close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Исломда насл-насаб масаласи

Бола туғилиши билан унинг ҳақлари ҳам бирга туғилади. Ўша ҳақларнинг энг аввалгиларидан бири насаби пок бўлиши ҳаққидир.

Бола туғилиши билан унинг ҳақлари ҳам бирга туғилади. Ўша ҳақларнинг энг аввалгиларидан бири насаби пок бўлиши ҳаққидир.
Никоҳнинг ва оила қуриб яшашнинг асл мақсадларидан бири ҳам насл-насабни сақлашдир. Бусиз оила ҳам, ота-оналик ҳам, болалик ҳам, қариндош-уруғлик ҳам, жамият ҳам бўлмайди. Фарзанднинг ота-онаси никоҳдан ўтиб, ҳалол-пок яшагандагина насаби аниқ ва пок бўлади.
«Насаб» сўзи луғатда яқинлик, нисбат бериш деган маъноларни англатади. Шаръий истилоҳда эса ота-онанинг яқинлигини ва бир шахсни ўзига қўшишни билдиради.
Насаб энг муҳим ва ўта нозик ижтимоий ҳукмлардан биридир. Зотан, инсон айнан насаб орқали ота-онасини, бобо-момосини, амаки-тоғасини, амма-холасини ва бошқа қариндошларини танийди, улар билан алоқада бўлади.
Ислом шариатида насабга алоҳида эътибор берилиши унга боғлиқ ўта муҳим ҳақлар борлиги учундир.

1. Насабни яхши аниқлаш келажакда маҳрамлар орасида никоҳланиш каби катта гуноҳнинг олдини олади.
Агар бу иш бўлмаса, одам билмасдан, ўзининг қариндоши билан оила қуриб қўйиши, бунинг оқибатида кўплаб зарар кўриши ва гуноҳга қолиши бор.
2. Насабнинг собит бўлиши ота-она ҳақларининг ҳам собит бўлишига хизмат қилади.
Агар насаб аниқланмаса, баъзи ҳолатларда инсон учун энг муҳим ишлардан бўлган ота-она ҳақларининг поймол бўлиши турган гап.
3. Насабга эътибор бериш қариндош-уруғларга эътибор бериш ва уларга силаи раҳм қилишни йўлга қўйиш демакдир.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Насабларингизни ўрганинг, у билан силаи раҳм қиласиз. Зотан, силаи раҳм аҳлга муҳаббат, молнинг зиёдаси ва ортдан асарини қолдиришдир», дедилар». Термизий ривоят қилган.

Ҳар бир киши насабини, яъни аждодлари, қариндош-уруғларини яхши таниб олиши лозим. Бу нарса силаи раҳм қилиш учун керак. Бир киши бошқа бир кишининг ўзининг қариндоши эканини билмай, шу туфайли унга силаи раҳм қилмай юрган бўлса, гуноҳкор бўлади. Шунинг учун қариндош-уруғларни яхши билиш, қариндошлик алоқаларини ўрганиш мусулмон кишининг бурчи ҳисобланади.
Силаи раҳм қариндошлар ўртасида меҳр-муҳаббат уйғотади. Қариндош-уруғлар борди-келди қилсалар, бир-бирларини зиёрат қилсалар, бойлари ҳожатмандларига ёрдам қилсалар, ҳол-аҳволларидан хабар олсалар, касал бўлганда бориб кўрсалар, оғирини енгил қилсалар, мушкулларини осон қилсалар, ўз-ўзидан орада меҳр-муҳаббат пайдо бўлади. Шунинг учун шариатда силаи раҳмга, қариндошлик алоқаларини маҳкам боғлашга ва уларни ҳеч қачон узмай юришга қаттиқ тарғиб қилинган.
4. Насабга аҳамият бериш фарзандларнинг ҳаққини ҳимоя қилиш деганидир. Албатта, болаларнинг нафақаси, мерос олиши, уларга ҳомий бўлиш каби ҳақларининг барчаси насабга боғлиқдир.

«Соғлом бола» китобидан

Мақола жойлаштирилган бўлим: Оила
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase