close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Бидъатлар ва янги пайдо бўлган ишлардан қайтариш ҳақида

«Ҳақиқатдан ўзгаси эса гумроҳлиқдир» (Юнус сураси, 32-оят).
«Китобда (Лавҳул-маҳфузда) бирор нарсани (ёзмасдан) қолдирмаганмиз» (Анъом сураси, 38-оят).

«Ҳақиқатдан ўзгаси эса гумроҳлиқдир» (Юнус сураси, 32-оят).
«Китобда (Лавҳул-маҳфузда) бирор нарсани (ёзмасдан) қолдирмаганмиз» (Анъом сураси, 38-оят).
«Борди-ю, бирор нарсада (дин ишида) келиша олмай қолсангиз - Аллоҳга ва охират кунига ишонадиган бўлсангиз - уни Аллоҳга ва Пайғамбарига ҳавола қилингиз» (Нисо сураси, 59-оят). Яъни Қуръон ва суннатга.
«Албатта, мана шу (Менинг) Тўғри йўлимдир. Унга эргашингиз! (Бошқа турли) йўлларга эргашмангиз! Акс ҳолда, улар сиз-ларни Унинг йўлидан айириб қўяди» (Анъом сураси, 153-оят).
«Айтинг (Эй Муҳаммад!): «Агар Аллоҳни севсангиз, менга эргашингиз. Шунда Аллоҳ сизларни севади ва гуноҳларингизни мағфират этади» (Оли Имрон сураси, 31-оят).
Бу мавзуда оятлар кўп ва маълум. Ҳадислар ҳам жуда кўп. Бу машҳур. Ундан бир қисмини келтириб ўтамиз.
Шарҳ. Аллоҳ таоло айтади: «Ҳақиқатдан ўзгаси эса гумроҳликдир» (Юнус сураси, 32-оят).
Ё ҳақ бўлади ё адашиш. Ҳақ ҳам эмас, адашиш ҳам эмас, деган нарса йўқ.
Яна бир оятда Аллоҳ таоло айтади:
«Китобда (Лавҳул-маҳфузда) бирор нарсани (ёзмасдан) қолдирмаганмиз» (Анъом сураси, 38-оят).
Оятдаги «Китоб» сўзидан икки нарсани тушуниш мумкин. Биринчиси, Лавҳул-маҳфуз кўзда тутилган бўлиши мумкин. Бунда бирор нарса Аллоҳнинг илмидан ташқарида эмаслиги, Аллоҳнинг илми барча борлиқни, аввалу охирни қамраган маъносида бўлган. Иккинчиси, Қуръони Карим назарда тутилган бўлиши мумкин. Ундадин ишларига оид ҳамма нарса батафсил ва умумий тарзда Қуръон-да айтилганини ифодалайди.
Шу ўринда бир савол туғилиши мумкин. Аллоҳ шу қадар илмли бўлса, уни ёзиб қўйишга нима ҳожат бор? Бунга жавоб шуки, ёзиб қўйгани Ўзи учун эмас, биз халойиқ учун. Чунки Аллоҳ ўта илмли, илми барча нарсани қамраган, дейилса, ҳамма шахс ҳам буни ақлига сиғдира олмаслиги мумкин. Аллоҳ шуларни битиб-ёзиб қўйганлиги ҳам айтилса, ана энди бундай шахс Аллоҳ таолонинг илми нақадар пухта эканини бирмунча тасаввур қила олади.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким бу ишимизда унда йўқ бўлган нарсани пайдо қилса, у раддир», дедилар» (Муттафакун алайу).
Муслимдаги ривоятда: «Ким бизнинг ишимиз бўлмаган бир амални қилса у раддир».
Шарҳ. Ҳадисдаги «бу ишимизда» деганда Ислом дини назарда тутилган. Яъни динимизда мавжуд бўлмаган, Аллоҳ ва Расули ижозат бермаган ишни чиқарадиган бўлса, рад этилади, қабул қилинмайди. Бу иш бидъат деб номланади.
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хутба қилган вақтлари кўзлари қизарар, овозлари кўтарилар, жаҳллари чиқар эди. Худди ёвнинг хабарини бериб «Тонг-саҳарлаб устингизга келди! Оқшомда устингизга келди!»66 дер эдилар. «Мен ва қиёмат бу иккиси каби юборилдик», дея кўрсаткич ва ўрта бармоқларини бирлаштирдилар. «Аммо баъд, энг яхши гап Аллоҳнинг Китоби, энг яхши ҳаёт йўли Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг йўли, ишларнинг ёмони янги пайдо (бидъат) бўлгани ва ҳар бидъат адашиш», дердилар. Сўнг яна: «Мен ҳар бир мўминга ўзидан ҳам ҳақлироқман. Кимдир мол-давлат қолдирган бўлса, оиласигадир. Кимдир қарз ёки хотин-фарзанд қолдирган бўлса, (уларнинг масъулияти) менга ва менинг зиммамгадир», дедилар» (Имом Муслим ривояти).
Ирбоз ибн Сория розияллоҳу анҳунинг «Суннатни муҳофаза қилиш» бобидаги ҳадислари (157-ҳадис) шу мавзуга тегишли.
Шарҳ. Ҳадисда «Мен ва қиёмат бу иккиси каби юборилдик», деб кўрсаткич ва ўрта бармоқларини бирлаштириб кўрсатиш орқали қиёмат қанчалик яқин қолганини айтганлар.
Бидъат ҳақида сўз кетганда, айтиш керакки, бидъат икки хил бўлади. Буни кўпинча «бидъати ҳасана - яхши бидъат» ва «бидъати саййиа - ёмон бидъат» тарзида айтадилар.
«Бидъат ҳасана» Пайғамбаримиз алайҳиссалом даврларида бўлмаган, бироқ Исломнинг умумий кўрсатмаларига зид келмайдиган ишлардир. Масалан, мадрасалар ташкил этилганини олайлик. Салаф-солиҳларимиз замонида мадраса бўлмаган. Лекин мадрасалар ташкил қилиш орқали мусулмонлар динини ўрганади, Ислом қувватга киради. Қолаверса, бунда шариатга зид ишнинг ўзи йўқ. Демак, бу сингари ишлар фақат номланишда бидъат дейилади, холос. Моҳияти бидъатдан буткул холи.
«Бидъати саййиа», шариатда қораланган бидъат. Уни қилиш шариатда тавсия этилмайди. Устига-устак, диннинг умумий қоидаларига ҳам тескари келадиган иш бўлади. Масалан, вафот этган инсоннинг хонасини чироғини ёқиб қўйишади. Буни диндан деб билишади. Шу каби ишларни диннинг бир бўлаги деб биладиган бўлса бидъат амал қилган бўлади.
Ҳадиснинг охирида ««Кимдир қарз ёки аёл, хотин-фарзанд қолдирган бўлса, менга ва менинг зиммамгадир» дедилар. Биргина ўзларини назарда тутаётганлари йўқ. Балки ҳамма вақтда бу каби инсонларнинг таъминотига раҳбарлар масъул бўлишини тушунтирганлар.

"Риёзус солиҳин шарҳи"китобидан

Мақола жойлаштирилган бўлим: Ислом
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase