Одамнинг икки ўғли ҳақидаги қиссада Қуръон бизларга ҳақиқатни айтиб беради. Бизлар бу қиссада ёмон ака яхши укасини ўлдиришга олиб борганини кўришимиз мумкин.
“(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), уларга Одамнинг икки ўғли ҳақидаги хабарни ҳаққирост тиловат қилинг. Ўшанда у иккови қурбонлик қилганларида (қурбонликлари) бировларидан қабул қилинган, иккинчиларидан қабул қилинмаган эди. Шунда у «Қасамки, сени ўлдирурман», деганида, биродари айтди: «Аллоҳ фақат тақводорлардангина (қурбонликларини) қабул қилур».
Изоҳ: Муфассирлар (Қуръонни тафсир, шарҳ қилувчилар) ёзишларича, воқеа бундай бўлган: Одамнинг икки ўғли Қобил ва Ҳобил бир қизни талашиб қоладилар. Шунда Одам уларга Аллоҳ Йўлида қурбонлик қилишни буюради ва кимнинг қурбонлиги Ҳақ таоло даргоҳида қабул бўлса, қизни ўшанга никоҳлаб беришини айтади (Унинг қабул бўлганининг аломати - осмондан ўт - чақмоқ тушиб ёндириб кетиши эди). Улар бу шартни қабул қилдилар ва Қобил ўзининг касби деҳқончиликдан энг сифатсиз - бемазасини топиб, қурбонлик қилади. Ҳобил эса қўйлари орасидан (у чорвадор эди) энг яхши бир қўчқорни танлаб қурбонлик қилади. Шунда Ҳобилнинг қурбонлиги қабул қилингани маълум бўлади. Бундан ғазабга келган Қобил ўз инисини ўлдирмоқчи бўлади.
Қасамки, агар сен мени ўлдириш учун қўл чўзсанг, мен сени ўлдириш учун қўл чўзгувчи эмасман. Чунки мен бутун оламлар Парвардигори бўлмиш Аллохдан қўрқаман. Мен сени менинг гуноҳим ҳамда ўзингнинг гуноҳинг билан қайтиб, дўзах эгаларидан бўлиб қолишингни истайман. Золимларнинг жазоси шудир. Бас, нафси унга ўз биродарини ўлдиришни чиройли қилиб кўрсатиб (Қобил) уни ўлдирди ва зиён кўргувчилардан бўлиб қолди. Сўнгра Аллоҳ унга биродарининг мурдасини қандай кўмишни кўрсатиш учун ер титадиган бир қарға юборди. У (қарғанинг қилаётган ишини кўриб): «Менга ўлим бўлсин, мана шу қарғачалик бўла олмадимми - биродаримнинг мурдасини ўзим кўма олмадимми?’», деб надомат қилгувчилардан бўлиб қолди”. (Моида сураси,
27-31-оятлар)
Қуръон ҳасадчининг ёмонлигидан паноҳ сўрашга буюради:
“..ва ҳасад қилаётган ҳасадгўйнинг ёмонлигидан паноҳ беришини сўраб илтижо қилгурман”. (Фалақ сураси, 5-оят)
Яна ҳасадгўй яҳудийларни ҳам сифатлайди:
..ки улар одамларга (яъни, Муҳаммад алайҳис-саломга) Аллоҳ ўз фазлу карамидан берган нарсага (яъни, пайғамбарликка) ҳасад қиляптиларми?” (Нисо сураси, 54-оят)
Яна ҳасад Исломга иймон келтиришнинг тўсиқлари ва сабабларидан эканлигини айтди.
“Аҳли Китобларнинг кўпчилиги ўз ҳасадгўйликлари билан сизларни, иймонли бўлганингиздан кейин (яъни, ҳозир), уларнинг ўзларига ҳам ҳақиқат очиқ равшан бўлганидан кейин яна куфрга қайтаришни истайди..” (Бақара сураси, 109-оят)
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳасад ва нафратни умматнинг касали эканини айтади. Динга таъсир ўтказувчи хатарли касал. У зот айтдилар: “Сизларга сизлардан аввалги умматнинг касали келди - нафрат ва ҳасад. Нафрат қирувчидир. Сочни эмас динни қирур”.
“Банданинг ичида ҳам иймон, ҳам ҳасад бирга жамлана олмайди”.
“Инсонлар ҳасад қилмас эканлар, яхши-ликда бардавом бўладилар”.
Юсуф Қарзовийнинг
"Амалларнинг мартабаларини англаш" китобидан