close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Саодат излаб

Инсон зоти борки, бахтли бўлишни истайди. Ҳамма тарафдан яхшилик билан ўралган, ёмонликлардан қўрилган бўлишни истайди. Инсон борки, оиласи гўзал, бойлиги мўл бўлишини, яхши ҳаёт кечиришни орзу қилади. Ўзи яшаб турган жамиятда кўпчиликнинг ҳурмат-эътиборига сазовор бўлиб ҳаёт кечиришдан умидвор бўлади. Ва ҳоказо...

Инсоннинг бахт-саодат борасидаги шу ва шунга ўхшаш орзулари, умидлари ва хоҳиш-истаклари оддий ҳақиқатдир. Бундай истакларни айблашга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Чунки Аллоҳ таоло инсонни яратганда унга мазкур истакларни қўшиб яратган. Негаки, ана шу истаклар бўлмаса, дунё обод бўлмайди.
Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло «Оли Имрон» сурасида шундай деб марҳамат қилади:
«Одамларга аёллардан, болалардан, тўп-тўп ‎тилло ва кумушдан, боқилган (гўзал) отлардан, ‎чорвадан, ‎экин-тикиндан иборат шаҳватларнинг ‎муҳаббати зийнатли кўрсатилди. Булар дунё ‎ҳаётининг ‎матоҳидир. Ва Аллоҳ – ҳузурида гўзал қайтар жой ‎ бўлган Зотдир‎» (14-оят).
Аслида «шаҳват» деган сўз «иштаҳа» сўзидан олинган бўлиб, кўнгил тусаши, нафс хоҳишини ифода этади. Ушбу ояти каримада одамларнинг кўнглига муҳаббати зийнатланган, иштаҳалари доимо тортиб турадиган нарсалар ҳақида сўз кетмоқда:
«Одамларга аёллардан, болалардан, тўп-тўп ‎тилло ва ‎кумушдан, боқилган (гўзал) отлардан, ‎чорвадан, ‎экин-‎тикиндан иборат шаҳватларнинг ‎муҳаббати зийнатли ‎кўрсатилди».
Мазкур нарсалар рўйхатининг бошида аёллар турибди. Эркак кишида аёлга бўлган хоҳиш, истак зикр қилинган бошқа нарсаларга қараганда кўпроқ ва кучлироқдир. Эркак киши ўша нарсаларни ҳам аёл йўлида сарфлайди.
Кейин аёлидан туғиладиган болалар зикр қилинмоқда. Фарзанд ўзини билган ҳар бир инсон учун жигарбанд, кўзининг қорачиғи, дилининг пораси ҳисобланади.
Сўнгра тўп-тўп тилла ва кумушнинг зикри келмоқда. Молу дунё шаҳвати ҳам жуда кучли шаҳватдир. Инсон мол-дунёси бўлишини, бўлганда ҳам, тўп-тўп, ғарам-ғарам бўлишини хоҳлайди. Молни кўпайтиришнинг ўзи унга бўлган шаҳватнинг кучлилигидандир. Шунинг учун ҳам бойлик тўплашга моли кўплар мол-дунёси йўқлардан кўра кўпроқ уринаётганларини кўрамиз. Молга бўлган кучли шаҳватнинг сабаби унинг бошқа шаҳватларга ҳам эриштирувчи восита эканидир.
Шундан сўнг гўзал отларнинг зикри келмокда. От ўзида муҳаббатга сабаб бўлувчи кўпгина сифатларни жамлаган ҳайвондир. Кишилар яхши отга эга бўлишни ҳар доим ўзлари учун обрў деб билганлар. Ҳатто ҳозирги техника замонида ҳам миллионлаб долларга баҳоланаётган отлар бор. Шунингдек, оятда умуман ҳар қандай улов маъноси ҳам тушунилади. Атрофимизга бир назар солсак, бирор уловга эга бўлиб олиш учун инсонларнинг нималар қилаётганига гувоҳ бўламиз.
Шунингдек, одамларда туя, сигир, қўй каби чорва ҳайвонлари ва экин-тикинларга ҳам муҳаббат кучли бўлиб, доимо ушбу нарсаларни ўзларига мулк қилишга ҳаракат қиладилар.
Ояти каримада, ушбу нарсаларнинг муҳаббати зийнатланди, дейилмоқда. Демак, бу муҳаббат инсоннинг асл табиатида бор бўлиб, бундай ҳолатнинг бўлиши табиий бир ҳол экан. Модомики, ушбу рағбатлар инсон табиатида мавжуд бўлар экан, Аллоҳнинг Ўзи инсонни шундай яратган экан, бу нарсалар инсон ҳаётини муҳофаза қилишга, унинг гўзал ва завқли кечишига хизмат қилмоғи лозим. Шунинг учун Ислом дини мазкур нарсаларни ҳаром қилган эмас, балки мубоҳ қилган. Уларни ман қилишни эмас, тартибга солишни йўлга қўйган. Ислом кишиларни тарбия қилиб, шаҳват дарёсида ҳалок бўлмасликка чақиради. Инсон мазкур шаҳватларнинг қули бўлиб қолмаслиги керак. Балки у уларнинг хожаси бўлиб, ўз тасарруфига олиши даркор.
Юқорида зикр этилган нарсалар ояти карима тушган вақт ва муҳитнинг шаҳватларидан намуналар, холос. Улардан бошқа яна кўп нарсалар ҳам бор.
Демак, инсон саодатга эришиши учун мазкур ўзи учун зийнатлаб қўйилган нарсаларга етишиши керак. Энди, ўз-ўзидан «Мазкур нарсаларга етишиш учун нима қилиш керак? Уларга қайси восита орқали эришилади?» деган ҳақли савол пайдо бўлади. Бу саволга эса «Инсон саодатга эришиши учун унга билим-маърифат керак» деган жавоб берилади. Бас, шундай экан, энди инсон маърифат излаши керак бўлади.

Мақола жойлаштирилган бўлим: Жамият
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase