Бизнингча, бундай ношаърий ва фосид ишларнинг содир бўлишига баъзи домлаларимизнинг шу ҳолатдаги аёлларни суриштирмасдан никоҳлаб бераётганлари ҳам сабаб бўлмоқда.
Эркак кишига никоҳланиши ҳаром қилинган аёллар Куръони каримнинг Нисо сураси 23-оятида ва фиқҳий китобларимизда батафсил баён этилган.
Эркак кишига онасининг, ота-онаси оналарининг (қанча юқори кетса ҳам), ўз қизларининг, опа-сингилларининг, опа-сингил ва ака-укаларининг қизлари, яъни жиянларининг (ҳар қанча пастга кетса ҳам) ва яна амма-холаларининг (ҳар қанча юқори бўлса ҳам) никоҳи ҳаромдир. Мазкур тоифа аёллар насаб юзасидан эркак кишининг маҳрами бўлиб, никохдари абадий ҳаром қилинган. Аммо амма, амаки, хола ва тоғалар қизларининг никоҳлари жоиз.
Никоҳ сабабли никоҳи ҳаром қилинган тоифа икки хил: абадий ёки вақтинча бўлади.
Никоҳи абадий ҳаром қилинган аёл - қайнонадир. Зеро, қайнона куёвга маҳрам бўлиб, ўз онасидек ҳурматга сазовор зот ҳисобланади. Агар бу аёли билан қайси сабабларга кўра ажрашса ёки аёли оламдан ўтса ҳам, қайнонасини никоҳлаб ололмайди.
Иккинчи тоифа - хотинининг бошқа ақраболари, бу хотини билан ажрашмагунча уларнинг никоҳлари ҳаромдир. Лекин ораларидаги никоҳ ажралиш ёки ўлим сабабли бекор бўлгандан сўнг хотини нинг бошқа ақраболарига уйланиш жоиз бўлади. Хотинининг бошқа қариндошлари ҳақидаги қисқача баён шуки, агар ўша аёл эркак киши деб тасаввур қилинадиган бўлса, унга қариндошларидан кимнинг никоҳи нораво бўлса, эрига ҳам ўша аёлларнинг никоҳи ҳаромдир.
Масала: Мазҳабимизда аёл кишининг сафарга маҳрамсиз чиқиши таъқиқланган. Бу ўринда эркак киши қайнонасидан бошқа хотинининг никоҳи нораво қариндошлари билан сафар қилиши мумкин эмас.
Хотинининг аввалги эридан қизи бўлса, шу хотини билан жимоъ қилгандан сўнг бу қизнинг ҳам никоҳи ҳаром бўлади. Аммо жимоъ қилмасдан ажрашса, бу қизга уйланиши мумкин. Шунингдек, дадасининг, бобосининг ва қанча юқори борса ҳам, бошқа хотинлари бўлса, улар ҳам она ҳукмида ва келинлари, қанча пастга борса ҳам, қиз ҳукмида бўлиб, уларнинг никоҳлари ҳам ҳаромдир.
Аллоҳ асрасин, бир аёл билан зино қилган кишига ўша аёлнинг қизлари ҳамда бирор аёлнинг баданини шаҳват билан ушласа, унинг ҳам қизлари, ҳатто бирорта аёл бирор эркакни шаҳват билан ушласа, ўша кишига у аёлнинг қизлари ҳамда бирор аёлнинг андоми ниҳонига шаҳват назари билан қараган кишига, у аёл қизларининг никоҳи ҳаром бўлади. Бу тўрт тоифа аёлларнинг қизлари, набиралари қанча пастласа ҳам, онаси, бувиси қанча юқориласа ҳам, никоҳланиши ҳаромдир.
"Исломда никоҳ ва оила" китобидан