта гуноҳлардан бири киши ота-онасига сўкиш олиб беришидир», деганини эшитган экан.
Шарҳ: Бир киши ўз ота-онасига сўкиш келтирадиган бўлса, ана ўша одам гуноҳи кабиралардан бирини қилган бўлади. Бу аввалги ҳадисни бироз бошқачароқ маънода айтилгани. Зотан аввалги ҳадисни ҳам Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳунинг ўзлари ривоят қилган эдилар.
Демак, фарзанд доимо ота-онасига раҳмат, ташаккур олиб берадиган бўлишга ҳаракат қилиш керак экан. Мусулмон фарзанд зинҳор ота-онасига сўкиш, танқид келтирадиган бўлмаслиги керак экан.

Имом Бухорийнинг
«Ал-Адаб ал-Муфрад» китобидан,
Шарҳлар муаллифи Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, роҳимаҳуллоҳ

Мақола жойлаштирилган бўлим: Оила
Калит сўзлар
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase