Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Оталарингиздан тонманглар. Ким ўз отасидан тонса, у куфрга қўл урибди», дедилар».
Шарҳ:
Ҳадисдаги «отасидан тонса», деб қилинган жумла «юз ўгириш», «инкор қилиш» маъноларини ифода қилади. Бундан ўз отасини қўйиб, ўзини-ўзи бошқа одамга нисбатини бериш маъноси тушунилади. Чунки отаси ўта ночор бўлгани сабабли, ўзини бир машҳурроқ кишига мансуб қилади. Шунда ҳадиснинг маъноси бундай бўлади: «Отасидан тонса, унга нисбатланишни тарк қилиб, уни инкор қилса». Ҳадиснинг мазмунидан «тарк қилдим», «ёмон кўрдим» деган маънолар келиб чиқади.
Ҳадисдаги «у куфрга қўл урибди» жумласига келсак, аҳли сунна вал жамоа наздида гуноҳи кабира қилган киши кофир бўлмайди. Унинг қуйидаги талқинлари мавжуд:
Биринчиси, ҳадисдаги куфрдан умумий куфр эмас, хос куфр ирода қилинади. Яъни бундай инсон фақат шу жиҳатдан куфрга қўл урибди.
Иккинчиси, бу киши худди кофирлар қиладиган ишни қилибди, деган маънода бўлиши ҳам мумкин. Бу ерда киши кофир бўлди ёки кофир бўлмади, деган нарсада баҳс қилинмаган.
Учинчиси, бундан куфрсиз куфр ирода қилингандир. Аслида куфр инсонни Ислом миллатидан чиқаради. Ҳадисдаги куфрдан бу нарса ирода қилинмаган. Неъматга куфр келтириш маъносидаги куфр. Яъни Аллоҳ таоло ато этган отани инкор қилиб, у нонкўрлик қилди.
Тўртинчиси, бу ҳадис қайтариқ ва танбеҳ маъносида.
Абу Усмондан ривоят қилинади: «Зиёд борасида (Абу Суфён-нинг ўғли деб) даъво қилинганда, Абу Бакрани учратиб: «Бу нима қилганларинг?» дедим. Ахир мен Саъд ибн Абу Ваққоснинг бундай деганини эшитганман: «Икки қулоғим Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни: «Ким мусулмон ҳолида, у отаси эмаслигини аниқ билиб туриб, отасидан бошқага нисбатини берса, жаннат унга ҳаромдир», деяётганларини эшитган». Абу Бакра ҳам: «Мен ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитганман», деди».
Шарҳ: «Даъво» сўзи «насаб» маъносини англатади. Муовия розияллоҳу анҳу Зиёднинг укаси эканини, Абу Суфённинг ўғли эканини даъво қилган. Шунда Абу Усмон Абу Бакра розияллоҳу анҳуга эътироз билдириб: «Сизлар нима қиляпсизлар?» деган. Чунки Абу Бакра Зиёднинг она бир акаси бўлган. Иккиси ҳам Сумайя деган аёлнинг фарзанди бўлганлар. Шунинг учун Абу Усмон Абу Бакрага эътироз билдирган.
Жоҳилият замонасида саккиз турли никоҳ бўлган. Биринчиси, никоҳи таъайюн (тайин топиш никоҳи), дейилади. Бу ўша даврда «номзодлик» номи билан маълум ва машҳур бўлган. У никоҳ бундай кўринишда бўлган: бир неча одамлар бир аёл билан навбатма-навбат яқинлик қилганлар. Бунинг натижасида аёл фарзанд кўрса, аёл ўша кишиларнинг барчасини чақириб: «Сизлар билан нима қилганимиз барчангизга маълум. Мана натижада фарзанд туғилди. Фалончи бу сенинг фарзандинг», деган. Бу номзод болани инкор қилиши мумкин бўлмаган ва у болани ўз фарзанди сифатида қабул қилган. Сумайя деган аёл Ҳорис ибн Калданинг чўриси бўлган. Жоҳилият замонасида чўрилар вақтинчалик никоҳ билан бир неча эркаклар билан бир вақтнинг ўзида қўшилиш одати бўлган. Абу Суфён мусулмон бўлишидан олдин Сумайя билан мана шундай иш қилган эди. Натижада, ундан Зиёд исмли фарзанд кўрган. Абу Суфён Сумайя билан яқинлик қилганига икки гувоҳ қилиб қўйган эди.
Ислом дини келгач мазкур никоҳлардан фақат шарафли никоҳни қолдириб, қолган никоҳларнинг барчасини ботил, деб қарор қилган. Бироқ жоҳилият замонасидаги никоҳлар натижасида туғилган фарзандларни қандай бўлса шундайлигича насабини собит қилган. Зиёд борасида ҳам худди шундай бўлган. Ислом дини атрофга ёйилгач, Зиёдни фарзанд сифатида қабул қилишга ҳеч ким ботина олмаган. Шунинг учун авваллари уни Зиёд ибн Абиҳи ёки Зиёд ибн Сумайя ёки Зиёд ибн Уммуҳу, деб чақиришар эди. Зиёд ўта қобилиятли, тадбирли, баҳодир, мард, жасур бола бўлиб вояга етди. У аксарият вақтини Алий розияллоҳу анҳу билан ўтказар эди. У катта-катта саркардалик лавозимига ҳам тайинланган эди. Зиёд Муовия розияллоҳу анҳуга хат ёзиб, гувоҳларини тақдим қилиб: «Мен сизни укангизман, мени қабул қилинг», деган. Муовия розияллоҳу анҳу гувоҳлар билан Зиёдни ука сифатида қабул қилди. Бироқ бошқа одамлар уни қабул қилишга ўйланиб қолишди. Чунки улар Зиёд Абу Суфённинг ўғли эканини қабул қилишга тайёр эмасдилар. Балки одамлар орасида бунга эътироз билдирганлар ҳам бўлди. Жумладан, Абу Усмон Абу Бакрага эътироз билдирди. Чунки Абу Бакра Зиёднинг она бир иниси эди. Муовия розияллоҳу анҳу эса Зиёдга ота бир оғаси бўлган. Шунинг учун ҳар иккисига ҳам эътироз билдирилган. Ўзининг отаси бўла туриб, бошқасига ўзини мансублаган кишини жаннатга кириши ҳаром бўлади.
Абу Усмон: «Сиз одамларга нима бўлдики, Зиёднинг отаси Ҳорис ибн Калдани қўйиб, унинг нисбасини Абу Суфёнга бермоқдасизлар? Зиёд Абу Суфённинг эмас, Ҳорис ибн Калданинг ўғли экани барчага маълум-ку! Чунки «бола тўшакка нисбат берилади, зинокорга эса тошбўрон», дейилган», деди. Абу Бакра розияллоҳу анҳу бундай деди: «Тўғри айтяпсан, мен ҳам бу ҳадисни эшитганман. Бундай бўлмаслиги керак эди, лекин шундай бўлди», деди. Шориҳларнинг айтишларича, Абу Бакра розияллоҳу анҳу шундан кейин Зиёд билан ўртадаги риштани тўлиқ узган экан.
Абу Ало Мавдудий Муовия розияллоҳу анҳунинг халифалигига бир қанча эътирозлар билдирган. Унинг эътирозларидан бири айни шу воқеа. Мавдудий бу жоҳилият никоҳи бўлганини ва Абу Суфён у вақтда ҳали Исломни қабул қилмаганини ўйлаб кўрмаган. Ислом дини келиб, жоҳилият анъанасидаги ҳолатларда, унинг урф-одатига кўра насабни собит қилган. Оиша розияллоҳу анҳо ҳам бир марта Зиёдни Зиёд ибн Абу Суфён, деб тилга олганлар. Бу барча мусулмонлар эҳтиёжи тушадиган масала эмас. Мавдудий Муовия розияллоҳу анҳуга таъна-дашном отиш учун айни шу мавзуни маҳкам ушлаб олиб, жуда қаттиқ танқид қилган. Бироқ Мавдудий ҳазратнинг ўтмиши суриштириладиган бўлса, у кишининг номига нолойиқ бўлган кўплаб ҳужжат ва далилларни йиғиш мумкин. Бу унинг номига яхши гап бўлмайди.
Мана шу Зиёднинг ўғли Убайдуллоҳ ибн Зиёд Ҳусайн розияллоҳу анҳуни қатл қилишда бошқош бўлган.
Ҳадисдаги «жаннат унга ҳаромдир» ибораси бир неча хил таъвил қилинган:
Биринчиси, бошидаёқ жаннатга кирмайди, балки жазосини ўтагандан кейин жаннатга киради;
Иккинчиси, бу ножоиз ишни ҳалол деб билса кофир бўлади, бундай ҳолатда унга жаннат абадий ҳаром бўлади;
Учинчиси, бу ҳукм тахдид ва танбеҳ мақсадида айтилган.
Ривоятда: «Мен ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитганман», дейилган. Абу Усмон Абу Бакранинг бу мавзу борасидаги ҳадисларни эшитгани ҳақида маълумотга эга эмас эди. Шунинг учун Абу Бакра розияллоҳу анҳу: «Мен ҳам бу ҳадисни эшитганман, уни бундай қилиши менга ҳам ёқмаяпти», деди.
Саъд ва Абу Бакра иккиси бундай деганлар: «Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Отаси эмаслигини билиб туриб, ким ўзини отасидан бошқасига мансуб қилса, жаннат унга ҳаромдир», деганларини қулоқларим эшитиб, қалбим сингдириб олган».
Ҳикматуллоҳ Абиевнинг
"Саҳиҳи Муслим шарҳи" китобидан