close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Бугунга зарур сабоқ

Мисрлик олим, марҳум Муҳаммад Шаъровий бундай деб ёзган экан: «Шаръий жазоларни татбиқ этишга иштиёқманд бир ёш йигит билан баҳслашган эдим. - Исломий давлатда ёш мусулмонлар йиғиладиган дискотека бўлса, уни портлатиб юборса бўладими ёки бўлмайдими? - деб сўрадим ундан. - Нега бундай қилиб бўлмас экан, албатта, портлатиш жоиздир, - деб жавоб берди у.

Мен яна: - Унинг ичидаги одамларни ўлдириш мумкинми? - деб сўрадим. У жавоб берди: - Жоиз, нега мумкин эмас экан. Мен ундан: - Агар улар гуноҳ ичида ўлдирилса, нариги дунёда улар қаерда бўладилар? - деб сўрадим. У айтди: - Албатта, жаҳаннамга тушадилар. Мен яна сўрадим: - Шайтон уларнинг қаерга тушишини истайди? У айтди: - Шайтон уларни жаҳаннамга туширишни истайди. Мен айтдим: - Сен шайтон билан яқинлашмаяпсанми, мақсадларинг бир бўлиб қолмаяптими: сен уларни жаҳаннамга тушишини истаяпсан, шайтон ҳам шуни истайди?! Кейин унга Пайғамбаримизнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳадисларини айтиб бердим: - Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) олдиларидан бир яҳудийнинг ўлигини олиб ўтишганида, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) йиғладилар. Саҳобалар: «Эй Аллоҳнинг элчиси, Сизни йиғлашга нима мажбур қилди?» деб сўрашди. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Бу жон жаҳаннамга тушган жондир, мен эсам уни бундан қутқариб қола олмадим. Қайғураётганим сабаби шу», деб жавоб қилдилар у Зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам).
Сўнгра у йигитчага дедим: - Энди сен Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) йўллари билан сен танлаган йўл қанчалик фарқ қилаётганига боқ: У Зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) одамларни тўғри йўлга солишни истаган эдилар, сенинг мақсадинг уларни жаҳаннамга киргазишдир».

Абу Муслим "Фитна" китобидан

Мақола жойлаштирилган бўлим: Жамият
Калит сўзлар
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase