close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Ўзбекистонлик мигрантлар Украинадаги Россия кучлари сафига қўшилмаслик ҳақида огоҳлантирилмоқда

Мамлакат қонунчилигига кўра, Ўзбекистон фуқароларига хорижий давлатлар қуролли кучларида хизмат қилиш, шартнома бўйича ҳарбий хизматни ўташ ёки ёлланма жангари сифатида ишлаш тақиқланади.

Ўзбекистон ҳукумати фуқароларни Кремлнинг Украинага босқинида Россия кучлари сафида жанг қилмаслик ҳақида огоҳлантирмоқда.

24 феврал куни босқин бошланганидан бери Россия қўшинлари улкан моддий йўқотишлар ва талофатларга дучор бўлгани тахмин қилинмоқда, Украина президенти Владимир Зеленский эса шанба (12 март) куни 12 мингдан ортиқ одам ҳалок бўлганини айтган.
Россия 2 март куни 498 аскар ҳалок бўлганини эълон қилганидан бери бошқа ҳеч қандай маълумот бермаган.
Хабар қилинишича, босқинда қатнашаётган Россия қўшинлари орасида Ўзбекистон фуқаролари ҳам бор, Ўзбекистон расмийлари бу ишнинг ноқонуний экани ҳақида огоҳлантирганлар.
24 феврал куни Телеграмда эълон қилинган видеолавҳада фарғоналик эркак Россия армиясининг юк машинасида Украина шарқига кириб келаётганини иддао қилган. Унда бир қанча марказий осиёлик мигрантларнинг Украинадаги Россия кучлари сафига қўшилгани айтилади.
24 феврал куни Телеграм орқали тарқалган видеода ҳарбий форма кийган фарғоналик Ўзбекистон фуқароси Россия армиясига қарашли юк машинасини Украина шарқига ҳайдаб кетаётгани акс этган.
Кўринишидан 50 ёшлардаги, Фарғона шевасида гапирган бу одам 1979-1989 йилларда Совет қўшинларининг Афғонистонга босқинида қатнашгани учун руслар тарафидан аскарликка қабул қилинганини айтган.
«Биз ҳам иложи йўқ энди шу ерда.. Хизматдамиз энди мана. Россия томондан келганмиз, акалар», дейди у видеода.
«Ўзбекларимиз кўп, (Украинадаги) урушга келганлар. Тожикистондан кўп. Контракт билан келдик мана... Қирқ йил қирғин бўлса, ажали етган ўлади».
28 феврал куни Озод Европа/Озодлик радиосининг ўзбек хизматига интервью берган бу эркак русларнинг ҳарбий юк машинасида Россиядан Украинанинг бўлгинчи Луганск вилоятига борганини тасдиқлади.
У ошкор қилмаслик шарти билан 50 минг рубл (590 АҚШ доллари) ойлик маош эвазига уч ойга ҳайдовчи бўлиб ишга ёллангани айтган.
У Россия фуқаролиги ва уй-жой олиш истагида эканини қўшимча қилди.

Хавфли йўл

«Ўзбекистон фуқаросини хорижий давлатлар, хавфсизлик органлари, милиция, ҳарбий адлия ёки бошқа шунга ўхшаш органларда ҳарбий хизмат ўташга чақириш 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади», деб эслатган Ўзбекистон Адлия вазирлиги 28 феврал куни ўзининг Телеграм каналида.
Мамлакат қонунчилигига кўра, Ўзбекистон фуқароларига хорижий давлатлар қуролли кучларида хизмат қилиш, шартнома бўйича ҳарбий хизматни ўташ ёки ёлланма жангари сифатида ишлаш тақиқланади.
Ўзбекистон Жиноят кодексининг 154-моддасида бу иш учун 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган.
Шунга қарамай, ўзбеклар тарихда Украина шарқида ҳар икки тарафда: россияпараст бўлгинчилар ва Украина армияси сафида жанг қилгани ҳақида хабарлар бор.
2014 йили Донбассда ўзбеклар жанг қилаётгани ҳақидаги хабарлар пайдо бўлган эди, дейди Марказий Осиёлик меҳнат мигрантлари билан ишловчи москвалик ҳуқуқшунос Ботир Шерматов.
«Сўнгги йилларда Россия жанговар тажрибага эга хорижий фуқароларни уруш ҳудудларига ёллаш ва жўнатиш учун хусусий ҳарбий компаниялар (ХҲК) ташкил қилишни бошлади», деди у.
Бундай тартиб расмийлар учун жуда қулай – бу уларга мамлакатнинг можаролардаги иштирокини тан олмаслик имконини беради, деди у.
Бундан ташқари, ёлланма аскарлар хизматидан фойдаланилганда, сайловчилар олдида фуқароларнинг ўлимини оқлаш шарт эмас, деб қўшимча қилди у.
Россия қонунчилигига кўра, шартнома асосида ҳарбий хизматни ўташ билан ҳақиқатан ҳам вақтинчалик прописка олиш мумкин ва бу Россия фуқаролигини олиш йўлидаги биринчи қадам ҳисобланади, деди Шерматов.
«Аммо, бу ҳарбий хизматга расман қабул қилинган одам бўлса», деб қўшимча қилди у. «Аслида, Россия расмийлари ноқонуний ХҲКларда хизмат қилган чет эл фуқароларига яширинча ёрдам бериши, улар учун турли ҳужжатларни тайёрлаши ҳам мумкин».
Бироқ, унинг огоҳлантиришича, 27 ёшгача бўлган эркаклар Россия фуқаролигини олишда эҳтиёт бўлишлари керак, чунки улар Россия армиясига чақирилиши, бу иш учун эса Ўзбекистонга қайтган вақтида жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин.

Ижтимоий тенгсизлик

Марказий осиёлик мигрантларнинг Россия кучларига қўшилишни исташига бир қанча сабаблар бор, дейди меҳнат мигрантлари учун мўлжалланган ўзбек тилидаги musofir.ru веб-сайтини юритувчи москвалик блоггер Зарнигор Омониллаева.
Биринчи сабаб пул, дейди у. Жанговар ҳаракатларда қатнашган ёлланма аскарларга яхши ҳақ тўланади.
Иккинчи сабаб – тезда Россия фуқаролигини олиш истаги, дейди Омониллаева. У ТикТокда хорижликларни Россия армиясига қўшилишга чақирувчи эълонларни шахсан кўрганини айтган.
Учинчи сабаб иккинчисидан келиб чиқади: руслар билан тенглашиш – «улардан бири бўлиш» истаги, дейди у.
Баъзида бегона юртда иккинчи даражали фуқарога айланиб қолган мигрантлар Россия ва русларни кучли, буюк ва қудратли деб ҳисоблаши мумкин, деб қўшимча қилди у.
«Бундай фикрлаш уларнинг ҳам ўз ватанларида, ҳам Россияда йиллар давомида шаклланган ижтимоий тенгсизлик натижасидир», деди Омониллаева. «Аммо, умуман олганда, бу учта сабабнинг ортида фақат битта сабаб бор – эҳтиёж, молиявий ёки психологик»

Мақола жойлаштирилган бўлим: Жамият
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase