close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Чин иймон ва унинг ихлоси ҳақида

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Иймон келтирганлар ва иймонларига зулмни аралаштирмаганлар» (Анъом сураси, 82-оят.) ояти нозил бўлганида бу нарса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларига оғир келиб: «Бизлардан қайси биримиз ўзига зулм қилмайди?» дедилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бу сизлар ўйлаганингиздек эмас. Балки у Луқмон ўз ўғлига «Эй ўғилчам, Аллоҳга ширк келтирма. Албатта, ширк катта зулмдир»,(Луқмон сураси, 13-оят.) дегани кабидир», дедилар.

Шарҳ: «Бизлардан қайси биримиз ўзига зулм қилмайди?» деган саволни юзага келишига «Иймон келтирганлар ва иймонларига зулмни аралаштирмаганлар» оятидаги «зулм» сўзини накра - ноаниқ ҳолатда инкорнинг ортидан келиши сабаб бўлган. Чунки накра - ноаниқ исм инкордан кейин келганда умумийлик маъносини ифодалайди, деган қоида бор. Унинг мазмуни шунда: «Қайси кишининг иймони заррача зулмга қоришса, унинг иймони эътиборли бўлмайди», яъни бундай шахс ҳидоят ва омонликда бўлмайди. Бу оятни эшитган саҳобийлар жуда ҳам паришон бўлиб қолишди. Улар ўзаро бир-бирига: «Қайси шахснинг иймонига зулм аралашмаслиги мумкин. Ахир, мўмин киши билиб-билмай зулм қилиб қўйиши мумкин-ку?» деган саволларни беришди. Зулмнинг таърифига келсак, зулм - бир нарсани ўз ўрнидан бошқа жойга қўйиш. Бу таъриф сағира ва кабира гунохдарнинг барчасини ўз ичига қамраб олади. Шунинг учун ҳам саҳобаи киромлар паришон бўлиб қолишди. Бу бўйича Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга шикоят қилишди.
Расули акрам алайҳиссалом саҳобаларга тасалли бериб, бу ердаги зулмдан «ширк» ирода қилинган. Шунинг учун бунчалик безовта бўлманглар, деган маънони айтганлар. Чунки мазкур оятда умумий зулм эмас, хос зулм ҳақида сўз кетмокда. Аллоҳ таоло уни Луқмон сурасида баён қилган. Унда Луқмон алайҳиссалом ўз ўғли Мишкам ёки Анъамга насиҳат қилган. Умуман олиб қаралганда, иймонга зулмни аралаштирмаслик керак.
Бу юқоридаги ҳадиснинг бошқа санадлар билан қилинган ривоятидир. Бунда Абу Курайб айтади: «Ибн Идрис айтадики, биринчи отамдан, у Абон ибн Тағлибдан, у Аъмашдан, эшитганман. Кейин бўлса Аъмашнинг ўзидан эшитдим», деган
Шарҳ:
«Уни бундан эшитдим», деган жумла орқали Имом Муслим раҳматуллоҳи алайҳ олий санадга ишора қилмокда. Чунки иккинчи санадда Ибн Идрис бевосита Аъмашдан ривоят қилмоқда. Аввалги санадда эса у билан Аъмашнинг ўртасида иккита ровий, яъни отаси ва Абон ибн Тағлиб бор эди.

Ҳикматуллоҳ Абиевнинг
"Саҳиҳи Муслим" китобидан

Мақола жойлаштирилган бўлим: Ислом
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase