close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Риё билан қилинган ишлар

Эй солиҳ киши! Риёнинг ҳақиқати шуки, инсон риё билан одамларга ўзини мукаммал, обид ва зоҳид қилиб кўрсатади. Ҳурматталаб бўлади, ўзига баланд назар билан қарашларини хоҳлайди. Динда улуғликка ишорат қилувчи нарсалар бешта:

Эй солиҳ киши! Риёнинг ҳақиқати шуки, инсон риё билан одамларга ўзини мукаммал, обид ва зоҳид қилиб кўрсатади. Ҳурматталаб бўлади, ўзига баланд назар билан қарашларини хоҳлайди. Динда улуғликка ишорат қилувчи нарсалар бешта:
Биринчиси - бадан билан қилинадиган риё. Ўзини кечалари бедор, кундузлари риёзат чеккан инсондек кўрсатиб, жисмини сарғайтиради. Диндорлигини юзида кўрсатмоқчи бўлади. Кўнгилхушлик қилмайди, сочларини тарамайди. Ўзини виқорли кўрсатиб, ҳатто овозини кўтармайди. Рўзадор кимсадек лабларини қуритади. Одамлар мақташларидан завқ туяди. Зеро, Исо алайҳиссалом бундай деган эди: “Рўзадор киши сочини тараши керак, либосларини тоза тутмоғи, қош-кўзларини парвариш қилмоғи керак. Гўё унинг рўзадорлигини кимса билмаслиги лозим”.
Иккинчиси - либос билан қилинган риё. Калта, эски, ямоқ ва кир кийимларни кийиш. Таркидунё қилган одамдек ўзини тутиш. Ёки сўфийлар хирқасини кийиб жой-намозига бурканиб олиш. Аммо тасаввуфдан умуман йироқда яшаш. Риёкор киши ҳижоб кийиб, оёғига махсус оёқ кийим кийиб олган бўлса ҳам, ҳақиқатда ундай эмас. Олим деб билишлари учун ридо, салла, чопон кияди. Аслида олим ҳам эмас, зиёли ҳам эмас. Риёкорлар кийим хусусида икки турлидирлар: биринчиси - оддий одамлар орасида обрў қозониш. Доимо йиртиқ кийим кийиш, афтодаҳол кўриниш. Агар унга бирор кимса тоза ва чиройли кийин, деса, гўё унга душманлик қилган бўлади.
Одамлар уни зоҳидликдан чарчади деб ўйламасин, дея қўрқади.
Иккинчи тур риёкорлар султонларни, бек ва амалдорларнинг ҳурматини қозонишни исташади. Улар эски кийим кийишмайди, султонларнинг кўзига чиройли кўриниш учун ҳаракат қиладилар. Қимматбаҳо ва бежирим кўйлаклар кийишади. Агар уларга оддий кўйлак кий дейилса, гўё жонлари оғзиларидан чиқиб кетади.
Учинчиси - сўз билан қилинадиган риё. Бундай одамлар бошқалар уни гапирсин, деб ҳаракат қилади. Одамлар олдида зикрни булбулдек сайраб қилади, ёлғизликда тили айланмайди. Бошқаларга яхши амаллар қилинг, деб сайрайди, лекин ўзи савоб иш қила олмайди. Сўфийларнинг ва улуғ алломаларнинг гапларини ёдлаб олади, одамлар ичида айтиб юради. Ўзини тасаввуф олимларидан ҳисоблаб, важҳга тушади. Одамлар ғафлатда деб қайғу чекади, ҳадис ва ҳикоялар айтиб юради. Одамлар буни дин олими деб ҳисоблашлари учун ҳаракат қилади. Дунёни таниган, юртни таниган одам деб билсинлар, дейди.
Тўртинчиси - ибодатда қилинган риё. Одамларнинг кўзига қилинган ибодат, яъни намозни узоқ ўқиш, сажда ва рукуни жуда маромига етказиб адо қилиш. Одамларнинг кўз ўнгида садақа қилиш, солланиб-солланиб виқор билан юриш. Ёлғиз ўзи қолганда бошқа бир одамга айланиш.
Бешинчиси - зуҳд билан қилинган риё. Айрим кимсалар ўзларини авлиёдек тутадилар. Талаба ва муридларини кўплиги билан мақтанади. Бойлар ҳам бунинг билан суҳбат қилишни орзу қилишларини айтиб мақтанади. Шайхлар ҳам буни ҳурмат қилишларини шараф деб билади. Бирор киши билан тортишиб қолса, “Сен ўзи кимсан? Устозинг ким? Кимларни қўлида таълим олгансан? Мен фалон шайхнинг қўлида таҳсил олганман. Фалон домлани кўрганман. Фалон жойда ўқиганман. Сен ким бўлибсанки, менга тенглашасан?” каби сўзларни сўзлайди. Шу гапи учун уни қийнасалар, риё сабабли заҳматлар унга лаззат бағишлайди.
Шундай зоҳидлар борки, емайдилар ва ичмайдилар. Одамлар дуо қилиши учун ва тақводор зоҳид деб тан олишлари учун қилинган амал риёдир. Зоҳидлик ва ибодат ёлғиз Аллоҳ розилиги учун қилинади. Зоҳид мақом ва рутба учун чиройли либослар кийиб ўзига қараса, бу мубоҳдир, баъзида суннатдир. Бундай ҳаракат унинг зоҳидлигига таъсир қилмайди.
Одам тилшунос, ҳисобчи, шифокор ва шунга ўхшаш дин ва ибодатдан ташқаридаги илмларда ўзини кўрсатиши ҳам мубоҳдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир куни хонаи саодатда эдилар. Ташқарида асҳоби киром у зотни кутиб тўпланиб туришар эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ташқарига чиқишдан олдин ойнага қараб, сочларини ва кийимларини тўғриладилар.
Ҳазрати Ойша розияллоҳу анҳо: “Эй Аллоҳнинг Расули! Сиз ҳам ўзингизга қарайсизми?” деди. У зоти муборак: “Албатта, ҳа! Ҳақ таоло дин биродарларини кўришни истаган ва ўзини безаган бандасини севади”, деб жавоб бердилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бажарган бундай ишлар диннинг асл моҳиятидир. Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам Яратганнинг амрига бўйсунишга буюрилган зот бўлиб, саҳобаларга нисбатан ҳурмат кўрсатишда ва ўз ортларидан эргашишлари учун уларга намуна бўлишлари керак эди.
Тоза ва кўркам либос кийишнинг аҳамияти шундаки, одамлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ҳавас қилсинлар, ортидан ғийбат қилмасинлар, нафратланмасинлар. Аммо ибодат хусусида риё асло мумкин эмас. Буни шундай қиёслаш мумкин: Бир киши подшоҳининг ҳузурида турибди. Кўзи унинг хизматкорларида, лекин у подшоҳга: “Мен фақат сизнинг амрингизга мунтазирман”, деса, у одам подшоҳнинг жаҳлини чиқаради. Аслида, фуқаролар ўз подшоҳларининг ҳузурида хизматкордек туришлари жоиз. Ибодатлар ҳам худди мана шундай адо этилмоғи лозим. Қаршисида Буюк Роббини ҳис қилиб, руку, сажда қилмоғи зарур. Холис Аллоҳ учун қилинган тоат ва ибодатларгина мақбул ва манзурдир. Дуолар шундагина ижобат бўлгай.

Имом Абу Ҳомид Ғаззолийнинг
"Қалбнинг давоси" китобидан

Мақола жойлаштирилган бўлим: Тазкия
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase