Мусулмон киши ҳар бир амалини ихлос ва самимият билан бажаради, Аллоҳ таоло марҳамат қилади:
«Ҳолбуки, улар фақат ягона Аллоҳга, Унинг учун динни (ширкдан) холис қилган, тўғри йўлдан оғмаган ҳолларида ибодат қилишга ва намозни баркамол адо этишга ҳамда закот беришга буюрилган эдилар. Мана шу тўғри (ҳаққоний) диндир» (Баййина, 5).
“Ихлос” луғатда: “Тозалаш”, “холис қилиш” деган маъноларни англатади. Шариатда эса бу: “Ибодатга, зикрга ва дуога фақат Аллоҳ лойиқ” деб ният қилишдир.
Абул Қосим Қушайрий сўзларига қараганда, ихлосли киши амалини одамларга яхши кўриниш, уларнинг мақтовини ёки мукофотини олиш учун эмас, балки ёлғиз Аллоҳнинг розилигини топиш, Унга қурбат ҳосил килиш ниятида қилиши керак. Бундай киши яхши амалларини халққа кўрсатиб, ёмонини беркитмаслиги лозим.
Ҳузайфа Маръаший бундай деган: “Ихлос — банданинг феъллари ташида ҳам, ичида ҳам бир хил бўлишидир”.
Абу Али Заҳҳок айтади: “Ихлос — халқ мулоҳазасидан сақланиш, тўғрилик эса, нафс хоҳишига эргашишдан тийилишдир. Ихлосли одам риёкорлик қилмайди, тўғри одам керилмайди”.
Зуннун Мисрий айтади: “Уч нарса ихлоснингаломатидандир:
1. Одамлар мақтаганда ҳам, мазаммат қилганда ҳам бир хил туриш;
2. Ўзи қилаётган яхши амалларни унутиш (ғурурланмаслик);
3. Қилган амалларининг савобини охиратга сақлаб қўйиш (тамагир бўлмаслик)”.
Ихлосга энг чиройли таърифни Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) берганлар ва буни “эҳсон” деб атаб, уни бундай изоҳлаганлар: “Эҳсон — банда ибодатини Аллоҳни кўриб тургандек адо этишидир. Чунки банда Аллоҳни кўриб турмаса ҳам, Аллоҳ уни кўриб туради”. Мана шу ихлосдир.
Ойша (розияллоҳу анҳу) айтади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Қайси бир одамнинг нияти дин арконларини адо этиш бўлса, унга албатта, Аллоҳ ёрдам беради”, дедилар (“Фатҳул Кабир”, Имом Аҳмад ривояти).
Ихлос ҳар бир амалнинг савобини кўпайтиради. Буни янада оддийроқ тушунтирадиган бўлсак, бир одам жамоат билан намоз ўқиш учун масжидга йўл олади ва ният қилади, агар йўлда бирор мазлумни учратсам, унга ёрдам бераман, агар йўлда одамларнинг ҳаракатига халал берадиган бирор нарса турган бўлса, уни йўлдан олиб ташлайман, агар кўзи ожиз одамни кўрсам, уни йўлга солиб юбораман, агар муҳтожни учратсам, унга эҳсон қиламан, агар жанжаллашаётган икки кишига дуч келсам, уларни яраштириб қўяман деса, Аллоҳ таоло жамоат намозидан ташқари унга нияти учун алоҳида савоб беради. Мана шундай яхшиликларни ният қилиш ихлос, дейилади. Шунингдек, ёмонликлардан, ҳарому макруҳлардан, катта-ю кичик гуноҳлардан ўзини сақлаш нияти ҳам ихлосдир.
Бир қудсий ҳадисда бундай дейилади:
Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: Расулуллоҳ (соллалл оҳу ал айҳи ва саллам) Раббисидан ривоят қилиб айтадилар: “Албатта, Аллоҳ яхшилик ва ёмонликларни ёзиб қўйди ва уни баён қилди: Ким бир яхшиликни қасд қилса-ю, уни қилмаса, Аллоҳ Ўз ҳузурида тўлиқ бир яхшилик савобини ёзади. Агар уни қасд қилиб, амалга оширса, Аллоҳ азза ва жалла уни Ўз ҳузурида ўнтадан етти юз яхшиликкача, ундан ҳам бир неча марта кўп қилиб ёзади. Агар бир ёмонликни қасд қилса-ю, уни амалга оширмаса, Аллоҳ уни Ўз ҳузурида тўлиқ бир яхшилик савобини ёзади. Агар у (ёмонлик) ни қасд қилиб, уни амалга оширса, Аллоҳ уни бир ёмонлик қилиб ёзади”, дедилар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Ислом шариати нақадар гўзал! Юқоридаги ҳадисдан маълум бўлишича, амалга бериладиган ажру савоб, асосан, банданинг ихлосига қараб бўлар экан. Чунки бир хил ният билан бир амални бажарган кишиларнинг биригаўн ҳисса савоб берил са, иккинчисига етти юз ҳисса, учинчисига ундан бир неча баробар кўп савоб ато этилиши айтилмоқда. Савоб ихлосга қараб бўлади.
Ихлос ана шундай улуғ нарса. Ихлос билан қилинган ибодатнинг савоби ана шундай кўп бўлади. Ихлос самараси ўлароқ банда Раббига қилган ибодати лаззатини топади, руҳи мусаффо бўлади, қалби нурга тўлади ва амалига қўшимча савоб олади. Ихлосли банда насиҳат ва ибратлардан ўзига фойда олади.
Ихлос Аллоҳ таоло томонидан бандаларига берилган улкан мукофот ва неъматдир. Аллоҳ таоло қудсий ҳадислардан бирида: “Ихлос Менинг сирларимдан биридир. Бандаларимдан кимга муҳаббат қилган бўлсам, ўшанинг қалбига ихлосни жойлаганман. Унга фаришта таниш бўлиб, ёза олмайди хам, шайтон таниш бўлиб, буза олмайди ҳам”, деган.
Абу Муҳаммад Саҳл Тустарий “Назарул акёс фи тафсирил ихлос” номли китобида бундай ёзган: “Ихлосли одамнинг ҳар бир ҳаракати ва сукунати ошкораликда ҳам, махфийлиқца ҳам фақат Аллоҳ учун бўлиши, унга нафс, ҳавас ва дунёнинг манфаати аралашмаслиги керак”.
Ривоят қилинишича, тасаввуф аҳли пешволаридан Имом Шиблий халқ орасида катта обрўга эга пири муршид эди. Бир куни шогирдларидан бири Шиблийга: “Шаҳарнинг нариги чеккасида истиқомат қиладигап бир новвойнинг ихлос ва муҳаббати жанобингизга жуда баланд. Юрган-турганда номингизни тилдан қўймасдан: “Шиблий ҳазратларини бир кўрсам эди”, деб такрорлагани-такрорлаган. Лекин хизматда жуда банд бўлгани учун зиёратингизга келолмайди”, деди. Имом Шиблий дарҳол шогирдига: “Ундай бўлса, унинг зиёратига мана биз борамиз!” деди ва ўзини танитмаслик учун эскироқ либос кийиб, новвой ҳузурига йўл олди. Новвой тандир олдида куймаланиб, янги пишган нонларни узиб, ёнидаги саватга ташларди. Имом Шиблий новвойга аста яқинлашди ва: “Аллоҳ учун нонингдан менга битта бер!” деди. Новвой Имом Шиблийни танимай унга ўқрайиб қаради ва: “Иссиқ нонни пули борлар ейди, пулинг бўлса нондан ол. Бу савдога Худони аралаштирма”, деди.
Имом Шиблий новвой ёнидан узоқлашди. Уни танийдиган ҳунармандлардан бири новвойга қараб: “Эсинг жойидами, ўзинг яхши кўриб, доим номини тилингдан қўймайдиган Имом Шиблий хузурингга ўз оёғи билан келса-ю, сен унга ҳурмат бажо келтирмай ҳайдаб юбординг?!” деб танбеҳ берди. Новвой қаттиқ ҳаяжонланиб: “Имом Шиблий шу одаммиди?” деди ва орқасидан югуриб, Шиблийга етиб олди. Қаттиқ ёлвориб: “Эй ҳазратим, мен сизнинг мухлисингизман, сизни танимабман, узримни қабул этинг!” деди. Имом Шиблий унга қараб норози оҳангда: “Бу ҳолатда сенинг узрингни қабул этолмайман. Агар сен минг тилло харажат қилиб, уйингда катта зиёфат ташкил этсанг, унга шаҳарнинг барча казо-казоларини таклиф қилсанг, ўшандагина ўша зиёфатга келиб, меҳмонлар олдида сенингузрингни қабул қиламан ва гуноҳингдан ўтаман”, деди.
Новвой рози бўлди ва зиёфат куни белгиланди. Катта зиёфат дастурхони атрофига ҳамма жам бўлганида, ўтирганлардан бири шундай таклиф киритди: “Муҳтарам Шиблий ҳазратлари, хонадон соҳиби новвой катта саховат кўрсатиб, эҳсон қилибди. Фурсатни ғанимат билиб, саховатнинг фазилати, сахийларнинг жаннатга кириши, жаннат ва аҳли жаннатнинг қандай бўлиши ҳақида маъруза қилиб берсангиз”. Имом Шиблий ўтирганларга қараб: “Муҳтарам меҳмонлар, жаннат ва жаннатийларнинг қандай бўлишини билмайман-у, аммо аҳли дўзахийларнинг қиёфасини кўраман десангиз, мана шу новвойга, унинг қиёфасига қаранглар!” деб хитоб қилди. Ўтирганлар бараварига: “Эй ҳазрат, саховат билан шундай катта зиёфат қилиб, унга таклиф этган бир яхши одамни сиз дўзахий деяпсизми?” деб эътироз билдирди. Шунда Имом Шиблий уларга: «Мен новвойга: “Аллоҳ учун менга битта нон бер!” десам у: “Аллоҳни аралаштирма!” деб мени ҳайдаб юборди. Менинг Шиблий эканимни билганидан сўнг эса, менинг розилигим учун минг тиллолик зиёфатга рози бўлди. Аллоҳга ихлос қилмасдан, унинг бир бандасига ихлос қилган, Аллоҳ учун бир нонни қизғаниб, унинг бандаси учун минг тиллони аямаган кимса албатта дўзахий бўладида», деди.
Фузайл ибн Иёз (розияллоҳу анҳу) айтади: “Одамлар риояси учун бирор амални тарк этиш риёдир. Одамлар риояси учун бирор ишни қилиш ширкдир. Ихлос эса сени мазкур икки залолатдан ҳам сақлайди”(“Ал-Азкор”, Имом Нававий, 6-6.).
Ҳар бир ишда ихлос ва самимият нақадар муҳим экани барчага аён. Шунинг учун мўмин киши ҳар бир амалини чин ихлос ва катта самимият билан қилиши мақсадга мувофиқдир. Аллоҳ таоло ҳеч биримизни Ўзининг ихлосидан айирмасин!
Усмонхон Алимовнинг
"Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) муборак васиятлари" китобидан