Билингки, зажр қилиш, ҳаром қилиш, тақиқлаш ва ман этиш ҳақиқатан Аллоҳ таоло томонидан бўлади ва бу ҳаромликни келтириб чиқаради. Ким бунга узрсиз ва шубҳасиз ижозат берса ва ҳалол деб санаса, кофир бўлади. Рофизийлар ва жаҳмийлар айтади: “Таҳрим (ҳаром қилиш) макруҳлик маъносида, лекин зажр ва ҳаромлик маъносида эмас”. Баъзилари айтади: “Очиқ-ойдин насс билан ҳаром қилинган нарса ҳаромликни вожиб этади, насснинг далолати, таъвили, ишораси, иқтизоси ва қиёс билан собит бўлган ҳукмлар ҳаромликни вожиб қилмайди». Ушбу маънодан келиб чиқиб, айтадилар: “Хамр, ливота, мутъа никоҳи, рақс ва ғино ҳалол. Чунки Аллоҳ таоло буларни Қуръонда очиқча ҳаром қилмаган. Чунки Аллоҳ таоло хамр ҳақида “...ундан четланингиз!...”(Моида сураси 90-оят.) деган, четланиш макруҳликка далолат қилади. Шунингдек, ливота ҳам мункар ёки шунга ўхшаш ном деб номланди».
Уларнинг бу сўзларига жавоб бундай берамиз: “Хамр "... шайтоннинг ишидан иборат ифлосликдир...” оятининг далили билан ҳаром. Шайтоннинг амали ҳаром ва ҳар бир нопок нарса ҳам “...нопок нарсаларни уларга ҳаром қилади...”(Аъроф сураси, 157-оят.) оятининг далили билан ҳаром. “...ундан четланингиз!...”(Моида сураси, 90-оят.) оятида четланишга амр бўлди, четланиш соф қабиҳ нарсалардан бўлади. Аллоҳ таоло хамр ҳақида “...Айтинг: «У иккисида катта гуноҳ бор...»”(Бақара сураси, 219-оят.) деди. “Исм (гуноҳ)” ҳаром қилинган ишларда бўлади. Мазкур далиллар хамрнинг ҳаромлигига далолат қилади. Ким уни ҳалол деб санаса, кофир бўлади. Пайғамбардан (алайҳиссалом)ривоят қилинади, У зот айтдилар: “Хамр айни (ўзи) учун ҳаром қилинди, унинг ози, кўпи ва ҳар бир маст қилувчи ичимлик ҳаром қилинди”. Пайғамбар (алайҳиссалом) айтдилар: “Ҳар бир маст қилувчи нарса хамрдир ва ҳар бир хамр ҳаромдир”(Имом Бухорий ва Муслим ривояти.).
Шунингдек, ливота “Лутни ҳам (пайғамбар қилиб юбордик). Ўз қавмига айтди: «Шундай (ёмон) фаҳш ишни қиласизми? Сизлардан олдин бутун оламда ҳеч ким уни қилмаган эди” оятининг далили орқали ҳаромдир. Мазкур оятда Аллоҳ таоло ливотани фаҳш иш деб номлади, бошқа бир оятда фаҳш ишлар ҳаром эканини хабар берган, яъни: «Айтинг: “Раббим, албатта, фаҳш ишларнинг ошкораю пинҳонасини, гуноҳ (ишлар)ни, ноҳақ тажовузкорликни ва Аллоҳ ҳеч қандай ҳужжат туширмаган нарса(лар)ни Унга шерик қилишингизни ҳамда Аллоҳнинг шаънига ўзингиз билмаган нарсаларни гапиришингизни ҳаром қилди”»(Аъроф сураси, 33-оят.) деб огоҳлантирди. Пайғамбар (алайҳиссалом) айтдилар: “Бир аёл билан унинг қизи ўртасини жамлаган, яъни никоҳига олган киши лаънатланган, ер ҳад-чегараларини ўзгартирган киши лаънатланган, тўрт оёқли ҳайвонга яқинлик қилган киши лаънатланган ва Лут қавмининг амалини қилган лаънатлангандир”(Аҳмад ибн Ҳанбал ривояти.). Пайғамбар (алайҳиссалом) айтдилар: “У (ливота амали)ни қилувчини ҳам, қилдирувчини ҳам ўлдиринглар”(Аҳмад ибн Ҳанбал ривояти.). Мазкур далиллар ливота ҳаром эканига далолат қилади. Ким уни ҳалол деб ҳисобласа, кофир бўлади.
Мутъа (аёлларни муайян мол эвазига вақтинча никоҳлаб олиш) Исломнинг аввалида мубоҳ бўлган. Сўнг никоҳ ояти билан бекор қилинган ҳамда уммат унинг бекор қилинганига ижмо қилган. Ким унга ижозат берса, кофир бўлади.
Ким лаъб (фаҳш ўйин-кулги қилиш), рақс, ғино (уятли сўзларни куйлаш, ашула қилиб айтиш) ва (номаъқул) шеърга ижозат берса, фосиқ бўлади, кофир бўлмайди. Чунки бунинг ҳаромлиги оҳод хабар орқали собит бўлган. Насс, унинг далолати ёки мутавотир хабар ёки умматнинг ижмоси билан ворид бўлган ҳар бир наҳйи шак-шубҳасиз ҳаромликни вожиб қилади ва ўзидан олдинги ҳукмнинг мансухлигини келтириб чиқаради. Ким буни инкор қилса, кофир бўлади. Ким ҳужжат эмас, деган маънода оҳод хабарни ёки қиёсни инкор қилса, кофир бўлади. Агар бу хабарни саҳиҳ эмас, деса ва бу қиёс собит эмас деса, кофир бўлмайди, балки фосиқ бўлади. Агар ҳукм қиёс ёки оҳод хабар орқали собит бўлса ва унга уммат иттифоқ қилган бўлса, ихтилофга бормаган бўлса, у ижмога айланади. Ким уни инкор қилса, кофир бўлади.
Абу Шакур ас-Солимий ал-Кешийнинг
“Ат-Тамҳид фи баёнит тавҳид” китобидан
таржимон “Ақоид ва фиқҳий фанлар” кафедраси мудири С.Примов