Имом Муслим ва Имом Аҳмад Амр ибн Осдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) марҳамат қилдилар: «Дунё ҳузурбахш нарсадир. Ундаги энг яхши ҳузурбахш солиҳа аёлдир».
Солиҳа аёл биринчи ўринда Аллоҳ таолонинг ҳақини адо этади, сўнг эрининг ҳақига риоя қилади. Қуйидагилар солиҳа аёлнинг сифатларидир:
У уйига боғланган бўлади, ҳожат бўлмаганида чиқмайди, ўз ҳолини яхшилаш, уйини тартибга келтириш, болаларини тарбиялаш, оиласини бахтиёр қилиш мақсади бўлади. Намозларни вақтида адо этади. Рамазон ойида рўза тутади. Аллоҳни ёдидан чиқармайди. Аллоҳтаоло берган насибасига қаноат қилади.
Хотин эрининг ҳақларини билиб, уларни адо қилганидагина солиҳа хотин бўлади. Эрнинг хотин олдидаги энг муҳим ҳақлари қуйидагилардир:
1. Хотин эрининг ҳақини ўз ҳақидан ва ҳамма яқинларининг ҳақидан ҳам олдинга қўйиши керак. Чунки зиммасидаги эрининг ҳақи жуда каттадир.
2. Ҳайз ва нифос кунларидан бошқа барча ҳолда, эри ундан ором ва лаззат олишни истаган пайтда тайёр бўлиши лозим. Эрига тўсқинлик қилиши, эрининг у билан қўшилиш истагини ҳар қандай вақтда қайтариши мумкин эмас. Агар эрининг рағбатига жавоб бермаса, гуноҳкор бўлади. Фаришталар уни лаънатлайди. Имом Бухорий ва Имом Муслим Абу Ҳурайрадан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) марҳамат этдилар: "Эр хотинини тўшакка чақирганида хотин бош тортса, эри бундан ғазабланиб уйқуга кетса, фаришталар у хотинни тонг отгунича лаънатлайди». Термизий ва Насаий Талқ ибн Алидан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Эр хотинини ҳожатига чақирганида, хотин тандир олдида бўлса-да, келсин».
Бу ҳақ эрнинг хотин зиммасидаги энг муҳим ҳақларидан бири. Зеро, хотин ўзига эрининг тўшакдаги эҳтиёжини билиши иккиси ҳам бахтли бўлишларининг асосий омилидир. Шунингдек, аёлнинг хотинлик масъулиятини билмаслиги, эрининг бу ҳақига эътибор қилмаслиги кулфат, жанжалга сабаб бўлади, кўп ҳолда ажралишга олиб боради.
Менга бир эр хотинининг нодонлигидан, унга эҳтиёжини ўйламаслигидан шикоят қилди. Айтишича, унга хотини у гўё эри эмасдек эътибор қилмас, унга безанмас ва уни эркаламас, тўшакдаги ҳожати ҳақида гап очмас экан. Балки телевизор томоша қилиб бўлиб, ўзининг танҳо диванида юзини деворга қилиб ухлар экан. Унинг одати шундай экан. Эри бир кун хонага кирса, хотинини ана шундай ухлаб ётганини кўргач, ғазабга тўлиб, у ётган диванни тўнтарибдида, энг оғир сўзни айтишга мажбур бўлибди.
Бу эътиборсиз аёлга ўхшаганлар жамиятда кўп. Бу нодон, бахтсиз аёл ва унга ўхшаганлар ҳақида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай дейдилар: «Агар хотин эрининг тўшагидан айрилиб ухласа, уни тонг отгунича фаришталар лаънатлайди» (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
3. Хотин эридан рухсат олмай нафл рўза тутиши мумкин эмас. Чунки рўза баҳра олишга тўсиқдир. Аёл нафл рўза тутса, эри у билан кундуз куни қўши-лолмайди. Қўшилиш эрининг ҳақидир. Имом Бухорий ва Муслим Абу Ҳурайрадан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: «Хотин эри ҳозир бўлганида унинг ижозатисиз рўза тутиши ва рухсатисиз уйига кимсани қўйиши мумкин эмас».
4. Хотин эрининг уйидан унинг ижозатисиз бирор нарсани ўзининг яқинларига ҳам бериши мумкин эмас. Агар берса хотинга гуноҳ, эрга савоб бўлади. Тўғри, фақат таомидан бузмай, садақа қилса бўлади. Бу ҳақда Имом Бухорий Ойша онамиздан (розияллоҳу анҳо) ривоят қилади: «Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: «Агар хотин эрининг таомидан бузмай садақа қилса, унга бергани учун, эрига топгани учун савоб бўлади. Асраганга ҳам ана шунча савоб бор».
5. Хотин Аллоҳ таоло берган насибага рози бўлиши, эрига инжиқлик қилмаслиги керак. Маишат қийинчилиги ё ҳол ночорлиги учун ғазабланмаслиги ва оҳ-воҳ урмаслиги лозим. Балки хушнудлик ва қаноат кўрсатиб, эрининг ризқ топишдаги машаққатларини қадрлаши, ҳаром касбга ўтишидан қўрқиб, ундан ҳожатдан ортиғини талаб қилмаслиги даркор. Эрини ҳам қаноатга ундаб, ҳаром йўллардан огоҳлантириши зарур. Момоларимиз, Аллоҳ таоло уларни раҳматига олсин, эрларини кузатаётиб, бундай дердилар: «Ҳаром касбдан сақланинг! Биз очлик ва қийинчиликка чидаймиз, аммо оташга чидаёлмаймиз».
6. Хотин авратини беркитиши, рухсорини маҳрамларидан бошқага очмаслиги билан ўзини сақлаши лозим. Аёлнинг яланғочланиши, кийимларини эридан ўзгага ечиши ҳаромдир. Бунда катта бузуқлик бўлади. Имом Аҳмад, Термизий ва Абу Довуд Ойша онамиздан (розияллоҳу анҳо) ривоят қилади: «Расулуллоҳ бундай дедилар: «Аёл эрининг уйидан бошқа жойда кийимини ечса, ўзини Парвардигори олдида шарманда қилади».
7. Хотин гўзаллиги билан эрига фахрланмаслиги, эри хунук бўлса, ёмон кўрмаслиги, агар бой бўлса, эри олдида моли билан ғурурланмаслиги керак. Балки эр томонини назарга олиши, уни ҳурмат қилиши ва қадрлаши лозим.
8. Хотин фарзандларига раҳм қилиши, уларни ҳурматлаши, фарзандларни уришиб лаънатлашдан, эрига юзсизлик билан мурожаат қилишдан тилини тийиши, унинг хизматлари ва марҳаматларини инкор этмаслиги керак. Бу жуда муҳим, оз аёлларгина риоя этадиган хислатдир. Зеро, аёллар болаларни лаънатлаш, эридан озгина ёмонлик содир бўлгани учун унинг ҳамма яхшиликларини инкор этиш билан машҳурдир. Шунинг учун ҳам азобланадиганларнинг кўпини аёллар ташкил қилади. Имом Бухорий, Муслим ва Аҳмад бундай маънодаги ҳадисни ривоят қиладилар. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Азобланадиганларнинг кўпи аёллардир», деганлар. Бунинг сабабини сўрашганида, бундай жавоб қилганлар: «Кўп лаънатлашади, эрларидан рози бўлишмайди». Ҳадисда келганидек, уларга бир умр яхшилик қилсанг, сўнг сендан бир ёмонлик кўрсалар, сендан ҳеч яхшилик кўрмадим, дейишади. Пайғамбаримизнинг бу ҳадисларидан мурод аёлларни бу ёмон хислатни тарк қилишга ундашдир. Бу ҳадисда баъзи жоҳиллар ўйлаганидек, аёллар ҳуқуқи топталган, деб тушуниш ярамайди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бор воқеликни айтганлар. Унинг маъносини бузиш мумкин эмас.
Муҳаммад Аҳмад Канъоннинг
"Эр-хотинлик асослари" китобидан