Аллоҳ таолонинг махлуқотларининг улуғлиги, дунёнинг фонийлиги, охират қўрқинчлари, дунё ва охиратнинг бошқа ишлари борасида тафаккур қилиш ҳамда нафснинг камчиликлари ҳамда уни ислоҳ қилиш ва истиқоматда бўлишга ундаш ҳақида
Аллоҳ таоло айтади: «(Эй Муҳаммад! Мушрикларга): «Мен сизларга фақат биргина нарсани - Аллоҳ учун жуфт ва якка ҳолингизда туришингизни, сўнгра тафаккур қилишингизни, насиҳат қилурман, деб айтинг...» (Сабаъ сураси, 46-оят).
«Албатта, осмонлару ернинг яратилишида ва кеча-кундузнинг алмашинишида ақл эгалари учун белгилар бор. Улар туриб ҳам, ўтириб ҳам, ётиб ҳам Аллоҳни зикр этадилар ва осмонлару ернинг яратилиши ҳақида фикр юритадилар (ва дуо қиладилар:) «Эй Роббимиз! Бу (коинот)ни беҳуда яратмагансан. Сен (айблардан) пок Зотдирсан. Бас, бизни дўзах азобидан сақлагин!» (Оли Имрон сураси, 190-191-оятлар).
«Ахир, улар туяларга қараб, қандай яратилганига, осмонларнинг қандай кўтариб қўйилганига, тоғларнинг қандай тикланганига ва ернинг қандай ёйиб - текислаб қўйилганига боқмайдиларми?! Бас, (эй Муҳаммад! Умматингизга) эслатинг! Зотан, Сиз (ҳозирча) фақат эслатувчидирсиз» (Ғошия сураси, 17-21-оятлар).
«Ахир, улар ер юзида сайр (саёҳат) қилиб, ўзларидан аввалги (имонсиз) кимсаларнинг оқибатлари қандай бўлганини кўрсалар бўлмайдими?..» (Муҳаммад сураси, 10-оят).
Бу мавзуда оятлар кўп. Ҳадислардан эса, юқорида ўтган боблардан бирида: «Доно ўзини ҳисоб-китоб қилган инсондир» ҳадисидир.
Шарҳ. Аллоҳ таоло Сабаъ сурасининг 46-оятида қуйидагича марҳамат қилади:
«(Эй Муҳаммад! Мушрикларга): «Мен сизларга фақат биргина нарсани - Аллоҳ учун жуфт ва якка ҳолингизда туришингизни, сўнгра тафаккур қилишингизни насиҳат қилурман, деб айтинг...»
Бу ояти каримада Макка аҳлига: «Узингиз бу пайғамбар ҳақида ақл билан ўйлаб кўрингларчи, у ростгўйми ёки ёлғончими?! Олдин қандай эди, кейин қандай бўлди, шуларни ўйланглар» деган маънода бир ҳужжат келтирилиб, уларга холисона йўл кўрсатилмоқда.
Бу оятдаги «туришингизни» деган сўздан шунчаки туриш эмас, балки фикр қилиш ва ўйлаш учун туриш маъноси назарда тутилган. Фикрлаб мулоҳаза қилиш икки хил бўлади. Биринчиси, хилватда, ёлғиз ўзи фикрлаб мулоҳаза қилади. Иккинчиси, ўзи яхши кўрган кишилари ва улуғлари билан маслаҳатлашиб фикр-мулоҳаза қилади. Яъни кўпчилик бўлмай иккита-иккита бўлиб ва улуғлар билан маслаҳатлашиб фикр қилишсин. Чунки кўпчилик бўлса ҳаммадан ҳар хил фикрлар чиқиб, мақсад ҳосил бўлмай қолади. Аммо бу фикрлашлари «Аллоҳнинг розилиги учун» бўлиши шарт. Олдинги ақийдавий фикрларингиздан зеҳнингиз холи бўлиб турган пайтда ҳақиқатни талаб қилинг. Олдинги ўзингизнинг эътиқодингизни таянч қилиб олманг. Ақл ҳамма инсонда бор, бошқа ҳамма нарсани четга суриб фақат ақл билан ўйлаб кўрилса, ақл бу пайғамбарнинг сиз айтгандек мажнун эмаслигига гувоҳлик беради. Чунки бу зот 40 йил умрларини мана шу қавм ичида ўтказдилар. Унинг ҳар бир қилган амалидан сизларнинг хабарингиз бор эди, энди бирдан чиқиб тавҳидга даъват қиляптими?! Демак, у зотга ваҳий келган. Бу нарса у кишида 40 йил давомида топилмаган эди. Тўсатдан бўляптими, энди ўйлаб кўрингларчи, айтаётган нарсаларини ўзича айтяптими ёки у нарса Аллоҳ таоло томонидан келган ваҳийми?!
Яна бир оятда Аллоҳ таоло айтади:
«Албатта, осмонлару ернинг яратилишида ва кеча-кундузнинг алмашинишида ақл эгалари учун белгилар бор».
«Улар туриб ҳам, ўтириб ҳам, ётиб ҳам Аллоҳни зикр этади-лар ва осмонлару ернинг яратилиши ҳақида фикр юритадилар (ва дуо қиладилар:) «Эй Роббимиз! Бу (коинот)ни беҳуда яратмагансан. Сен (айблардан) пок Зотдирсан. Бас, бизни дўзах азобидан сақлагин!» (Оли Имрон сураси, 190-191-оятлар).
Ҳазрат Ато ибн Абу Рабоҳ раҳматуллоҳи алайҳ Оиша розияллоҳу анҳонинг ҳузурларига бориб: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан кўрган бирор ажойиб нарсангизни менга айтиб беринг», дедилар. Шунда Оиша розияллоҳу анҳо: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг барча ҳолатлари ажойиб эди. Уша ажойибларидан бири, бир куни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам менинг ҳузуримда эдилар. «Менга ижозат бергин, Роббимга ибодат қилай», дедилар. Сўнг туриб таҳорат қилдилар ва намоз ўқий бошладилар. Қиёмда шундай йиғладиларки, кўз ёшлари кўксиларигача окди. Кейин руку қилиб рукуда ҳам йиғладилар, сажда қилиб саждада ҳам йиғладилар. Ҳатто субҳца Билол розияллоҳу анҳу келиб намоз хабарини берди. Билол розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг йиғлаганларини кўриб: «Сиз шунчалар йиғлабсиз, ҳолбуки, Аллоҳ сизнинг олдинги ва кейинги гуноҳларингизни авф қилган бўлса», деди. Шунда Пайғамбар алайҳиссалом: «Аллоҳга шукр қилувчи банда бўлмайми?! Мен нима учун йиғламай? Бу кеча Аллоҳ таоло менга «Албатта, осмонлару ернинг яратилишида...» оятини нозил қилди», дедилар.
Оятда: «...осмонлару ернинг яратилиши ҳақида фикр юритадилар», дейилди. Тафаккур деб бир нарсанинг ҳақиқатига етиш учун ҳаракат қилишга айтилади. Бу оятдан тафаккур қилиш ҳам ибодат экани маълум бўлади. Алий розияллоҳу анҳудан келтирилган ривоятда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам;
«Бир муддат тафаккур қилиш тунни (нафл ибодат билан) бедор ўтказишдан яхшироқ», деганлар.
Ҳазрат Умар ибн Абдулазиз раҳимаҳуллоҳ: «Тафаккур қилиш афзал ибодатлардандир», деганлар.
Суфён ибн Уяйна раҳматуллоҳи алайҳ: «Тафаккур қилиш бир нур бўлиб, қалбингизга кириб боради», дедилар.
Ҳазрат Бишр Хофий раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: «Аллоҳ таолонинг азамати борасида тафаккур қилиш маъсиятдан, итоатсизликдан тўсади». Яъни Аллоҳнинг азамати ҳақида тафаккур қилсанг, маъсият қила олмайсан.
Бошқа бир оятда Аллоҳ таоло айтади:
«Ахир, улар туяларга қараб, қандай яратилганига, осмонларнинг қандай кўтариб қўйилганига, тоғларнинг қандай тикланганига ва ернинг қандай ёйиб - текислаб қўйилганига боқмайдиларми?! Бас, (эй Муҳаммад! Умматингизга) эслатинг! Зотан, Сиз (ҳозирча) фақат эслатувчидирсиз» (Ғошия сураси, 17-21-оятлар).
Бу оят тафсирида аллома Қатода раҳматуллоҳи алайҳ: «Аллоҳ таоло Қуръонда жаннатнинг сифатларини баён қилганда адашган, гумроҳ инсонлар таажжубга тушиб, ёлғонга чиқардилар. Шунда Аллоҳ таоло шу оятларни нозил қилди. Ёки Ғошия сурасининг 13-ояти:
«Унда баланд-баланд сўрилар бордир», нозил бўлганда ўша гумроҳ кишилар «Сўрилар баланд бўлса, биз қандоқ ўтирамиз, бу бўлиши мумкин эмас», деб эътироз билдирганларида мазкур оятлар нозил бўлди», деганлар.
Уларнинг бу эътирозига Аллоҳ таоло «Туянинг қандоқ яратилганига ...қарамайдиларми?!» демокда. Яъни туяга назар солсалар Аллоҳ таолонинг қудратини осон тушуниб оладилар. Туя жуссаси катта жонивор бўлиб, араблар ўша вақтда ундан кўп фойдаланар эдилар. Туяни оддий камбағал одам ҳам билар эди. Туя баланд жонивор бўлгани билан унга чиқиладиган нарвони йўқ. Аллоҳ таоло Уз қудрати билан туянинг олд оёғига тизза қилиб қўйган. Шу сабабли туя чўкади. Энди туяни шундай қилиб яратган Зот жаннатдаги сўриларни ҳам хоҳлаган пайтингиз олдингизга келадиган қилиб қўйишга қодир эмасми?!
«...тоғларнинг қандай тикланганига... қарамайдиларми?!» Аллоҳ таоло ерни яратиб, ундан сувларни юргизганида ер қалқиб турди. Кейин Аллоҳ таоло уни қалқимаслиги учун тоғларни қадаб қўйди, сувлар ҳам ўз ўрнида турадиган бўлди.
«...ернинг қандай ёйиб-текислаб қўйилганига боқмайдиларми?!» Аллоҳ таоло ерни қандай ёйиб-текислаб қўйган бўлса, жаннатни ҳам шундай тайёрлаб қўйган.
Бир ҳадиси қудсийда Аллоҳ таоло: «Мендан ўзга бирор кимса туяга ўхшаган нарсани ярата оладими?! Осмонга ўхшаган бирор нарсани баланд қила оладими?! Тоғлардек мустаҳкам бир нарсани ўрнаштира оладими?! Ердек бир нарсани ёя оладими?!» деб миннат қилган.
«Бас, (эй Муҳаммад! Умматингизга) эслатинг!» Бу оят Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга «Сизнинг зиммангизда етказиш ва насиҳат қилиш бор, ҳисоб-китоб, жазолари эса Бизнинг зиммамизда» деган маънода тасалли берган.
Аллоҳ таоло Муҳаммад сурасининг 10-оятида қуйидагича марҳамат қилади:
«Ахир, улар ер юзида сайр (саёҳат) қилиб, ўзларидан аввалги (иймонсиз) кимсаларнинг оқибатлари қандай бўлганини кўрсалар бўлмайдими? Аллоҳ уларни яксон этди-ку! Кофирлар учун ҳам худди ўша (оқибат)ларнинг ўхшаши бўлур».
Тарих уламолари айтадилар: «Арабларда сайр қилиш унча ривожланмаган эди. Бу оятда Макка аҳлидан инкор қила олмайдиган услубда сўралмоқда». Яъни сизлар Маккага яқин бўлган Од, Самуд қишлоқларини бориб кўрмайсизларми?! Уларнинг қалъалари мустаҳкам, ўзлари ўта кучли бўлишига қарамай Аллоҳнинг азобидан қутула олмадилар. Бундан ибрат олинг. Агар уларнинг йўлидан юрсангиз, сизларга ҳам шу нарса бўлади.
Ҳикматуллоҳ Абиев, Абдушукуржон Мурадов, Ойбек Ҳошимов
бу Закарийё Яҳё ибн Шараф ан-Нававийнинг "Риёзус солиҳин шарҳи"китобидан