close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Ёшлигим ўтган маҳалла ва юрт бошига тушган бир фожиа ҳақида

Маҳалламиз Туркистон шаҳридаги (Қозоғистон) катта маҳаллалардан бўлиб, аҳолисининг деярли ҳаммаси ўзбеклардан иборат эди. Булар орасида бир нечта қозоқ ва рус хонодонлари ҳам бор... Маҳалламиз кўчаларининг номини келтириб ўтаман, балки билмайдиганлар ёки СССРни идеал биладиганлар учун ибрат бўлиб қолар.

Кўча номи Коробов*, қўшни кўчалар: Пионерский, Карл Маркс, Дзережинский, Ульянов, Гоголь, Шевченко, Никитин, Лерментов, Пушкин, Катовский, Чапаев, Энгелс, Киров, Чкалов, Калинин, Казбеков, Крупская, Орджинакидзе, Горький, Кутузов, Осипенко, Некрасов, Шорс, Первый Май ва шунга ўхшаш номлар... (Туркистоннинг алп-қаҳрамонларининг биттасининг ҳам исми, шарифи зикр қилинмаган, аризмас саналган. Эҳтимол, қаердадир бўлса бордир, улар ҳам бўлса маҳаллий коммунистлар,  улар ҳам чекка кўчалар.

Кўча номлари бўйича эътироз билдириб нега улар миллий эмас, дейиши мумкин бўлган зиёлилар 1937-40 йилларда отиб ташланган, баъзилари эса хорижга чиқиб кетган. Қолганларга ва кейинги авлодларга эса, менимча кўчаларнинг номи қандай аталишининг фарқи бўлмаган, чунки номлари зикр қилинган кўча номларининг эгалари миллий қаҳрамон сифатида қабул қилинадиган даражада етиб қолган эди...
Шаҳаримизда икки ёки учта Ленин ҳамда битта Улуғ Ватан уруши қурбонларига атлаган абадий олов ва битта Марксга қўйилган ҳайкал бор эди. Уйланаётган ёшлар Маркс ҳайкали пойига гул қўйиб, шу ерда расмга тушиш одати ҳам бор эди.

Бунчалик хўрликка лойиқ нима қилиб қўйган эдик?

Яна 30-40 йил мустамлака бўлиб турганимизда балки тилимизни ҳам унутиб юборишимиз аниқ бўлиб қоларди.
Аллоҳ таоло бизга роса меҳрибон экан. Шармандамизни чиқармади. Меҳрибонлиги ҳам чексиз экан, чунки мустамлака бўлишмизнинг асл сабабларидан бири мадрасалардан бошлаб, ҳамма қатламни булғаган иллатлар, хусусан баччабозликни яна қандай йўқотиб бўларди. Бу ишларнинг ичида "диндорлар" ҳам борлиги жуда уят бўлган. Юртимиз бошига Лут қавмига келган азоб келмагани учун Аллоҳ таолога қанчалик кўп ҳамд айтсак, барибир оз бўлаверади. Эҳтимол, шунинг учундир мустамлака бўлиш жазосига лойиқ кўрилдик. Миллий ғурур, миллий истиқлол, ҳурриятимизни йўқотдик. Аллоҳ таоло йўқ қилиб юборишга қодир эди. Балки гуноҳкор халқ орасидаги солиҳ боболар дуоси туфайлидир, юрганимиз...

Шундай буюк талофатлар эвазига энди оқландикми? Асосийсиси хатоларимизни тушуниб етдикми?

Абу Муслим


-----------

*Коробов - бизнинг кўча номи, "босмачилар" тарафидан ўлдирилган қизил аскар шарафига қўйилган

Мақола жойлаштирилган бўлим: Тазкия
Калит сўзлар
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase