Ҳомиладорликнинг ози олти ой ва кўпи икки йилдир. Ражъий талоқ иддасида ўтирган аёл иддаси тугаганини айтмаган бўлса, талоқ қилинган кунидан бошлаб икки йилдан ортиқ вақтда туғса ҳам, талоқ қилган эр туғилган боланинг отаси ҳисобланади. Хотинни эса эр идда ичида никоҳига қайтариб олган деб эътибор қилинади. Чунки идда ичида жинсий яқинлик бўлсагина хотин икки йилдан ортиқ вақтда туғади. Бордию аёл икки йилдан кам вақтда туғса, талоқ қилган эр боланинг отаси ҳисоблансада, хотин эрнинг никоҳига қайтган деб ҳисобланмайди. Чунки бу ҳолатда жинсий яқинлик идда ичида эмас, балки ундан илгари бўлгандир.
Боин талоқ қилинган аёл иддаси тугаганини айтмасдан туриб икки йилдан оз муддатда туғса, талоқ қилган эр туғилган боланинг отаси ҳисобланади. Икки йил тўлганда туғса, эр боланинг отаси ҳисобланмайди, бироқ эр «бола меники» деса, бола унинг фарзанди, у эса боланинг отаси ҳисобланади. Бундай бўлишига сабаб эр хотини би-лан идда ичида билмасдан яқинлик қилиб қўйган бўлиши мумкинлигидир.
Эр хотинининг туққанини тан олмаса, бир адолатли аёлнинг гувоҳлик бериши билан туққанлиги исбот қилинади.
Агар эр «бола мендан эмас» дейдиган бўлса, эр-хотин лиъон айтишадилар.
"Ҳанафий фиқҳидан зарур масалалар" китобидан