close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Қалбни нафрат-адоватдан поклаш

Қалбида бошқаларга нисбатан адоват ва гина сақламай яшай олган инсон бахтлидир. Бундай киши бошқаларда Аллоҳ фазли ва неъматини кўрса, Расулуллоҳнинг мана бу сўзларини эслайди: «Эй Аллоҳ, сенга ҳамдлар ва шукрлар бўлсинки, мендаги ва бошқа одамлардаги неъматлар ҳаммаси фақат Сен берган неъматлардандир!».

Қалбида бошқаларга нисбатан адоват ва гина сақламай яшай олган инсон бахтлидир. Бундай киши бошқаларда Аллоҳ фазли ва неъматини кўрса, Расулуллоҳнинг мана бу сўзларини эслайди: «Эй Аллоҳ, сенга ҳамдлар ва шукрлар бўлсинки, мендаги ва бошқа одамлардаги неъматлар ҳаммаси фақат Сен берган неъматлардандир!». Шунингдек, бундай пок қалбли инсон бирон кишига мусибат етганини кўрса, ўша мусибатларни Аллоҳ тезроқ кетказишини сўрайди. Пок қалбли ва бошқаларга гина-кудурати йўқ киши ҳаётдан ва Аллоҳдан рози бўлиб яшайди. Бундай киши ҳар доим хотиржам ва тинч бўлади. Қалбнинг гина-адоватларга тўла бўлиши бедаво дарддирки, гўё тешик идишдан сув оқиб чиқиб кетгани каби бундай қалбдан ҳам имон чиқиб кетади.
Динимиз ҳар бир инсон қалбини назорат қилади. Қалбнинг қорайиши ҳар қандай яхши амални бузади ва бундай амал Аллоҳ даргоҳига етиб бормайди. Абдуллоҳ ибн Амр ривоятида Расулуллоҳ алайҳиссаломдан: «Энг афзал инсон ким?» деб сўралганида, у зот: «Қалби пок ва ростгўй одам», дея жавоб бердилар. Шунда саҳобалар: «Ростгўйни биламиз, бироқ қалби пок ким?» деб сўрашганида у зот: «Гуноҳ, тажовуз, алдаш ва ҳасаддан холи бўлган пок ва тақволи кишидир», дея жавоб қилдилар.
Бундан келиб чиқадики, барча мўмин-мусулмонлар қалбида бир-бирини яхши кўриб, унс-улфат тутиш ва ёрдам бериш ҳис-туйғуси бўлиши лозим. Бу ҳақда Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади:
«Улардан кейин (дунёга) келган зотлар айтурлар: «Эй Раббимиз! Ўзинг бизларни ва биздан илгари имон билан ўтганларни мағфират этгин ва қалбларимизда имон келтирган зотларга нисбатан гина пайдо қилмагин! Эй Раббимиз! Албатта, Сен меҳрибон ва раҳмли зотдирсан!» (Ҳашр сураси, 10-оят).
Айниқса, хусумат ёмон иллат бўлиб, агар томир ёйса, қалбдан имонни сиқиб чиқаради. Бир куни Расулуллоҳ алайҳиссалом: «Тунлари намоз ўқиган, кундузлари рўза тутган ва хайр-садақалар берган кишидан ҳам афзалроқ кимлигини айтайми?» деб қолдилар. Саҳобалар: «Айтинг, эй Расулуллоҳ», дейишди. У киши: «Қалбини ислоҳ қилган одам, чунки мақсад ёмон бўлса, у бамисоли офатдир», дея тушунтирдилар. Шайтон инсон кўнглига ғулғула солиб, уни ҳалокатга дучор этиш учун қаттиқ интилади. Шунга қарамай, у оқил киши қалбига зарар етказа олмайди. Лекин уни Парвардигоридан узоқлаштиришга қодир. Шайтон одамлар қалбига адоват уруғини ташлаш билан мақсадига эришади. Яъни, ёмонлик қалбдан жой олса ва унга дарз етса, кишилар орасида ишончсизлик ва адоват вужудга келади. Оқибатда Аллоҳ боғланишга буюрган ришталарни узадиган ва ер юзида бузғунчилик қилиб юрувчи кимсаларга айланадилар. Одамлар орасида фитна-фасод қўзғаш, адоват уруғини сочиш ва бошқа бузуқ ишлар билан машғул бўлиш ер юзида бузғунчилик қилиб юриш ҳисобланади. Катта душманликка айланиб кетмасдан олди олинади. Тушунча ва феъл-атворга кўра одамлар бир-бирларидан фарқ қилади. Тўғри, баъзан қилинаётган ёмонликни сезиб хафа бўласиз ва ёмонлик қилаётган кимсани тийиб қўйиш йўлин излаб бошингиз қотади. Лекин Аллоҳ таоло мусулмонлар орасидаги боғланиш-алоқа тўхтаб қолишига рози бўлмайди. Бу ҳақда Расулуллоҳ алайҳиссалом шундай деганлар: «Бўлинманглар, ўзаро адоват қилманглар. Ғазаб ва ҳасад қилманглар! Аллоҳнинг бир-бирларига ака-ука бандаларидан бўлинг! Мусулмон мусулмон биродарига уч кундан ортиқ гина сақлаши ҳалол эмас». Яна бир ҳадисда: «Мўминнинг мўминга уч кундан ортиқ гина сақлаши ҳаромдир. Уч кун ўтса, унга салом берсин. Агар у саломга алик олса, иккаласи хдм савобга мустаҳиқдир. Аксинча, саломга алик олмаса, у гуноҳкорга айланади. Салом берган киши эса гинасидан чиқиб, савобга эришади».
Шундан биламизки, уч кун ичида ҳар қандай кишининг ғазаби совийди. Демак, уч кундан кейин мусулмон ўз биродари билан муомала-муносабатини олдингидек давом эттириши лозим. Ҳар қандай низо-жанжалда инсон ё золим, ё мазлум бўлиб чиқади. Агар у бошқалар ҳаққига тажовуз қилса, хато йўлдан қайтиб, ўзини тузатсин. Билиб қўйсинки, қалби хусуматга тўла киши ўзидаги ғазабни ҳаргиз кетказа олмайди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом: «Ким бировга тўсатдан ёки бошқа бир сабабдан зулм қилиб қўйса, тилла ҳам, кумуш ҳам асқатмайдиган кун келмасдан аввал ундан кечирим сўрасин. Зотан, ҳисоб-китоб қилинадиган кунда золимнинг солиҳ амаллари мазлумга олиб берилади», дейдилар. Булар золимларга берган динимиз насиҳатларидир. Мазлумлар учун Исломнинг насиҳатлари шуки, биродари йўл қўйган хатосига узр сўраб қолса, узрини бажонидил қабул қилсин. Бундай қилмаслик катта хатодир. Бу тўғрида Расулуллоҳ алайҳиссалом шундай деганлар: «Мусулмон биродари узрини қабул қилмаган кишига бировнинг молини тортиб олган одамнинг гуноҳича гуноҳ ёзилади». Яна бирида: «Ярашмоқчи бўлган одам билан ярашмаган киши Кавсар ҳовузидан сув ичмайди», дейилган. Ислом золимга ҳам, мазлумга ҳам панд-насиҳат бериш баробарида мусулмонлар орасида гина-кудурат юзага келмаслигини кўзлайди.
Мўминларни ўзаро дўстлик ва тенглик асосидаги муомала қарор топган гўзал ҳаётга даъват этади. Бошқаларга нисбатан нафрат-адоватда бўлишни динимизда тубанлик ва менсимаслик дея қораланади. Зотан, бошқалар дилига озор бериб, нафратлари қайнаб-тошиб туриши билан роҳатланадиган тубан кимсалар йўқ эмас. Расулуллоҳ алайҳиссаломдан ривоят қилинади: «Ёлғиз яшаган, қулини ноҳақ калтаклаган ва бошқаларга ёрдам бермаган киши ёмон кишидир. Одамлар нафратини келтирган киши ундан ҳам ёмонроқдир. Бошқалар хатосини тушунмаган, узрини қабул қилмаган ва айбларини кечирмаган киши эса ундан ҳам ёмонроқдир. Яхшилиги умид қилинмаган ва ёмонлигидан хотиржам бўлинмаган кимса энг ёмон одамдир». Гина-кудурат сақлашни азалдан пасткаш кимсалар хислати, деб қаралган. Яхши одамларни ёмонлаш ҳам тубан хулқ ҳисобланади. Расулуллоҳ саҳобаларидан: «Аллоҳ ҳузурида энг катта рибо нималигини биласизларми?» деб сўраганларида, саҳобалар: «Аллоҳ ва Расули билади», дейишди. Пайғамбаримиз: «Мусулмон биродарининг обрўсини тўкишни ўзига ҳалол деб билиши Аллоҳ ҳузуридаги энг катта рибо-судхўрликдир», деб қуйидаги оятни ўқидилар:
«Мўмин ва мўминаларга қилмаган гуноҳлари билан озор берадиган кимсалар бўҳтон ва аниқ гуноҳни ўзларига олган бўлурлар» (Аҳзоб сураси, 58-оят).
Бировлар хатосини қидириш ва уларга қасддан айб чаплаш тубанлик ва пасткашликка киради. Бундай бўҳтон ва уйдирмалар учун турлича азоблар ваъда қилинади. Расулуллоҳ алайҳиссалом айтадилар: «Айблаш мақсадида бир нарса деган одамни то у айтганини келтиргунича дўзахда ушлаб турилади». Киши бўҳтон сўзни тилга олиб, бемалол айтганидан кейин уни Аллоҳ ҳузурида қандай исботлар экан-а?! Қалби тоза мўмин киши бошқаларга қўли билан яхшилик қила олмаса ҳам, ҳеч бўлмаса, уларга яхшилик тилаб юради. Қалби нопок киши бошқаларга ёмонлик қилиш иложини тополмаса, ҳеч бўлмаса, улар устидан ёлғон ва бўҳтон гап тарқатиб юради. Қуръони каримда бундай одамлар қуйидагича таърифланади:
«Албатта, имон келтирган кишилар ўртасида ёмон гаплар ёйилишини истайдиган кимсалар учун дунёда ҳам, охиратда ҳам аламли азоб бордир. (Ҳамма нарсани) Аллоҳ билур, сизлар эса билмассиз» (Нур сураси, 19-оят).
Исломда ғийбат қилиш ҳам ҳаром қилинган. Абу Ҳурайрадан келтирилган ривоятда Расулуллоҳ алайҳиссалом: «Ғийбат нималигини биласизларми?» деб сўрадилар. Саҳобалар: «Аллоҳ ва унинг Расули билади», деб жавоб беришди. Пайғамбаримиз: «Биродаринг ҳақида фисқу фасод тарқатишинг», дедилар. «Мен айтган сифатлар биродаримда бўлса-чи?» деган саволга Расулуллоҳ алайҳиссалом: «Биродарингда мавжуд сифатларни айтишинг билан ғийбат ва йўқ сифатларни гапиришинг билан эса бўҳтон қилган бўласан», дедилар».
Мусулмонлар фирқаларга бўлинмай, аҳил яшашлари учун динимизда чақимчилик ҳам ҳаром қилинган. Чунки чақимчилик инсон феъл-атворининг бутунлай ўзгаришига олиб келади. Расулуллоҳ алайҳиссалом ўзлари ҳам саҳобаларидан кайфиятни бузадиган нохуш сўзларни айтмасликларини талаб қилиб, шундай деганлар: «Сизлардан бирортангиз саҳобаларим ҳақида менга ёмон сўз айтиб келмасин. Чунки мен кўнглим хотиржам ҳолда сизларга рўбарў бўлишни хоҳлайман». Демак, ақлли киши нодон кимсаларга бошқалардан эшитган ёмон сўзларни айтмаслиги керак. Зотан, қанчадан-қанча ёмон сўзлар айтилган жойида қолиб кетса, у ўша заҳотиёқ тугайди. Акс ҳолда, нодон ва аҳмоқлар у ёқ-бу ёққа ташиб, кишилар орасида низо ва жанжал чиқишига сабаб бўлади. Расулуллоҳ алайҳиссалом: «Ла ядхулул жанната наммам», деганлар. Бошқа бир ривоятда: «қаттот», деганлар. Яъни, «Чақимчи жаннатга кирмайди». Олимлар «наммам» ва «қаттот» сўзларини шундай шарҳлаганлар: «Наммам одамлар сўзини бошқаларга етказувчидир, қаттот эса, бир гапни пинҳона эшитиб олиб, бошқаларга етказувчидир».
Ислом дини мусулмонларни бошқаларга нисбатан гина-адоватда бўлишдан ҳам қайтаради. Гина-адоват бошқалар ҳақида ёмон фикрда бўлиб, айбларини очиш ва улар ҳақида ёмон гапларни тарқатишдир. Расулуллоҳ алайҳиссалом буни қоралаб, ҳадиси шарифда шундай деганлар: «Чақимчи ва гиначиларнинг жойи дўзахда бўлади. Бу мусулмон қалбида жам бўлиши мумкин эмас». Яна бир ҳадисда: «Ким биродари айбини беркитса, қиёмат куни Аллоҳ унинг айбини беркитади», дейилган. Яна бирида: «Бир мўминнинг айбини беркитиш гўёки чақалоққа ҳаёт беришдир», дейилган. Тирноқ ичидан кир қидириб, бошқалар айбини фош этувчилар қаттиқ гуноҳкордир ҳамда очиқдан-очиқ гуноҳ ишларни қилувчилар каби Аллоҳдан узоқ кимсалардир. Тоза қалбли инсонга ҳаёт лаззатлари ва дунё жозибалари ҳеч қандай таъсир ўтказа олмайди. Бундай фазилат эгаси бошқаларнинг омади ва пешқадамлигидан асло хафа бўлмайди. Инсон ўзи ҳаётда қандайдир бир нарсадан манфаатдор бўла олмаса, манфаатдор кишиларга нисбатан ёмонлик-зарарни кўзлаши пасткашлик саналади. Мусулмон кишининг фикри очиқ бўлиб, теварак-атрофда содир бўлаётган ишларга ўз манфаатини кўзлаб эмас, балки барча инсонлар манфаатини кўзлаб назар солиши зарур. Ёвуз ниятли кишилар бу дунёда орзу қилганларига бошқалар муяссар бўлаётганларини кўриб, ёғларида ўзлари қовурилиб юраверадилар. Бу эса ўша кишилар учун катта балодир. Ёвуз шайтоннинг ҳам рағбат билан ташлаган илк қадами инсонга қарши бўлган:
«У (аламидан) деди: «Қасамёд этаманки, мени янглиштирганинг туфайли Сенинг Тўғри йўлинг (Ислом дини) узра улар (одамларни чалғитиш) учун ўтираман. Сўнгра, уларга олдиларидан, ортларидан, ўнг томонларидан ва сўл томонларидан (чалғитиш учун) келаман. (Натижада) уларнинг аксариятини шукр қилувчи ҳолда топмайсан» (Аъроф сураси, 16-17-оятлар).
Ёвуз ниятли кишилар қалбини шайтоний васваса кирлантириб, аланга олдиради. Динимиз эса кишиларни бундай жирканч ишдан қайтариб, уларни тўғри йўлга чорлайди.
Анас ибн Молик айтади: Расулуллоҳ алайҳиссалом ҳузурида ўтирган эдик. У киши: «Ҳозир олдингизга жаннат аҳлидан бир киши кириб келади», деб қолдилар. Бир оз ўтиб, ансорийлардан бир киши кириб келди. Таҳорат олгани учун соқолларидан сув томиб турар, ковушларини чап қўлида кўтариб олган эди. Эртаси куни ҳам Расулуллоҳ шу гапни яна айтганларида, яна ўша ансорий кириб келди. Учинчи куни ҳам айнан шу ҳол такрорланди. Кейин Расулуллоҳ ўринларидан туриб кетдилар ва қолганлар ҳам жойларидан қўзғалишди, Абдуллоҳ ибн Амр ҳалиги киши ортидан эргашиб борди. Абдуллоҳ ибн Амр унга: «Мен отам билан гап талашиб, уч кун уйга кирмасликка қасам ичдим. Менга хонадонингдан жой бериб тура оласанми?» деди. Ансорий рози бўлганидан сўнг унинг нима иш билан машғул бўлишини билиш мақсадида уч кун кузатди. У кечалари ҳеч қандай амални қилмас, ухлаётганида тўшагида у ёқ-бу ёққа ағдарилса, Аллоҳни зикр этар, гапирса ҳам фақат яхшиликни гапирар экан. Уч кун ўтгач, Абдуллоҳ ибн Амр у кишига шундай деди: «Эй биродар, отам билан орамизда ҳеч гап ўтмаган. Бироқ Расулуллоҳ алайҳиссалом: «Ҳозир сизларнинг олдингизга жаннат аҳлидан бўлган бир киши кириб келади», деб уч марта айтганларида, учала ҳолатда ҳам сен кириб келдинг. Шунда уйингга келишни, жаннат аҳлидан бўлишингга қайси амалинг сабаб эканини билишни ва шу амалингда сенга эргашишни хоҳладим. Лекин мени ҳайратлантирадиган бирон амални қилмадинг. Расулуллоҳ алайҳиссалом башорат берган нарсага сени қайси амалинг етказди экан-а?». Шунда ҳалиги одам: «Кўрганинг. Бироқ менинг қалбимда бирорта мусулмонга нафрат-адоват йўқ. Аллоҳ берган неъматлар учун ҳеч кимга ҳасад қилмайман, холос», деб жавоб берганида, Абдуллоҳ ибн Амр: «Сенинг жаннат аҳлидан бўлишингга сабаб шу эканда», деди.
Динимиз мусулмонларга ҳасад қилишдан ҳам қайтаради. Ҳасад инсон қалбини ёқадиган бир чўғ бўлиб, ҳасадчи ўзини ва бошқаларни куйдиради. Шу сабабдан Аллоҳ ўз Расулини ҳасадчилар ёмонлигидан сақланиши учун Аллоҳдан паноҳ сўрашини буюрган. Аллоҳнинг бошқаларга берган неъматлари заволга учрашини орзу қилиш ёмонлигидан барчани Аллоҳ сақласин. Расулуллоҳ алайҳиссалом бу борада шундай деганлар: «Бошқаларга ҳасад қилманглар! Чунки олов ўтинни ёққанидек, ҳасад ҳам яхши амалларни йўқ қилиб юборади». Бир ҳадисда: «Инсонларга берилган неъматларни кўролмаган ва уларнинг ўша неъматлардан маҳрум бўлишини хоҳлаган кимса ҳаётда адашган кимсадир», дейилган. Бундайлар дунё матоларига қул бўлган кимсалардир. У дунё матолари ортидан елиб-югуриб, улардан насибадор одамларга ҳасад билан қарайди. Бундай кимса охират ҳаётидан ва унга астойдил ҳозирлик кўришдан ғафлатдадир. Ҳолбуки, у охират ҳаёти учун астойдил ҳозир бўлиши ва бу дунё ҳаёти зое кетаётганидан ўкиниши зарур эди. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:
«Эй одамлар! Сизларга Раббингиздан ваъз (насиҳат), диллардаги нарса (ширк ва бошқа иллатлар)га шифо ва мўминларга ҳидоят ва раҳмат келди. Айтинг: «Аллоҳнинг фазли ва раҳмати билан, бас, (албатта), шулар сабабли (мўминлар) шодлансинлар! У тўплаган нарса (бойлик)ларидан яхшироқдир» (Юнус сураси, 57-58-оятлар).
Ушбу оятларни эшитгандан кейин ҳам ҳасад қилинса, демак, Парвардигоридан ва Унинг суннатидан бехабар қолган инсондир.
Йигитга одамлар қилдилар ҳасад, Боиси, йигитча қилган ҳаракат. Оҳибат одамлар йигитга душман, Душманликка сабаб бўлди хусумат.
Инсон ҳасад қилиш ўрнига Парвардигорига юзланиб, унинг фазлидан сўрасин. Шояд бу хатти-ҳаракати сабабли аввал эриша олмаган нарсасига муяссар бўлиб қолар. Айниқса, бошқаларга гина-кудурат қилиб яшайдиган кишининг шундай йўл тутиши мақсадга мувофиқдир. Ҳасад билан самимийлик, қойил қолиб тан бериш, ночор пайтларда қинғир йўл тутмаслик каби ҳолатлар орасида фарқ жуда катта. Самимий ҳаракат қилиш бу олийжаноблик сари интилиш ва Аллоҳнинг солиҳ бандаларига хос сифатдир. Сулаймон алайҳиссалом айтган мазкур гап Қуръони каримнинг «Сод» сурасида шундай ифода этилади:
«(Сулаймон) деди: «Эй Раббим! Ўзинг мени мағфират қилгин ва менга ўзимдан кейин бирор кишига муяссар бўлмайдиган бир мулк (ҳукмронлик) ато этгин! Сенинг Ўзинггина Ваҳҳоб (барча яхшиликларни ато этувчи)дирсан» (Сод сураси, 35-оят).
Аллоҳнинг солиҳ бандалари ҳақида Қуръони каримда марҳамат қилинади:
«Улар: «Парвардигоро, хотинларимиздан ва зурриётларимиздан бизларга кўз қувончини бахш эт ва бизларни тақводорларга пешво қилгин!» -дейдиган кишилардир» (Фуркрн сураси, 74-оят).
Аллоҳ берган неъматларни бошқаларда кўрса, инсон ҳавас қилиши, Яратгандан ўшаларнинг ўзига ҳам берилишини сўраши керак, лекин ҳасад қилмаслиги керак. Аллоҳ неъматларига қизиқиш баъзан фитналарга, ботил орзуларга ва ўзига фойдали нарсаларга ҳирс қўйиш туфайли юзага келиб, катта зиёнларни келтириб чиқаради. Бу ҳақда Расулуллоҳ алайҳиссалом шундай деганлар: «Мусулмон фақат икки кишига ҳасад қилиши мумкин. Биринчиси, Аллоҳ берган мол-дунёни ҳақ йўлда сарфлаётган кишига, кейингиси эса, Аллоҳ берган илмга амал қилиб, уни бошқаларга тарқатаётган олимга». Ушбу ҳадисдаги «ҳасад» сўзи ҳавас қилиш маъносида келган. Инсон кўзлаётган орзу юксак бўлиши керак. Чунки арзимаган нарсаларни орзу қилиш ва кўзлаш фойдасиз бўлиб, унинг оқибати ҳасрат-надомат бўлади. Аллоҳ баъзи бандаларини тўкис неъматлар билан таъминлаб, уни бошқалардан афзал қилиб қўяди. Инсондаги гина-адоват бошқаларда ўша неъматларни кўриб қолганидан кейин пайдо бўлади. Бу ҳолат «Нисо» сурасининг 32-оятида таърифланади:
«Аллоҳ бирингизни бирингиздан бирор неъмат билан ортиқ қилиб қўйган бўлса, сизлар уни (ҳасадгўйлик билан) орзу қилманг! Эркаклар ҳам ўз касбларидан улуш олурлар, аёллар ҳам ўз касбларидан улуш олурлар. (Ҳасад қилиш ўрнига) Аллоҳнинг фазлидан сўрангиз. Албатта, Аллоҳ ҳамма нарсани билувчидир» (Нисо сураси, 32-оят).
Ночор ҳолга тушганда ундан қутулиш учун қинғир йўл тутмаслик бу Аллоҳнинг адолатига иқрор бўлишдир. Озгина ҳаракат туфайли кўп нарсага эришиш, тажрибасиз ва илмсиз кишининг катта мартаба ва обрў-эътибор қозониши ҳаётда учраб туради. Бундай ҳолатга нисбатан ғазаб бўлишини тўғри тушуниш керак. Чунки бунда кўпчилик ман-фаати кўзланади ва унинг шахсий гина-адоватга ҳеч қандай алоқаси йўқ. Инсон гина-кудуратлардан йироқ бўлиши, барча кишиларга тоза қалб ва туйғу билан қараши лозим. Динимиз ҳар доим бунга эътибор қаратиши туфайли қалблар ҳар қандай кирлик ва айблардан покланади. Пировардида, Аллоҳга имон келтирган қалбларда гина асорати қолмайди. Ҳар доим бўладиган назорат қандай? Бу Ислом динида очиқ баён этилган: «Мусулмон қачонки, намозга бузуқ фикр ва хусуматлардан холи қалб билан яқинлашса, беш вақтда адо этадиган фарз намозлари савобидан роҳат ва ҳузур қилади». Расулуллоҳ алайҳиссалом айтадилар: «Уч кимсанинг адо этган намози бошидан бир қарич ҳам юқори кўтарилмас. Уларга одамлар ёқтирмаган имом, эрини ранжитиб тонг оттирган аёл, қариндошлик ришталарини узган ака-укалар киради».
Агар иложи бўлса, ҳар ҳафтада мусулмон киши қилган амалларини сарҳисоб қилиб, ўзини тафтиш этиши мумкин. Агар мусулмон киши тоза қалб билан амалларни адо этса, асло қоқилмайди. Агар у бошқаларга нисбатан қалбида ҳасад ва ғазабни яшириб амалларни адо этса, ҳаётда барчадан ортда қолади. Расулуллоҳ алайҳиссалом шундай деганлар: «Ҳар душанба ва пайшанба кунлари мусулмоннинг амаллари Аллоҳга кўтарилади. Ўшанда Аллоҳга бирор кимса ёки нарсани шерик қилмаган кишининг гуноҳлари ўчирилади. Мусулмон биродарига нисбатан қалбида адоват сақлаган кишининг гуноҳи эса мағфират қилинмайди. Бундай одамлар ҳақида Аллоҳ: «Уларни ярашиб олмагунларича ўз ҳолида қолдиринглар», дейди.
Ҳар йили бўладиган назорат шуки, мусулмон киши узоқ вақт бошқаларга нисбатан адоват ва ғазабда қолмаслиги керак. Зотан, ҳаёти дунёда покиза қалбли, саховатпеша инсонлар учун Аллоҳ улуғ совғасини ҳозирлаб қўйган. Расулуллоҳ алайҳиссалом айтадилар: «Аллоҳ шаъбон ойида кечаси гуноҳларига истиғфор айтган бандаларнинг гуноҳларини кечириб, уларга раҳм қилади. Лекин гина сақлаганларни ўз ҳолида қолдиради». Шундай назоратлардан кейин ҳам қалбида бошқаларга нисбатан адоват ва ғазабни яшириб юрса, шубҳасиз, бундай киши дўзах ўтида ёнишга маҳкумдир.
Динимиз мусулмонларнинг бир-бирларига душман бўлишларини қаттиқ қоралайди. Душманлик, асосан, дунё матоҳлари ва лаззатлари сабабли пайдо бўлади. Мусулмон киши Аллоҳнинг амр-буйруқларига фосиқлик қилаётган, Унинг ҳадларига тажовуз этаётган кимсалар билан алоқани узса, уни ҳеч ким маломат қилмайди. Мусулмоннинг бундай ҳолатда бўлиши имони тўғрилиги ва Аллоҳга холис эканидан нишонадир. Аллоҳ таоло шундай буюради:
«Эй имон келтирганлар! Агар имондан куфрни яхшироқ кўрсалар, ота-оналарингиз ва ака-укаларингизни (ҳам) дўст тутмангиз! Сизлардан кимки уларни дўст тутса, бас, ана ўшалар ўзига зулм қилувчилардир» (Тавба сураси, 23-оят).

Анвар қори Турсуновнинг
"Фазилатлар китоби" китобидан

Мақола жойлаштирилган бўлим: Тазкия
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase