close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Мазах қилиш сабаблари

Ислом ва мусулмонларни мазах қилиш зикр қилинар экан, хаёлга зудлик билан ҳайратли савол келади: Нега мазах қилинмоқда? Нега масхара қилинмоқда? Биз ҳақ узра эмасмизми? Биз Аллоҳнинг даъватчисига лаббай деб, Унга иймон келтирмадикми? Нега одамлар бизни ва динимизни масхара қиладилар?

Бу саволларга жавоб бериш учун шундай дейман:  шубҳасиз, бу камситиш ва мазахларнинг мазах қилувчи ва камситувчи одамлар қалбига ўрнашиб кетган сабаб ва омиллари бордир. Шояд бу омил ва сабабларнинг энг муҳимлари қуйидагилардир:
 
1) Бу буюк динга нисбатан ўша гуруҳ тарафидан бўлган катта адоват ва нафрат
Аллоҳ таоло Ислом динини дунё ва охират саодати учун ягона йўл қилди: «Албатта, мана шу Менинг Тўғри Йўлимдир. Бас, шу йўлга эргашинглар! (Бошқа) йўлларга эргашмангизки, улар сизларни Унинг йўлидан узиб қўяр. Шояд тақво қилсангиз, деб сизларни мана шу нарсаларга буюрди.»  (Анъом, 153). Бу дин инсон ҳаётини одамлар билмаган бир услуб билан, бутунлай янгитдан бошлайди.
Бу дин, Аллоҳнинг изни билан, ушбу ҳаётда барча нарсада: фикри, туйғулари, сулуки-юриш-туруши ва қийматларида фарқли бўлган Умматни вужудга келтириш учун жоҳилият ўлчовларини беқарор қилади. Шунинг учун ҳам, жоҳилият уни мозийда ҳам хозирда ҳам қучоқ очиб кутиб олмаган ва  олмайди ҳам! Балки, унга ўзида бўлган барча қувват, гина ва нафрат билан қаршилик кўрсатади.
Жоҳилият Исломдаги ҳақ ва эзгуликни, Угина ҳаётдаги қинғирликларни тузата олишини жуда яхши била туриб қаршилик қилади ва ундан нафратланади. Чунки жоҳилият, бу қинғирликнинг тузалишини ҳоҳламайди, балки, қинғирлигича қолишини афзал кўради. Исломни ёқтирмайди, чунки У- ўз номи билан жоҳилиятдир. Бу эса Ислом" .
Аллоҳ таоло деди: «Энди Самуд (қабиласи)га келсак, бас, Биз уларни (Тўғри йўлга) ҳидоят қилган эдик, улар ҳидоятни қўйиб, кўрликни, залолатни ихтиёр қилдилар.» (Фуссилат: 17);
«Қасамки, Нуҳни ўз қавмига пайғамбар қилдик. Бас, у: «Эй қавмим, Оллоҳга ибодат қилинглар! Сизлар учун Ундан ўзга бирон Илоҳ йўқдир. Албатта, мен сизларнинг буюк КУН (Қиёмат Кунининг) азобига гирифтор бўлишингиздан қўрқаман», деди. 60. (Шунда) унинг қавмидан (зодагон) одамлар: «Биз сенинг очиқ залолатда эканлигингни кўрмоқдамиз», дейишди.  (Аъроф: 59, 60);
«65. Од қавмига ўз биродарлари Ҳудни (пайғамбар қилдик). У айтди: «Эй қавмим, Оллоҳга ибодат қилингиз! Сизлар учун Ундан ўзга бирон илоҳ йўқдир. Унинг азобидан қўрқмайсизларми?!» 66. (Шунда) унинг қавмидан кофир бўлган одамлар: «Биз сенинг нодон эканингни кўриб турибмиз ва албатта биз сени ёлғончилардан, деб гумон қилмоқдамиз, дейишди.  (Аъроф: 65, 66);
«80-81. Лут (пайғамбар) ўз қавмига: «Шундай бузуқлик қиласизларми? Ахир сизлардан илгари бутун оламлардан бирон кимса бундай қилмаган эдику?! (Наҳотки) сизлар хотинларингизни қўйиб, нафсингизни қондириш учун эркакларга борсангиз?! Йўқ, сизлар ҳаддан ошувчи қавмдирсиз», деганини эсланг! 82. Қавмнинг жавоби эса фақат мана бундан иборат бўлди: «Уларни (яъни Лут ва тобеъларини) қишлоғингиздан чиқариб юборингиз! Чунки улар ҳаддан ортиқ покиза одамлар экан».  (Аъроф: 80 – 82).
Аллоҳнинг дини ва унга қатъий риоя қилаётган мусулмонларга нисбатан жоҳилият қилаётган мана бу нафрат, "Унинг борлиғи, манфаатлари, майилликлари ва қинғирликларига янги нурнинг таъсиридан қўрқишидан пайдо бўлмоқда. Зеро жоҳилият ҳақдан қанчалар узоқлашгани, нафс-ҳавони ҳакам қилгани, майлликларга бутунлай бўйсуниб қолганини ва соғлом эътиқод Ер юзида ҳукм қилганида, нур йўқ бўлган маҳалда, маккорона қўлга киритиб олган манфаат ва майилликлардан маҳрум қолишини юракдан ҳис этади... Бунда мутакаббирлик қилганлар билан бечоралар ўртасида ҳеч қандай фарқ йўқдир. Чунки, бу жоҳилиятда ҳар икки тоифанинг ҳам интилган манфаат ва майилликлари бордир" .
Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни бу дин билан юборганида, одамларни башарга қуллик қилишдан қутқарди ва улар ёлғиз Аллоҳга ибодат қилдилар. Натижада, дўстлик қабила ва қариндошлик каби жоҳилий ришталар асосида эмас, балки, ёлғиз Аллоҳ учун бўлди. Бу эса дўстлик ўз шахсиятлари учун бўлишини истаган кимсаларни безовта қилди.
Зодагонлардан кейин бу диндан нафратланадиган ва бу динга қарши курашиш учун мазах ва истеҳзо қуролларини истеъмол қиладиган сон-саноқсиз табақалар-синфлар бордир. Улардан баъзилари мана булардир: Ёзувчилар, ҳикоянавислар, дикторлар, артистлар, фазилатдан асар ҳам бўлмаган фожира аёллар, ароқхўр ва гиёҳвандлар ҳамда бошқалар. Уларнинг бу қаршиликларининг асосий боисларидан бири, уларнинг тижоратлари ҳаром олди-соттига асосланганлигидир. Агар Аллоҳнинг дини қоим бўлиб, амалда татбиқ этилса, улар унинг ичида яшаб, кўпайишаётган ботқоқликни қуритиб юборади . Аллоҳ душманларининг порлаган Исломнинг суратини булғаш ва бузиш учун қаттиқ харис эканларини фақатгина мутакаббир ва ўжар одамгина инкор этади. Шундай экан, бу суратни булғаш ва унинг порлоқ юзига қоронғу парда тортиш учун мазах ва истеҳзони қурол қилинишидан ҳайратланмаслик керак. Бироқ, кофирлар ёқтирмасалар-да, Аллоҳ ўз нурини камолотига етказади!  

2) Эзгу ишларни қилаётган одамлардан ўч олиш
 «Чунки, улар ҳаддан ортиқ покиза одамлар экан». (Аъроф: 82).
Маълумки, эзгу ишларни қилаётган олийжаноб инсонлар сифатланган поклик ва иффат, бадбахт ва ёмон инсонларни безовта қилади ва улар ботилликларининг "софлиги"ни лойқалатиб ташлайди. Шунинг учун ҳам, у фосиқлар эзгу ишларни қилаётган одамларни мазах қилишади ва уларга истеҳзо билан боқишади: «Чунки, улар ҳаддан ортиқ покиза одамлар экан». Уларнинг мантиғига кўра бу жамият разолат ва ифлосликка ғарқ бўлиши керак. Шунинг учун ҳам улар, уммат ичида пок ва иффатли инсонларни кўришга тоқат қила олмайдилар: «Улар (мўминлардан) фақат у (мўмин)лар қудрат ва мақтов эгаси бўлган Оллоҳга — осмонлар ва Ернинг подшоҳлиги Ўзиники бўлган зотга иймон келтирганлари учунгина ўч олдилар!» (Буруж: 8).

3) Бекорчилик ва бошқалар устидан кулишни яхши кўриш
Агар инсон бу дунёда яратилишидан асосий ва буюк мақсад – Аллоҳ таолога шериксиз ибодат қилиш эканини ёдидан чиқарар экан, ҳаётида ҳалокатга етаклайдиган бекорчиликни ҳис этади. Шунинг учун ҳам, бу бўшликни тўлдириш учун зудлик билан шайтоний йўлларга йўналади, гарчи у йўллар Аллоҳ, Унинг оятлари, расули ва мўъминларни мазах қилиш бўлса ҳам. Баъзи қалблари мариз кишилар одамлар устидан кулиш ва уларни масхара қилиш билангина маза қиладилар. Ҳолбуки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз ҳадисларида бундан огоҳлантирдилар: "Киши Аллоҳнинг ғазабини келтирадиган бир сўзни айтадики, унинг Аллоҳ ғазабидан қай даражага етишини билмайди, бас, Аллоҳ қиёмат кунгиа қадар унга ғазабини ёзиб қўяди" .
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мана бу мазахчи ва масхараловчини огоҳлантириб шундай деганлар: "Одамларни кулдириш учун ёлғон гапираётган одамнинг ҳолига вой бўлсин! Вой бўлсин! Вой бўлсин!" .
"Ал-Муснад"да эса: "Киши суҳбатдошларини кулдириш учун бир сўзни айтадики, шу сўзи билан (жаҳаннамдан) Сурайё (юлдузи)дан ҳам узоқ масофадаги жойга тушади"- дедилар.  
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу ҳадисларини кўрдингизми? Бу ҳадислар мўъмин ва мўъминаларнинг устларидан кулиш учун бир-бирларини ёки бошқаларни кулдириш учун ёлғон ва мазах усулларини тўқиётган мазахчи ва истеҳзочи кимсаларнинг воқеъликларини тасвирлаб бермоқда. Ҳолбуки, қанча-қанча оғзини тўлдириб кулаётганлар борки, Аллоҳ уларга дарғазабдир. Аллоҳ бизга кифоядир ва У қандай яхши ёрдамчи!

4) Манманлик ва димоғдорлик, бошқаларга таҳқир ва камситиш билан боқиш
Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло Қуръон Каримда бунга кўп мисоллар келтирди. Улардан бири Каҳф сурасидаги икки одамнинг ҳикоясидир. Улардан бири бошқасига: "Мен сендан кўра давлатмандман ва тарафдорларим кўпдир!"- деди" (Каҳф: 34).
Ушбу ёмон хулқ ҳақида аллома Саффориний раҳимаҳуллоҳ шундай деди: "Бошқаларни мазах қиладиган киши ўзининг фазилатига розилик кўзи билан, бировнинг камчилигига эса таҳқир кўзи билан боқади. Зеро бировга таҳқир кўзи билан боқмаган кимса, унинг устидан кулмас!" ("Ғизаул-албаб": 1 / 131).
"Биродарларига манманлик қилган, тенгдошлари ва биродарларидан бирини таҳқирлаган ёки мўъминлардан биронтасини масхара ёки истеҳзо қилган киши очиқ гуноҳни қилган бўлади." (Аввалги манба: 1 / 134).
Истеҳзо билан қоришган манманлик – Фиръавннинг ахлоқидандир. Аллоҳ таоло унинг Мусо алайҳиссалом ҳақида айтган сўзларини қуйидагича баён қилди: «Балки мен мана бу хор бўлган ва (ўз мақсадини) очиқ баён қила олмайдиган кимсадан (яъни Мусодан) яхшироқдирман?!»  (Зухруф: 52).
Аллома ибн Касир раҳимаҳуллоҳ деди: "Фиръавн —Аллоҳ уни лаънат қилсин!, айтган сўз ёлғон ва тўқима. Уни бу сўзга ундаган нарса куфр ва ўжарлик, Мусо алайҳиссаломга бадбахтона куфр кўзи билан боқиши эди. Ҳолбуки, Мусо алайҳиссалом буюклик ва улуғликнинг оқилларни ҳайратга соладиган мақомида эдилар. Унинг: "Хор" деб айтган сўзи ёлғондир. Балки, унинг ўзи яралиш, хулқ ва дин нуқтаи назаридан хор, Мусо алайҳиссалом эса аслзода, тўғри йўлдаги ва садоқатли етакчи эдилар" .
"Оддий ва ғофил халқ тасаввурида (оёқлари) остида дарёлар оқиб турган, Мисрнинг ҳукмдорлигига эга бўлган Фиръавн, ҳақ сўз, пайғамбарлик мақоми ва аламли азоблардан қутқарувчи даъват соҳиби бўлган Мусо алайҳиссаломдан яхшироқ бўлиши турган гап."  
Бошқалар ҳисобига ўзини кўрсатиш, риёкорлик ва одамлар оғзидан тушмасликни севиш – мазах қилувчи ва қалблари маразга тўлган инсонларнинг ахлоқидандир. Улар мевалари ва кўринишларини бузиш учун дарахтларга чирмашган зараркунанда чирмовиққа ўхшайдилар.
Шунинг учун ҳам, манман ва ўзига бино қўйган инсонларнинг мусулмонлар устидан кулиш ва уларни мазах қилиш каби қаро қалблари ўралган ахлоқлар билан хулқланишлари, ҳайратомуз эмасдир.

5) Дин душманларига кўр-кўрона тақлид қилиш
Бу – мозийда содир бўлган эди. Аллоҳ таоло ундай инсонлар ҳақида шундай деди: «Худди шунингдек, (яъни сизни сеҳргар, мажнун, шоир деганлари каби) улардан (яъни, Макка мушрикларидан) аввалги (кофир бўлган) кимсаларга бирон пайғамбар келганида, улар ҳам албатта (ўша пайғамбарни ё) сеҳргар, ёки мажнун, дер эдилар. 53. Улар ўша (сўз)ни бир-бирларига васият қилиб қолдирганмилар? Йўқ, (зотан улар бир-бирларидан йироқ замонларда ва маконларда яшаб ўтганлари сабабли ўзаро васият қилиш имконига эга эмаслар, лекин фақат бир нарса уларнинг барчаларини юқоридаги каби сўзларни айтишга мажбур этар) — улар туғёнга тушган қавмдирлар!» (Зориёт: 52, 53).
"Гўё улар асрлар давомида (пайғамбарларни) шундай кутиб олиш учун бир-бирларига васият қилишгандек! Улар бир-бирларига бирор нарсани васият қилишган эмас. Балки бу аввалгилар ва кейингиларни бирлаштирадиган, зулм, ҳақ ва адолатга тажовуз қилишининг табиатидир!" .
Бу тақлид, миялари айниган ва Ғарб маданиятига мафтун бўлган кимсалар ҳаётида, ҳозирги кунда ҳам содир бўлмоқда. Чунки, уларнинг ғарб маданиятининг алдамчи "ялтироқлар"ига алданишлари, фикрларининг саёзлиги ва диний билимларининг озлиги уларни Аллоҳнинг дини, унинг ҳукмлари, ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатлари устидан кулишга ундамоқда. Агар сиз бирон бир яҳудий ёки насронийнинг: "Зинокорни тошбўрон қилиб жазолаш ваҳшийлик ва шафқатсизликдир!"- деб Аллоҳнинг шариатини мазах қилаётганини эшитсангиз ёки кўрсангиз, мусулмонлар ичида ушбу ҳақиқий душманга кўр-кўрона эргашиб, унинг сўзларини масхараомуз тарзда такрорлаётган инсонларни топишингиз мумкин. Масалага яна ҳам равшанлик киритмоқчи бўлсангиз, Ғарб ихтиролари ва бошқа Ғарбга алоқали нарсаларга тақлид қилаётган "тўтилар"нинг уни мақтаб, ундан ҳайратланаётганларини, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатлари, инсон ақлини ҳайратга соладиган мўъжизалари ва шаръий ишларни тилга олинса мазах қилиб, устидан кулаётганини кўрасиз: «Улар ўша (сўз)ни бир-бирларига васият қилиб қолдирганмилар? Йўқ, улар туғёнга тушган қавмдирлар!». Роббимиз бундай тақлидчиларнинг: «Албатта бизлар ота-боболаримизни бир миллат — дин устида топганмиз ва албатта бизлар уларнинг изларидан эргашувчидирмиз»- деб айтганларини баён қилди (Зухруф: 23).

6) Пулни ва қандай кўринишда бўлмасин пул топишни яхши кўриш, гарчи у Аллоҳга кофир бўлишга олиб борса ҳам
Ҳозирги кунда бу ҳолатни одамларга ҳажвий (комедия) филм ва театрларини тақдим этиб, уларни кулдираётган "артист"лар ҳаётида кўришимиз мумкин. Улар бу ифлос ишни фақатгина пул топиш учунгина қиладилар! Бировлар устидан кулиб, масхара қилиб бошқаларни кулдириш бугун ақли паст инсонлар тасаввурида фан, қаҳрамонлик ва юлдузликка айланди!! Бундан кўра ёмонроғи шуки, баъзи ақлли инсонлар ҳам ўз мажлис ва ўтиришларида уларнинг сўзлари ва қилиқларини такрорламоқдалар!!   
Менимча, булар мазах қилишга ундайдиган омилларнинг энг асосийларидир. Бироқ, бундан бошқа ишлар ҳам бўлиши мумкин, улар жиддий китобхонннинг назаридан четда қолмайди.

Мақола жойлаштирилган бўлим: Тазкия
Калит сўзлар
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase