close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

112. Ихлос сураси

Маккада нозил бўлган. 4 оятдан иборат.
Мушриклар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурига келиб, бизга Роббингни сифатлаб бер, насабини баён қилиб бер, деганларида,Аллоҳ таолонинг ўзи «Ихлос» сурасини нозил қилиб жавоб берган.
Бу суранинг «Ихлос» деб номланганининг сабаби–Аллоҳнинг Щзигагина ибодат қилиш, фақат Щзигагина юзланишга, ихлос қилишга ундаганидир.
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳадисларидан бирида: «Ихлос» сураси Қуръоннинг учдан бирига тўғри келади», деганлар.
Чунки Қуръони Каримнинг асосий мақсади учга бўлинади:
а) Аллоҳнинг тавҳиди, ягоналиги исботи ва ақидани тузатиш.
б) Ибрат, ислоҳ ва ўрнак олиш учун келтирилган қиссалар.
в) Шариат ҳукмлари.
«Ихлос» сураси ушбу нарсаларнинг биринчи қисмини ўз ичига олган.

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

1. Айт: «У Аллоҳ ягонадир».
Ҳа, эй Пайғамбар, ҳаммага айт!Аллоҳ таоло биттадир, ягонадир.
- Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг зоти биттадир, ягонадир. Бошқа бир Илоҳ йўқдир.
- Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг сифати ягонадир. У зотнинг сифатлари билан ҳеч бир нарса сифатлана олмайди.
- У Щзининг ўхшаши йўқлиги бўйича ҳам ягонадир.
- Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло амалларида ҳам биттадир, ягонадир. Унинг амалларини ҳеч ким қила олмайди.
Аллоҳнинг ваҳдонияти Исломнинг асосий ақидасидир. Бошқа эътиқод қилиниши лозим бўлган нарсалар ҳам ушбу Аллоҳнинг ваҳдонияти асосида бўлади.
Аввалги оятда Аллоҳ таолонинг ваҳдоният сифати зикр қилинганидан кейин энди, У зот олийнинг сомадият сифати зикр қилинади.

2. Аллоҳ–сомаддир.
Сомад сифати кўп маъноларни ўз ичига олади:
- итоат қилинган улуғ–Усиз ҳеч бир иш битмайди.
- ҳеч кимга ҳожати тушмайди, барчанинг ҳожати Унга тушади.
- бутун махлуқот битиб тугаса ҳам, Щзи доим боқийдир ва ҳоказо.
Кўриб турибмизки, биттагина «сомад» сўзи қанчалар маънони ўз ичига олган. Араб тили ана шундоқ кенг имкониятларга эга бўлгани учун ҳам, Аллоҳ таоло Щзининг охирги каломини ўша тилда нозил қилишга ирода қилган.

3. У туғмаган ва туғилмаган.
Яъни, унинг фарзанди ҳам, ота-онаси ҳам йўқ.
Чунки туғиш, туғилиш бандаларга хос, Худога нисбатан эса бу сифатлар тўғри келмайди.
Бу оятда кўпгина бузуқ эътиқодларига раддия бор, жумладан :
- Мушрикларнинг, фаришталар-Аллоҳнинг қизларидир, деган эътиқодига.
- Яҳудийларнинг, Узайр-Аллоҳнинг ўғлидир, деган эътиқодига.
- Насороларнинг, Ийсо-Аллоҳнинг ўғлидир, деган эътиқодига.
Туғилиб ўсган, ҳайвон ёки одамларни илоҳ деб эътиқод қилувчи барча тоифаларнинг эътиқодларига.

4. Ва Унга ҳеч ким тенг бўлмаган.
Ҳа, Аллоҳ таолога бирор зот на зотида, на сифатида ва на аъмолида тенг бўлган эмас, бўлолмайди ҳам.
Қуръон ана шундай қилиб Аллоҳ таолони камолот сифатлари ила сифатлайди. Исломда Аллоҳ таоло барча нуқсон ва айблардан поклаб ёд этилади. Чунки, Ислом ақидаси Аллоҳ таолонинг Щзи томонидан жорий этилган ақидадир. Бошқа ақидаларга ўхшаб одамлар хаёлларига келган нарсани тўқиб олган ақида эмасдир.
Баъзи уламоларимиз «Ихлос» сураси ҳақида қуйидаги умумий мулоҳазани қилганлар: «Ушбу сураи карима тўрт оятдан иборатдир. У жуда ҳам мўъжаз ва жуда ҳам мўъжиза бўлиб келгандир. У Аллоҳ таолонинг жамоли ва камолини очиқлаб келгандир. У Аллоҳ таолонинг барча ожизлик ва нуқсон сифатларидан поклаб келгандир.
Унинг биринчи ояти ваҳдониятни исбот қилиб, кўп ададликни рад қилгандир.
«Айт! «У Аллоҳ ягонадир».
Унинг иккинчи ояти Аллоҳнинг камолини исбот қилиб, ожизлик ва нуқсонини рад қилгандир.
«Аллоҳ сомаддир».
Унинг учинчи ояти Аллоҳнинг азаллиги ва боқийлигини исбот қилиб, зурриёти ва наслининг борлигини рад қилгандир.
«У туғмаган ва туғилмаган».
Унинг тўртинчи ояти Аллоҳнинг азаматини ва улуғворлигини исбот қилиб, тенги ва зидди борлигини рад қилгандир.
«Унга ҳеч ким тенг бўлмаган».
Бас, бу сура жамол ва камол сифатларининг исботидир. У Роббни нуқсонлардан поклашнинг энг олий сувратидир.
Имом Бухорий Ойша онамиздан ривоят қиладилар: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бир кишини топшириқ билан бир гуруҳ қуролли кишиларга бошлиқ қилиб юбордилар. У биродарларига имом бўлиб, қачон намоз ўқишса, «Қул ҳуваллоҳу аҳад»ни ўқийверибди. Қайтиб келганларида буни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга айтишган экан, у киши:
«Сўранглар-чи нима учун шундоқ қилибди», дебдилар. Сўрашса, у киши:
«Чунки бу сура Роҳманнинг сифати ва мен уни ўқишни яхши кўраман», дебди. Шунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Унга, Аллоҳ сени яхши кўради, деб хабар беринглар», дебдилар.
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Ким «Қул ҳуваллоҳу аҳад»ни охиригача ўн марта ўқиса, Аллоҳ таоло унга жаннатдан бир қаср қуради».
Имом Термизий қилган ривоятда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтадилар: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан юриб борар эдим. У зот бир одамнинг «Қул ҳуваллоҳу аҳад. Аллоҳус Сомад», деб қироат қилаётганини эшитиб,
«Вожиб бўлди», дедилар.
«Эй Аллоҳнинг Расули нима вожиб бўлди?» дедим.
«Жаннат», дедилар».
Яна Имом Термизий Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда: «Ким ҳар куни «Қул ҳуваллоҳу аҳад»ни икки юз марта қироат қилса, эллик йиллик гуноҳлари ўчирилади, магар қарзи бўлса», дейилган.
Имом Аҳмад Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда: «Ким «Қул ҳуваллоҳу аҳадни ўн марта ўқиса, «Аллоҳ унга жаннатда бир уй бино қилади», дейилган.
Имом Насаий Муъоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан, у киши ўз оталаридан ривоят қилган ҳадисда қуйидагилар айтилади: «Бир куни ёмғир ва зулматда қолиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бизга намозга ўтишларига интизор бўлдик. Бас, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам чиқдилар ва:
 «Айт», дедилар.
 «Нимани айтаман?» дедим.
 «Ҳар кеч ва ҳар сабоҳда уч марта «Қул ҳуваллоҳу аҳад»ни ва икки «Қул аъузу»ни ўқисанг, ҳар бир нарсага кифоя қилади, дедилар».

 

063. Мунофиқун сураси

Мадинада нозил бўлган. 11 оятдан иборат
Бу сураи каримада ҳам шариат аҳкомлари, Исломнинг амалий тарафлари ҳақида сўз кетади. Асосан, Мадинада юзага келган нифоқ ва мунофиқлар ҳақидасўзюритилади. Суранинг «Мунофиқлар» деб аталишининг боиси шундан.
Сураи карима аввалида мунофиқларнинг хулқлари, уларнинг разил сифатлари, жумладан, ёлғончиликлари, ичлари бошқа-ю, устлари бошқа, диллари ўзга-ю, тиллари ўзга эканлиги баён этилади.
Сўнгра уларнинг Пайғамбар алайҳиссаломга ва мусулмонларга қарши уюштирган фитналари ҳақида хабар берилади. Мунофиқлар сиртдан мусулмонликни кўрсатиб, аслида дин учун ҳатто кофирлар ҳам қила олмайдиган ёмонликларни қилишлари баён этилади. Сиртдан мусулмонлик даъволарига кўплар ишониб қолиши мумкин, шунинг учун уларнинг динга, мусулмонларга етказадиган зарарлари кофирлар етказадиган зарарлардан ҳам кўра хатарлироқдир.
Бинобарин, улар дўзахда тортадиган азоб ҳам кофирларга бериладиган азобдан кўра кучлироқ бўлади.
Бу сурада яна мунофиқларнинг Пайғамбар алайҳиссалом шаъниларига айтган шармсиз сўзлари, у кишининг ишлари охирига етмайди деган эътиқодлари ва бошқа кирдикорлари ҳақида сўз юритилади.
Сура охирида мусулмонлар мунофиқларга ўхшамасликка дунё зийнатларига, ҳой-ҳавасга берилиб, Аллоҳнинг тоат-ибодатини унутмасликка даъват қилинади. Вақт борида Аллоҳ йўлида хайр-эҳсон қилиб қолиш кераклиги, кейин афсус-надомат фойда бермаслиги таъкидланади.
Аввал нифоқ ва мунофиқлар ҳақида тўлиқроқ тушунчага эга бўлиб олишимиз келажакда ояти карималарни тушунишимизга ёрдам беради.
Араб тилида «нифоқ» сўзи ичи бўш, ташқи кўриниши ўзгача нарсага ишлатилади. Мисол учун, юмронқозиқ ёки тулкининг уясига ҳам «нифоқ» сўзи ишлатилади. Чунки улар устидан оддий ерга ўхшайди, бир тарафдан кирса, иккинчи тарафдан чиқиб кетаверади. Ҳозирги кунда ажНабий тилларда «тонел» деб номланаётган иншоотлар ҳам арабчада «нафақ» дейилади.
Агар бу маънони диний-ақидавий истилоҳда ишлатмоқчи бўлсак, сиртдан мусулмонликни эълон қилиб, ичидан унга лойиқ бўлмасликка мунофиқлик, деб айтилади. Одамлар кўз ўнгида Ислом динига мансублигини эълон қилиб, ҳатто баъзи амалларни ҳам қилиб юрадиган, аслида эътиқоди бузуқ бўлган кишиларни «мунофиқ» дейлади.
Кўпинча ҳадиси шарифларда мунофиқларнинг аломатлари ҳақида сўз юритилган, улардан бирида Расули акрам алайҳиссалом: «Мунофиқнинг белгиси учтадир: гапирса ёлғон гапиради, омонатга хиёнат қилади, ваъда берса устидан чиқмайди. Кимда шу хислатлар бўлса, унда мунофиқнинг барча хислатлари бўлган бўлади, агар биттаси бўлса, битта хислати бўлади», деганлар.
Мунофиқларнинг очиқ-ойдин кофирлардан ҳам катта хатарли эканликларига боис-кофирлар билан бўладиган алоқа ва муомалаларда биз уларнинг кимлигини эътиборга олиб, ўзларига яраша иш тутамиз. Мунофиқлар эса, сиртдан мусулмон бўлиб кўринадилар, одамнинг ичидагини билиб бўлмайди, натижада уларга ҳам мусулмонча муомала қилишга мажбур бўлинади. Бу билан мунофиқларга динга катта зарарлар етказишга имкон яратилади.
Айнан мана шу ҳолат уларга қиёмат куни кофирлардан кўра кўпроқ ва аламлироқ азоб берилишига сабаб бўлади.Аллоҳ таоло мунофиқлар жаҳаннамнинг энг қаъридан жой олишларини таъкидлаб айтган.
Ислом динининг аввалги пайтларида Маккаи Мукаррамада мунофиқлик йўқ бўлган. Ҳижратдан кейин, мусулмонлар Мадинаи Мунавварада алоҳида жамият бўлиб, «кўкракларига шамол тегиб» яшай бошлаганларидан сўнггина бу дард пайдо бўлди.
Маккада мусулмонлар оз сонли, заиф бўлиб, хоҳлаган киши уларга бемалол зулм ўтказар ва азоб берар эди. Одатда, бундай пайтда фақат ҳақиқат мўминларгина сабр-чидам билан динларини маҳкам ушлайдилар. Мадинада эса, мусулмонлар куч-қувватга, ўз давлатларига эга бўлдилар, улар билан ҳисоблашмасликнинг иложи қолмади. Шундай бир пайтда дилларини моғор босган, қалбларида марази бор баъзи кимсалар мунофиқлик йўлига ўтдилар. Аллоҳдан эмас, Аллоҳнинг бандаларидан қўрқиб, Исломга юзаки кирдилар.
Ушбу сураи карима мунофиқларнинг кўпгина кирдикорларини фош қилади. Жумладан, улар турли ёлғон миш-мишлар тарқатадилар, мусулмонларни маънавий-руҳий тарафдан заифлаштиришга, уларнинг қалбларида иймонни сусайтиришга ва умидсизликни кўчайтиришга ҳаракат қиладилар.
Мунофиқлик турли ахлоқий разилатнинг уясидир. Риёкорлик, алдамчилик, хиёнат, ёлғончилик, иккиюзлик, ваъдага хилоф қилишлар шулар жумласидандир. Мунофиқлик ҳар бир умматнинг жисмини титиб юборадиган ижтимоий касалликдир.
«Мунофиқлар» сурасининг нозил бўлиш сабаблари ҳақидаги ривоятларни мухтасар қилиб келтирадиган бўлсак, қуйидаги суврат кўз ўнгимизда намоён бўлади.
Бани Мусталақ қавми билан бўлган урушга Пайғамбар алайҳиссалом ва мўминларга қўшилиб, жиҳод учун эмас, балки ўлжа олиш умидида мунофиқлар ҳам чиқишган эди.
Ғазот Пайғамбар алайҳиссаломнинг ғалабалари билан тугаб, барча ортга қайтаётганда, йўлда Синан ва Жаҳжаҳ исмли кишилар қудуқ устида сув талашиб, уришиб қолдилар. Жаҳжаҳ Синанни уриб юзини қонатди. Синан:
«Ё хазражликлар, бормисан!» деди, улар югуриб келдилар. Ўз навбатида Жаҳжаҳ:
«Ё қурайшликлар, бормисан!» деди, улар ҳам югуриб келдилар. Орада фитна чиқадиган ҳолат пайдо бўлди. Муҳожирлардан бир гуруҳи фитнанинг олдини олдилар. Бу хабар мунофиқларнинг бошлиғи Абдуллоҳ ибн Убайга етиб борганида, у: «Аллоҳга қасамки, сизлар билан анави қурайшликлар худди эскиларнинг, итингни семиртирсанг, ўзингни қопади, деган гапига ўхшайсизлар Ўзингизга ўзингиз қилдингиз. Уларга уйларингизни бўшатиб бердингиз. Молу мулкингизни сарфладингиз. Улар кучли бўлдилар. Сиз заифлашдингиз. Аллоҳга қасамки, агар сиз ёрдам бермасангиз, анавининг (Пайғамбарнинг) атрофидагилар тарқаб кетишади. Мадинага етиб борганимизда азиз ундан хорни чиқаради», деди. Хор деб Пайғамбарни кўзда тутди.
Ўша ерда Зайд ибн Арқам номлибалоғатга етмаган йигитча ҳам турган эди. Бўлиб ўтган гап-сўзни Пайғамбар алайҳиссаломга бориб айтди. У зот Абдуллоҳ ибн Убайни олдириб келдилар ва:
«Шу гапларни сен айтдингми?» дедилар. У бўлса:
«Сенга Қуръонни нозил қилган зот билан қасамки, бу гаплардан биттасини ҳам айтганим йўқ, Зайд ёлғончи экан», деди. Ўша ерда ҳозир бўлган мусулмонлар, кичкина боланинг гапига ишонавериш керак эмас, балки адашгандир, дейишди. Расуллоҳ уни кечирдилар. Ансорийлар Зайдни маломат қилишди, ёлғончига чиқаришди. СўнграАллоҳ таоло «Мунофиқлар» сурасини тушириб, Зайднинг сўзини тасдиқлади ва Абдуллоҳ ибн Убайнинг ёлғонини фош қилди.

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ.

1. Мунофиқлар ҳузурингга келганларида, гувоҳлик берамизки, сен, албатта, Аллоҳнинг Расулисан, дерлар. Ҳолбуки, Аллоҳ албатта сен Унинг Расули эканингни биладир. Ва Аллоҳ гувоҳли берурки, албатта, мунофиқлар ёлғончидирлар.
Мунофиқлар дилларида Пайғамбар алайҳиссаломга иймонлари бўлмаса ҳам, у кишини кўрганларида биз сенинг Расулуллоҳ эканлигингга иқрормиз, эътироф этамиз, дейишади. Аллоҳ бу ҳақиқатни билиб турибди.
«Мунофиқлар ҳузурингга келганларида, гувоҳлик берамизки, сен, албатта, Аллоҳнинг Расулисан, дерлар».
Яна Аллоҳ мунофиқлар бу гувоҳликни ёлғондан бераётганликларини ҳам билиб турибди.
«Ҳолбуки, Аллоҳ албатта сен Унинг Расули эканингни биладир. Ва Аллоҳ гувоҳли берадики, албатта, мунофиқлар ёлғончидирлар».
Аллоҳ мунофиқлар воқеъликка тўғри гапни, Муҳаммад алайҳиссаломнинг Пайғамбар эканликларини айтсалар ҳам, уларнинг дилига тўғри келмагани учун ёлғончилар деб атамоқда.

2. Улар қасамларини қалқон қилиб олдилар ва Аллоҳнинг йўлидан тўсдилар. Бас, уларнинг қилган ишлари ёмон бўлди!
Мунофиқлар одамларни ишонтириш учун, биз мусулмонмиз, деб қасам ичардилар. Мусулмонлар қасамга ишониб, уларга тегмас эдилар. Шундоқ қилиб, қасам уларга қалқон бўлиб хизмат қиларди.
«Улар қасамларини қалқон қилиб олдилар ва Аллоҳнинг йўлидан тўсдилар».
Бу имкониятдан фойдаланиб улар Аллоҳнинг тоатидан юз ўгирар ва одамларни ҳам йўлидан бошқа томонга бурар эдилар.
«Бас, уларнинг қилган ишлари ёмон бўлди!»
Ёлғон, алдамчилик ва залолатдан ҳам ёмонроқ иш борми бу дунёда?!
Келаси оятда Аллоҳ улар инфоқининг ҳақиқатини баён қилади.

3. Бунга сабаб шуки, улар иймон келтирдилар, сўнг кофир бўлдилар, бас, қалбларига муҳр босилди. Энди улар фаҳмламаслар.
Ушбу ояти кариманинг биринчи жумласига икки хил маъно бериш мумкин.
Биринчи маъно: Аввал улар иймон ҳақиқатини билдилар, лекин кейин кофирликни ихтиёр қилдилар.
Иккинчи маъно: Улар мўминларни кўрганда юзаки иймон келтирдилар, сўнг ўз қавмлари ҳузурига борганларида кофирликка қайтдилар.
Шунинг учун уларнинг қалбига муҳр босилди.
«Бунга сабаб шуки, улар иймон келтирдилар, сўнг кофир бўлдилар, бас, қалбларига муҳр босилди».
Энди ҳақ йўлга ҳидоят топмайдилар. Улар Қуръонни, иймонни тушунмайдилар. Нур билан зулматни ажрата олмайдилар. Ҳа,
«Энди улар фаҳмламаслар».

4. Ва агар уларни кўрсанг, жисмлари сени ажаблантирур ва агар гапирсалар, гапларига қулоқ осарсан. Улар худди суяб қуйилган ходага ўхшарлар. Ҳар қичқириқни зиддиларига ҳисобларлар. Улар душмандирлар. Улардан ҳазир бўл. Аллоҳ уларга уруш очсин, ҳақдан қандоқ ўгирилурлар.
Бу оятда Аллоҳ таоло мунофиқларнинг баъзи сифатлари ва тасарруфларини мўминлар улардан эҳтиёт бўлишлари учун баён қилмоқда.
«Ва агар уларни кўрсанг, жисмлари сени ажаблантирур ва агар гапирсалар, гапларига қулоқ осарсан».
Чунки мунофиқларнинг ичида чиройли юзли, келишган гавдали, сўзга уста кишилар бор. Бундай қараганда, келишган, туппа-тузук одамлар, гаплари ҳам кишиларни ром қиладиган. Масалан, мунофиқларнинг ўша пайтдаги раҳбари Абдуллоҳ ибн Убай қоматли, чиройли ва сўзламол одам эди. Бошқа мунофиқлардан ҳам унга ўхшашлари бор эди. Пайғамбар алайҳиссаломнинг мажлисларига келиб, деворга суяниб ўтирар эдилар. Саҳобалар уларнинг қоматларига ҳавас билан боқишар, гапларига қулоқ солар эдилар. Лекин барибир қалблари иймондан, яхшиликдан холи бўлгани учунАллоҳ таоло уларни деворга суяб қўйган ходага ўхшатмоқда.
«Улар худди суяб қуйилган ходага ўхшарлар».
Мунофиқларнинг сифатларидан яна бири,
«ҳар чақириқни зиддиларига ҳисобларлар».
Яъни, улар доимо қўрқинчда бўладилар, ҳар бир баланд овозни бизга қарши деб ўйлайдилар. Икки киши орасида кечаётган ҳар қандай суҳбатдан ҳам улар менга қарши гаплашяпти, деб ҳадиксирайверадилар. Мазкур хусулиятларга эга бўлган кишилар тўлиқ душманлар бўладилар. Шунинг учун ҳам Аллоҳ оятда:
«Улар душмандирлар», демоқда.
Яъни, ҳақиқий душманлар ўша мунофиқлардир. Чунки душманнинг энг ёмони юзингга кулиб қараб туриб, қўйнида сенга отиш учун тош сақлаганидир. Демак, уларнинг ташқи кўринишига ишониб қолмаслик керак. Аллоҳ:
«Улардан ҳазир бўл», деб огоҳлантиряпти. Оят уларнинг зиддига дуо билан якунланади. Биз,
«Аллоҳ уларга уруш очсин», деб таржима қилган жумла арабчада «Қоталаҳумуллоҳ» дейилади ва тафсирчиларимиз, Аллоҳ уларни лаънатласин, Ўз раҳматидан узоқ қилсин, деб тафсир қиладилар.
«…ҳақдан қандоқ ўгирилурлар».
Шунча нарсани кўриб-билаб туриб, қандоқ қилиб ҳақдан ботига қараб ўгирилиб кетдилар?!
Зикр этилган бу сифатларга эга бўлган кишилардан яхшилик умид қилиш қийин, уларнинг мусулмон бўлишини орзу қилмаса ҳам бўлади.

5. Ва агар уларга: «Келинглар, Аллоҳнинг Расули сизларга истиғфор айтур», дейилса, улар бошларини чайқарлар. Ва уларни мутакаббирлик ҳолида юз ўгираётганларини кўрурсан.
6. Улар учун истиғфор айтасанми ёки айтмайсанми бари бир. Аллоҳ уларни ҳеч мағфират қилмас. Зеро, Аллоҳ фосиқ қавмларни ҳидоят қилмас.
Истиғфор айтиш-гуноҳнинг кечишини Аллоҳдан сўраш. Суранинг нозил бўлиши ҳақидаги ривоятларда келишича, мунофиқларнинг раҳбари Абдуллоҳ ибн Убайнинг ёлғончилиги фош бўлгандан сўнг кишилар унга: «Энди Расулуллоҳнинг ҳузурларига бориб узр сўра, у киши сенинг гуноҳларингни кечишини сўраб Аллоҳга дуо қилсалар, гуноҳларинг мағфират қилинса ажаб эмас», дейишганда, мутакаббирлик билан бош чайқаб, бормаган экан. Лекин оятнинг ҳукми ҳамма мунофиқлар учун бир.
«Ва агар уларга: «Келинглар, Аллоҳнинг Расули сизларга истиғфор айтур», дейилса, улар бошларини чайқарлар. Ва уларни мутакаббирлик ҳолида юз ўгираётганларини кўрарсан».
Мунофиқлар мусулмонлик даъвосини қилиб юргани учун баъзи гуноҳларни содир этганларида, оддий мусулмонлар каби уларни ҳам Аллоҳдан гуноҳларини мағфират қилишини сўрашга-истиғфор айтишга чорлансалар, улар бу таклифга кўнмасдан бошларини чайқайдилар. Шу билан улар ўзларининг мунофиқликларини ўзлари фош этиб қўядилар. Айниқса, уларга, келинглар, Аллоҳнинг Расули сизларга истиғфор айтади, дейилганда, бошларини чайқашлари уларнинг мунофиқликларини жуда ҳам очиқ-ойдин фош этади. Чунки, қалбида заррача иймони бор шахс Аллоҳга истиғфор айтишдан зинҳор бош тортмайди. Хусусан, Аллоҳнинг Расули сизларга истиғфор айтади, дейилганда, уларнинг  рад маъносида бошларини чайқашлари мутлақо мумкин эмас.
 Эй Пайғамбар!
«Улар учун истиғфор айтасанми ёки айтмайсанми бари бир».
Улар учун истиғфор айтдинг нимаю, айтмадинг нима, фарқи йўқ.
«Аллоҳ уларни ҳеч мағфират қилмас».
Чунки улар фисқу фужурга берилиб, куфрда ҳаддан ошиб кетдилар. Бўлмаса, уларга, келинглар, Аллоҳнинг Расули сизларга истиғфор айтади, дейилганда, бошларини чайқармидилар?!
«Зеро, Аллоҳ фосиқ қавмларни ҳидоят қилмас».
Бу Аллоҳ таолонинг ўзгармас, умумий қоидасидир.
Сўнгра Аллоҳ таоло мунофиқларнинг мусулмонларни заифлаштириш учун қиладиган режаларидан хабар беради.

7. Улар, Расулуллоҳнинг ҳузуридагиларга нафақа берманглар, ҳаттоки тарқаб кетсинлар, дерлар. Ҳолбуки, осмонлару ернинг хазиналари Аллоҳникидур. Ва лекин мунофиқлар тушунмаслар.
Яъни, мунофиқлар Расулуллоҳга ва у киши билан бирга бўлганларга иқтисодий кўмак қилманглар, шунда улар очнаҳор қолиб тарқалиб кетади, Пайғамбарга ҳам ёрдам бера олмайдилар, деб тушунтирадилар.
«Улар, Расулуллоҳнинг ҳузуридагиларга нафақа берманглар, ҳаттоки тарқаб кетсинлар, дерлар».
Бу иқтисодий уруш дейилади. Ҳозирги кунда мустамлакачи давлатлар ўз сўзига кирмаган кичик халқларни бўйсундириш учун иқтисодий қамал қиладилар ёки ўзга усулларни ишга соладилар. Улар ўзларича бу услуб қўл келади, деб ўйлашади. Лекин Қуръони Карим уларнинг бунақа режалари фойдасиз эканини таъкидлайди. Мўминларнинг қалбларига таскин бериб айтадики:
«Ҳолбуки, осмонлару ернинг хазиналари Аллоҳникидур».
Яъни, ҳаммага ризқ берадиган ҳам, ризқни кесиб қўядиган ҳам Аллоҳ таолонинг Ўзидир.
«Ва лекин мунофиқлар тушунмаслар».
Ҳа, мунофиқлар Аллоҳга иймонлари йўқ бўлгани учун бунинг фарқига бормайдилар.
Бу масала ойдинлаштириб олингандан кейин мунофиқлар бошлиғининг Пайғамбар алайҳиссаломни Мадинадан хорларча қувиб чиқараман, деб қилган дўқ-пўписасига раддия берилади.

8. Улар, агар Мадинага қайтиб борсак, албатта азиз хорни ундан чиқарур, дерлар. Ҳолбуки, азизлик Аллоҳга, Унинг Расулига ва мўминларига хосдир. Аммо мунофиқлар билмаслар.
Бу дўқни ким Мунофиқларнинг бошлиғи, Абдуллоҳ ибн Убай ибн Салул қилганини, азиз деганда ўзини кўзлаб, хор деганда Пайғамбаримиз алайҳиссаломни  назарда тутганини юқорида айтдик.
«Мадинага қайтиб борсак», дейилгандан мурод Мусталақ қавмига қарши ғазотдан қайтиб Мадина шаҳрига борсак, деганидир.
«Улар, агар Мадинага қайтиб борсак, албатта, азиз хорни ундан чиқарур, дерлар».
Бундан кўриниб турибдики, мунофиқлар қарши турли жабҳа ва услубларни, шу жумладан, маҳаллийчиликни ҳам ишга соладилар. Маълумки, Пайғамбар алайҳиссалом ва муҳожирлар Мадиналик эмаслар, балки бу ёққа дин учун Маккадан ҳижрат қилиб келганлар. Мунофиқлар Мадинанинг туб аҳолиси бўлмиш ансорийларда турли йўл билан маҳаллийчилик руҳини қўзиб уларни ўз дин-қардошларига қарши қўйишга ҳам уринганлар. Улар бундай йўллар билан мўминларни хор қилмоқчи бўлдилар. Лекин Аллоҳ таоло уларнинг ўзларини хору зор қилиб қўйди. Улар ўйламаган тарафдан бошларига балоларни олиб келди. Мазкур ҳодисада Абдуллоҳ ибн Убай ва унинг нифоқдаги шерикларининг ишлари фош бўлгандан сўнг одамлар ичида Расулуллоҳ Абдуллоҳ ибн Убайни қатл этишга фармон берганмишлар, деган гаплар тарқалади. Баъзи шижоатли мусулмонлар у зотдан бу ишни амалга оширишга рухсат ҳам сўрайдилар. Лекин Пайғамбар алайҳиссалом кўнмайдилар. Бу хабар мунофиқлар раҳбар Абдуллоҳ ибн Убайнинг ўғлига ҳам етиб боради. Шунда у йигит Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳузурларига шошилиб келиб: «Эй Аллоҳнинг Расули, эшитишимча, отамни ўлдиришга амр бермоқчи экансиз, Аллоҳга қасамки, бизнинг қалбимизда мендан кўра отасини ҳурмат қиладиганроқ одам йўқлигини ҳамма билади. Сизнинг амрингизни бажариб отамни қатл этган кишини кўриб юриш менга оғир бўлади. Шунинг учун изн берсангиз, мунофиқ отамнинг бошини ўзим танасидан жудо қилсам», дейди. Пайғамбар алайҳиссалом унга ҳам рухсат бермайдилар. Ҳа, иймон ҳақиқий бўлса бунга ўхшаш мўъжизалар содир бўлади. Мунофиқлар ўзларини азиз билиб, мўминларни хор қилишга уринсалар ҳам Аллоҳ уларнинг ўзини икки дунёда хору зор қилиб қўяди. Бунга Абдуллоҳ ибн Убайнинг бошига тушган кўргиликлар яққол мисол бўлади.
Имом Абу Довуд ривоят қилишларича: «Одамлар (ўша ғазотдан сўнг) қайтиб Мадинага яқинлашиб келганларида Абдуллоҳ ибн Убайнинг ўғли шаҳарга кираверишда қиличини яланғочлаб турди. Одамлар бир-бир унинг олдидан ўтиб кетавердилар. Қаршисига отаси Абдуллоҳ ибн Убай келганда: «Аллоҳга қасамки, Расулуллоҳ изн бермагунчаларича бу ердан ўтмайсан, албатта, у зот азиз, сен бўлса хорсан», деди. Абдуллоҳ ибн Убай ўғлидан Расуллоҳга шикоят қилди. Ўғил эса: «Аллоҳга қасамки, эй Расулуллоҳ, сиз изн бермагунингизча шаҳарга кирмайди», деди. Расулуллоҳ изн бердилар. Шундан кейингина ўғил отасига: «Расулуллоҳ изн берган бўлсалар, ўтавер», деди.
Мунофиқлар ва кофирлар нимани ўйласалар ўйлайверсинлар, лекин, Қуръони Карим рост хабар берганидек,
«Ҳолбуки, азизлик Аллоҳга, Унинг Расулига ва мўминларга хосдир. Лекин мунофиқлар билмаслар».
Ушбу ояти карима мусулмонлар заиф бўлиб, уларга турли ҳужумлар уюштирилиб турган пайтда нозил бўлган. Аммо мўъжиза эканлиги тезда намоён бўлди.Аллоҳ таоло Ўз Пайғамбарига душманларга қарши курашда ёрдам берди. Арабистон ярим ороли аҳолиси у кишига эргашди. У кишидан сўнг халифалари даврида ўша пайтдаги дунёнинг икки улкан салтанати тиз чўкди; дунёда Ислом дини тарқалди. Ҳақиқий азизлик Аллоҳга, Унинг Расулига ва мўминларга хослиги исбот бўлди.
Суранинг охиридаги оятлардаАллоҳ таоло мўмин бандаларини мунофиқларнинг сифатларидан холи бўлишга чақиради.

9. Эй иймон келтирганлар! Молларингиз ва болаларингиз сизни Аллоҳнинг зикридан чалғитмасин. Ким шундай қилса, бас, ана ўшалар ютқазганлардир.
Агар кишининг қалби уйғоқ бўлмаса, молу дунё ва бола-чақа уни банд қилиб, Аллоҳнинг зикрини унутдириб қўяди.
Шунинг учун ҳам Қуръони Карим такрор ва такрор мусулмонларни Аллоҳнинг зикрини унитмасликка даъват этади.
«Эй иймон келтирганлар! Молларингиз ва болаларингиз сизни Аллоҳнинг зикридан чалғитмасин».
Ундай кишилар аввало охират неъматини ютқазадилар, қолаверса, бу дунёда Аллоҳнинг зикридан келиб чиқадиган хотиржамлик ва осойишталик ва бошқа кўплаб фойдалардан қуруқ қоладилар.
«Ким шундай қилса, бас, ана ўшалар ютқазганлардир».
Аллоҳни унутган жамият кўп нарсани бой берган жамиятдир. Чунки ғофиллик сабабли гуноҳ ишлар, жиноят ва ўзга мусибатлар кўпаяди.

10. Ва бирингизга ўлим келиб: «Эй Роббим, агар менинг ўлимимни яқин муддатга орқага сурсанг, бас, садақа қилиб солиҳлардан бўлсам», демасдан аввал Биз сизларга ризқ қилиб берган нарсалардан нафақа қилинг.
Ризқнинг асосий манбаи Аллоҳнинг Ўзидир ва У зот одамларга Ўзи хоҳлаганича ризқ бериб қўйган ва унинг нафақа, хайр-эҳсон қилиб туришга буюрган. Албатта, бу иш ўлим келишидан аввал бўлиши шарт. Соғ-саломатликда, ҳамма нарсага қодирлик пайтда хайр-эҳсон қилса, ўрнига тушади. Ўлим келганда ҳамма ҳам ёлбориб, Аллоҳдан яна озгина умр  беришини сўрайди, садақа қилиб, яхши кишилар қаторида бўлишни истаб қолади. Лекин унда кеч қолган бўлади. Чунки:

11. Аллоҳ ажали келган жонни ҳеч-ҳеч орқага сурмас. Ва, Аллоҳ нима қилаётганингиздан хабардордир.
Оқил киши бошига ўлим келмасидан хайрли ишларни кўпроқ қилиб қолишга интилади ва шундай бўлиши ҳам лозим. ЧункиАллоҳ таоло ҳар бир гапу ишдан хабардор зотдир.

100. Адият сураси

Маккада нозил бўлган. 11 оятдан иборат.
Ушбу сураи кариманинг номи ҳам ўзининг биринчи оятидаги биринчи сўздан олинган. «Адият» чопувчилар, деган маънони билдиради. Ушбу сурада эса «Адият»дан мужоҳидларнинг Аллоҳнинг йўлидаги жиҳодда чопувчи отлари кўзда тутилган. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло ушбу сураи каримада мужоҳидлар минган отларнинг турли сифатлари ила қасам ичиб, инсон ўз Роббиси неъматининг қадрига етмаслигини таъкидлайди. Шу билан бирга у яхшилик, молу-дунёни хуш кўриши ҳам алоҳида таъкидланади.
Ва ниҳоят, охиратда ҳамма нарса аён бўлиши баён қилинади.

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

1. Ҳарсиллаб чопувчи отлар билан қасам.
От қаттиқ чопганда, куч келганидан инқиллаганга ўхшаш овоз чиқарди. Сўз шунинг устида кетяпти.
Аллоҳ таоло мужоҳидларнинг овоз чиқариб-ҳарсиллаб ўқдек учиб кетаётган отлари билан қасам ичмоқда. Бу жиҳодга тарғиб эканлиги очиқ-ойдин кўриниб турибди.

2. Ўт чақнатиб чопувчи отлар билан қасам.
Бу оятда эса Аллоҳ таоло мужоҳидларнинг туёқлардан учқун чақнатиғ чопиб кетаётган отлари билан қасам ичмоқда. От чопганда туёғидан учқун чиқиши уларнинг ўта шиддатла чопаётганлари далилидир. Бунда ҳам жиҳодга бўлган кучли интилиш, Аллоҳнинг розилигини топишга шошилиш аломати бор.

3. Тонг чоғида ғорат қилувчи отлар билан қасам.
Тонг чоғида ғоратни бошлаш ҳам мусулмон мужоҳидларга хос ишдир. Улар кечаси билан жиҳодга тайёргарлик кўриб, Аллоҳга ёлбориб ибодат қилиб чиқиб, тонг чоғида, Бамдод намозини ўқиб бўлиб душман устига елдек бостириб борганлар.Аллоҳ таоло ўша чоғда чопувчи мужоҳидларнинг отлари билан қасам ичмоқда. Бу ҳам жиҳодни улуғлаш, унга тарғиб қилишнинг бир йўлидир.

4. Ўша ила чанг қўзғотдилар.
Яъни, ўша тонг пайтидаги тез ҳужумда мужоҳидларнинг отлари чанг қўзғотиб чопиб кетдилар. Ёки ўша чопишлари ила чанг қўзғотдилар. Бу ҳам тонг чоғида душман устига ғарот қилиб, ботириб бораётган мужоҳидларнинг отларини ўта шиддат ила чопишининг васфидир.
 
5. Ва у ила жамоа ўртасига (ёриб) кирдилар.
Яъни, мужоҳидларнинг отлари чанг чиқарганларича елдек учиб душман сафини ёриб, ўрталарига кириб бордилар.
Аллоҳ таоло урушга қатнашувчи отларнинг турли ҳолатлари билан қасам ичди. Чунки ўша пайтларда от энг муҳим улов эди. Хусусан, урушда унинг аҳамияти ҳаддан ташқари катта эди. Тарихдаги энг катта юришлар, фатҳ этишлар от ёрдамида, чавандозлик ила амалга ошрилган. Шунинг учун барча халқлар, шу жумладан мусулмонлар ҳам отга, чавандозликка катта эътибор берганлар. Қуръони Карим ҳам шуни таъкид этмоқда. Бу қасамдан яна бир мурод–келаси оятлардаги мавзуъга эътиборни тортиш.

6. Албатта, инсон ўз Роббисига ношукрдир.
Инсон Аллоҳ унга берган неъматларни унутиб қўяди. Етарли шукр қилмайди. Ўзига етган мусибатларни эслайдию, неъматларни эсламайди.

7. Ва албатта, у ана шунга ўзи гувоҳдир.
Яъни, инсон ўзининг кўрнамак эканлигига ўзи гувоҳдир. Уни ўзи тан олади, инкор эта олмайди.

8. Албатта, у мол-дунёга ҳаддан ташқари ўчдир.
Ҳа, инсон молу дунё тўплашни ҳеч эсдан чиқармайди.
Унинг молу-дунёга бўлган хирси жуда шиддатли.
Аллоҳнинг берган неъмати бўлмиш молу-дунёга шунчалик ўч бўлади, аммо, неъмат берувчи Зотга кўрнамаклик қилади.

9. У билмасми?! Қабрдагилар қўзғатилганда
10. Ва кўкракларидаги ошкор бўлганда.
11. Ўша кунда Роббилари улардан, хабардор эканини?!
Ҳа, ўша нобакор инсон қабрдаги барча-барча ўликлар қўзғотилиб тирилтириладиган, ҳатто кўкраклардаги сиру асрорларгача фош бўладиган қиёмат кунида, ҳа ўша кунда бандаларнинг Роббиси уларнинг каттаю кичик ҳар бир нарсасидан ўта хабардор бўлишини билмасмиди?! Нима учун нобакорлик қилмоқда ўзи! Унинг ўрнига Роббисига иймон келтириб, У зотга итоат ва ибодат қилса бўлмасмиди?

106. Қурайш сураси

Маккада нозил бўлган. 4 оятдан иборат.
Ушбу сураи кариманинг номи ҳам ўзининг биринчи оятидан олингандир. Қурайш энг ҳурматли, энг қадрли араб қабиласи ҳисобланади. Ушбу сурада Аллоҳ таоло Қурайш қабиласига Ўзи берган улуғ неъматларни эслатиб, мазкур неъматлар шукронасига улар Аллоҳ таолога, Қурайшга иззат-икром келтирган байтнинг Роббига ибодат қилмоқлари лозим эканлигини эслатади.
«Қурайш» сураси «ал-Фил» сурасининг узвий давомидек. «Ал-Фил» сурасида Абриҳа ва унинг аскари тўғрисида зикр қилинган ҳодисалар Каъба ва унинг атрофида яшаб, ҳожилар хизматини қилиб турувчиларнинг обрўсини янада ошириб юборди. Айниқса, Қурайш қабиласининг обрўси Арабистон ярим оролида ўсди. Ҳамма тарафда қароқчилик, босқинчилик ҳукм суришига қарамай, уларга Байтуллоҳнинг аҳолиси деб ҳурмат қилиб ҳеч ким тегмасди. Улар бу омонликдан фойдаланиб бемалол сафар қилиб юришарди. Қурайш қабиласининг савдо карвонлари ҳам бемалол қишда Яманга, ёзда Шомга сафар қиларди. Бу эса уларга ризқ-рўзнинг мўл бўлиши имконини берарди. Ерларида ҳеч нарса ўсмайдиган қақроқ чўл бўлишига қарамай, улар баракали ҳаёт кечирардилар.
Аллоҳ таоло бу сурада ана шу неъматларини уларнинг эсларига солади ва шукр қилиб Аллоҳга ибодат қилишга ундайди.

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

1. Қурайшнинг лозим тутиши учун!
Қурайш энг ҳурматли араб қабиласи бўлиб, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ушбу қабиладандирлар.
Ушбу ояти каримада Қурайш ўзига лозим тутган, кўникиб, ўрганиб қолган яхши нарса борлигига ишора қилинмоқда. Қурайшликлар унс-улфат топиб, ўрганиб, лозим тутган нарса нима эканлигини келгуси ояти каримада айтилади.

2. Уларнинг қиш ва ёз сафарларини  лозим тутиши учун!
Қурайшликлар ёзда бир, қишда бир карвон тузиб тижорат сафари қилишга одатланишган ва бу ишни ўзларига фойда манбаъси сифатида лозим тутишган эди. Уларнинг ёзги тижорат сафарлари Шомга, қишки тижорат сафарлари эса, Яманга бўлар эди. Бу икки сафарда қурайшликлар ўз юртларидан тижорат учун яроқли нарсаларни олиб бориб сотиб, қайтишида қавмларига керак бўлган озиқ-овқат ва кийим-кечак каби нарсаларни олиб келар эдилар. Улар ҳам боришда, ҳам келишда тижоратларидан катта фойда кўрар эдилар. Аввало улар хотиржам, ҳеч нарсадан қўрқмай сафар қилар эдилар. Уларга ҳеч ким заррача ҳам ёмонлик соғинмас эди. Чунки, барча одамлар уларни Байтуллоҳнинг қўшнилари, Ҳаромнинг аҳолиси, улар Каъбанинг мутаваллилари, деб ҳурмат қилишар эди. Ҳеч ким уларга озор бермасди, ёмонлик ҳам етказмасди. Айниқса, Фил ҳодисасидан сўнг қурайшликларнинг обрўси яна ҳам кўтарилиб кетди. Уларни амирлар ва подшоҳлар ҳам улуғлайдиган бўлиб қолди. Бинобарин тижоратларидан келадиган манфаат ва фойдалар ҳам мислсиз даражада ўсди. Ушбу ояти карималарда қурайшликларга ўша неъматлар эслатилмоқда.
Келаси оятларда эса мазкур неъматлар шукронасига улар нима қилишлари лозимлиги баён этилади.

3. Бас, улар мана шу Байтнинг Роббисига ибодат қилсинлар.
4. У уларни очликдан тўқ қилган, хавфдан омон қилгандир.
Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло аҳли Маккани улуғ неъматлар ила неъматлантирган. Уларнинг ерларида бирор нарса ўсмаса ҳам турли таомларни сероб қилиб қўйган.
Шунингдек, Аллоҳ таоло бу юртни хавф-хатардан бутунлай омон қилган. Бу эса ўз навбатида Аллоҳга ибодат қилишни талаб қилади.
Имом Фахриддин Розий роҳматуллоҳи алайҳ ўзларининг «Тафсири Кабир»ларида қуйидагиларни ёзадилар: «Билки, неъмат икки турли бўлади. Биринчиси, зарарни дафъ қилиш. Бу «Фил» сурасида зикр қилинди. Иккинчиси, манфаат жалб қилиш. Бу ушбу сурада зикр қилинди. Аллоҳ улардан зарарни дафъ қилиб ва уларга манфаатни жалб қилганидан кейин, ҳолбуки, икковлари ҳам улуғ неъматлардир, уларни шукронаи неъмат учун ибодат қилишга амр этди».
Инсоннинг моддий фаровон бўлиши–қорнининг тўқ бўлиши, хавфдан омон бўлиши Аллоҳнинг бандасига берган энг улкан неъматларидандир.
Банда бу неъматларнинг шукрини қилмоғи лозим, бу эса Аллоҳга ибодат қилиш билан бўлади.
Аллоҳнинг ибодатини қилмаслик, неъматларнинг шукрини қилмаслик эса, аксинча неъматнинг заволига, очлик ва хавф-хатар ҳукм сурадиган бўлиб қолишига олиб келади. Бу ҳақиқат Қурайш сурасидан бошқа сураларда ҳам, мисол учун «Наҳл» сурасида ҳам таъкидланади:
«Аллоҳ омон, хотири жам, ҳар макондан баракали ризқи келиб турган шаҳарни мисол қилади. Ўша шаҳар Аллоҳга куфрони неъмат қилди. Шу сабабдан Аллоҳ унга, қилганига яраша очлик ва хавф либосини кийгазди».

113. Фалақ сураси

Маккада нозил бўлган. 5 оятдан иборат.
Ушбу сураи каримага ўзининг биринчи оятидаги «Фалақ» сўзи ном бўлиб қолган. «Фалақ» сўзи луғатда «ёриш» маъносини билдиради. Бу жойда «Фалақ» субҳ–тонг маъносида келган. Тонг кечани ёриши учун шу ном билан ҳам аталади.
Бу сураи каримада Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ва мусулмонларга барча ёмонликлар, хавф-хатарлардан Ўзидан (Аллоҳдан) паноҳ тилашга ундайди. Аллоҳ уларга ўз ҳимоясини эълон қилади ва худди «Менинг ҳимоямга марҳамат, тинч-омон жойга марҳамат», дегандек бўлади.

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

1. Тонг Роббисидан  паноҳ сўрайман.
Худди «Ихлос» сурасидагига ўхшаб, «Фалақ» сурасидаги хитоб ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга ва у зот орқали умматларига қаратилгандир.Аллоҳ таолонинг Ўзи турли-туман ёмонликлардан қандоқ қилиб паноҳ сўрашни ўргатмоқда. Мўмин-мусулмон инсон ҳар бир вақт, ҳар бир нарсадан паноҳга муҳтож бўлса, фақат Аллоҳ таолонинг Ўзидангина паноҳ сўрамоғи, Унинг паноҳгоҳига қочмоғи лозим экан.
Оятда тўғридан-тўғри, Роббимдан паноҳ сўрайман ёки Роббимнинг паноҳига қочаман, деб айт дейилмасдан, Тонг Роббиси паноҳига қочаман, дейишга амр қилинмоқда. Нима учун? Чунки, тонг доимо оғирлик, шиддатлардан қутулиш рамзи бўлган. Шиддатли ҳолга тушиб, паноҳ сўрашга мажбур бўлган инсон, худди зулматли кечада адашиб, ҳалокат ёқасига келиб қолган одамга ўхшайди. Унинг нажот кутиши эса, худди тонгни кутишга ўхшайди.

2. У яратган нарсалар ёмонлигидан.
Бу оят дунёдаги барча ёмонликлардан паноҳ сўрашни тасвирлайди. Аллоҳ яратган нарсаларнинг фойдалиси ҳам бор, зарарлиси ҳам бор. Паноҳ тилаш ёмонликлардан бўлади.
Бунга инс, жин, ҳайвонот, ҳашарот ва ҳар бир нарса ёмонлиги киради.

3. Ва  кириб келган қоронғу кечанинг ёмонлигидан.
Қоронғу кеча доим даҳшат, хавф-хатар солиб туради. Ўғриликлар, қотилликлар, ёмонликлар, турли ҳайвонот ва ҳашаротлар зарари доим кечаси юзага келади. Шунинг учун Аллоҳ мусулмонларга ўз паноҳига илтижо қилишга, қалбларини Аллоҳга доим боғлиқ қилишга чорлайди.

4. Ва тугунларга дам солувчилар ёмонлигидан.
Сеҳргарлар бировни сеҳрлаб зарар етказмоқчи бўлса, ип олиб, ўқийдиган нарсасини ўқиб, дам солиб, ипни бир тугиб, яна бир дам солиб, яна тугиб, охирига етказар экан.

5. Ва ҳасад қилган, ҳасадчининг ёмонлигидан, деб айт.
Ҳасад–бир шахс бировга етган яхшилик йўқ бўлиб, ўзига ўтишини орзу қилишлигидир. Чунки ҳасадда бировга ёмонлик орзу қилинади. Лекин фалончига етган яхшиликка ҳавас қилдим, Аллоҳ менга ҳам шу нарсани берсайди, деса ҳасад эмас.
Аллоҳ таолога осмонда ҳам, ерда ҳам биринчи исён ҳасад туфайли содир бўлган. Иблис Одам Атога ҳасад қилди, унга Аллоҳ берган мартабани кўра олмади. Аллоҳнинг амрига бўйсунмади. Одам Атога сажда қилмади, осий бўлди. НатижадаАллоҳ таоло Иблисни жаннатдан ҳайдади ва қиёматгача унга Ўз лаънатини ёғдиради.
Ердаги исён Қобил Ҳобилга ҳасад қилган туфайли бўлди. Чунки Аллоҳ Ҳобилнинг қурбонлигини қабул, Қобилникини қабул қилмаган эди.
Ҳасад ниҳоятда улкан гуноҳ ва халойиқ бошига тушган улкан мусибат. Ҳасад жамиятнинг ва унинг ҳар бир аъзосининг бошига кулфат солади. Одамлар орасидаги душманчиликлар, келишмовчиликлар ва барча ёмонликлар ҳасад туфайли чиқади. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло бошқа ёмонликларни жамлаб айтса ҳам, ҳасаддан паноҳ сўрашни Қуръонда алоҳида зикр қиляпти.

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase