«Аллоҳдан қўрқмоқлик»ни тўғридан тўғри, айнан тушунмаслик керак. Чунки Аллоҳ — раҳмли, шафқатли, тавбаларни қабул этиб, гуноҳларни кечиргувчидир. Дўзах азобларидан қутқарувчи, жаннат боғларини инъом этувчи меҳрибондир. Демак, Аллоҳнинг ўзидан эмас, унинг ғазабидан, айбларимиз учун Аллоҳ белгилаб қўйган жазоларга, азобларга мубтало бўлиб қолишдан қўрқмоғимиз ва гуноҳ ишлардан тийилмоғимиз шарт.
Ривоят қилурларким, Расулуллоҳ, саллоллоҳу алайҳи васаллам, саҳобалари ҳамроҳлигида бир ерга кетаётганларида саҳобалар ўзаро ҳазил-мутойибалар қилишиб, кулишиб бораётган эдилар. Шунда Расулуллоҳ алайҳиссалом дедиларким:
-Эй асҳоб, қиёматда сизнинг боражак ерингиз дўзах оташидир. Нега кўп куласизлар?
Бу гапни айтишлари билан Жаброил алайҳиссалом тушиб келдилар ва дедиларким:
-Йа Расулуллоҳ! Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло марҳамат қилдики: “нимага менинг бандаларимни қўрқитасан, уларнинг гуноҳини мағфират этувчи ғафуру Роҳиймдурман”.
Аллоҳ бандасини дабдурустдан, бекордан бекорга жазоламайди. Сиз билан биз, ҳатто неча-неча аждодларимиз ҳали дунёга келмаёқ Аллоҳ бандаларини огоҳлантириб, гуноҳлар учун аниқ жазоларни тайин этиб қўйган. Демак, биз энг аввало ўзимизнинг нафсимиздан қўрқишимиз, нафснинг хожаси шайтон алайҳилаънадан ва унинг оёқларимиз остига ташланган сиртмоқларидан қўрқишимиз керак. Айни тушунчани ҳам тўғри англамоғимиз жоиз. Чунки қўрқиш — қочиш ёки писиб ўтириш демакдир. Нафс ва шайтондан қўрқиш — улар етовида юриб, оқибатда дучор бўлинажак қиёмат азобларидан қўрқмоқликдир. Ана шу қиёматдаги жазодан қўрқиш бандани нафс ва унинг хожаси шайтонга қарши жиҳодга отлантирмоғи лозим. Албатта, биз шайтоннинг ёмонлигидан Аллоҳга юкинибгина паноҳ топамиз. Бироқ, бу паноҳга етмоқ учун ҳам курашмоқ зарур.
Хулосамиз шуки, Роббимиз, яъни тарбиячимиз бўлган Аллоҳ таборак ва таолони бутун қалбимиз билан, бутун жонимиз билан ва бутун онгимиз билан севмоғимиз шарт. Шунинг баробаринда ўзгаларни ҳам ўз-ўзимизни севганимиз даражасида севмоғимиз лозимдир. Чунки Аллоҳ бандаларини, яъни ўз биродарларини севмай туриб «Аллоҳни севаман», дегувчиларнинг гапларига инонмоқ мушкул.
Тоҳир Малик