close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

097. Қадр сураси

Мадинада нозил бўлган. 5 оятдан иборат.
Ушбу сураи кариманинг номи ҳам ўзининг биринчи оятидаги «Қадр» калимасидан олинган, тўғрироғи «Лайлатул Қадр»дан олинган. Бу муборак кеча «қадр» деб аталишининг икки хил маъноси бор. Биринчиси қадр, яъни қадри улуғ, иккинчиси қадар, яъни бандаларнинг қадарини белгилашдир. Чунки, Лайлатул Қадр кечаси қадри улуғ кечадир. Лайлатул Қадр кечаси бандаларнинг бир йиллик қадарлари-тақдирлари белгиланадиган кечадир. Ушбу сураи карима бошидан охиригача муборак Лайлатул Қадр кечасига бағишлангандир.
Барча халқларда ўтган улуғ кишилари, машҳур кунлари, дастурлари ёки бошқа муносабатларни байрам қилиш одат тусига кирган. Улар бу байрамларда еб-ичиш, ўйнаб-кулиш, арақхўрлик, турли фисқу фужурни хоҳлаганича қилишга қулай фурсат топадилар.
Исломда ўзига хос байрам бўлади. Илоҳий дастур байрами бўлмиш «Лайлатул Қадр» кечаси шулардан бири. Чунки худди шу кечада Қуръони Каримнинг нозил бўлиши бошланган. Бу байрамда қалбни поклаш, виждонни сайқаллаш учун ибодат қиладилар. Аллоҳга яқинлик ҳосил қилиш учун бу кеча бедор бўлиб, ухламасдан ибодат билан ўтказилади.
«Қадр» сурасида Аллоҳ таоло мусулмонларга Ўзи берган улкан неъматни, уларни зулматдан нурга олиб чиққан Қуръони Каримни нозил қилганини эслатади.

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

1. Албатта, Биз У(Қуръон)ни Қадр кечасида туширдик.
Лайлатул Қадрни шу ном билан аталишининг сабаби–бу кечанинг қадри улуғлигидан, иккинчиси–шу кечада бандаларнинг бир йиллик тақдирлари ўлчанадиган, ҳал қилинадиган бўлганлигиданлигини аввал ҳам айтиб ўтдик.
Ушбу ояти каримада зикр қилинаётган Қуръони Каримнинг туширилиши Лавҳул Маҳфуздан бу дунё осмонига туширилишидир. Бу маъно Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган. Ана ўша ҳодиса Лайлатул Қадр кечасида бўлганини ушбу ояти карима очиқ-ойдин айтиб турибди. Қуръон Карим бу дунё осмонидан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга  бўлиб-бўлиб йигирма уч йил давомида туширилган.
Демак, ушбу ояти кариманинг маъноси, Биз Қуръонни Лавҳул Маҳфуздан бу дунё осмонига Лайлатул Қадр кечасида туширдик, деган бўлади.

2. Лайлатул Қадр қандоқ нарса эканини сенга нима билдрди?
Яъни, унинг ҳақиқатини, фазлини тўла тушунишинг қийин. Шунинг учун уни Ўзимиз айтиб берамиз.

3. Лайлатул Қадр минг ойдин яхшироқдир.
Чунки бу кечада Қуръони Карим нозил бўлган ва бу кечадаги ибодатнинг фазли минг ойлик ибодатдан афзалдир.
Ушбу оят тафсирида Аллома Ибн Касир жумладан қуйидагиларни ёзганлар: «Бир киши силоҳ олиб минг ой Аллоҳнинг йўлида жиҳод қилгани ривоят қилинди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва мусулмонлар бундан ажабландилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз умматларига ҳам шундоқ бўлишини орзу қилиб: «Эй Роббим, менинг умматимни умматлар ичида умри қисқа, амали оз қилдинг!», дедилар.
«Лайлатул Қадр сенга ва умматингга ўша одам жиҳод қилган минг ойдан яхшироқдир», дедиАллоҳ таоло.
Лайлатул Қадрнинг яна бир фазилати қуйидаги оятда баён қилинади:

4. Унда фаришталар ва Руҳ Роббилари изни билан барча ишлар учун тушадир.
Ушбу оятдаги «Руҳ»дан мурод Жиброил алайҳиссаломдир. Лайлатул Қадр кечасида Жиброил алайҳиссалом бошчиликларида фаришталар Аллоҳ таоло келаси йилгача тақдир қилинган ишлар ила тушадилар. Бу ҳам Лайлатул Қадр кечасининг шарафини оширадиган ишдир.
Лайлатул Қадрнинг учинчи фазилати қуйидаги ояти каримада баён қилинади:

5. У то тонг отгунча салом бўлиб турадир.
Яъни, Лайлатул Қадр кечаси тонг отгунча салом-тинчлик-омонлик кечасидир. Унда фаришталар мўминларга салом берадилар. Унда Аллоҳ таоло инсонларга фақат тинчлик-омонликни тақдир қилади.
Уламоларимиз қадр кечасининг қайси кеча эканлигини тайин қилишда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Лайлатул Қадр Рамазоннинг йигирма еттинчи кечасида», деган ривоятини ихтиёр қилганлар.
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимки Лайлатул Қадр кечасини иймон билан ва савоб умидида бедор ўтказса, унинг барча гуноҳлари кечирилади»,–деганлар. Бу кечани бедор ўтказиш–намоз ўқиш, дуо қилиш, истиғфор айтиш ва Қуръон қироати билан бўлади.

 

104. Ҳумаза сураси

Маккада нозил бўлган. 9 оятдан иборат.
Ушбу суранинг номи ўзининг биринчи оятдаги «Ҳумаза» сўзидан олинган. «Ҳумаза» сўзи одамларнинг айбини ғийбат ила кўп тўқувчи маъносини англатади.
Бу сураи карима баъзи одамларни бойлик туғёнга олиб келиши, ўзгаларни писанд қилмай қўйишлари, балки уларни камситиб масхара қилишлари ҳақида сўз юритади. Бойликка ўч одам ҳамма нарсани пул билан ўлчайдиган бўлиб қолади. Ҳатто пулим мени дунёда абадий қолдиради деган эътиқодга ҳам олиб келади. Лекин оқибати яхши бўлмайди.
Ундоқ сифатга эга кишилар охиратда чил-парчин қилувчи дўзахга тушадилар, у ерда қаттиқ, қалбгача куйдириб борувчи ўтда ёниб, азоб чекадилар. У ўт уларни ўраб олиб, ҳеч чиқишга йўл қўймайди.

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

1. Ҳар бир обрў тўкувчи ва айбловчига «вайл» бўлсин.
Одамларнинг обрўсини ғийбат йўллари билан кўп тўкувчи одам арабчада «Ҳумаза», дейилади. Одамларнинг айбини, камчиликларини имо-ишора ила масхара қилувчи «Лумаза» дейилади. «Вайл» жаҳаннамдаги бир водий ёки ҳолига вой, ҳалок бўлсин, маъносида эканини олдин ҳам ўрганганмиз.
Ушбу икки сифатга эга бўлганларнинг барчасини дўзахга тушади ва уларнинг аҳволига вой бўлади, дейди Аллоҳ. Чунки мўмин кишининг қонини тўкиш қанчалик гуноҳ бўлса, обрўсини тўкиш ҳам шунчалик гуноҳ. Одам ўлдириб қон тўкиб гуноҳ қилганлар жаҳаннамга тушганидек, обрў тўкиб, ғийбат қилиб кишиларни хафа қилганлар ҳам жаҳаннамга тушади.

2. У мол жамлади ва уни санаб турур.
Ояти карима хасис бойларнинг одатини фош қилади, яъни, молни тўплагандан сўнг, уни тез-тез санаб ҳузурланиб туради. Ҳа, молу дунёга қул бўлиб қолган одам шундоқ ҳолга тушиб қолади. У юрса ҳам, турса ҳам, ҳамма жойда пулни, молни ўйлайди, уни қайта-қайта санайди. Бир сўм бўлса ҳам ошириш, кўпайтиш пайидан бўлади. Молу дунё бандаси ҳамма нарса пул билан бўлади, деган хаёлга бориб қолади.

3. У, албатта, моли уни абадий қолдирир  деб ҳисоб қилур.
Мазкур молу пул ила ғурурга кетиб одамларнинг обрўсини тўкиб, айблаб юрган набокор шахс модомики молу дунём бор экан бу дунёда абадий қоламан, деган хаёлга бориб қолади. У ўлимини ўйламай қўяди.

4. Йўқ! Албатта у «ҳутома»га хор-зор этиб ташланур.
Йўқ!!! Улар кишиларнинг обрўсини тўкишдан, айблашдан, молу мулк мени абадий боқий қолдиради деб хаёл қилишдан қайтсинлар!!! Бўлмаса, охиратда албатта, «ҳутомага» хору зор ҳолда ташланурлар.
«Ҳутома» жаҳаннамнинг номларидан бири бўлиб, луғатда парча-парча қилувчи, чилпарчин қилувчи маъносини англатади. Аслида қандоқ бўлиши эса келгуси оятларда баён қилинади.

5. «Ҳутома» қандоқ нарса эканини сенга нима билдирур?
Яъни, «Хутома»нинг ҳақиқатини сен қандоқ ҳам идрок эта олардинг. Билиб ол, «Ҳутома»...

6. У Аллоҳнинг шиддатли, ўчмас оловидир.
7. Қалбларгача етиб борур.
Яъни, «Ҳутома» номини олган жаҳаннам оддий ўт, оддий олов эмас. У Аллоҳнинг оловидир. У Аллоҳнинг қаттиқ қиздирган оловидир. Ўша қаттиқ қиздирилган олов куйдирганда қалбларгача етиб бориб куйдирадир.
Имом Термизий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда: «Дўзахда минг йил ўт ёқилди. У қип-қизил бўлди. Сўнгра унга яна минг йил ўт ёқилди. У оппоқ бўлди. Сўнгра унга яна минг йил ўт ёқилди. У қоп-қора бўлди. У қоп-қора зулмат кабидир»-дейилган.
«Ҳутома» номини олган дўзах ўти оддий ўт эмас, у баданнинг теккан жойини куйдирибгина қолмайди. У дўзахийнинг қалбини ҳам куйдиради. «Ҳутома» шундоқ бўлиши билан бирга:

8. Албатта, у уларни устидан қоплангандир.
Яъни, «Ҳутома» дўзахийларни чор атрофидан қаттиқ ўраб олгандир. Улар зинҳор ундан чиқа олмаслар.

9. Узун-узун устунларга боғлангандир.
Яъни, дўзахийлар «Ҳутома» ичида яна ҳам қимирламайроқ туришлари учун уларни узун-узун устунларга занжирлар ила маҳкам боғлаб қўйилгандир.

103. Аср сураси

Маккада нозил бўлган. 3 оятдан иборат.
Ушбу сураи каримага ҳам унинг биринчи ояти ном бўлиб қолган. «Аср» калимаси-замон, юз йил, умр, аср намози, ўша намознинг вақти каби маъноларни англатади.Аллоҳ таоло ушбу сурани аср билан қасам ичиб бошлаб, асрнинг аҳамиятли нарса эканига эътиборни жалб қилади.
Бу сура қисқа бўлишига қарамай ўзида жуда кўп маъноларни жамлаган. Имом Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳи: «Агар шу сурадан бошқа сура тушмаганда ҳам одамларга кифоя қиларди», деган эканлар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан икки киши учрашиб қолсалар «Вал асри» сурасини бир-бирларига ўқиб бермасдан тарқалмас эканлар.
Бу сура башарият ҳаётига Ислом ирода қилган йўл-йўриқни ўз ичига олган. «Вал асри» сурасининг бир ояти мусулмон умматининг сифатини, ҳақиқатини ва вазифасини баён қилади. Бу эса ўз навбатида Қуръоннинг мўъжизасидир.

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

1. Аср билан қасам.
Баъзи тафсирчиларимиз «аср»дан мурод, юз йиллик муддат, замон, аср намози ёки аср намози вақти ҳам деганлар.
Аллоҳ таоло аср-замон билан қасам ичиши, у нарсанинг ажойиботлар ва ғаройиботларла, ибрат ва эслатмаларла тўла эканидандир. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло аср ила қасам ичиб қуйидаги оятда келадиган маънони таъкидламоқда.

2. Албатта, инсон хусрондадир.
Хусрон-мағлубият, ютқизиқ ва нуқсон маъноларини англатади. Ҳа, ҳар бир инсон хусрондадир...

3. Магарам иймон келтирганлар ва солиҳ амаллар қилганлар, бир-бирларини ҳақ йўлга чақирганлар ва бир-бирларини сабрга чақирганлар (ундоқ эмасдир).
Маълум бўлдики, инсон икки дунёда бадбахт бўлиб қолмаслик учун тўртта сифатга эга бўлиши керак экан:
- Аллоҳга иймон келтириши.
- Солиҳ амаллар қилиши.
- Ҳақ ила бўлиши.
- Сабрга чақириши.
Аллоҳга иймон келтириш инсоннинг энг аввалги бурчидир. Иймоннинг инсон ҳаётига таъсири чексиздир. У бу дунё зулмат кишанларини парчалайди ва қалбларга умид бахш этади. Қийинчилик, оғир пайтларда инсон ўзининг ҳамма нарсага қодир Яратгани бор эканини эслаб, тортган машаққатларининг савобини олишни ўйлайди, қаршисидаги барча тўсиқларни енгиб ўтиши осонлашади. Шунинг учун ҳам ҳақиқий мўминлар хотирлари жам, асаблари жойида ҳаёт кечирадилар. Аллоҳга бўлган иймон киши қалбида яхшиликларга йўл очади, ёмонликлардан, гуноҳлардан қайтаради. Иймонли киши, Аллоҳ таоло барча ҳолатимни, ишларимни кўриб турибди, қиёмат куни буларнинг ҳисоб-китобини қилади, деб ишонади. Шунинг учун доимо ёмонликлардан қочиб солиҳ–яхши ишларни қилади.
Ҳа, иймон доимо ўз соҳибини солиҳ амалга чорлайди. Шунинг учун ҳам Қуръони Каримда иймондан сўнг амали солиҳ зикр қилинади. Жумладан, биз ўрганаётган сурада ҳам. Амали солиҳ Аллоҳ буюрган барча яхшиликлардир.
Ҳақ йўлга чақириш улкан инсоний фазилатдир. Исломда инсон ўзи ҳақ йўлда бўлиши билан кифояланиб қолмаслиги керак, балки ўзгаларни ҳам шу йўлга чақириши зарур. Ҳақ йўлда юриш ва унга кишиларни чақириш осон эмас. Ҳақ йўлда юрмоқчи бўлган шахс ўзининг ҳавойи нафсига, ҳокимларнинг туғёнига, одамларнинг зулмига ва бошқа кўпгина нарсаларга қарши чиқиб, чидам билан иш олиб бориши керак. Шунинг учун ҳам оятнинг давомида сабрга чақириқ бор.
Сабр бир неча хил бўлади:
Тоат-ибодатни адо этиш–сабр демакдир.
Ҳавойи нафс хоҳлаб турган гуноҳларни қилмаслик–сабр.
Бало-офатлар ва мусибатларга таслим бўлақолмаслик–сабр.
Сабрнинг олий даражаси фожеа воқеъ бўлган пайтдаги биринчи зарба вақтдаги сабр.
Сабр барча фазилатларнинг асосидир. Шунинг учун ҳам Аллоҳ Қуръонда мўминларнинг асосий сифатларидан бири сабр эканини қайта-қайта таъкидлаган.

102. Такасур сураси

Маккада нозил бўлган. 8 оятдан иборат.
Ушбу сураи кариманинг номи ўзининг биринчи оятдаги «такасур» сўзидан олинган. «Такасур» сўзи молу дунё, мансаб-мартаба ва бола-чақанинг кўплиги билан фархланиш деганидир. Ушбу сурада кишилар дунёнинг ўткинчи матоҳини кўпайтиришга ўзларини уришлари, ана шу иш билан машғул бўлишни жонлари чиққунча давом эттиришлари ҳақида кетади.
«Такасур» сураси одамларни мазкур ишни қилмасликка зажр ила ундайди.
Ва ниҳоят охиратда кўриладиган даҳшатларни эслатиш ила сурага хотима ясалади.
Бу сураи карима туғёнга кетган моддапарастлик муаммосини муолажа қилади. Ҳозирги ҳаёт инсонга турли сарфларни талаб қиладиган маданиятни тақдим этди. Ҳойи ҳавасга эришаман деб инсон бу нарсаларнинг қули бўлиб қолади. Шу сабабдан ҳаёт роҳат ўрнига чарчашга айланди. Инсон иложи борича кўпроқ бойлик тўплайдиган ва бу йўлда ҳар қандай пасткашликлардан қайтмайдиган бўлиб қолди. Ҳавойи нафс йўлида юриш, мол-дунёга ўчлик инсонни инсоний фазилатларидан жудо қилди, инсонийлигини унуттирди ва ниҳоят яратган Холиқини ҳам эсдан чиқарди. Оқибатда инсон Аллоҳга эмас, молу дунёга сажда қиладиган бўлиб қолди.
Такасур сураси бунинг оқибати нима бўлишини баён қилади.

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

1. Кимники кўп сизни машғул қилди.
Эй одамлар,  кўп  молу дунё тўплашга, мансаб кетидан қувишга, бола-чақа, ёру-дўст кўпайтиришга тинмай уриниш сизни Аллоҳнинг итоат ва ибодатидан машғул қилди. Бошқалардан кўра молу-дунём кўп бўлсин, деб тинмай уриндингиз, Аллоҳнинг тоатидан машғул бўлдингиз. Бошқалардан каттароқ мансабга эришай, деб тинмай уриндингиз, Аллоҳнинг тоатидан машғул бўлдингиз. Бошқалардан кўра кўпроқ бола-чақа, ёру-дўстим бўлсин, деб тинмай уриндингиз, Аллоҳнинг тоатидан машғул бўлдингиз.

2. То қабрларни зиёрат қилгунингизча.
Яъни, ўлиб қабрга киргунингизча кимўзарга бойлик тўплаш билан овора бўлиб, Аллоҳнинг тоат-ибодатини эсдан чиқардингиз.

3. Йўқ! Сизлар тезда биласиз.
Яъни, Йўқ! Бу қилмишингиз нотўғри! Молу-дунё кўпайтиришга берилиб, Аллоҳнинг тоати ибодатидан машғул бўлманг! Мансаб орқасидан югуриб, Аллоҳнинг тоат-ибодатидан машғул бўлманг! Бола-чақа, ёру-дўстим деб, Аллоҳнинг тоат ибодатидан машғул бўлманг!
Тезда биласизлар ҳали, бунинг оқибатини.

4. Яна йўқ! Сизлар тезда биласиз.
Ҳа, тезда–ўлишингиз билан, молу-дунё кўпайтиришга, мансабга ўч бўлишга ва бола-чақа, ёру дўстга ружуъ қўйишга берилиб, Аллоҳнинг тоат ибодатидан машғул бўлишнинг оқибатини кўрасизлар. Шунинг учун ҳам вақти борида бу машғулликни йиғиштириб Аллоҳга қайтинг.

5. Йўқ! Агар Сиз аниқ илм ила билсанингиз эди.
Йўқ! Сиз бу қилмишингиздан қайтинг!  Ҳаёти дунё матоҳи учун кимўзарга берилиб Аллоҳнинг ибодатидан қолишни йиғиштиринг! Агар сизлар бунинг оқибати нима бўлишини очиқ-ойдин билганингизда эди, бу ишни қилмас эдингиз. Молу-дунё кўпайтиришга машғул бўлиб Аллоҳнинг ибодатини унутмас эдингиз. Мансаб кетидан қувишга машғул бўлиб, ўлгунингизча уриниб, Аллоҳнинг ибодатини унутмас эдингиз. Бола-чақа, ёру дўст билан машғул бўлиб, Аллоҳни эсдан чиқармас эдингиз.
Афсуски, молу дунё, мансаб, бола-чақа ёру дўст масаласида кимўзар ила ўлиб, қабрни зиёрат қилгунингизгача машғул бўлдингиз. Энди...

6. Албатта, жаҳаннамни кўрасиз.
Яъни, кўрмай қолмайсиз. Чунки, бу дунёда молу дунё кўпайтириш ила овора бўлиб, мансаб кетидан қувиш билан овора бўлиб, Аллоҳнинг ибодатини унутганларнинг жойи албатта жаҳаннам бўлиши аниқ. Ҳа, эй ғофил бандалар! Сизлар албатта жаҳаннамни кўрсизлар!

7. Ва яна, албатта, уни ишонч кўзи билан кўрасиз.
Ҳа, ишонаверинг, жаҳаннамни ўз кўзингиз билан кўрасиз. Бу аниқ!

8. Сўнгра ўша кунда, албатта, берилган неъматлардан сўраласиз.
Яъни, қиёматда ҳар бир неъматни нимага, қандоқ сарф қилганингиз ҳақида сўралади. Ҳа, каттаю кичик ҳар бир неъмат ҳақида сўраласиз. Ҳар бир неъматга шукр қилдингизми, йўқми-сўраласиз. Аллоҳ таоло сизга берган молу дунё неъматини нимага сарфладингиз, ҳалолгами ҳаромга, Аллоҳни рози қиладиган йўлгами, ғазабини қўзғатадиган йўлгами ҳамма-ҳаммаси ҳақида сўраласиз.
Мансабдан қандай фойдаланганингиз ҳақида ҳам албатта сўраласиз. Мансабингиздан тўғри, Исломий йўлда истифода қилдингизми ёки нотўғри, ёмонлик ишлар йўлида истифода қилдингизми-сўраласиз! Шунингдек, бола-чақа, ёру дўст ҳақида ҳам сўраласиз!
Ушбу ҳис-қиёмат куни каттами-кичикми ҳар бир неъмат ҳақида сўроқ-савол бўлиши муқаррарлиги ҳисси-ҳар бир мусулмонни доимий равишда қамраб турмоғи лозим. Ана шундагина жамият аъзоларидаги масъулият ҳисси ортади, ҳушёрлик зиёда бўлади ва улкан натижалар ҳосил бўлади. Худди шу ҳис мусулмонларнинг биринчи авлодида олий даражада бўлган, шунинг учун ҳам улар улкан ютуқларга эришганлар.
Имом Термизий Абдуллоҳ ибн Шиххийр розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига борсам, «Алҳакумуттакасуру»ини қироат қилаётган эканлар. Сўнгра У зот: «Одам боласи, молим, молим дейди. Сенинг еб тугатганингдан, кийиб чиритганингдан ва садақа қилиб ўтказганингдан ўзга молинг бормиди?!-дедилар»,-дейилган. Яъни, мазкурлардан бошқа молу-дунё бевафо нарсадир.
Имом Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда қуйидагилар айтилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир кун ёки кечаси ташқарига чиқиб Абу Бакр ва Умарга дуч келдилар. Бас, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Икковингизни бу соатда уйингиздан нима чиқарди?», -дедилар. Икковлари:
 «Очлик, эй Аллоҳнинг Расули», дейишди. У зот:
«Мени ҳам, жоним қўлида бўлган Зот билан қасамки, икковингизни чиқарган нарса чиқарди, туринглар!» дедилар. У зот билан бирга туриб ансорийлардан бирининг ҳузурига боришди. У киши уйида йўқ экан. Аёли у зот соллаллоҳу алайҳи васалламни кўриши билан:
«Хуш келибсиз!» деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлдан:
«Фалончи қаерда?» деб сўрадилар. Аёл:
«Сув олиб келгани кетди» деди. Тезда ансорий саҳоба ҳам етиб келди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ва у зотнинг икки саҳобаларига назари тушиши билан:
«Алҳумду лиллоҳ! Бугун менчалик ҳурматли меҳмонлари бор ҳеч ким йўқ!» деди. Бориб бир тизим хурмо келтириб, енглар деди ва қўлига пичоқни олди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга:
«Зинҳор ва зинҳор соғин ҳайвонга тегма!» дедилар. Ансорий саҳоба уларга бир қўй сўйди. Улар қўйдан ва ҳалиги хурмодан тановул қилишди, ичишди. Тўйиб, сероб бўлганларидан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Бакр билан Умарга:
«Менинг жоним қўлида бўлган Зот билан қасамки, қиёмат куни албатта ушбу неъматдан сўраласизлар. Сизни уйингиздан очлик чиқарди. Энди эса, сизга ушбу неъмат етганидан кейин қайтасизлар» дедилар.
Ҳа, «Такасур» сураси ўзи қисқа, оятлари оз бўлса ҳам ана шундоқ улкан маъноларни ўз ичига олгандир. Унинг маъносини тушуниб, тадаббур ила тез-тез ўқиб туриш кишининг кўзини очиб, эсини жойига келтириб, масъулиятини ҳис эттириб туради. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу қисқа сурани ўқиган одамга минг оят ўқиганнинг савобини ваъда қилганлар.
Имом Байҳақий Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда айтиладики: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Сизлардан кимингиз ҳар куни минг оят ўқий олади?» деб сўрадилар. Саҳобалар томонидан:
«Ким ҳам ҳар куни минг оят ўқий оларди» дейилди. Шунда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Бирортангиз ҳам «Алҳакумут такасуру»ни ўқишга қодир эмасмисиз?» деган эканлар.
Демак, шундан маълум бўладики, бу сураи карима минг оятга баробар экан.

093. Зуҳо сураси

Маккада нозил бўлган. 11 оятдан иборат.
Ушбу сураи каримага ҳам ўзининг биринчи сўзи ном бўлиб қолган. Зуҳо–чошгоҳ пайти маъносини англатади.Аллоҳ таоло бу сурани Зуҳо ила қасам ичиб бошлаб, Ўз Пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ғазаб ҳам қилмаганини ва У зотни тарк ҳам қилмаганини таъкидлайди.
Мана шу сураи кариманинг нозил бўлиш сабаби ҳақидаги ривоятларда келишича, Пайғамбаримиздан бир муддат ваҳий узилиб қолган. Яъни Жиброил алайҳиссалом Қуръон оятларини олиб келмай қолган. Бундан Пайғамбар алайҳиссалом ташвишга тушиб маҳзун бўлганлар. Душманлар эса дарров «Муҳаммаднинг Роббиси унга ғазаб қилди, уни тарк этди»,–деб гап тарқатган. ШундаАллоҳ таоло бу сураи каримани Муҳаммад алайҳиссаламнинг ўзларига хос қилиб нозил қилган. Бу сурада аввалдан охиригача Пайғамбар алайҳиссаломга хитобни, у зотгаАллоҳ таоло қилган марҳаматларнинг саноғини, у зотнинг шарафланишини ва улуғланишини кўрамиз.
Аллоҳ таоло «Зуҳо» сурасини Ўз Пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қадр-қийматлари улуғлигини таъкидлаш учун чошгоҳ ва туннинг сукунатга чўмилиши ила қасам ичиб бошлайди.
Сўнгра Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга охиратда бериладиган нарсалар башорати берилади.
Кейин эса, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам кичикликларида етим бўлганлари, фақир ва зоеъ бўлганлари,Аллоҳ таоло Ўз риояти ва инояти ила бу ҳоллардан олиб чиққани эслатилади.
Суранинг ниҳоясида эса, у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга мазкур уч нарса муқобилига уч нарса: етимга меҳрибонлик қилиш, соилга қўпол муомала қилмаслик ва Ўз Роббиси неъмати ҳақида сўзлаш тавсия қилинади.

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

1. Чошгоҳ билан қасам.
2. Сукунатга чўмган тун билан қасам.
Аллоҳ таоло Зуҳо ила ва сукунатга чўмган тун ила қасам ичиб, Ўз қудратининг ёрқин далилларидан бўлган икки нарсага эътиборни жалб қилмоқда. Ҳамда шу қасамлар ила келажак оятдаги маънони таъкидламоқда.

3. Роббинг сени тарк қилгани йўқ, сенга ғазаб ҳам қилгани йўқ.
Ушбу ояти карима Қуръоннинг биринчи оятлари нозил бўлганидан кейин Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга бир муддат ваҳий тушмай қолиб, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам маҳзун бўлганларида, мушриклар Муҳаммаднинг Роббиси унга ғазаб қилди, уни тарк этди, деб гап тарқатганларида раддия сифатида тушгандир. Аллоҳ таоло Ўзининг махлуқотларидан бўлмиш Зуҳо ва тун билан қасам ичиб Ўз Пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ғазаб қилмаганини ва у зотни тарк ҳам этмаганини таъкидламоқда. Ваҳийнинг бир муддат узилиб қолиши эса Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг унга шавқларини яна ҳам ошириш учун бўлган, холос.

4. Ва албатта охират сен учун бу дунёдан яхшидир.
Шунинг учун ҳам Пайғамбар алайҳиссалом бу дунёга ҳеч қизиқмаганлар. Улкан саҳобий Абдуллоҳ ибн Масъуд айтадиларки, у зот бўйрада ётиб қолгандилар, ёнбошларига таъсир қилибди, уйғонганларидан сўнг ёнбошларини силаб туриб:
«Эй Аллоҳнинг Расули, изн берсангиз, бўйранинг устидан бирор нарсани тўшаб берсак», дедим. Шунда у зот:
«Мен бу дунёда бир дарахт соясида от миниб кетаётган одамга ўхшайман, тезда ўтиб кетаман, соя эса қолади», дедилар.
 
5. Ва тезда Роббинг сенга ато қилур ва сен рози бўлурсан.
Ҳақиқатда, Аллоҳ таоло у зотга кўп неъматларни ато қиладиким, бошқа бандаларга бунчалик марҳамат бўлган эмас. Шу жумладан, комил инсонлик ишларининг дунёга ёйилиши, динларининг барчадан устун бўлиши, ҳаммани шафоат қилиш этиш ҳаққи ва бошқалар.

6. У сени етим топиб жойлаб қўймадими?
Маълумки, Муҳаммад алайҳиссалом оналари қорнида олти ойлик ҳомила пайтларида оталари Абдуллоҳ вафот этди. Сўнгра олти ёшларида оналари Омина вафот этдилар ва у киши боболари Абдулмутталибнинг тарбияларида қолдилар. Икки йилдан сўнг боболари ҳам вафот этиб амакилари Абу Толибнинг қарамоғида қолдилар. У зот эса Пайғамбар алайҳиссаломни тарбиялаб, ёрдам бериб, ҳимоя қилиб олиб юрди. Қирқ ёшга тўлиб, Пайғамбар бўлганларидан сўнг ҳам Абу Толиб ўзи динга кирмаса ҳам, ҳимоясини давом эттирди. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни кофирларнинг ёмонликларидан сақлаб турди. Бу ишларнинг барчаси Аллоҳнинг инояти ва тадбири билан бўлган.
 
7. Ва У сени ҳайрон ҳолда топиб,  ҳидоятга бошламадими?
8. Ва У сени камбағал ҳолда топиб, бой қилмадими?
Ҳақиқатда, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳеч нарсаси йўқ камбағал эдилар. Аллоҳ у зотни бу ҳолдан чиқарди. Энг муҳими–назарларини тўқ қилиб қўйди. Ҳақиқий бойлик шунда. Ҳазрати Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бойлик матоҳнинг кўплигида эмас, балки назарнинг тўқлигида», дерлар.

9. Аммо етимга қаҳр қилмагин.
Яъни, уни хорлама, камситма, ҳаққини ема ва ҳоказо. Ҳадиси шарифда: «Мусулмон оилаларнинг энг яхшиси етимга яхшилик қилувчисидир, энг ёмони эса, етимга ёмонлик қилувчисидир»,–дейилган.

10. Ва аммо «соил»га зажр  қилма.
Соил келганда, мусулмон одам–бирор нарсаси бўлса бериши, бўлмаса яхши муомала қилиши керак. Уни жеркиш, унга қўпол муомала қилиш мутлақо мумкин эмас.

11. Ва аммо Роббингнинг берган неъмати ҳақида сўзла.
Аллоҳ таолонинг неъматлари жуда кўп, санаб охирига етказиб бўлмайди. Лекин доим шукурини келтириб юриш зарур. Шукр эса неъматни берувчига мақтов айтиш ва неъматни Аллоҳ кўрсатган йўлда сарфлаш билан бўлади.

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase