Қирғизистон ўз ҳудудида фаолияти тақиқланган ташкилотлар рўйхатидан Толибонни ими-жимида чиқариб ташлагани бу гуруҳ учун кичик дипломатик ғалаба дея баҳоланмоқда.
Бишкек қарори 2021-йилнинг августида Афғонистонда ҳокимиятга келган Толибон ва Марказий Осиё давлатлари ўртасида алоқалар илиқлашаётганига ишорадир. АҚШ Толибон ҳукуматининг қонунийлигини тан олмаслик бўйича халқаро кампанияга етакчилик қилаётган бир пайтда, Россия ва Хитой бошчилигидаги ўндан ортиқ давлат толиблар билан ҳамкорлик қилмоқда.
«Бу минтақа ҳукуматлари орасида ҳам, халқаро миқёсда ҳам Толибон билан ҳамкорлик қилишга мойиллик ошаётганини кўрсатади. Умуман олганда, Толибон ҳеч қаерга кетмаслиги, Афғонистонни ким бошқаётган бўлса ҳам улар билан иқтисодий ва хавфсизлик нуқтаи назаридан ҳамкорлик қилиш кераклиги тан олиняпти», - дейди Ню-Ёркдаги «Суфан» таҳлил маркази эксперти Лукас Веббер.
Толибон баёноти
Қирғизистон ҳукумати Толибонни қора рўйхатдан чиқариш қарорини эълон қилмаган, бироқ Толибон Ташқи ишлар вазирлиги буни минтақавий дипломатиядаги сўнгги ютуғи сифатида тақдим этди.
«Бошқа давлатлар ортидан Қирғизистон ҳам қўйган бу қадам Афғонистон Ислом Амирлигининг минтақавий, ҳам халқаро миқёсда сиёсий нуфузи ошиб бораётганидан далолат беради. Шунингдек, амирлик ва бошқа мамлакатлар ўртасидаги икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлаш йўлидаги тўсиқни олиб ташлайди», дейилади Толибон Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида.
Афғонистонда илк бор 1996-йилдан 2001-йигача ҳукмронлик қилган Толибон йиллар давомида турли хил қора рўйхатларда бўлган. Қўшма Штатлар уларни «хорижий террорчи ташкилот» деб расман белгиламаган, аммо «махсус рўйхатдаги глобал террорчилар» деб билади.
Толибон билан иқтисодий алоқаларга эга Қозоғистон ҳам аввалроқ бу гуруҳни террорчилар рўйхатидан чиқарган эди. Россия Толибон ҳукуматини тан олиш устида ўйланаётгани ҳақида хабарлар бор.
Шу кунгача ҳеч бир давлат Толибонни расман тан олмаган бўлсада, ўндан зиёд мамлакатлар Толибон дипломатларига Афғонистон элчихоналари ёки консулликларини бошқаришга изн берган. 2024-йилда уч давлат – Хитой, Қозоғистон ва Бирлашган Араб Амирликларида (БАА) Толибон элчилари қабул қилинди.
Толибон билан алоқа ўрнатишда Марказий Осиё давлатлари Россия ва Хитойдан ўрнак олмоқда.
«Улар амалий сиёсат олиб бормоқда, шунингдек, Толибон билан яқиндан ҳамкорлик қилаётган икки давлат – Россия ва Хитой уларга соябон вазифасини бажармоқда», - дейди Веббер.
«Зарурий ёвузлик»
Халқаро инқирозларни ўрганиш гуруҳи йил бошида чиқарган ҳисоботда Толибоннинг минтақавий дипломатияси таҳлил қилиниб, турли давлатлар қандай мақсадларни кўзлаши тасвирлаб берилган.
Унга кўра, Эрон, Покистон ва Ўзбекистон каби давлатлар Толибонни «асосий хавотирларга ечим топиш учун зарувий ёвузлик» деб кўради. Ушбу хавотирлар экстремистик таҳдидлар билан бир қаторда савдони ҳам ўз ичига олади. Қирғизистон ва Тожикистон учун ортиқча электр энергияни Афғонистон ва Покистонга узатиш лойиҳаси устувор аҳамият касб этади.
Хитой, Ҳиндистон ва Россия Толибон билан ҳамкорликдан терроризмни жиловлаш мақсадида фойдаланади, дейилади ҳисоботда. Россия Толибоннни «Исломий давлат» гуруҳининг маҳаллий бўлимига қарши ҳимоя воситаси сифатида кўради. Хитой Афғонистон билан фойдали сармоявий келишувлар имзолаган бўлсада, унинг ҳаракатлари ортида ҳам терроризмдан қўрқув ётади, дейди таҳлилчилар.
Ҳисоботга кўра, БАА, Қатар, Саудия Арабистони ва Туркия каби узоқроқда жойлашган мамлакатларнинг Афғонистонга нисбатан дипломатик фаоллиги қисман минтақавий рақобат билан белгиланади.
Қозоғистон кетидан Қирғизистон ҳам толибонни террор ташкилотлари рўйхатидан чиқарди
Қирғизистон ўз ҳудудида фаолияти тақиқланган ташкилотлар рўйхатидан Толибонни ими-жимида чиқариб ташлагани бу гуруҳ учун кичик дипломатик ғалаба дея баҳоланмоқда.
Мақола жойлаштирилган бўлим:
Янгиликлар
|
Калит сўзлар