Ассалому алайкум! Бир дўстимнинг илтимоси ила оққа кўчирмоқдаман. Эр-хотин ўртасида пайдо бўлган низода аёлининг юзига уриш мумкинми? Уриш мумкин бўлса, қай ҳолларда ва қайси жойларига уриш мумкин? Аёли билан низолашиб қолганда аёл ноҳақ бўлса, эр киши тўшакни алоҳида қилиб ётса, аёл ундан кечирим сўрамаса, неча кунгача тўшакни алоҳида қилиб ётиш мумкин?
Жавоб: Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.
Аёлнинг юзига ва бошқа ерларига ҳам уриш мумкин эмас. Ора ислоҳ бўлгунича тўшакни бошқа қилиб ётиш мумкин. Бу масала Қуръони каримнинг Нисо сурасида қуйидагича муолажа қилинган:
«Аллоҳ баъзиларини баъзиларидан устун қилгани ва молларидан сарфлаганлари учун эркаклар аёлларга раҳбардирлар. Солиҳа аёллар – итоаткор ва Аллоҳнинг ҳифзи-ҳимояси бўйича ғойиб(эр)ларининг муҳофазасини қилувчилардир. Бош кўтаришларидан хавф қилинган аёлларга ваъз-насиҳат қилинг, ётоқларида ҳижрон қилинг ва уринг. Агар итоат қилсалар, уларга қарши бошқа йўл ахтарманг. Албатта, Аллоҳ олийдир, улуғдир» (34-оят).
Ҳар бир жамиятга раҳбар лозим. Раҳбари бўлмаган жамиятда тартиб-интизом, тинчлик-омонлик ва хайр-барака бўлмайди. Ислом таълимотлари бўйича оила энг муҳим жамият бўлиб, катта жамиятнинг асосий ғишти ҳисобланади. Ғиштлари пишиқ иморат мустаҳкам бўлганидек, оилалари аҳил-мустаҳкам бўлган жамият ҳам бақувват бўлади. Шундай муҳим муассаса бўлган оиланинг раҳбари бўлмаслиги мумкин эмас. Нима учун Исломда оила раҳбарлиги эркакка берилади? Бу саволга ушбу ояти каримада шундай жавоб берилади:
«Аллоҳ баъзиларини баъзиларидан устун қилгани ва молларидан сарфлаганлари учун эркаклар аёлларга раҳбардирлар».
Демак, оила раҳбарлиги бобида Аллоҳ таоло эркакни аёлдан афзал қилиб яратибди. Дарҳақиқат, эркак киши ўзининг жисмоний тузилиши, ички ва ташқи қиёфаси, асабий, руҳий, нафсоний ва бошқа жиҳатларига кўра оила раҳбари бўлишга мос қилиб яратилган. Бунинг устига, оилани қуриш ва уни тутиб туриш, бу йўлдаги барча сарф-харажатлар ҳам эркак киши зиммасида. У катта меҳнат эвазига топилган мол-мулкининг беҳуда кетмаслиги лозимлигини ўйлайди, оилани мустаҳкам ҳолда тутиб туришнинг чора-тадбирларини кўришга мажбур бўлади.
Аллоҳ таоло ҳеч бир ишни беҳикмат қилмайди. Жумладан, эркак киши раҳбар бўлган ва у ўз раҳбарлигини шариатда кўрсатилгандек адо этган оилалар бахт-саодатга соҳиб бўлмоқда. Бу кўрсатмага юрмаган оилалар эса бахтсизликка учрамоқда, шундайлардан ташкил топган жамиятлар ҳам бахтсизликка дучор бўлмоқда. Бу ерда гапни чўзиб ўтиришнинг ҳожати бўлмаса керак.
Аммо мусулмон жамиятларда ҳам баъзан бу умумий қоида бузилганини кўрамиз. Эркак раҳбар бўлган оилада ҳам ноқулайликлар юзага келиб туради. Агар шундай бўлаётган бўлса, одамларнинг, хусусан, ўзини мусулмон ҳисоблаётганларнинг айби билан бўлади. Афсуски, кўпчилик кишилар ояти каримада кўзда тутилган раҳбарликни қаҳр, жабр ва зулм ўтказишнинг имкони деб тушунадилар. Аслида бу раҳбарлик масъулиятдир. Масъулият бўлганда ҳам улкан масъулиятдир. Ушбу масъулиятга биноан эркак киши оиланинг, жумладан, аёлнинг ҳомийлигини, боқувчилигини, муҳофазасини адо этмоғи лозим.
«Солиҳа аёллар – итоаткор...».
Яъни мўмина, солиҳа аёлларнинг табиатида эрига итоаткорлик бордир. Биз «итоаткорлик» деб таржима қилаётган сўз ояти каримада «қонитатун» лафзи ила келган. Бу сўз ўз иродаси, рағбати ва муҳаббати ила итоат қилиш маъносини англатади. Демак, мўмина, солиҳа аёлларнинг эрларига итоати ўз масъулиятини тушунганликдан келиб чиққан бўлади. Қўрққанидан, мажбурлашдан ёки бошқа бирор сабабдан эмас. Бу итоат ўзини тушунган, ҳаётдаги ўрнини, вазифаси ва масъулиятини ҳис этган гўзал инсоннинг итоатидир.
Абдурраҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ алайҳиссалом: «Агар аёл киши беш вақт намозини ўқиса, бир ой рўзасини тутса, фаржини сақласа ва эрига итоат қилса, унга: «Жаннатнинг қайси эшигидан хоҳласанг, киравер», дейилади», деганлар».
Имом Аҳмад ривоят қилган.
Лекин беш қўл ҳам баробар эмас, баъзи аёллар солиҳалик мақомига лойиқ бўла олмайдилар. Ҳадларида турмай, эрларига қарши бош кўтариб, беодоблик, итоатсизлик кўрсатадилар. Шундай ҳолларда нима қилиш керак? Уларга ҳолатларига қараб муомала қилинади. Итоатсизлик аломатлари кўриниб, эрни беҳурмат қила бошлаганида, унга ваъз-насиҳат қилинади. Ваъз-насиҳат самара бериб, муносабатлар изга тушиб кетса, айни мурод. Агар фойда бермаса, хотиннинг итоатсизлиги, исёни давом этаверса, бошқа чора кўрилади.
Иккинчи босқич чора – ҳижрон, яъни бирга ётмаслик, гаплашмасликдир. Албатта, ҳижрон ваъз-насиҳатдан кўра анча таъсирлидир. Чунки бу масалада аёллар жуда ҳассос бўладилар. Эрларининг уларга эътиборсизлиги, гаплашмай қўйгани кўзларини каттароқ очишга мажбур этади. Ҳали инсофларини йўқотмаган бўлсалар, ўзларига келишларига, хатоларини тузатишларига сабаб бўлади. Аммо бу чора ҳам таъсир қилмаса, аёл буткул инсофини ютиб, итоатсизликда, исёнда давом этаверса, бу унинг яхшилик билан йўлга кирмаслигининг аломатидир. Энди унга нисбатан янада таъсирчанроқ чора – ўзини билмаганларга қилинадиган муомала қўлланилади.
Яъни урилади.
Аммо «уриш» деганда қаттиқ калтаклаш, аъзоларини синдириш ёки бошқа жароҳатлар етказиш тушунилмасин. Ўтган аҳли солиҳ уламоларнинг бирларидан ушбу ояти каримада изн берилган уришнинг маъноси сўралганида, «Мисвок ёки бирор бармоқ билан туртиш», деган эканлар.
Ҳадис китобларида ривоят қилинишича, Муовия ибн Ҳайра Қушайрий розияллоҳу анҳу: «Эй Аллоҳнинг Расули, хотинларимизнинг биздаги ҳақлари нима?» деб сўраганида, Набий алайҳиссалом: «Агар таом есанг, унга ҳам едирасан, кийим кийсанг, унга ҳам кийдирасан, юзига урма, ёмон сўкма, ташқарида ҳижрон қилма», деганлар.
Бошқа бир ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳнинг чўриларини урманглар!» деганлар. Бунга ўхшаш ҳадислар кўп. Кўриниб турибдики, ояти каримадаги уришга берилган изн фақат сиёсат учун, ўзини билмаган аёлларга таъсир ўтказиш учундир.
Аёл киши табиатан аччиғи тез чиқадиган, таъсирчан, шошқалоқ бўлади. Сал нарса баҳонасида эрига нисбатан итоатсизлик ва беодоблик қилиб қўйиши мумкин. Аммо кейин ўзига келиб, итоатга қайтса, уларга қарши чора кўришга зарурат қолмайди. Юқорида саналган чора-тадбирларни ҳам қўллаш шарт бўлмайди.
«Зикр аҳлидан сўранг» китобидан