close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Тақво ҳақида

«Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга ҳақиқий тақво ила тақво қилинг» (Оли Имрон сураси, 102-оят).

«Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга ҳақиқий тақво ила тақво қилинг» (Оли Имрон сураси, 102-оят).
«Аллоҳга қўлингиздан келганича тақво қилинг» (Тагобун су-раси, 16-оят). Бу оят юқоридаги оятнинг мақсадини яна ҳам равшанроқ қилиб келмоқда.
«Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга тақво қилинглар ва тўғри сўз сўзланглар» (Аҳзоб сураси, 70-оят). Тақвога буюрадиган оятлар кўп ва маълумдир.
«Ким Аллоҳга тақво қилса, У зот унинг йўлини очиб қўюр. Ва унга ўзи ўйламаган тарафдан ризқ берур» (Талоқ сураси, 2-3-оятлар).
«Эй иймон келтирганлар! Агар Аллоҳга тақво қилсангиз, сизга фурқон беради, сизнинг гуноҳларингизни ювиб, мағфират қиладир. Аллоҳ улуғ фазл эгасидир» (Анфол сураси, 29-оят).
Бу мавзуда оятлар кўп ва маълумдир.
Шарҳ. Ушбу «Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга ҳақиқий тақво ила тақво қилинг» оятида мўъминларга хитоб қилиниб, тақво қилинглар, дейилмоқда. Тақво луғатда «сақланиш» маъносини англатади. Истилохда эса Аллохдан қўрқиш маъносини билдиради.
Тақвонинг турли даражалари бор. Энг олийси инсон Аллохдан бошқа барча нарсани қалбидан чиқариб, У Зотни зикр қилиб, розилигини топиш билан машғул бўлишидир. Юқоридаги оятда мана шу энг юқори мартабадаги тақвони ўзида ҳосил қилиш кераклиги айтилмокда.
Ушбу оятнинг тафсирида Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу, Қатода, Робеъ, Ҳасан Басрий раҳимаҳумуллоҳлар:
«Ҳақиқий тақво у Аллоҳ таолога итоат қилиш, осий бўлмаслик, доимо зикр қилишни унутмаслик, ҳамиша шукр келтириб, ношукрлик қилмаслик», деганлар:
Худди шу мазмун бошқа муфассирлар томонидан ҳам «Ҳақиқий тақво Аллоҳнинг буйруқларини бажаришда бирор инсоннинг маломати ва ёмон кўришига эътибор қаратмаслик. Ўзи, ота-онаси, ахли-оиласи, фарзандлари учун зарар бўлса ҳам ҳамиша инсофли бўлишдир», деб нақл қилинган.
Баъзи муфассирлар эса «Банда ўз тилини сақламагунча ҳақиқий тақво ҳосил бўлмайди», дейишган. Ушбу фикрларнинг бари бир-бирини тўлдириб, доимо ҳақиқий тақво қилиш лозим эканлигини ифодалайди.
Бошқа бир оятда Аллоҳ таоло қуйидагича марҳамат қилган:
«Аллоҳга қўлингиздан келганича тақво қилинг» (Тагобун сураси, 16-оят).
Оятни бошқа бир оят ёрдамида, сўнг ҳадиси шариф ёрдамида тафсир қилиш энг аъло тафсирдир. Имом Нававий раҳматуллоҳи алайҳ шу қоидага биноан: «Бу оят юқоридаги оятнинг мақсадини яна ҳам равшанроқ килиб келмокда. Яъни оятдаги «фа» ҳарфи «сабабийят ҳарфи» бўлиб, иймон тақвонинг сабабидир. Инсонда иймон бўлса, тақво ва бошқа солиҳ амалларга йўл очилади. Инсон тоқати етгунича солиҳ амалларни қилиб тақволи бўлишга ҳаракат қилиши керак», деганлар.
Аллома Олусий раҳматуллоҳи алайҳ; «Аллоҳга ҳақиқий тақво ила тақво қилинг» ояти нозил бўлганда, саҳобалар бу оятга амал қилиш борасида қўрқувга тушиб қолдилар. Чунки тўлиқ тақволи бўлишга кимнинг тоқати етади, деб ўйлаб қолдилар. Шундан сўнг «Аллоҳга қўлингиздан келганича тақво қилинг» ояти нозил бўлди. Ҳар бир инсоннинг хато ва гуноҳ қилиши, тили доим зикрда бўлмаслиги табиий ҳол. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло бандаларига тоқатидан ташқари ишни буюрмаган.
«Аллоҳ ҳеч бир жонга унга тоқатидан ташқари бўлган нарсани юкламас...» (Бақара сураси, 286-оят).
Банда тақволи бўлиш учун ўз тоқати етгунича ҳаракат қилиб бардавом бўлса, Аллоҳ таоло айтган ҳақиқий тақвога эга бўлади.
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумо, Имом Товус ва Имом Нававий раҳимаҳумуллохдан нақл қилинган тафсир ҳам шу маънодадир. Агар банда тақво қилиш учун тоқати етгунча ҳаракат қилса ҳам қандайдир гуноҳ қилиб қўйса, буни ҳақиқий тақвога хилоф иш қилди, дейилмайди. Чунки у қўлидан келганча ҳаракат қилди.
«Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга тақво қилинглар ва тўғри сўз сўзланглар» (Аҳзоб сураси, 70-оят).
Ушбу оятдаги «тўғри сўз» лафзи борасида бир неча фикрлар айтилган. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо бунга «Тўғри гап гапиринглар», дея маъно берганлар. Ҳазрат Қатода раҳматуллоҳи алайҳ «Барча сўз ва феълларда инсоф ва адолат ила гапиринглар», маъносида деганлар. Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ «Рост сўзни сўзланглар», маъносини берганлар. Бошқа баъзи уламолар «Ҳаққа олиб борадиган сўзни сўзланглар», маъносини берадилар.
Лекин юқоридаги ибора келтирилган барча фикрларни ўзида мужассам қиладиган кенг маъноли иборадир. Шу сабабли аллома Кошифий раҳматуллоҳи алайҳ: «Тўғри сўз деб ёлғоннинг ҳиди ҳам бўлмаган, инсонни мазах қилмайдиган, таҳқирламайдиган мулойим сўзга айтилади», деганлар.
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумо ва Икрима раҳматуллоҳи алайҳ «Тўғри сўз бу калимаи тавҳид, яъни «Ла илаҳа иллаллоҳ лафзидир», деганлар.
«Ким Аллоҳга тақво қилса, У Зот унинг йўлини очиб қўюр. Ва унга ўзи ўйламаган тарафдан ризқ берур» (Талоқ сураси, 2-3-оятплар).
Ушбу оятнинг нозил бўлиш сабаби борасида Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Авф ибн Молик Ашжаий розияллоҳу анҳу Пайғамбар алайҳиссалом ҳузурларига келиб, ўғли Солимни душман олиб кетганини ва шу сабабли онаси жуда ҳам ғамгин бўлганини айтди. Шунда у зот: «Мен сенга ва ўғлингни онасига «Ла ҳавла вала қуввата илла биллаҳ»,(Маъноси: «Аллоҳнинг ёрдамисиз на куч ва на қудрат бор».) қалимасини кўп айтишни буюраман», бошқа ривоятда «Тақвони ихтиёр қилинглар ва ла ҳавла вала қуввата илла биллаҳ» калимасини кўп айтинглар», дедилар. Натижада улар қилган амалларининг баракотидан Аллоҳнинг фазли билан ўғли қутулиб, ўзи билан душманларнинг 4000 та қўй ва бир қанча туяларини ҳайдаб келади. Аллоҳнинг бу раҳматини кўрган ота Пайғамбар алайҳиссалом ҳузурларига келиб, ўғли қайтиб келиши билан бирга унинг кетидан улкан ризқ келганини айтиб, бунинг ҳикматини сўраганида мана шу ояти карима нозил бўлди».
Ушбу оятда тақвонинг иккита баракаси баён қилинди. Биринчиси Аллоҳ таоло барча мусибатлардан халос қилди. Уламолар «Мусибатлар дунёвий ёки охиратга тегишли бўлсин тақво сабабли Аллоҳ таоло барчасидан халос қилади», деганлар. Иккинчиси хаёлига ҳам келмаган тарафдан ризқини бериб қўяди. Бу ерда ҳам ризқ дунёвий ёки охиратга тегишли бўлсин фарқи йўқ, Аллох таоло ўз фазли ила неъматлантиради.
Аллоҳ таоло айтади:
«Эй иймон келтирганлар! Агар Аллоҳга тақво қилсангиз, сизга фурқон беради, сизнинг гуноҳларингизни ювиб, мағфират қиладир. Аллоҳ улуғ фазл эгасидир» (Анфол сураси, 29-оят).
Ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло тақво эвазига учта инъомни ваъда қилмоқда.
Биринчиси, фурқон. Фурқон деб луғатда икки нарса орасини ажратиб турадиган нарсага айтилади. Шунингдек, Аллоҳ таолонинг ёрдами ҳам фурқон, дейилади. Яъни у билан ҳақ ва ботил ўртаси ажратилади. Бадр ғазоти ҳам фурқон куни - ҳақ ва ботил ажраган кун деб аталади.
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумо наздларида оятдаги фурқондан мурод Аллоҳ таоло ўз бандаси учун душманга қарши нусрат, ҳимоя бериши ва қўллашидир.
Ибн Зайд ва Ибн Исҳоқ раҳматуллоҳи алайхдар фурқон деб ақл ва басиратга(Зийрак бўлиш, узоқни кўра олиш ва дунёқараши кенг бўлиш.) айтилади, деганлар. Яъни Аллоҳ таоло тақво қилган бандани ақлли, дунёқарашини кенг қилиб қўяди. Натижада банда ўз ақли ва басирати билан ҳақ ва ботилни осонгина ажратиб олади.
Иккинчиси, ёмонликлари ювиб юборилади. Мўмин банда тақволи бўлса шу дунёда хатолари, тойилишлари ювиб юборилади. Бундай бандага тойилиш ўрнига яхши амалларни қилишга тавфиқ берилади.
Учинчиси, гунохдари мағфират қилинади. Банда бу дунёда тақвони ихтиёр қилса, охиратда барча гунохдари кечирилади ва даражаси кўтарилади.
Оят сўнгида Аллоҳ таоло улуғ фазл эгаси эканлиги таъкидланмокда. У зот ўта фазилатлики, тақво эвазига фурқонни, дунёда хатоларнинг ювилиши ҳамда охиратда гуноҳларнинг мағфират қилинишини ваъда қилди. Унинг инъоми чегараланган эмасдир.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Ё Расулуллоҳ, инсонларнинг мукаррами ким?» деб сўралди. У зот: «Уларнинг тақволиси», дедилар. Шунда саҳобалар: «Биз бу борада сўрамадик», дейишди. У зот: «Юсуф ибн Набийюллоҳ ибн Набийюллоҳ ибн Набийюллоҳ ибн Халилуллоҳ», дедилар. Саҳобалар: «Биз бу борада ҳам сўрамадик», дейишди. У зот: «Араб оилалари борасида сўраяпсизларми? Уларнинг жоҳилиятдаги яхшилари Исломда ҳам яхшиларидир, агар фақиҳ бўлсалар», дедилар» (Муттафакун алайу).
Шарҳ. Ушбу ҳадисда саҳобаи киромлар Набий алайҳиссаломдан инсонларнинг энг мукаррами ким, деб сўраганларида у зот: «Ким тақволироқ бўлса, ўша улуғроқдир», деб жавоб бердилар. Қуръони Каримда қуйидагича марҳамат қилинган:
«Албатта, Аллоҳнинг ҳузурида энг ҳурматлигингиз энг тақводорингиздир» (Ҳужурот сураси, 13-оят).
Набий алайҳиссалом саҳобаларнинг саволига бундай жавоб беришларининг сабаби, жоҳилият даврида одамлар ўз обрўси ёки оиласининг обрўси билан фахрланиб юришар эди. Шу эътибордан Исломда кишининг улуғлиги ўз обрўси ёки оиласининг обрўсига қараб эмас, балки тақвосига қараб белгиланади, дейилди.
Саҳобаларнинг саволида «Кишининг улуғлиги насл-насабга қараб бўладими?» деган маънони ҳам эҳтимоли бор эди. Шунинг учун ҳам Набий алайҳиссалом «Инсонларнинг энг шарафли ва улуғи Юсуф алайҳиссаломдир» деб жавоб бердилар. Чунки бу зот Яъқуб алайҳиссаломнинг ўғли, Исҳоқ алайҳиссаломнинг набираси Иброҳим алайҳиссаломнинг эвараси бўлиб, боболари қатори у зотга ҳам пайғамбарлик берилган. Шу сабабдан у киши шарафли ҳамда маънавий ва ахлоқий жиҳатдан комил сифатлар соҳиби бўлган.
Набий алайҳиссалом саҳобаларнинг асл мақсадни учинчи бор сўраганларидан сўнг англадилар ва «Араб оилалари борасида сўраяпсизларми? Уларнинг жоҳилиятдаги яхшилари Исломда ҳам яхшиларидир, агар фақиҳ бўлсалар», дедилар. Яъни жоҳилият даврида ўз салоҳияти билан улуғ бўлганлар, Исломдан кейин ҳам ўша салоҳиятини дин йўлида сарфлаб уни тўлиқ англаб етсалар улуғ бўлаверади.
Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий алайҳиссалом: «Албатта, дунё ширин, ям-яшил (кўзни қувонтирадигандир). Аллоҳ таоло сизларни унда (ерда Узининг) халифаси (деб ихтиёр) қилди. Энди қандай амал қилаётганингизни кузатиб туради. Бас, дунё ва аёллар (фитнаси)дан сақланинглар. Чунки Бану Исроилнинг энг биринчи фитнаси аёллар борасида бўлган эди», дедилар» (Имом Муслим ривояти).
Шарҳ. Дарҳақиқат, дунё ниҳоятда ширин, тотли, кўз қувнайдиган ям-яшилдир. Янги пишган меванинг ранги, ҳиди, мазаси инсонни ўзига қанчалар жалб қилса, дунё ҳам шу каби ўзига жалб қилади. Лекин ўша тотли, чиройли мева бир кун айнийди ва кўримсиз ҳолга келиб қолади. Шу каби яқин орада дунёнинг ҳам товланиши, яшиллиги тугайди ва мана шу ҳолга келади. Пайғамбар алайҳиссалом ушбу ҳадисларида тақвонинг энг биринчи душмани ҳақида баён қилмокдалар. Бу душман дунё бўлиб, унга муҳаббат қўйиш ва молу давлатни ортиқча жамлаш Аллоҳни унутишга сабаб бўлади.
Бошқа бир ҳадисда:
«Албатта ҳар бир умматга фитна бор. Умматимнинг фитнаси мол-дунёдир» (Имом Термизий ривояти).
Яна бир ҳадисда У зот:
«Аллоҳга қасамки, сизларга фақирлик келишидан қўрқмайман. Лекин сизлардан аввалгиларга дунё ёйиб қўйилганидек сизларга ҳам ёйиб қўйилишидан, сўнгра улар бу борада бир-бири билан мусобақа қилгани каби сизлар ҳам бир-бирингиз билан мусобақа қилишингиздан ва охир уларни ҳалок қилгани каби сизларни ҳам ҳалок қилишидан қўрқаман, дедилар (Имом Бухорий ривояти).
Тақвонинг яна бир душмани аёллардир. Яъни аёлларга бўлган ҳаддан ортиқ муҳаббат ҳам тақвони барбод бўлишига сабаб бўлади. Аёлларга нисбатан бундай муҳаббат дунёнинг энг катта фитналаридан бўлиб, бир қанча халқларни, ҳукуматларни барбод қилган. Тарихда юзлаб воқеалар бунга гувоҳ. Ҳадисда Пайғамбаримиз алай-ҳиссалом ўз сўзларига далил ўлароқ Бану Исроил қавмини мисол келтирдилар. Чунки бу қавм ҳам аёллар сабабли фитнага учраб хароб бўлди. Муҳаддислар бу борада кўплаб ривоятлар келтиришган. Аммо кўпчиликлари Балъам ибн Авро воқеасини нақл қилганлар. Ривоят қилинишича у киши солиҳ инсон бўлиб, кейинчалик ўз аёлига бўлган муҳаббати сабабли тўғри йўлдан тойилиб кетган. Аллох таоло барча фитналардан ўз паноҳида асрасин!
Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий алайҳиссалом: «Эй Аллоҳ, мен Сендан ҳидоятни, тақвони, покликни ва беҳожатликни сўрайман», дер эдилар» (Муслимривояти).
Шарҳ. Инсон тақвони ўзим ҳосил қиламан деб ҳаракат қилгани билан Аллоҳ бермаса унга эриша олмайди. Муаллиф ушбу ҳадис орқали тақвони аввало Аллохдан сўраш, сўнгра ўзимиз унга ҳаракат қилиб Аллоҳ таолога таянишимиз лозим эканига танбеҳ бермоқда. У қисқа бўлсада, маъноси кенг бўлиб, унда 4 та нарсани сўраш баён қилинмокда:
Биринчиси, ҳидоят бўлиб, ҳар доим намозларимизда Роббимиздан сўраймиз.
«Бизни тўғри йўлга бошлагин» (Фотиуа сураси, 6-оят).
Иккинчиси, тақво. У барча яхши амалларнинг томири, исломий таълимотлар мажмуасидир. Хулоса шуки, шариатда буюрилган амалларни бажариб, қайтарилган амалдан сақланиш тақводир. Зеро, диннинг моҳияти ҳам шу.
Учинчиси, поклик. Яъни барча ёмон амал ва ахлоқлардан, хусусан ўзгалардан тиланиб инсон қадрини туширадиган ишлардан сақланишдир.
Тўртинчиси, беҳожатлик. Яъни инсон куни ўтадиган даражада қўлида мол бўлса, шунга қаноат қилиб, бировдан сўрамаслик керак. Бир ривоятда бойликнинг яхшироғи - қалбнинг беҳожатлигидир, дейилган. Шу сабабли бир ҳадисда: «Аллоҳим, Ўз фазлинг билан мени Ўзингдан ўзгадан беҳожат қилгин», дуоси таълим берилган.
Абу Ториф Адий ибн Ҳотам Тоий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Мен Пайғамбар алайҳиссаломнинг: «Ким қасам ичса, сўнг ундан кўра Аллоҳга (яқинлаштирадиган яхшироқ) тақволироқ (ишни) кўрса, тақволирогини қилсин», деганларини эшитдим» (Имом Муслим ривояти).
Шарҳ. Фақиҳлар «Агар тоатга қасам ичилса, уни бажариш лозим. Аммо гуноҳ ишни қилишга қасам ичилса уни бажариш мумкин эмас. Чунки бир ривоятда: «Ким бир гуноҳ ишни қилишга қасам ичса ва ундан ўзгасини яхшироқ деб билса, қасамига каффорат берсин ва ўша яхширогини қилсин», дейилган.
Ушбу ривоятдаги каффорат борасида мазҳаблар ўртасида ихтилофлар бор. Имом Молик ва Имом Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳимлар каффорат берилмайди, дейишган.
Имом Аъзам раҳматуллоҳи алайҳ эса: «Айтилган гуноҳ ишга қаралади. Агар одам ўлдириш, зино қилиш каби айни гуноҳ бўлган ишга қасам ичса, у ишни бажармайди ҳам, каффорат ҳам бермайди. Агар қасам ичилган иш бошқа амал сабабли гуноҳ бўлса, масалан, ҳайит ёки қурбонлик кунларида рўза тутаман деса, уни бажармайди. Лекин каффоратини тўлайди», деганлар.
Ровийнинг исми Адий, куняси Абу Ториф. Отасининг исми Ҳотам Тоий бўлиб, Адий қабиласидан.
Бу киши Ислом тарқала бошлаган даврда қавмининг бошлиғи бўлган. Ислом аскарлари Той қабиласи томон юриш қилган пайтда оиласини олиб Шом диёрига қочиб кетади. Лекин ўша ерда қолиб кетган қариндошларидан бир аёл Ислом аскарларига асир тушади. Уша аёл Пайғамбар алайҳиссаломдан қўйиб юборишларини илтимос қилади. Иккинчи куни шу ҳол такрорланганда ҳазрат Алий розияллоҳу анҳу илтимосига кўра у аёл қўйиб юборилди. Буни кўрган Адий таъсирланиб Исломни қабул қилади. Набий алайҳиссалом уни яна қабиласига бошлиқ қилиб тайинлайдилар. У зот вафотларидан кейин бир қанча қабилалар муртад бўлиб закот беришни инкор қилишганда, Адий ўз қабиласини иймонда сақлаб қолди. У киши доимо таҳоратда юрганликларидан, намоз вақти бўлганда таҳорат олишга эҳтиёжлари тушмасди.
У зот ҳижрий 67 йилда Куфада вафот этганлар. У кишидан жами 66 та ривоят келтирилган бўлиб, 6 таси Бухорий ва Муслимда мут-тафақун алайҳ бўлган ҳадислардир.
Абу Умома Судай ибн Ажлон Боҳилий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Мен Видолашув ҳажида Набий алайҳиссаломнинг: «Аллоҳдан қўрқинглар. Беш вақт намозингизни ўқинглар, (Рамазон) ойингизни рўзасини тутинглар, мол-давлатларингиз закотини беринглар, амирларингизга (агар маъсиятга буюрмаса) итоат қи-линглар. Шунда Роббингиз жаннатига кирасизлар!» деб хутба қилаётганларини эшитдим» (Термизий «Намоз китоби»нинг охири-да ривоят ҳилган. Уни ҳасан саҳиҳ ҳадис, деганлар).
Шарҳ. Набий алайҳиссалом шундан сўнг ҳажга келмаганлар ва шу йили вафот этганлар. Уламолар «Шариатга зид бўлмаган барча ишларда бошлиқларга итоат қилиш лозим. Акс ҳолда итоат қилинмайди. Бу ҳақда Имом Нававий раҳматуллоҳи алайҳ уламолар иж-мосини нақл қилганлар», деганлар.
Ровийнинг исми Судай, куняси Абу Умома. Отасининг исми Ажлон бўлган. Исломни қабул қилиб, Ҳудайбийя ғазоти ва Ризвон байъатида иштирок этиш бахтига мушарраф бўлганлар.
Набий алайҳиссалом бу кишини ўз қавмига динни даъват қилиш учун юборганлар. Қавмини даъват қилганда улар Исломни тан олмай, сен динсиз бўлиб қолибсан деб, сув ҳам беришмайди. Чанқоқ ҳолида ухлаб қоладилар. Уйқуларида Аллоҳнинг фазли билан ташналиклари қондирилади. Уйқудан турганларида қавми хурмо ва сут беришади. У киши эса, Роббим мени қондирди, дейдилар. Қавм бу каби ҳолатларни кўравергач Исломни қабул қилишади. Ҳар бир саҳобийнинг бир амалга шавқи бўлганидек, бу киши дин даъватига шавқли бўлган.
У киши Шом диёрида ҳижрий 86 йили 106 ёшда вафот этганлар. У кишидан жами 250 та ривоят бўлиб, бештаси Бухорийда ва учтаси Муслимда келтирилган.

Ҳикматуллоҳ Абиевнинг
"Риёзус солиҳин шарҳи"китобидан

Мақола жойлаштирилган бўлим: Тазкия
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase