close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Садақаи хайр

Кўп садақа қилиш инсон номаи аъмолидаги яхшиликлар захирасини орттириб, гуноҳларини ўчиради ва дўзах азобидан сақлайди. Қуръони карим оятлари ва ҳадиси шарифларда ҳам садақа ва яхши ишларга сарф-харажат қилишнинг кўплаб фазилатлари ворид бўлган. Улар тўпланса, алоҳида бир китоб бўлади.

Бу ўринда, шу нарсага эътибор бериш керакки, садақаи хайрнинг ажру-фазилатига эга бўлиш учун катта микдордаги маблағ сарфлаш зарур, деган тушунчага бормаслик лозим. Балки, ҳар бир инсон ўзининг молиявий ҳолатига қараб садақа қилиб, хайри эҳсон фазилатига эга бўлиши мумкин. Масалан, бир кишининг ўн минг сўм пули бўлиб, ундан минг сўмини яхшиликка сарфласа, Аллоҳ таоло наздида гўё 100 минг сўми бор инсон, ундан ўн мингини садақа қилгандек ажрга эга бўлади. Аллоҳ таоло наздида асл қадру қийматга эга нарса бу - ихлосдир. Ихлос билан қилинган кам микдордаги садақа ҳам Аллоҳ таоло ҳузурида мақбул бўлиб, у сабабли кўплаб садақаи хайрларнинг фазилати ҳосил бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳақида шундай деганлар:
Адий ибн Хотим розияллоҳу анҳу айтади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Яримта хурмо билан бўлса ҳам дўзахдан сақланинглар”, деяётганларини эшитдим”. (Имом Бухорий, Имом Муслим ривоятлари)
Демак, қурби етмаган инсон яримта хурмони садақа қилиш билан катта савобга эга бўлиб, гуноҳлари афв этилиши мумкин экан.
Хддисдан маълум бўладики, молиявий ҳолати ночор бўлган киши садақа қилиш фазилатидан ўзини маҳрум, деб тушунмаслиги лозим. Балки, ўзининг молиявий ҳолатига мос равишда озгина садақа қилиши билан ҳам киши бу саодатдан насибадор бўлади.
Баъзилар закот берганидан сўнг қўшимча бир чақа ҳам эҳсон қилишни хоҳламай, хайр-садақа қилишга тамомила бефарқ бўлиб қоладилар. Улар яхшиликларнинг барчаси закот билан ёпиб юборила-ди, деб ўйлайдилар. Аммо, бундай қилиш мусулмон, мулкдор инсонларга муносиб иш эмас. Закот фарз амаллардан бири бўлиб, унинг сарфланадиган жойи тайиндир. Яхши ишлар эса жуда кўп бўлиб, уларнинг аксариятига закот пулини сарфлаб бўлмайди. Бунга мисол сифатида масжидни ободонлаштириш ишларини келтириш мумкин. Шунинг учун, закотга қўшимча равишда, молиявий аҳволдан келиб чиқиб бошқа яхши ишларга ҳам сарф-харажатлар қилиб туриш лозим.
Шундан келиб чиққан ҳолда, уламолар ўз даромадларидан маълум бир фоизини хайр-садақага ажратишни одат қилиб олган эдилар. Бунинг учун, улар маблағларидан маълум бир қисмини алоҳида идиш ёки латтага ўраб, садақа учун олиб қўйганлар. Ҳазрати ҳакимул умма Ашраф Али Таҳонавий қуддиса сирруҳу ҳам доимо маошларининг бешдан бирини хайри садақага ажратиб қўяр эдилар. Баъзи улуғлар эса, пулларининг йигирмадан бири ёки ўндан бирини садақа қилиш ниятида олиб қўйганлар. Бу ишнинг фойдаси шуки, тўсатдан эҳсон қилиш керак бўлиб қолганда, қаердан маблағ олсам экан-а, деб ўтирмайди. Қолаверса, ажратиб қўйилган кармоннинг ўзи “мен учун яхши жойни топиб сарфла”, деб эслатиб туради. Шунингдек, яхшилик қилиш фурсати келганда пул топиш машаққат бўлмайди ва осонлик билан яхши жойларга пул сарфлашга муваффақ бўлинади.
Ҳар бир инсон ўз молиявий ҳолатидан келиб чиқиб, даромадининг бир қисмини яхши ишларга ажратиб қўйса - савобга эга бўлишнинг бу силсиласи узулуксиз давом этади. Ҳамма ҳам бешдан бири ёки ўндан бирини ажратиши шарт эмас. Балки, имкониятига қараб, оз бўлса ҳам маблағ тайин қилиши ҳам мумкин. Натижада, инша Аллоҳ, барака устига барака, файз устига файз бўлади.
Садақадан асл ният Аллоҳ таолонинг розилиги бўлиши лозим. Лекин, садақа қилишни одатга айлантирган бандаларига Аллоҳ таоло томонидан бу дунёда ҳам кўплаб неъматлар берилади. Зеро, ҳадисда “Садақа билан бойликка зиён етмайди”, яъни, Аллоҳ таоло бундай инсонларнинг ризқига барака ато қилади, дейилган.

Муҳаммад Тақий Усмонийнинг
"Енгил амаллар" китобидан

Мақола жойлаштирилган бўлим: Жамият
Калит сўзлар
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase