close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Мусулмон шахс маддоҳлик қилмайди

Мусулмон одам мунофиқликдан, иккиюзламачилиқдан, маддоҳликдан жуда узоқ бўлади. Чунки Ислом динининг кўрсатмаси уни бу асрда кўп одамлар тушиб қолган мана бу хатарли сирпанчиққа ағдарилишдан, натижада ўзлари сезмаган ҳолларида ҳалок қилувчи мунофиқлик чоҳига қулашдан асрайди.

Мусулмон одам мунофиқликдан, иккиюзламачилиқдан, маддоҳликдан жуда узоқ бўлади. Чунки Ислом динининг кўрсатмаси уни бу асрда кўп одамлар тушиб қолган мана бу хатарли сирпанчиққа ағдарилишдан, натижада ўзлари сезмаган ҳолларида ҳалок қилувчи мунофиқлик чоҳига қулашдан асрайди. Дарҳақиқат, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мунофиқлик, иккиюзламачиликдан иборат балчиқдан чиқиш йўлини кўрсатганлар. Бани Омир Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни “Сиз бизни саййидимизсиз”, деб мақтаганларида, У зот дедилар: “Саййид - Аллоҳдир”. Бизнинг фазилат жиҳатидан афзалимизсиз, қудрат жиҳатидан буюгимизсиз. “Сўзингларни айтинглар ёки баъзи сўзингларни айтинглар, лекин шайтон сизларни вакил қилмасин. Мен Аллоҳ мени қўйган жойдан тепага кўтаришингларни истамайман. Мен, Муҳаммад ибн Абдуллоҳ, Аллоҳнинг бандаси ва Расулиман”. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам маддоҳларга ўз мақтовларида меъёрдан ошишга рухсат бермадилар, чунки мақталаётганлар ичида мақтовга лойиқмаслари бор. Лекин айни вақтда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у зотни саййидлик, фазилат, улуғлик билан сифатлаган мақтовчини ҳам қайтардилар, ваҳоланки, у зот мусулмонлар саййиди, улуғи ва афзали эканлиги шубҳасиздир. У зот агар мақтов эшиклари катта қилиб очиб қўйилса бу йўл мунофиқликдан иборат хатарли қияликларга олиб боришини билар эдилар.
Зеро, покиза, соф Ислом руҳи бунга рухсат бермайди, Дин унга барпо бўлган ҳак буни қабул қилмайди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мақтовчи мунофиқликка бориб қолиши, мақталган одамни эса кибр, манманлик мастлиги ушламаслиги учун саҳобаларини инсонни ўзига мақташдан қайтарар эдилар.
Икки шайх Абу Бакра розияллоҳу анҳудан ривоят қилади, айтади: “Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдида бошқа бир кишини мақтади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уч бора: “Сенга ўлим бўлсин!
Дўстингни бўйнини уздинг, дўстингни бўйнини уздинг”, дедилар. Кейин: “Сизлардан ким дўстини мақташдан бошқа иложи қолмаса ва унда ана шу мақтовга лойиқ сифат борлигини аниқ билса: “Мен уни бундай деб ўйлайман - Аллоҳ Ўзи уни ҳисоб қилар. Аллоҳга бировни поклаб берилмайди - мен уни бундай деб ўйлайман”, деб айтсин”, дедилар”.
Мақтов ишончли бўлиши керак, ғулув кетилмаслиги, мўьтадил бўлиши лозим, ана шундагина жамият мунофиқлик, ёлғон, алдов, хушомад, риё вабосидан тоза бўлади.
Бухорий “Адабул муфрад” китобида Ражодан, у Меҳжан Асламий розияллоҳу анҳудан ривоят қилади, албатта, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва Меҳжан масжидда эдилар, баногоҳ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сажда ва рукуъ қилиб намоз ўқиётган кишини кўрдилар ва: “Ким бу?” деб сўрадилар. Шунда Меҳжан уни мақтай кетди: “Ё Расулуллоҳ, у бунақа, у шундай”, деди. Шунда у зот: “Тўхта, унга эшиттирма, акс ҳолда уни ҳалок киласан”, дедилар”.
Аҳмаднинг ривоятида келади: “Ё Расулуллоҳ, у фалончи, Мадина аҳлининг яхшиларидан, ёки Мадина аҳлининг кўп намоз ўқувчиларидан”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Унга эшиттирма, уни ҳалок қиласан (икки, уч марта айтдилар). Сизларга ибодатда енгиллик исталган”.
Мақтов эшитишни севувчи башарий нафсда мақтовнинг чуқур нафсий таъсири борлиги сабабли Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васаллам мақтовни эшиттириш уни ҳалок қилиш эканини айтдилар. Ана шунда мақталган кимса одамларга катта кетади, бурни кўтарилади, юзини буради.
Маддоҳ мунофиқлар мақтовни такрорлайверсалар, хусусан, бундайлар мансаб эгалари атрофида кўп бўлади - мақталаётган инсонга бу табиий ҳолга айланади, мақтов унинг нафсига жуда хуш ёқади. Кейин-кейин у насиҳат, танқидни хушламайдиган, фақат мақтовни истайдиган бўлиб қолади. Ана унда ҳақ зое бўлиб, адолат ўлдирилиши, фазилат йўқолиб, жамият бузилишидан ажабланмаса ҳам бўлади.
Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларига ана ундайлар кўпаймаслиги учун маддоҳларнинг юзига тупроқ сочишни буюрганлар.
Зеро, улар кўпайса, мунофиқлик ёйилади, алдов кўпаяди, бало ом бўлади.
Икки шайх, Аҳмад, Термизий ривоят қиладилар, бир киши амирлардан бирини мақтади. Микдод розияллоҳу анҳу эса унинг юзига тупроқ соча бошлади. У: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Маддоҳларни кўрсатинглар, юзига тупроқ сочинглар”, деганлар”, дер эди.
Шунинг учун саҳобаи киромлар маддоҳларнинг мақтовлари оқибатидан сақланиб, унинг ҳалокатидан қўрқиб ҳамда мана шундай арзон кўринишдан узоқ бўлган Исломий хулқ билан зийнатланиш мақадида бу мақтовларга рози бўлмаганлар, ваҳоланки улар мақтовга лойиқ эдилар. Нофеъ розияллоҳу анҳу ва бошқалардан ривоят қилинади, бир киши Ибн Умарга деди: “Эй одамларнинг яхшиси ёки эй одамларнинг яхшисининг ўғли”. Ибн Умар: “Мен одамларнинг яхшиси ҳам, одамларнинг яхшисининг ўғли ҳам эмасман. Мен Аллоҳ таолодан қўрқадиган ва Ундан умид қиладиган бандаларидан бириман. Аллоҳ номига қасамки, одамни ҳалок қилгунингларча мақтайверар экансизлар-да”.
Бу Исломий туйғуси нозик, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўрсатмасини жуда ҳам маҳкам ушловчи, ичида ҳам, ташида ҳам у кўрсатма билан зийнатланган улуғ саҳобий томонидан айтилган ҳикматли сўзлар эди.
Саҳобаи киромлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амаллари ва сўзларидан мунофиқликдан сақланиш ҳақида айтган мулоҳазаларни яхши англаганлар ва уларнинг наздида, Аллоҳ Юзи учун бўлган холис ҳақиқат билан мунофиқликнинг ва тилёғламаликнинг ўртаси ажралиб бўлган.
Ибн Умар: “Бизлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг замонларида бу ҳолатни мунофиқлик деб санар эдик”, деди.

Муҳаммад Алий Ҳошимийнинг
"Мусулмон ахлоқи" китобидан
Заҳириддин Мансур таржимаси

Мақола жойлаштирилган бўлим: Жамият
Калит сўзлар
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase