Ҳар кимнинг ўз истак ва орзулари бўлади. Кимдир юқори мансабларни орзу қилса, бошқалар яхши жойларда дам олишни, яна бошқалар эса Маккани зиёрат қилишни ўйлайди. Камбағал ширин таомни орзу қилса, дардга чалинган одам соғлиқни, мусофир эса уйига қайтишни орзу қилади. Биз уларни тезроқ амалга ошиши учун режалар қиламиз, тинмай меҳнатда бўламиз. Орзуга етгач эса янги мақсадларни қўйиб, уларни амалга ошириш учун ҳаракатда тушамиз. Бироқ шундай одамлар ҳам борки, уларнинг орзулари ҳеч қачон рўёбга чиқмайди. Улар ўз муддатларини адо қилишган, амал дафтарлари ёзиб битилган. Бироқ ернинг ичига кириб ётсалар ҳам орзу қилишдан тўхтамас эканлар. Ўлганлар нима ҳақида орзу қилиши ҳақида бир ўйлаб кўрганмисиз?
Агар инсон солиҳ ҳаёт кечирган бўлса, унинг руҳи абадий ҳаётга ўтиши билан ўз Робби томон интилади.
Ўлим Аллоҳга ҳақиқий ибодат қилганлар учун машаққатли дунёдан сўнг осуда ҳаётнинг бўсағасидир. Чунки улар учун ўлим Роббиларининг васлига эришишлари ва абадий саодат ҳаётининг бошланишидир. Ўлим вақтида фаришталар уларга жаннат ва ундаги турли неъматлар хушхабарини берадилар. Аллоҳ таоло Фуссилат сурасининг 30-32 оятларида шундай марҳамат қилади: «Албатта: «Роббимиз Аллоҳдир» - деб, сўнгра (ёлғиз унга ибодат қилишда) устивор бўлган зотларнинг олдиларига (ўлим вақтида) фаришталар тушиб дерлар: «Қўрқманг ва ғамгин бўлманглар. Сизларга ваъда қилинган жаннат хушхабари билан шодланинглар. Бизлар ҳаётий дунёда ҳам, охиратда ҳам сизларнинг дўстларингизмиз. Сизлар учун жаннатда кўнгилларингиз тилаган нарсалар бордир ва сизлар учун у жойда истаган нарсаларингиз бордир. (Бу) меҳрибон ва раҳмли зот томонидан бўлган зиёфатдир».
Мўминларнинг ўлими юқорида таърифлангандек бўлса, кофирларнинг ўлими азоб ва машаққатлардан иборат бўлади. Қуръони каримда уларнинг ўлими қуйидагича таърифланади:
«Агар фаришталар кофир кимсаларнинг юз ва кетларига уриб жонларини олаётган ва: «Дўзах азобини тотингиз! Бунга сабаб ўзларингиз қилган амалларингиз. Зеро Аллоҳ ҳаргиз бандаларига зулм қилгувчи эмасдир» - деяётган пайтини кўрсангиз эди» (Анфол сураси, 50-51 оятлар).
Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) бир ҳадиси шарифларида яхши ва ёмон одамнинг ўлимдан кейинги ҳолини қуйидагича таърифлаганлар:
«Тобутга қўйилган маййит солиҳ инсон бўлса: «Мени тезроқ олиб кетинг, бир оздан сўнг роҳатланаман» - дейди. Маййит осий бир инсон бўлса: «Ҳолимга вой мени қаерга олиб кетяпсиз» - деб, унсиз фарёд қилади. Шунга ўхшаш бир ривоят охирида «бу фарёдни инсонлардан бошқа ҳамма эшитади. Агар тирик инсонлар бу азобли фарёдни эшита олсалар эди, чидай олмасдан ҳушларидан кетган бўлар эдилар» - дейилган (Насаий Абу Саид Худрийдан ривоят қилган).
Ҳадиси қудсийда Аллоҳ таоло бандаларига марҳамат қилади:
«Эй одам фарзанди, билгинки, гарчи ўзинг истамасанг ҳам бир кун, албатта, бошингга ўлим келур. Шундай экан, Парвардигоринг ҳукмига бўйсун! Ахир қиёматда қайта тирилиб Аллоҳга ҳисоб берасан!»
«Эй одам фарзанди, қачонгача бу фоний дунёни обод қилишга уринасан? Боқий ва абадий яшаладиган охиратни қачонгача хароб қиласан?»
Аллоҳнинг расули (соллаллоҳу алайҳи васаллам) айтадилар:
«Ким Аллоҳга етишишни истаса, Аллоҳ ҳам у бандасига етишишни истайди. Ким истамаса, Аллоҳ ҳам истамайди»
Шунда Оиша онамиз (розияллоҳу анҳо) сўрадилар:
- Эй Аллоҳнинг расули, ўлим хуш кўрилмаган нарса-ку?
- Мўмин кишига ўлим вақтида Роббининг розилиги ва марҳамати ҳақида хушхабар келади. У инсонга ўлимдан кейинги гўзал ҳаётидан севимли нарса йўқдир. Шунда у Аллоҳга, Робби эса унга етишишни хоҳлайди. Кофир одамга ўлим вақтида Аллоҳнинг ғазаби ва азоби борлиги учун у Аллоҳга, Аллоҳ эса унга етишишни хоҳламайди, деб жавоб бердилар (Бухорий, Муслим, Термизий, Насаий Анас ибн Моликдан ривоят қилишган).
Тақволи кишилар дунё матоҳларидан иборат кишанларни тарк этиб, ҳоли ҳаётидаги хурсандчиликлар ҳақида ўйламай қўядилар ҳамда ортга қайтишни истамайдилар, илло, уларни ютуққа олиб келган сабаблар боис бўлмаса. Шаҳидлар, мисол учун, яна қайта дунёга келишни ҳамда Аллоҳ йўлида қайта-қайта жонларини қурбон қилишни ва шу йўл билан мисли кўрилмаган лаззатларни татишни истайдилар.
Бир шаҳарда солиҳ бир бандани мушриклар уриб ўлдирганларида шаҳид бўлган солиҳ банда худди шундай лаззатни тотган эди. Тафсир китобларида айтилишича, айнан ўша солиҳ банда Аллоҳ таолонинг пайғамбарларига иймон келтирган эди. Ўшанда мушриклар унга азоб бериб ўлдираётганларида ҳам у “Парвардигор, халқимни тўғри йўлга бошла”, деган маънодаги сўзларни айтган эди. Уни ўлдиришганида ҳам унга «Жаннатга кир», дейилди. У: «Кошки қавмим билсалар эди. Роббим мени мағфират этганини ва икром қилинганлардан қилганини», деб орзу қилади (Ёсин сураси, 26-27 оятлар). Ҳатто уни ноҳақ ўлдирсалар ҳам ўлимидан сўнг золим қавмининг нажот топишини истаган порлоқ руҳи ҳеч ҳам ўзгармай олдингидек қолган эди.
Каззоб, мутакаббир, ҳасадчи гуноҳкорнинг руҳи ҳам ўзгармайди. У бу дунёга шунчалик боғланиб қолганки, ўлганидан сўнг ҳам бу дунёга қайтишни истаб туради. У яна бир бор имкон берилишини ва солиҳ банда бўлишига ваъдалар беради. Бироқ Аллоҳ таоло унинг ёлғон сўзлаётганини ва агар у бу дунёга қайтарилса, аввалги гуноҳларига ботишини, чунки гуноҳ унинг руҳиятига сингиб кетганини яхши билади.
«Қачон улардан (яъни мушриклардан) бирига ўлим келганда: “Роббим, мени (яна ҳаётга) қайтаринглар. Шояд мен қолган умримда яхши амал қилсам”, деб қолур. Йўқ, у асло ҳаётга қайтарилмас. Дарҳақиқат, бу ҳар бир кофир жон бераётганда айтадиган сўздир. Уларнинг ортида то қайта тириладиган кунларигача барзах бор» (Муъминун сураси, 99-100).
Ўз гуноҳларидан беҳуда пушаймон бўлаётган шу бадбахт инсоннинг ўрнида бўлиб қолишинг мумкинлиги ҳақида бир ўйлаб кўрганмисан? Аллоҳ таоло гуноҳларингни кечиб юбормаслиги ҳақида фикр қилганмисан? Ўлганингдан сўнг ким билан қолишингни билмоқчи бўлсанг, атрофингга назар сол, амалларингга бир баҳо бериб кўр. Намозга азон айтилаган вақтда ким билан вақтингни ўтказаётганингга қараганмисан? Бамдод намозидан сўнг мўминлар гуноҳлари учун истиғфор айтаётган вақтда нималар билан машғул бўлаётганингга назар солганмисан? Қуръон ва Суннат турганида нималар қилиб юрганингни биласанми?
Биз яхши деб билган ва эҳтимол аслида ёмон ҳам бўлмаган қанча-қанча одамлар қабрларида пушаймонлик ўтида куйиб ёнаётгандир. Улар имконлари бўла туриб, садақа қилмаган ёки бошқа бир хайрли ишларни қилмаганларидан афсусдадирлар. Улар ҳолатини ўзгартириши мумкин бўлган ҳар қандай, майли кичик бўлса ҳам бирон бир хайрли ишни қилишни орзу қиладилар. Шундай экан, қабрга кирмасдан аввал қабр ҳаёти учун солиҳ амаллар қилиш зарур. Тирикликда савобли амал қилиш осон, лекин ўлгандан, қабрга киргандан сўнг солиҳ амал қилишни истаса ҳам бунга рухсат берилмагач, ҳар бир маййит пушаймон бўлади. Маййитлар икки ракаат намоз ўқиш, ёҳуд «Ла илаҳа иллаллоҳ» ёки «Субҳаналлоҳ» деб зикр айтишни орзу қилсалар ҳам бунга изн берилмайди. Шунда улар тирикларга қараб, уларнинг шундай имкониятлари бўла туриб ибодат қилмасликларидан ҳайратга тушадилар.
Бу дунёдан кетган қанча-қанча одамлар сизнинг ўрнингизда бўлишни орзу қиладилар! Улар дунёнинг барча бойликларини бериб бўлса ҳам икки ракаат намоз ўқишни ёки ялиниб-ёлвориб, гуноҳлари учун истиғфор айтишни орзу қиладилар. Эй дин биродарларим! Кунларингизни бўш ўтказманг. Зеро, ҳар бир кун, ҳар бир дақиқа бизнинг охиратдаги ҳаётимиз сармоясидир. Ҳаётлик вақтимизда бу сармояни осон топиш имкониятимиз бор. Мана шу имкониятдан иложи борича унумли фойдаланишимиз даркор. Шундай бир кун келадики, ҳаётий дунёда тўплаган сармояларимиз охиратда кўзимиз нуридан ҳам қадрлироқ бўлади.
Баъзи манбалар асосида
Абу Муслим тайёрлади