Жавобни инкор этмаймиз. Аммо афсусимиз шуки, Аллоҳнинг ҳақ эканини, унинг илоҳий китоблари, фаришталарини инкор этувчилар, қиёмат кунида бандаларнинг тирилишига ишонмовчилар ҳали ҳам бор. Уларга қарата «фа биаййи алаи роббикума туказзибан» деб ўттиз бир миллион марта айтсангиз ҳам без бўлиб тураверадилар. «Бақара» сурасида «улар кар, соқов, кўрдирлар. Демак, тушунмайдилар» деб тилга олинган кимсалар шулар эмасмикин? Ёинки «Ёсин»да тилга олинган «...улар иймон келтирмаслар. Дарҳақиқат, Биз уларнинг бўйинларига то иякларигача (етадиган) кишанларни уриб қўйдик, бас, улар кўра олмаслар» шулармикин? Жоҳилият замонидагиларни тушуниш мумкиндир. Уларнинг аждодлари мушрик бўлганлар, таъбир жоиз бўлса қонларида мушриклар қони оқарди. Мушриклар дунёсидан исломнинг покиза оламига ўтишлари осон бўлмагандир. Шунинг учун ҳам кўплари кофирлик ҳолида дунёдан ўтганлар. Бизни ажаблантирадиган ҳолат - қонида мусулмон қони оқувчи, яъни аждодлари мусулмон ўтган кимсаларнинг Исломни рад этишларида. Буларни ким деб аташ мумкин? Совет замонасининг йигирманчи-ўттизинчи йилларида улар ўзларини очиқдан очиқ «худосиз» деб атардилар ва бундан ғурурланардилар ҳам. Ҳатто «Худосизлар жамияти» деган идоралари ҳам бор эди. Кейинчалик номларини «маданийлаштириб» ўзларини юнон тилидан олинган, асли «худосиз» маъносини англатувчи «атеист» атамаси билан атай бошладилар. Ўзларича янги «илм» тармоғини кашф этдилару уни «атеизм» деб номладилар. Шу соҳада ҳисобсиз равишда «фалсафа фанлари номзодлари» ва «фалсафа фанлари докторлари» пайдо бўлдилар. Улар гарчи худосизликни касб қилиб олган бўлсалар-да, юзларига қараб: «сиз - худосизсиз!» десангиз хафа бўлардилар. Ранжишлари эса бежиз эмасди. Уларнинг худолари бор эди, фақат Аллоҳ таборак таолони эмас, Карл Маркс деган бир ножинсни худо деб топинардилар. Унинг ёзиб кетганлари улар учун дастурул амал эди. Афсус, афсус... шундайларнинг қанча-қанчаси Ҳақни танимай бу дунёдан ўтиб кетди. Уларнинг ҳисоб-китоби қандай бўларкин...
Улар-ку кетдилар. Замон ўзгариб, «атеизм» дегани ҳам йўқ бўлди, деб юрсак, илдизлари қолган экан. Ҳозиргилар энди ўзларини «атеист» демайди, «диншунос олим» дейди. Мана шунисига доғмизда! Аввалгилари ўз номлари билан аталарди, булар энди дин бўйича олимликка даъвогар бўлиб туришибди. Дин асосларини яъни, Қуръони Каримни, Ҳадиси Қудсийни, Ҳадиси шарифларнинг аслини ўқий олмасдан, мағзини чақа олмасдан туриб қанақасига «диншунос олим» бўлиш мумкин? Нималарга асосланиб «Қуръон - инсон онгининг маҳсули?» дейдилар? Илгариги атеистлар Ислом динини Қуръони Каримнинг рус тилидаги маъно таржимасидан билишарди. Бугунгиларнинг «бахтига» Қуръони Карим маънолари ўзбекчага ҳам таржима бўлди. Шундайлардан бири таржимани ўқигач, «Қуръонни тушуниш учун аввал «Инжил»ни ўқиш керак», дейди. Мана шунга ўхшаган одамларни нима деб аташ мумкин? Биз «кофир» дея олмасмиз, чунки бу ҳукмни Аллоҳ чиқаради. Биз оддий деҳқончасига қилиб «аҳмоқ» деб қўя қолайлик. Юмшоқроқ тарзда «ақлсиз» деб ёзмоқчи ҳам бўлдик. Кейин ўйлаб қарасак, ақлсизга ақл битиши мумкин экан, аҳмоқнинг давоси эса йўқ экан. Усмон Нурий Тўпбош ҳазратлари ўз битикларида бу кабиларни шундай атабдиларким, бизга ҳам шу ном мақбул тушди. Бу кабилар ўзларининг аждодларини маймун деб билганларидан кейин улардан яна қандай ақл кутиш мумкин? Бизга қоронғу бўлиб қоладиган бир муаммо бор халос: улар ўзларини ота томондан маймун деб билармикинлар ё она томонданми? Балки ҳар икки томонламадир?
Энди аҳмоқлик масаласига келсак, Қуръони Каримда икки ҳил аҳмоқликдан сўз юритиларкан. Уларнинг биринчиси кофир ва мушриклар тоифаси бўлиб, Аллоҳ таоло улар ҳақида юқорида зикр этганимиз «Бақара» сурасида марҳамат қилган. Абу Жаҳл, Абу Лаҳаб, Муғира ибн Валид ва шунга ўхшаш кимсалар ҚАЛБлари муҳрли, кар, кўр ва соқов бўлганлари учун ҳам ҳидоятга эриша олмадилар. Шунинг учун ҳам улар: «Биз сенга ишонсак хотинларимиз олдида масхара бўламиз» ёки «Пайғамбарлик бизга берилиши лозим эди. Чунки бизнинг мол-мулкимиз ва бола-чақамиз янада кўпдир», деган ақлсиз ва мантиқсиз сўзларни сўзладилар. Улар Расулиллоҳнинг ҳақ пайғамбар эканликларини билганлари ҳолда аҳмоқликлари туфайли инкор этувчи ўжарликларидан қайтмаганлар.
Қуръони Каримда зикр қилинган иккинчи тоифа аҳмоқлар эса ўзларини ғоят ақлли деб биладиган кишилардир. Дунёвий орзулар уларни ғафлатга етаклагани учун кўзлари ҳақиқатни кўрмайдилар. Бундай кишиларнинг фақат айримлари бирон бир фалокатга учраганларида қисман кўзлари очилиши мумкин.
Ҳазрати Жалолиддин Румий аҳмоқлар ҳақида шундай деган эканлар: «Аҳмоқлардан қочингки, Ийсо алайҳиссалом улардан қочгани каби. Аҳмоқлар билан суҳбат қилиш натижасида неча марта қонлар тўкилгандир».
Ўрни келганда Ийсо алайҳиссаломнинг аҳмоқдан қочишлари баёни билан танишсак:
Марямнинг ўғли Ийсо худди арслон қувалаган каби югуриб борар эдилар. Кўчадан ўтаётган одамлардан бири унинг орқасидан югурди ва шундай деди:
-Нима бўлди сизга, ҳуркитилган қуш каби учиб бормоқдасиз?
Ийсо алайҳиссалом шу қадар тез чопар эдиларки, шошилганларидан бу одамнинг саволига жавоб бера олмадилар. Ул зотнинг бул тарзда югуришидан баттар ҳайратга тушган одам, ниҳоят яқинлашди ва яна сўради:
-Эй Руҳуллоҳ! Аллоҳ ризоси учун бир он тўхтанг ва холингиздан бизга хабар беринг? Кимдан ва нима учун қочмоқдасиз? Ахир орқангизда арслон ҳам, душман ҳам, қўрқадиган бошқа бирон нарса ҳам йўқ-ку?
Бунга жавобан Ийсо алайҳиссалом дедилар:
-Аҳмоқдан қочмоқдаман, аҳмоқдан! Мендан узоқроқ турки, ўзимни қутқарай.
Бояги киши сўради:
-Нафаси билан кўрларга ва карларга шифо берувчи Ийсо Сиз эмасми?
-Ҳа, менман,-дедилар Руҳуллоҳ.
-Маънавий сирларнинг тилсимини билган ва шунинг учун ҳам «Руҳуллоҳ» номини олган маънавий зот Сиз эмасми? Ахир сиз дуо ўқиганда ўлганлар ҳам худди овини тутган арслон каби қабрдан сакраб чиқарди-ку?
Бунга жавобан ҳазрати Ийсо дедилар:
-Ҳа, ўликларни тирилтирадиган менман.
-Эй Ийсо! Лойдан қуш ясаб, уларга жон бағишлаган Сиз эмасми?
-Ҳа, менман,- дедилар Ийсои Руҳуллоҳ.
-Эй тоза руҳ! Ўзингиз истаган нарсага қодир бўла туриб, яна кимдан қўрқиб қочмоқдасиз?
Ийсо алайҳиссалом яна жавоб қилдилар:
-Аввало руҳни ва сўнгра вужудни яратган Жаноби Ҳаққа ва унинг сифатларига қасам ичаманки, сен айтган бу дуони, яъни исми Аъзамни кар ва кўрларга ўқиган эдим, улар тузалдилар. Сўнгра бу дуони баланд чўққили тоққа ўқиган эдим, дуонинг кучидан ўртасидан айрилиб кетди. Сўнгра ўлик бир жасаднинг қаршисида ўқиган эдим, ўлик тирилди. Ҳеч бир нарсаси бўлмаган фақирга ўқиган эдим, бой-бадавлат бўлди. Лекин бу дуони аҳмоқ бир қалбга минг дафъа шафқат ва марҳамат ила ўқисам ҳам ҳеч фойда бермади. Бу аҳмоқ тош каби қаттиқ туриб олди ва аҳмоқлигидан воз кечмади. Оҳак тўкилган қум каби ундан бир ўт ҳам ўсиб чиқмади.
Бу сўзларни эшитган у одамнинг қизиқиши янада ортиб ҳазрати Ийсодан сўради:
-Исми Аъзам бу қадар киши ва нарсаларга таъсир қилиб, фойда бергани ҳолда нега аҳмоқликка таъсир қилмади? Ҳолбуки, қолганлар ҳам хаста эдилар. Уларнинг даво топиб, аҳмоқнинг даво топмаслиги сабаби ва ҳикмати недир?
Саволга Руҳуллоҳ шундай жавоб бердилар:
-Аҳмоқлик қаҳри илоҳий бўлган бир хасталикдир. Қолганлари эса кўрлик каби қаҳри илоҳийга дуч келмаган хасталиклардир. Бало ҳам бир хасталикдир, лекин у ҳам мубталосидан шифо топади. Аҳмоқликка келадиган бўлсак, бу ҳам бир хасталикдир, лекин аксарият ҳолларда бу хасталикдан бошқалар зарар кўрадилар. Аҳмоқлик тамғаси Аллоҳнинг бир муҳридир. Унга ҳеч кимса чора топа олмайди.
Бу ҳикматни рамзий маънода тушунмоқ лозиммикин. Яъни: аҳмоқдан жисмонан эмас, руҳан қочмоқлик жоиз. Руҳан қочмоқлик - иймонни унинг салбий таъсиридан эҳтиёт қилиш дегани бўлади. «Қозонга яқин юрсанг - қораси юқади», деганлари бежиз эмас.
Тоҳир Малик, роҳимаҳуллоҳ