Ҳа, биз эзгу ишлар қиламиз ва тақиқланган нарсалардан воз кечамиз, ишни самимий ва холислик билан қиламиз. Лекин биз ўзимизни, бундан ҳам кўпроқ Худони алдай олмаймиз. Биз хато қиламиз, кўп хато қилиб турамиз. Ўзимизни тушуниш истагида тавба қиламиз ва яхшироқ бўлишга умид қиламиз. Лекин бундан кейин ҳаммаси ўз ўрнига тушармикан?
Диндор бўлиш қийин. Чунки биз билан боғлиқ ҳолда рўй бераётган ҳамма нарсада вазиятни айблай олмаймиз ва буни тушуниб етиш биз учун оғир кечади. Биз қилган ишимизни қанчалик оқлашга ҳаракат қилмайлик ва бошқа вазиятда бошқача йўл тутишимиз мумкинлигига ишонмайлик. Аммо, лекин, бироқ. Танлов имконияти доимо бизнинг қўлимизда эканлигини тушунишдан ичимизда ҳамма нарса ағдар-тўнтар бўлиб кетади. Демак, биз ўз қўлимиз ва қалбимиз билан ҳаётимиз китобини ёзамиз – бугунга, эртага ва ҳар доимга.
Диндор бўлиш қийин. Биз атрофимизда рўй бераётган нарсаларни тушунишга ва шубҳаларимизга жавоб топишга интилиб, Қуръонни қайта ва қайта ўқиймиз. Агар бу пайт юрагимизни хавотирдан халос этадиган ҳақиқат нури ёритадиган бўлса-ку, яхши. Агар бундай бўлса, ички қониқмаслик ҳаётимизда доимий йўлдошга айланади. У бизни қувончдан маҳрум этади ва олға қараб ҳаракатланишга халақит беради, бир кун келиб, бошқа бундай давом этиши мумкин эмаслигини тушуниб етасан.
Диндор бўлиш қийин. Кўзлар боғланган ҳолда жар ёқалаб юриш қийин. Нима қилиш керак? Заифликни тан олиш керакми? Ўзини самимий эмас ва ёлғончи деб эълон қилишми? Лекин ахир бундай эмас-ку. Биз имон-эътиқод билан ва унинг туфайли яшаймиз. Биз Яратувчига барча сир-асрорларимиз ва ниятларимизни ишонамиз. Биз У билан учрашишга тайёрланамиз ва ўз ҳаракатларимизни онг тарозисига қуямиз. Биз қўрқамиз, умид қиламиз ва ишонишда давом этамиз. Такрор ва такрор! Чунки токи одамлар кечирим сўрашдан тўхтамас экан, Аллоҳ кечиришдан тўхтамайди. Чунки У томон бир қадам қўйишимиз билан У бизнинг боримизча қабул қилади. Демак, сабр-тоқат қилиш ва йўлдан оғмаслик, ўриндан туриш ва ҳаракатда давом этиш керак. Аллоҳнинг марҳаматидан умидсизликка тушманг ва ўтилган масофага алданманг.
Интернетдан, Абу Муслим таржимаси