Айрим одамлар Аллоҳ таолонинг Қуръон Каримда чивин–пашшани мисол қилиб келтиришидан ҳайратланишади. Ҳолбуки, ушбу митти ҳашарот одамлар яшаётган масканларда ёруғлик излайди ва инсон хотиржамлигини бузади. Гоҳида яширин, гоҳида пинҳона учиб келади. Одам роҳат олиб ҳордиқ чиқараётган пайтда билдирмай келиб қўнади ва қон сўрмоқчи бўлади. Одам унинг мақсадидан бехабар, макридан хотиржам бўлади. Бирдан хотиржам танага нинасини санчиб бир оз тургач, бечора одам билдирмай етказилган оғриқни ва танасидаги бебаҳо қонини ўғирланаётганини ҳис этади ва пашшани кўриш учун ўнги ва сўлига боқади...
Хира пашшалар бировлар ҳисобига яшашади. Бошқаларга бехос турган пайтларида ҳужум қилиб, уларнинг қонларини сўришади. Одамлар қонни сўриб учиб кетганида ушлай олмаганлари туфайли, кўнгилларига таскин бериш учун, бад дуоларни тилга олишади, иши ўнгидан келмай ўлиб, сўрган қонлари атрофга сочилишини Яратгандан тилашади...
Қадрли ўқувчи, ушбу ҳашарот ҳақида гап очиб фикрингизни бўлган ва ёзган сатрларим билан кўнглингизни хижил қилган бўлсам, кечирим сўрайман. Аллоҳ қаерда бўлсангиз ҳам сизни азиз қилсин! Бироқ, мен шу кунларда хира пашшадек ҳаракат қилаётган одамлар гуруҳига гувоҳ бўлдим. Улар хира пашшанинг ортидан, унинг зулматли йўлидан кетишмоқда. Улар ҳам хира пашшалардек тўдага айланиб, ҳаётларини бошқалар ҳисобига ўтказиб, ўзларини бошқалар ҳисобига бахтиёр қилишмоқда...
Одамхўрлар галаси
Баъзи одамлар борки, дўстининг ўлик лошини ейди. Мусулмонларнинг ёмонлик томонларини ҳадеб чайнайверади, уларни камситиш билан лаззатланади, ёмон сўзлар билан тавсифлаб, ўзининг энг қабиҳ заҳарларини отади. Мусулмонларнинг хабарларнини айтиб одамларни кулдиради, ёмон тақдирларини тилга олиб душманларни севинтиради. Яҳудий ва насронийлар ҳақида оғзини очмасада, мусулмонлар ҳақида нима бўлса гапираверади...
Уларни кўриб таажжубланасиз. Наҳотки, уларнинг қулоқлари Аллоҳ таолонинг ушбу оятларини эшитмайдиган даражада кар қулоқ бўлса:
«Эй мўминлар, кўп гумон(лар)дан четланинглар! Чунки айрим гумон(лар) гуноҳдир! (Ўзгаларнинг айблари ортидан) жосуслик қилиб юрманглар ва айримларингиз айримларни ғийбат қилмасин! Сизлардан бирон киши ўзининг ўлган биродарининг гўштини ейишни яхши кўрурми?! Ана ёмон кўрдингизми?! (Бас, гуноҳи бундан-да ортиқ бўлган ғийбатни ҳам ёмон кўрингиз)!» (Ҳужурот: 12)?!
Наҳотки, улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу ҳадисларидан бехабар бўлишса: «Мени (осмонга) олиб чиқилганида юзлари ва кўксиларини мис тирноқлар билан тирнаётган одамларнинг олдидан ўтдим ва: Ҳой Жибриил, булар кимлар?,– деб сўрадим. У: Улар одамларнинг гўштларини ейдиган ва уларни обрўсизлантирадиган одамлар,– деб жавоб берди» (Абу Довуд 4880)?!
Эй Аллоҳнинг бандаси, юзлари ва кўксиларини мис тирноқлар билан тирнайдаган одамлардан бўлиб қолмаслик учун, Аллоҳдан қўрқинг! Аксинча, Аллоҳдан қўрқинг ва одамларнинг обрўларини камситаётган ва уларнинг гўштларини еяётган одамлар олдида жим турадиганлардан бўлиб қолманг! Ҳаром нарсаларни гапиришар экан, уларнинг гапини бўлинг! Аллоҳ таоло Қиёмат кунида рўпарангиздаги оловларни тўсиши учун, биродарингиз обрўсини ғойибона ҳимоя қилинг! Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Биродарининг шарафини ҳимоя қилган одамнинг юзини, Аллоҳ Қиёмат кунида жаҳаннамдан тўсади»– деганлар (Ҳасан ҳадис, Термизий 1931).
Одамлар ўртасида фасод ёядиганлар галаси
Хира пашшаларнинг бир галаси одамлар орасини бузиш, ака ва ука ҳамда дўстлар ўртасига адоват уруғларини ташлаш учун сафарбар бўлишган. Улар икки самимий дўстнинг бир –бирига душман, яқин қариндошларнинг ўзаро келиша олмаган, суюкли эр ва хотиннинг жанжал қилган ҳолатларини кўришса, севинчдан кўзлари чаноғидан чиқиб кетади. Бу галанинг томирларида чақимчилик муҳаббати оқиб, шаффоф қалбларни куйдиради. Чунки, дўстона муҳаббат уларнинг кўнгилларида нафрат ва хижилликни қўзғайди. Қалблари қораяди. Улар учун Аллоҳ таоло Азиз Китобида бундай инсонларни мазаммат қилган сўзлардан бошқа яна қандай оғирроқ жумлаларни топиш мумкин:
«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), яна сиз ҳар бир тубан қасамхўр, ғийбатчи-ю, гап ташувчи, яхшиликни манъ қилгувчи — бахил, тажовузкор, гуноҳга ботган, қўпол ва булардан ташқари бенасаб-ҳароми кимсага итоат этманг!» (Қалам: 11)?!
Уларга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам икки қабр олдидан ўтганларида айтган дашномдан кўра яна қаттиқроқ қайси дашномни айтиш мумкин: «Бу икки (қабрдаги) одамлар азобланмаяптилар. (Шундай деганлирадн кейин ваҳий нозил бўлди–да, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар): Улар катта гуноҳ сабабли азобланмаяпти. Йўқ, (улар катта гуноҳ сабабли азобаланаяптилар): улардан бири пешобидан сақланмас эди. Иккинчиси эса чақимчилик қилар эди» (Имом Бухорий 58)?!
Шундай даҳшатли ҳолат чақимчига ётган қабрида берилар экан, Қиёмат кунида Роббиси ҳузурида ва душманининг қаршисида турганида нима бўлади?!
Масхараловчилар галаси
Хира пашшаларнинг бир галаси борки, улар одамларнинг хато ва камчиликларини топиш билан севинадилар. Бировнинг шаҳло кўзини кўрсалар ҳам, шафағини айб деб биладилар ва уни бўрттириб кўрсатадилар. Бировлар устидан кулиш уларнинг табиати, камситиш эса хислатига айланди. Бировларнинг хато ва камчиликларини йиғин ва хонадонларда ёйиб, ҳам жўраларани кулдиришади, ҳам ўз аламларини олишади. Улар Аллоҳ таолонинг Қуръон Каримида баён қилган устивор манҳажидан чиқиб кетган одамлардир:
«Эй мўминлар, (сизлардан бўлган) бир қавм (бошқа) бир (мўмин) қавмдан масхара қилиб кулмасин — эҳтимолки, (ўша масхара қилинган қавм) улардан яхшироқ бўлсалар. Яна (сизлардан бўлган) аёллар ҳам (бошқа мўмина) аёлларга (масхара қилиб кулмасинлар) — эҳтимолки, (ўша масхара қилинган аёллар) улардан яхшироқ бўлсалар. Ўзларингизни (яъни, бир-бирларингизни) мазах қилманглар ва бир-бирларингизга лақаблар қўйиб олманглар! Иймондан кейин фосиқлик билан номланиш (яъни мўмин кишининг юқорида манъ қилинган фосиқона ишлар би¬лан ном чиқариши) нақадар ёмондир. Ким тавба қилмаса бас, ана ўшалар золим кимсаларнинг ўзидирлар» (Ҳужурот: 11).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мусулмон биродарини таҳқирлаши, кишига ёмонлик нуқтаи назаридан етарлидир»– дедилар (Имом Муслим 6706).
Жосуслар галаси
Хира пашшаларнинг бир галаси борки, улар ҳам юқорида тилга олинган галалардан мусулмонларга хатар бўлишда қолишмайди. Бу гала мусулмонлар қилаётган ишлар, гапираётан гапларни кузатади. Қулоқларига бошқача чалинган гапларни ёзиб, мусулмонлар яширмоқчи бўлган нарсаларни билиш учун жосуслик қилишади. Улар, Аллоҳ бандаларининг ўзгалар билиши таъқиқланган сирлари борлигини унутишади. Аксинча, улар Аллоҳ таоло ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сирларни бундай хуфёна ўрганиш йўлларини таъқиқлаганини унутишади (ёки билишмайди ёхуд билсалар ҳам Аллоҳ ва Расули соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг таъқиқларига парво қилишмайди). Ҳолбуки, Аллоҳ таоло:
«(Ўзгаларнинг айблари ортидан) жосуслик қилиб юрманглар» (Ҳужурот: 12), Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эса: «Мусулмонларга озор берманглар, уларни айбламанглар ва камчиликларини ахтарманглар! Мусулмон биродарининг камчиликларини ахтарган одамнинг камчиликларини Аллоҳ ахтаради! Аллоҳ кимнинг камчилигини ахтарса, ўз хонадонида бўлса ҳам расвосини чиқаради!»– деганлар (Термизий 2164).
Жосусларнинг бу галаси ғийбат, чақимчилик ва бошқа ёмон ахлоқлар билан одамлар обрўсини булғагач, уларни сўкиб ҳақоратлаш ва мусулмонлар бошига келган мусибатлар билан қувонишиб, ўз қилмишларига бошқажиноятларни ҳам орттирадилар. Ҳолбуки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Биродарингни очиқ ҳақорат қилма, Аллоҳ унга раҳмат ёғдириб, сени (ҳақоратланишга) мубтало қилади»– деганлар (Ҳасан ғариб ҳадис, Термизий 2694).
Хатарнинг гизланган жойи ва унинг таъсири
Хатар – бошқалар ҳисобига ҳаёт кечиришга ўрганган, ғийбатни – тасалли, чақимчиликни – насиҳат, масхаралашни – ҳазил, жосусликни – бировлардан хабардор бўлиш, деб ўйлашдадир. Аслида эса, талаффуз қилинган сўз ёки исмларга эмас, аксинча, маъноларга эътибор берилади.
Ҳар биримиз шуни яхши билишимиз керак–ки, ушбу ҳаром нарсаларнинг барчасининг бошланиши ҳазил ва мутойиба бўлсада, кўнгилларда адоват ва ҳасад туйғуларини кучайтириб, уларни гина ва нафрат зулматлари билан қоплайди.
Галаларнинг бу жиноятлари амал номаларини шундай бемаъни нарсалар билан тўлдирадики, улар туфайли банданинг қадди Қиёмат кунида Аллоҳнинг ҳузурида хижолатдан букилади. Ҳатто, бу жиноятлар эҳтиёжни қондиришга йўл қолмаган маконда инқироздан бошқа нарса бўлмайди. Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ривоят қилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Инқирозга учраган одам ким эканини биласизларми?»– деб сўрадилар. Саҳобалар: Ичимизда инқирозга учраган – динори ва дирҳами бўлмаган одамдир,– деб жавоб беришди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Умматим ичида инқирозга учрагани Қиёмат кунида намоз, рўза ва закот билан, унга ҳақорат, бунга туҳмат қилган, бунинг молини (ноҳақ) еган, унинг қонини (ноҳақ) тўккан ва буни урган бўлиб келади. Натижада, қилган яхши амаллари унга ва бунга берилади. Ҳукм қилингунича яхши амаллари қолмаса, унинг ва бунинг хатолари гарданига юкланади. Сўнгра эса жаҳаннамга улоқтирилади»– дедилар (Имом Муслим 6744).
Бу галаларнинг озорларидан сақланиш йўли
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам умматининг дўстлик ришталари ва ҳамдўстлик соясида яшашига ҳарис бўлар экан, бу алоқаларни бузадиган барча нарсадан, жумладан, адоват ва нафратни қўзғайдиган ошкора ва хуфёна барча омиллардан огоҳлантирдилар. Акси тақдирда, бу диннинг аҳкомлари қандай татбиқ қилинади, душманлари ундан қандай ҳайбатланади?! Бу олий мақсадга эришиш учун эса, юқорида айтиб ўтилган ва Пешво Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламниг қуйидаги муборак қавллари жамлаган ёмонликларга олиб борадиган адоват кирларидан қалбларни тозалаш керак. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Бир–бирингизга ҳасад қилмангиз, олиш нийяти бўлмай туриб биродарингизнинг савдосидаги нархни кўтармангиз, бир–бирингиздан нафратланмангиз, хафа бўлиб бир–бирингиздан узоқлашманг, бировингиз иккинчингизнинг савдоси устига бай очмасин! Аллоҳнинг бандалари, дўст бўлингиз! Мусулмон мусулмонинг биродари бўлиб, унга зулм қилмайди, ёрдамсиз ташлаб қўймайди ва уни камситмайди! Тақво бу ердадир!»– дедилар ва кўксиларига уч марта ишора қилдилар. (Сўнгра давом этиб): «Кишига биродари бўлган мусулмонни таҳқирлаши, ёмонлик нуқтаи назаридан етарлидир. Ҳар бир мусулмоннинг бошқа мусулмоннинг қони(ни тўкиши), мулки(ни тортиб олиши) ва обрўси(злантириши) ҳаромдир»(– дедилар)» (Имом Муслим 4650).
Банда Қиёмат кунида юқорида тилга олинган галалар қаторида жамланишдан Аллоҳга сиғинсин ва ўз ҳуқуқини ҳимоя қилар экан мусулмон биродарларининг ҳуқуқларини поймол қилмасин ҳамда ўзи учун рози бўлмаган нарсаларни бошқалар учун раво кўрмасин!
Аллоҳ таоло пайғамбаримиз Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, унинг оиласи ва асҳобларига салавоту саломлар йўлласин!
Барча ҳамдлар Аллоҳ таологагина хосдир.
«ал–Мужматаъ» ойномаси, 1353 сони. 24 – 30 сафар, 1420 ҳ.й.
Абу Жаъфар ал–Бухорий таржимаси