close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Саудиядаги оммавий қотилликлар

Дунёда шундай мамлакатлар борки, уларда ҳамон инсон содир этган жинояти учун ўлим жазосига ҳукм қилинади. Бундай мамлакатлар қаторига ислом оламида етакчилардан бўлган Саудия Арабистони, Эрон, шунингдек, Покистон, Ироқ каби бошқа мусулмон давлатларни мисол сифатида киритиш мумкин.

Жумладан, жорий йилнинг 23 апрель куни Саудия Арабистонида 37 киши оммавий қатл этилди ва ушбу жазо чоралари мамлакат пойтахти Ар-Риёд, ислом динига эътиқод қилувчилар учун муқаддас саналган Мадина ва Макка ҳамда бошқа шаҳарларда ижро этилди. Оммавий ахборот воситаларида тарқалган маълумотларга кўра, ўлим жазосига ҳукм этилган мазкур шахслар экстремистик ғояларга амал қилиш, террористик гуруҳлар тузиш, динлараро адоватни қўзғаш каби жиноятларда айбдор, деб топилган.
Таъкидлаш лозимки, Саудия Арабистонида қатллар, одатда, қилич билан бошни танадан жудо этиш орқали амалга оширилади.
37 нафар қатл этилганлардан 3 нафари ҳали вояга етмаган болалар эканлиги “Facebook”, “Twitter” каби ижтимоий тармоқларда катта норозиликларга сабаб бўлди. БМТ ва ушбу болаларнинг ота-оналарининг афв этиш бўйича бир неча бор қилган илтимослари ҳам инобатга олинмади. Сабаби жиноятчиликка қақшатгич жавоб бериш керак. Шунингдек, ўлимга ҳукм этилган маҳбуслардан бири қатл этилганидан сўнг хочга тортилди.
2016 йил январь ойида ҳам Саудия Арабистонида терроризмда айбдор, деб топилган 47 нафар шахс ўлим жазосига ҳукм қилинган эди.
Ўлим жазосига тортилганлар сони кўплиги бўйича бугун Саудия Арабистони дунёда Хитой ва Эрондан сўнг учинчи ўринда туради.
Хусусан, жорий йилнинг ўзида қиролликда 104 киши қатл этилган. Ўтган йили эса бу рақам 149 тани ташкил этган.
Бундай оммавий қатлларни дунё тажрибасида ҳам кузатишимиз мумкин.
Жумладан, 2018 йил 7 июл куни Эрон пойтахти Теҳрон шаҳрида 2017 йил июнь ойида содир этилган террор актларини амалга оширишда айбланган 26 нафар шахсдан 8 нафари қатл этилган.
2018 йилнинг декабр ойида Покистон давлатида террор актларини содир этишда айбланган 14 нафар шахс ўлим жазосига ҳукм этилган. Ундан аввалроқ, сентябрь ойида эса 11 кишига нисбатан шундай ҳукм эълон қилинган.
Бироқ, бугун жаҳон ҳамжамияти узра инсонийлик принциплар кенг қулоч ёзган бир даврда, инсон ҳуқуқлари устувор бўлган давлатларда бундай жазо тури қўлланилмайди. Жумладан, Ўзбекистонда ҳам ўлим жазоси 2005 йилдаёқ бекор қилинган ва катта эътирофларга сабаб бўлган. Шунингдек, сўнгги йилларда барча соҳаларда кенг қамровли ислоҳотлар олиб борилиб, инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари тўлақонли тарзда таъминланмоқда.
Бугун давлатимиз Раҳбари олиб бораётган кечиримлилик сиёсатида ҳам инсон қадрини улуғлаш, номини оқлаш каби эзгу амаллар ўз ифодасини топган.
Хусусан, 2017-2018 йиллар мобайнида муҳим саналар (байрамлар) олдидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармони билан эълон қилинган афв актлари доирасида муқаддам экстремизм ва терроризмда айбланиб, турли муддатларга озодликдан маҳрум этилган 600 нафардан ортиқ шахслар озод этилди ёки жазо муддати қисқартирилди.
Шунингдек, жазони ижро этиш муассасаларидан оиласи бағрига қайтганларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва жамиятга мослашиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Уларнинг муаммоларини ўрганиш мақсадида масъул ташкилотлар ходимларидан иборат ишчи гуруҳлар ташкил этилиб, уларнинг уйларига бориб, ижтимоий-иқтисодий муаммоларини жойида ҳал этишда амалий ёрдам беришмоқда.
Бундан ташқари, адашиб диний оқимлар таъсирига тушиб қолган ва натижада қидирувда бўлиб, хорижда сарсон-саргардонликда юрган ватандошларимизнинг ҳам агарда қўллари қонга ботмаган бўлса, юртга қайтишларига изн берилмоқда ва уларга озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган енгил жазо турлари тайинланмоқда. Шунингдек, уларга фуқаролик паспортлари, фарзандларига эса туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномалар берилмоқда ва иш ўринлари билан таъминланмоқда.
Айтиш мумкинки, буларнинг барчаси республикамизда узоқни ўйлаб, нурли истиқболни кўзлаб олиб борилаётган оқилона сиёсат натижасидир.

Мақола жойлаштирилган бўлим: Жамият
Калит сўзлар
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase