Баъзиларни эса аксинча, гуноҳлари кўплигидан Аллоҳ таолонинг раҳмати ва нажотига умидсиз қилиб, ишонтириб қўйган. Ибодатдаги мўминларнинг баъзиларини эса, жаннатдаги юқори даражаларга эришиш учун ортиқча солиҳ амалларни қилишда дангаса қилиб қўйган.
Аллоҳ таоло бизни шайтон кирдикорларидан огоҳ қилганида шулардан огоҳлантирмаганмиди, ахир? Қуръони карим бизни хайрли ишларни қилишда мусобақа қилишга чақирмаганмиди? Ахир, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам Фирдавс жаннатига чорлаган эмасмидилар?
Убода ибн Собитдан ривоят қилинган ҳадиси қудсийда бундай дейилган: ”Аллоҳ айтади: ”Мен учун ўзаро муҳаббат қилганларга Менинг муҳаббатим ҳақ бўлди, Мен учун ўзаро боғланганларга Менинг муҳаббатим ҳақ бўлди, Мен учун ўзаро насиҳатлашганларга Менинг муҳаббатим ҳақ бўлди, Мен учун ўзаро зиёратлашганларга Менинг муҳаббатим ҳақ бўлди, Мен учун ўзаро бир-бирлари учун тиришганларга Менинг муҳаббатим ҳақ бўлди. Мен учун ўзаро муҳаббат қилганлар нурдан бўлган минбарларда бўладилар, уларнинг ўринларига набийлар, сиддиқлар, шаҳидлар ҳавас қиладилар” (Аҳмад).
Шубҳаларни узоққа от ва умидсизликни ҳам ўзингдан ҳайда. Аллоҳ таолонинг раҳматига сабаб бўладиган йўлни топ ва Унинг ваъдаларига шубҳада бўлма. Солиҳ одамлар билан бирга бўл ва Аллоҳ таоло айтганидек содиқларга ҳамроҳ бўл: "Эй иймон келтирганлар, Аллоҳга тақво қилинглар ва содиқлар ила бирга бўлинглар" (Тавба сураси, 119). Яъни, улардан ибрат олинг ва ўзингиз ҳам ибрат бўлинг, улардан ёрдам кутинг ва ўзингиз ҳам ёрдам беринг. Бу ҳаётда улар билан бирга бўлсангиз, абадий ҳаётдаги боғларда ҳам бирга бўласизлар.
Ёки сен ёнигда сен билан Кавсаргача бирга борадиган ҳамроҳ йўқ деб ўйлайсанми? Уларни эрталаб ҳам кечаси ҳам Аллоҳ таолонинг ибодати билан машғул бўлиб, Роббисининг розилигини истаб юрганлар орасидан топ. Уларни Аллоҳ таолони зикр қилиш ва солиҳ амалларни бажаришдан на савдо-сотиқ, на ўйин-кулгу тўса олади. Уларнинг мажлисларидаги сакинат, ҳатто уларга тасодифан қўшилиб қолганларга ҳам тегар экан.
Уларнинг орасида оддий одамлар бор, улар юксак одоб-ахлоқлари ёки чуқур илмлари билан ажралиб турмайди. Бироқ сен улар орасида ўзингга бир ҳақиқий биродар, дўст топиш бахтига мушараф бўлсанг, катта ютуққа эришибсан, эҳтимол ҳолатингга набийлар ва шаҳидлар ҳавас қиладилар.
Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, Аллоҳнинг бандаларидан баъзи одамлар борки, улар набий ҳам, шаҳид ҳам эмаслар. Уларнинг Аллоҳ таоло ҳузуридаги маконларига қиёмат куни набийлар ва шаҳидлар ҳавас қилурлар», дедилар.
«Эй Аллоҳнинг Расули! Улар кимларлиги хабарини бизга айтасизми?» дейишди.
«Улар ўзлари қариндош бўлмасалар ҳам, ораларида молиявий олди-бердилари бўлмаса ҳам, Аллоҳнинг руҳи ила муҳаббат қилган қавмлардир. Аллоҳга қасамки, албатта, уларнинг юзлари нурдир. Улар нурдадирлар. Одамлар хавфда бўлганларида улар хавфда бўлмаслар. Одамлар маҳзун бўлганларида улар маҳзун бўлмаслар. Огоҳ бўлинглар! Аллоҳнинг авлиёларига хавф бўлмас ва улар маҳзун ҳам бўлмаслар», дедилар». (Абу Довуд)
Аллоҳ таоло учун муҳаббат қўйиш Аллоҳ таолони таниш ҳамда Унинг розилигини исташ ва Унга шошилиш демакдир. Аллоҳ таоло учун муҳаббат қилиш учун ўша одамда Аллоҳ таоло яхши кўрган нарсаларни кўра билиш керак ва у билан қариндош ёки бошқа олди-бердилар бўлгани учун эмас, балки Аллоҳ розилиги учунгина муносабат қилинади. Акс ҳолда дўстлик ёки бошқа яқинлик учун мукофот катта бўлмайди.
Аллоҳ учун муҳаббат қилганлар дўстиАллоҳ таолони унутаётганда унга эслатиб туради, қийналган вақтларида елкадош бўлиб, туриб беради, дўстихато қилаётганида уни тўғирлайди. Бундай дўстлар олдида одобсизлик қилишга ҳаё қиласан ва улар билан бирга солиҳ амалларни қилиш осон ҳамда мароқлидир.
“Расулуллоҳ саллоллаҳу алайҳи васаллам: “Солиҳ суҳбатдош билан ёмон суҳбатдош мушк ташувчи киши билан ўтда тобланаётган темирга дам урувчи кишига ўхшайди. Мушк ташувчи ё ўзи сенга мушкидан туҳфа қилади ёки сен ўзинг унинг мушкидан харид қиласан ёхуд ундан келаётган мушк ҳидидан баҳра оласан, темирга дам урувчи киши эса, ё кийимингни куйдиради ёки сен ундан келаётган қўланса ҳидни ҳидлайсан!” – дедилар” (Бухорий, Муслим).
Агар шундай дўстинг бўлса, бу дўстликни асрагин. У ҳақида ёмон гапларни гапирма, уни бахтли қилаётган нарсаларга ҳасад қилма ва Аллоҳ таоло унга бераётган баракаларига ёмон кўз билан қарама. У билан бирга бўл, унинг ишончига хиёнат қилма. Унинг қийналаётганини билсанг, ёрдам сўраб келишини кутиб ўтирма, уни қўллаб-қувватлаш учун вақтинг ва пулларингни аяма. Бурчингни адо қилаётиб, унинг сенга раҳмат дейишини кутиб ўтирма, бироқ ундан содиқлик ва биродарликни талаб қил.
У билан бирга бўлганингда Аллоҳ таоло ҳақида кўпроқ гапир ва унинг барча ҳайрли ишларини қўллаб тур. Хайрлашиб кетганидан сўнг, орқасидан унга ва оиласининг ҳаққига дуо қилиб қўй. Унинг ютуқлари учун хурсанд бўл, мусибатларида бирга мусибат чек. Холис бўл. Эҳтимол, ўша ихлос сизларни иссиқлик шиддати куйдирадиган кунда Аллоҳ йўлида бир-бирига муҳаббат қўйганлар учун ваъда қилинган Арш соясида сояланганлардан бўласизлар.
Баъзи манбалар асосида
Абу Муслим тайёрлади