Илгари Мудофаа вазирлиги билан шартнома имзолаган россияликлар ва чет элликлар учун минимал бир марталик тўлов 195 минг рублни ташкил этган эди. Энди бу сумма 400 минг рублга тенглаштирилди. Бу тўловга 1-августдан бошлаб жорий йил охиригача Мудофаа вазирлиги билан шартнома имзолаганлар эга бўлади.
Бундан ташқари, фармонга мувофиқ, Россия минтақалари раҳбарлари шартномадаги аскарларга камида яна 400 минг рубл тўлайди.
Аслида эса тўловлар расмий эълон қилинган тўлов миқдорларидан анча ошиб кетди. «Новая газета. Европа» нашрининг ҳисоб-китобларига кўра, икки йил ичида шартномадаги аскарларга бериладиган ўртача мукофот миқдори 15 баравар ошган. Москва ҳукумати 23-июлдан бошлаб рекорд даражада (ҳозирча) 1,9 миллион рубл миқдорини белгилади. Татаристонда (1,5 миллион рубл), бошқа минтақаларда ҳам тўлов миқдори бундан кам эмас.
Аммо шундай маблағлар эвазига ҳам, Украина Қуролли кучлари позицияларига қарши «асосий ҳужумларида» қатнашишни хоҳловчиларни ёллаш қийинчилик билан давом этмоқда. Британия разведка хизмати маълумотларига кўра, бу йил 400 минг шартнома аскарини ёллаш мақсад қилинган. Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, июл ойи ҳолатига кўра, 190 мингга яқин россиялик департамент билан шартнома имзолаган.
Контрактчиларни молиявий рағбатлантириш Россия армиясининг Украинада катта йўқотишлари фонида амалга оширилмоқда. Ғарб разведка хизматлари маълумотларига кўра, бу йўқотишлар ҳалок бўлган ва яраланганлар билан бирга ҳисоблаганда ярим миллион кишидан ошган.
Прагадаги Карлов университетининг ижтимоий фанлар факултети ўқитувчиси Дмитрий Дубровский «Россия ҳукумати бугунги кунда одамларни фақат пул билангина урушга жалб қилиши мумкин», дейди. Унинг фикрича, Кремлнинг бошқа чораси қолмаган.
“Бу ерда пропаганда ожиз, — дея қўшимча қилди у «Америка Овози»нинг Рус хизмати учун берган изоҳида. — Амалда кўрганимиздек, юқори лавозимдаги шахслар ўз фарзандларини фронтга жўнатиб, шахсий намуна кўрсатишга тайёр эмаслар. Муаммони ҳал қилиш учун қолган йўл - пулни «ёмғир каби ёғдириш» ва бунинг учун босма машинани тўлиқ ишга туширишдир”.
“Армияга чақирилганда бир марталик тўловларнинг доимий ўсиши ишга қабул қилишдаги қийинчиликлардан аниқ далолат беради, - деб давом этди Дмитрий Дубровский: - Расмийлар фронтда йўқотишлар катта эканлигини ҳисобга олиб, шартнома бўйича аскарларнинг доимий оқимини йўлга қўйишлари керак. Ўйлайманки, бунга рус армияси томонидан ҳужум пайтида қўлланилган усуллар таъсир кўрсатди - бошқача қилиб айтганда, «ёппасига ҳужумлар». Ҳукуматда бошқа тоифадаги одамларга, масалан, нафақахўрларга нисбатан, ёлланма аскарлар учун маблағ осонлик билан топилмоқда. Бу ҳозирги ҳокимиятнинг моҳияти ва унинг устуворликларини яққол кўрсатиб беради”.
Шунингдек, социологнинг фикрига кўра, ҳозирги вазият янги сафарбарлик тўлқинини келтириб чиқармайди:
“Путин бундай қадамнинг муқаррар оқибатларини тушуниб, ундан ҳар томонлама қочишга ҳаракат қилмоқда (биринчи «қисман» сафарбарлик буни яхши намойиш этди). Асосий эътибор молиявий рағбатлантиришга қаратилган. Бу шунингдек, тажовуз бошида «ватанини украиналик нацистлардан ҳимоя қилишга» тайёр бўлган «ватанпарварлар» тугаб қолганидан далолат беради. Шунинг учун вақт ўтгани сайин, армия учун нисбатан мақбул даражадаги «қурбонлар» оқимини таъминлаш учун тўловларни янада оширишга тўғри келади”.
«Пул учун курашишга тайёр одамларнинг бу оқими тез орада тугайдими ёки йўқми, бу ҳам ҳали аниқмас», - дея хулоса қилди Дмитрий Дубровский.
Россия раҳбарияти вакиллари янги сафарбарлик режалаштирилмаганини айтиб, бунинг сабабини қуролли кучларга етарли миқдорда шартномачилар жалб қилинаётгани билан изоҳламоқда. Шу билан бирга, армияга оммавий равишда маҳбуслар ва чет эл фуқаролари ёлланмоқда.
«Кремл яқин вақт ичида сафарбарлик ўтказишни истамаяпти, бу қарорни имкон қадар узоққа суришга ҳаракат қилмоқда», - деди сиёсатшунос Федор Крашенинников «Америка Овози»га берган изоҳида. Унинг фикрича, контрактчиларга тўловларнинг навбатдаги оширилиши ҳозирча бунга имкон беради.
«Менимча, Кремлнинг бутун умиди Украинадаги вазият қандай бўлмасин, уларнинг фойдасига ўзгариб, Киев тинчлик музокараларига рози бўлишидан», — дея тушунтирди у. — «Ҳар қандай ҳолатда ҳам, улар ҳозир сафарбарлик ўтказишни қатъиян хоҳламаяпти ва бунинг олдини олиш учун қўлларидан келганча ҳаракат қилишмоқда. Албатта, ҳукуматнинг ҳаракатлари фронтдаги Россия қўшинларининг катта йўқотишлари билан боғлиқ. Доимий йўқотишларни доимий равишда тўлдириб бориш керак, лекин буни қилиш тобора қийинлашмоқда».
Федор Крашенинниковнинг таъкидлашича, «ватанпарвар кўнгиллилар»нинг оқими агар у бўлган бўлса, 2022-йилда тугаган.
«Урушнинг бошланишиданоқ ҳукумат шартнома асосидаги аскарларга таянган. Масала фақат тўланадиган маблағнинг қийматига боғлиқ эди. Дастлаб фронтга бир-икки юз минг рубл учун фақат яхши иш топа олмаганлар ёки ҳаётда қийин аҳволда қолган одамлар борган эди. Тўлов миқдорининг икки миллион рублга ошгани, ҳозирда аввал ўзларини ўлим хавфига дучор қилишга тайёр бўлмаган, аммо катта пул эвазига бунга тайёр янги аҳоли қатламлари пайдо бўлганидан далолат. Бундай пул эвазига ҳақиқатан ҳам кўплаб муаммоларни ҳал қилиш мумкин — масалан, кредитларни тўлаш ёки вилоятдаги шаҳарда оддий бир квартира сотиб олиш мумкин. Ҳукумат бу вазиятдан очиқдан-очиқ фойдаланмоқда».
«Бу чексиз жараён эмас, аммо ҳозирча у Кремлга долзарб вазифаларни ҳал қилишга имкон беряпти», - дейди сиёсатшунос.
Айни пайтда, оммавий ахборот воситаларининг хабарларига кўра, Давлат Думаси кўп болали оталар учун сафарбарликни кечиктириш тўғрисидаги қонун лойиҳасини рад этди. Депутатларнинг бундай қарорига, жумладан, «кадрлар захирасининг қисқариши» хавфи сабаб бўлган. Думада бўлиб ўтган баҳслар давомида коммунистлар фракцияси вакиласи томонидан келтирилган статистика маълумотларига кўра, Украинадаги урушга аллақачон мингдан ортиқ кўп болали оталар ва ногирон фарзандлари бор оила бошлиқлари сафарбар этилган.
Россия армияга одам жалб қилишга қийналмоқда
Россияда Президент Владимир Путин фармонига кўра, Украинага урушга боришга рози бўлган шартнома асосидаги аскарларга федерал бюджетдан бериладиган бир марталик тўловлар икки баравар кўпайтирилди.
Мақола жойлаштирилган бўлим:
Жамият
|