close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

АҚШ комиссияси: Ўзбекистон диний эркинлик бўйича ҳамон махсус кузатувда

АҚШ Халқаро диний эркинлик комиссияси таҳлилича, Афғонистонда ўтган йили Толибондек мутаассиб ҳаракат ҳокимиятга келгани бу мамлакатда ҳаётни янада қийинлаштириб, озчиликни ташкил этувчи дин ва элатларнинг вакиллари қўрқинч ва тазйиқ остида кун кўрмоқда. Ташкилот йиллик ҳисоботида Марказий Осиёдаги аҳвол ҳам танқид қилинади.

Демократ ва республикачилардан иборат комиссия Америка ҳукуматини ташқи сиёсатда диний эркинлик масаласини юқорига қўйишга ундаб келади. Токи, дейди бу орган, инсонларни эътиқоди учун азоблаётган тузумларга нисбатан чора кўрилсин.
Ташкилот Байден маъмуриятини 15 давлатни қора рўйхатга киритиб, чекловлар қўллашга чақирмоқда: Мянма, Хитой, Эритрея, Эрон, Шимолий Корея, Покистон, Россия, Саудия Арабистони, Тожикистон, Туркманистон, Афғонистон, Ҳиндистон, Нигерия, Сурия ва Ветнам.
Россияни бу рўйхатга комиссия 2017-йилдан бери тавсия қилиб келар эди. Давлат департаменти 2021-йилда бу қарорга келган. Ҳисоботга кўра, диний эркинликни поймол этиш бу мамлакатда ҳамон систематик ва аянчли.
12 мамлакат махсус кузатувда бўлсин, дейди комиссия. Жазоир, Куба, Никарагуа, Озарбайжон, Марказий Африка Республикаси, Миср, Индонезия, Ироқ, Қозоғистон, Малайзия, Туркия ва Ўзбекистон.
Ўзбекистон анча йиллар қора рўйхатда эди. Бироқ, комиссия назарида, ўтган беш йилда шароит анча яхшиланган, ислоҳотлар давом этиши керак. Экстремизмга қарши курашда, дейди бу идора экспертлари, ҳукумат диндорларга сиёсий хавф сифатида қарамаслиги керак. Терроризм хавфи тан олинади, аммо ҳуқуқ ҳам бузилмасин.
Яқинда Тошкентда маъмурият аъзолари, тақводорлар ва фуқаро жамияти фаоллари билан мулоқот қилиб қайтган комиссия етакчилари Надин Маенза ва Нури Туркел Байден маъмуриятидан диний эркинлик тарғиботини дунё бўйлаб кучайтиришни сўрамоқда.
"2022-йилдаги ҳисоботимиз Конгресс ва раҳбариятга умумбашарий ва узвий ҳуқуқни ҳимоя қилиш йўллари ҳақида тавсиялар беради", - дейди Туркел.
Комиссяга кўра, Қозоғистон ва Қирғизистонда ҳукумат бу масалада қўшниларчалик репрессив эмас. Аммо ҳар иккисида ҳам эътиқод эркинлиги билан боғлиқ муаммолар талай экани қайд этилади.
Туркманистон дунёнинг энг ёпиқ жамиятларидан бири, маълумот олиш деярли мумкин эмас, дейди экспертлар. Мавжуд информатсия эса у ерда аҳвол бағоят мураккаб эканидан далолат беради.
Тожикистонда ҳам тузум кескин диктатура сифатида инсон ҳуқуқларини мунтазам бузади. Республикадаги вазиятни комиссия "алоҳида эъитборга молик" дея тасвирлайди. Вашингтонга худди Ашхабот сингари Душанбе билан ҳамкорликни чеклаш маслаҳат берилади.
Ўзбекистонда комиссия 2021-йилда қатор салбий бурилишлар кузатган. Ҳукумат ислоҳотлардан чекиниб, репрессив қадамлар ташлай бошлади, дейилади ҳисоботда.
Экстремизмда гумон қилиниб ҳибсга олинганларнинг қийноққа солиниши, адвокатга йўл берилмаслиги, ҳуқуқлари батамом бузилиши хусусида комиссия асосли ахборотга эга эканини таъкидлайди.
Комиссия тахминича, мамлакат қамоқхоналарида 2200 диний маҳкум бор. Улар асосан Ислом Каримов президентлиги даврида қамалган. Шавкат Мирзиёев президентликка келгач, минглаб маҳкумлар тизимни айбидан пушаймон эканига ишонтира олгани учун афв этилди. Аммо, комиссия панжара ортидаги минглаб инсонларнинг ишини қайта кўриб чиқишга ундамоқда.
Чет элда диний таълим олаётганлар ҳукумат назоратида остида, дейилади ҳисоботда, хусусан Миср ва Туркиядан 1500 дан зиёд талабани ватанга қайтаришга уринишлар бўлган.
Халқаро ташкилотларнинг тавсиялари олинганига қарамасдан ҳукумат 2021-йилда чиққан қонунда дин ва виждон эркинлигини бўғувчи чораларни кучда қолдирган. Диний ташкилотларнинг рўйхатдан ўтиши бироз енгиллашган, шунингдек, диний либосда юриш осонлашган, дея кузатади комиссия, аммо диний тарғибот ва хусусий диний таълим ҳамон чекланган.
Ўзбекистон ҳукумати комиссиянинг маҳкумлар сони ҳақидаги маълумотларини инкор этган. Мутасаддиларга кўра, фуқароларнинг истаган динга амал қилиши учун зарур шароит яратилган: масжидлар, черковлар ва бошқа ибодатхоналар очиқ; диний тадбирлар ўтказиш чекланмаган; одамлар бемалол эътиқод қилиши мумкин, лекин миссионерликка ва рухсат берилмаган адабиётларни тарқатишга, динни рўкач қилиб, тузумга қарши тарғибот олиб боришга, бошқаларни камситувчи ёки уларга таҳдид солувчи фаолият ва ҳаракатга тоқат қилинмайди.
Комиссия Америка ҳукуматини Ўзбекистон билан ҳамкорликда эътиқод эркинлигига урғу бериб, тазйиққа учраган шахслар ва гуруҳларни қувватлашга ундамоқда. Расмийлар дейдики, Давлат департаменти учун инсон ҳуқуқлари тарғиботи нафақат Ўзбекистонда, балки жаҳон миқёсида асосий мақсадлардан бири.

Мақола жойлаштирилган бўлим: Жамият
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase