close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

080. Абаса сураси

 Маккада нозил бўлган, 42 оятдан иборат.
«Абаса» сўзи «юз буриштирди» маъносини билдиради. Ушбу сураи карима мазкур сўз билан бошлангани учун унга ном ҳам бўлиб қолган.
«Абаса» сураси Маккий суралардан бўлиб, ақида ва Пайғамбарликка тегишли масалаларни муолажа қилади. Шунингдек, унда инсонни яратишдаги, набототдаги ва таомдаги далиллар орқали Аллоҳнинг биру борлиги исбот этилади. Яна «Абаса» сурасида қиёмат куни ва унинг даҳшатлари ҳақида ҳам сўз кетади.
Сураи кариманинг аввалида аъмо (кўзи ожиз)саҳобий Абдуллоҳ ибн Умму Мактум розияллоҳу анҳунинг қиссалари келтирилади. У киши Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Қурайш аъёнлари билан машғул эканликларини кўрмай, у зот алайҳиссаломга баланд овоз билан: «Эй Аллоҳнинг Расули, Аллоҳ ўзингизга ўргатган нарсадан менга ҳам ўргатинг, деб халақит берганлари, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундан ғижиниб юзларини буриштирганлари ва юз ўгирганлари ҳикоя қилинади. Бундан кейин эса, У зот соллаллоҳу алайҳи васалламга мазкур иш туфайли итоби илоҳий келади.
Сўнгра Аллоҳ таолонинг ҳадсиз-ҳисобсиз неъматларига қарамай инсон ношукур, нонкўр ва кофир бўлиши ҳақида сўз юритилади.
Кейин эса инсоннинг назари ўзининг таомидаги Аллоҳнинг биру борлигига далил бўлувчи нарсаларга қаратилади. Ўша нарсалардан ибрат олиб шукур қилиш ва иймонга келишга даъват қилинади.
Суранинг охирида эса, қиёмат ва унинг даҳшатлари, ўша кунда кишилар ўзининг энг яқин кишиларини ҳам ташлаб қочишлари, ўшандоқ оғир кунда мўминларнинг ҳоли қандоқ бўладию, кофирларнинг ҳоли қандоқ бўлади, баён қилинади.
Исломнинг аввалида мусулмонлар сони секинлик билан ўсган. Пайғамбар алайҳиссалом кўп ғайрат қилиб кўпроқ одамни даъват қилишга уриндилар. У зот бобаракот алайҳиссаломнинг Маккада обрўли, мол-дунёга эга кишилардан ҳам Исломга кириб қолса,  яхши бўларди, деган фикрлари бор бўлиб, Макка аъёнлари билан ўтириб уларни Исломга даъват қилиш билан машғул бўлардилар. Бир куни Қурайш қабиласи аъёнларидан баъзиларини динга даъват қилиб турганларида икки кўзи кўр Абдуллоҳ ибн Умму Мактум исмли саҳобий: «Эй Аллоҳнинг Расули, Аллоҳ ўргатган нарсадан менга ҳам ўргатинг», деб баланд овоз билан қичқириб келиб қолди. Пайғамбар алайҳиссаломнинг нима билан машғул эканликларини билмасдан бу сўзларни бир неча марта такрорлади. Муҳаммад алайҳиссаломга бу ёқмади: юзларини буриштирдилар, ундан юз ўгирдилар. Шунда Аллоҳ таоло Ўз Пайғамбарига хитоб қилиб ушбу сураи кариманинг аввалидаги оятларни туширди. Бу ҳам Қуръоннинг ҳақиқий илоҳий китоб эканлигига ёрқин далилдир. Қайси бошлиқ ўзига танқидни асрлар бўйи ўқиладиган илоҳий китобда собит бўлишини хоҳлайди. Пайғамбар алайҳиссалом Абдулло ибн Умму Мактумни шундан сўнг доимо ҳурмат қилиб юрганлар.

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

1. Афтини буриштирди ва юз ўгирди.
Яъни, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам афтиларини буришриб, юз ўгирдилар.

2. Кўзи кўр киши ҳузурига келганда.
Абдуллоҳ ибн Умму Мактум розияллоҳу анҳу, эй Аллоҳнинг Расули, Аллоҳ сизга ўргатган нарсадан менга ҳам ўргатинг, деб келганида.
Эй Пайғамбар,

3. Қаердан биласан, эҳтимол, у покланар.
Бу оят Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга хитоб бўлиб, Унда Аллоҳ таоло: «Эй Муҳаммад, қаердан биласан, эҳтимол, бу кўзи кўр Абдуллоҳ ибн Умму Мактум сендан эшитган Қуръон ва бошқа таълимотлар туфайли гуноҳларидан покланар. Сен бўлса бойларга боқиб, ундан юз ўгирмоқдасан», дейди.

4. Ёки насиҳат олар ва мавъиза унга манфаат берар.
Аввал айтган, гуноҳдан покланишдан бошқа фоидалар ҳам ҳосил бўлиши мумкин. Мисол учун ўша ҳузурингга рағбат ила келган кўзи ожиз киши сендан насиҳат олар, сенинг ваъзинг унга манфаат берар. Сен бўлсанг унга юз буриштириб, ундан юз ўгирмоқдасан.

5. Аммо истиғно қилганга бўлса...
Яъни, бойлигидан фахрланиб, қулоқ осишни хоҳламаган, қурайшлик кишига бўлса…

6. Сен у томонга интиласан.
Унга ўз гапингни етказиш учун қаттиқ уринасан. Имконини топиб кўпроқ гаплашмоқчи бўласан.

7. У покланмаса, сени ҳеч ким маломат қилмас.
Ўша бой–задогон, мутакаббир мушрик куфру ширк, гуноҳу исён ифлосликларидан покланмаса, сени ҳеч ким маломат қилмас. Нечук, сен унга шунчалар ҳаракат қиласан? Ўшандоқ шахсни кўпроқ даъват қилишга саъйи қиласану…

8. Аммо ҳузурингга шошилиб келган.
9. Ва У зотдан қўрққан ҳолда бўлгандан эса...
10. Бас, Сен ундан машғул бўласан.
Унинг гапларидан аччиқланиб, юз буриштирасан ва ортга ўгирилиб оласан.

11. Йўқ! Албатта улар (Қуръон оятлари) эслатмадир.
Йўқ!!! Бундоқ бўлмаслиги керак! бой-бадавлат, аъёнларга алоҳида эътибор бериб, бева-бечора, камбағаллардан машғул бўлиб юз ўгирмаслик керак!!!
«Албатта улар (Қуръон оятлари) эслатмадир».
Ҳа, Қуръон оятлари барча инсоният учун эслатмадир. Эслатма бўлганда ҳам илоҳий эслатмадир. Эслатма бўлганида ҳам икки дунё саодатига элтувчи эслатмадир. Қуръон оятлари ҳар бир инсоннинг ҳар бир ишида эслатмадир. Инсон ўз ҳаётида доимо эслатма, кўрсатмага эҳтиёжи бордир. Шунинг учун ҳам, инсоннинг Холиқи, уни йўқдан бор қилган Зот, унинг нимага муҳтожлигини яхши биладиган Зот унга берган турли илм олиш аъзолари, ақлидан пешво қилиб, доимий эслатма–Қуръон оятларини ҳам Пайғамбари соллаллоҳу алайҳи васаллам орқали инсонга бериб қўйибди. Ким уларни ўз ҳаётига татбиқ қилса, эслаган бўлади.
Уни ким эслашини эса келаси оят баён қилади.

12. Ким хоҳласа, уни эслайдир.
Ҳа, Қуръонни хоҳлаган одам эслайди. Ким ўзи хоҳлаб уринса, ўша ундан фойда олади. Ўзи хоҳламаган эса, уни эсламайди. Шунинг учун Қурайш аъёнларига алоҳида муносабатда бўлиб, улар ўзлари хоҳламасалар ҳам, ҳадеб Қуръон оятларини уларга тақдим қилавериш керак эмас. Унинг ўрнига бева-бечора, камбағал-мискин бўлса ҳам, Қуръон таълимотларини ўрганиш иштиёқида куйиб- ёнаётган Абдуллоҳ ибн Умму Мактумга ўхшаганларга ўргатиш керак.
Ушбу ояти карималар нозил бўлганидан сўнг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳеч кимга юзларини буриштирмаганлар. Ким келса, очиқ чеҳра билан кутиб олиб Ислом таълимотларини ўргатганлар. Қачон Абдуллоҳ ибн Умму Мактум розияллоҳу анҳу келсалар, У зот у кишини, марҳабо, Роббим мени унинг ҳақида итоб қилган шахс, марҳабо, деб кутиб олар, ридоларини ерга тўшаб, у кишини устига ўтказар эдилар. Бу ишлар, аввало Қуръони Карим ҳақиқий илоҳий китоб эканлигига ёрқин бир далилдир. Чунки, фақат Аллоҳгина охирги замон Пайғамбарини бу шаклда итоб қилиши мумкин. Қолаверса, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тасарруфлари Қуръонни ҳаётга татбиқ қилишнинг яққол намунасидир. Ҳар бир мусулмон ҳам ҳар бир оятни худди шу шаклда татбиқ қилишга ҳаракат қилмоғи лозим.
 
13. Ҳурматланган саҳифалардадир.
Яъни, Қуръони Карим оятлари Аллоҳнинг ҳузурида ҳурматланган саҳифаларда туради.

14. Олий қадарлардир, покланганлардир.
Яъни, мазкур Қуръони Карим оятлари турадиган саҳифалар мартабаси улуғдирлар ва поклангандирлар.
Чунки, Қуръон оятлари ўта мўътабар ва муҳтарамдирлар. Уларни хоҳлаган кишига мартабасига, бойлигига ва мансабига қарамай ўргатавериш қадрлари пастлигидан эмас. Аксинча, бу иш Қуръон оятлари Аллоҳ таолонинг Лавҳул Маҳфузидаги азизу мукаррам саҳифаларда бўлганлигидандир. Аллоҳнинг наздида ҳамма бандалар тенг эканлигидандир. Аллоҳнинг ҳузурида бандаларнинг қадр-қиймати мол-мулкларига ва мансабу насабларига қараб эмас, иймон-эътиқодига, Қуръон оятларини ўрганишни хоҳлашларига қараб бўлишлигидандир.
Шу билан бирга Қуръон оятларини мазкур ҳурматланган, олий қадар ва покланган саҳифалардан бошқа томонга нақл қилиш ҳам ўзига яраша олий мақомга сазовордир.
Қуръони Карим оятлари бошқа ердан чиққан саҳифаларга ўхшаб ким кўринган томонидан нақл қилинавермайди. Балки, улар:

15. Элчи(фаришта)лар қўлларидадир.
16. Улар ҳурматланган ва ўта яхшилардир.
Ҳа, Қуръони Карим оятлари сафир-элчи фаришталар қўлидадир. У элчи фаришталарнинг сифатлари ҳурматланган ва ўта яхшидирлар. Улар аввало фариштадирлар, фаришталар Аллоҳнинг амридан заррача ҳам четга чиқмайдиган, ўзларига берилган амрни сўзсиз ва бекаму кўст бажарадиган зотлардир. Шунинг учун ҳам Қуръони Карим оятларини нақл ва муҳофаза қилишда ҳеч қандай шак-шубҳа бўлиши мумкин эмас.
Иккинчидан, мазкур фаришталар оддий фаришта эмас, элчи фаришталардир. Элчилик сифатлари ҳам уларнинг Қуръони Карим оятларини муҳофаза қилишда ва нақл этишда яна ҳам аниқлик билан, яна ҳам эҳтиёткорлик билан, яна ҳам омонат билан ҳаракат қилишларини таъминлайди.
Учинчидан, мазкур фаришталарАллоҳ таолонинг ҳузурида алоҳида «ҳурматланган» фаришталардир. Аллоҳ таоло кўплаб фаришталар ичидан буларни беҳудага алоҳида ҳурматламаган. Ана ўша илоҳий ҳурматлаш ҳам уларни Қуръони Карим оятларини муҳофаза ва нақл қилишда алоҳида аниқлик, эҳтиёткорлик ва омонат билан тасарруф қилишлари учундир.
Тўртинчидан, Қуръон оятлариАллоҳ таоло томонидан қўлларига ишониб топширилган фаришталар «ўта яхши» фаришталардир. Фаришталар ҳаммаси Аллоҳнинг энг яхши қуллари эканлигига ҳеч шубҳа йўқ. Аммо Қуръон оятларидан масъул қилинган фаришталар ўта энг яхши қуллар ичидан ҳам «энг яхши»лари экани алоҳида эътиборга сазовордир.
Демак, Қуръон туфайли, Қуръон оятлари хизмати туфайли бу хизматга лойиқ топилган фаришталарнинг қадр-қийматлари, обрў-эътиборлари ва мартабаю даражалари ҳам ортган.
Худди шу ҳолат, инсонларга нисбатан ҳам бўлган. Қуръони Карим билан Аллоҳ таоло Ўзи хоҳлаган бандаларининг шону шарафини кўтарган. Аввало Қуръон оятларини олий-самовий мақомдан, Руҳул Амийн–Жаброил алайҳиссаломдан қабул қилиб олиш учун башариятнинг энг афзали бўлмиш Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламни танлаб олган. У кишидан илоҳий каломни-қиёматгача икки дунё бахти йўлини инсониятга кўрсатиб борувчи дастурни қабул қилиб олган саҳобалар жамоаси эса, инсоният тарихидаги энг яхши, энг тақводор, энг аҳли солиҳ ва энг ишончли авлоддир. Улардан кейинги авлодлардан ҳам энг яхши кишилар Қуръонни ёдлаш, уни муҳофаза қилиш, унинг хизматида бўлиш бахтига муяссар бўлиб келмоқда. Бу улкан мартабага муяссар бўлиш эса кишининг молу мулки, мансаби, насли-насабига қараб эмас, иймон-эътиқоди ва Қуръон хизматига бўлган хоҳиши-иштиёқига қараб бўлмоқда. Қисқа қилиб айтадиган бўлсак, Қуръон билан мўмин-мусулмонлардан ихлосли кишиларнинг қадр-қийматлари ва обрў-эътиборлари кўтарилади. Мулкдор ва амалдорлар билан Қуръон обрўси кўтарилмайди.Аллоҳ таолонинг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни Қурайш аъёнларига эътибор бериб, аъмо Абдуллоҳ ибн Умму Мактумга юз буриштиришларини итоб қилиши ҳам шундан.
Қуръони Каримнинг ва фаришталарнинг ҳолини баён қилиб бўлгандан сўнг Аллоҳ таоло Ўз неъматини тан олмаган инсон ҳолини баён қилишга ўтади.

17. Инсонга лаънат бўлсин, унинг кофирлиги қандоқ шиддатли бўлди.
Аллоҳнинг лаънати ва Ўз раҳматидан узоқлаштириши бўлсин бир инсонгаки, унинг кофирлиги қандоқ ҳам ёмон иш бўлди! Аллоҳ унга раҳм қилиб тўғри йўлга йўллаш учун ҳидоят маёғи этиб Ўз ҳузуридаги Қуръони Каримни нозил қилса, бу инсон қурғур унга иймон келтириб икки дунёси саодатини топиш ўрнига куфр келтиради ва илоҳий дастур бўлмиш Қуръон ҳақида турли бўлмағур гапларни айтади. Инсоннинг Қуръонга куфр келтириши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга ва Аллоҳга ҳам куфр келтиришидир. Бу қандоқ ҳам ёмон-а! Инсон ўз Холиқига куфр келтиришдан олдин, Аллоҳ юборган Пайғамбарга куфр келтиришдан олдин, Аллоҳ нозил қилган Қуръонга куфр келтиришдан олдин ўзининг асли ким эканлигига бир назар солса бўлар эди.

18. Уни қайси нарсадан яратди?
Яъни, Аллоҳ таоло ўша кофирни нимадан яратди?!
Аллоҳдан ўзга яратувчи бўлиши мумкин эмаслиги оддий мантиқ далолати бўлгани учун, оятда «Аллоҳ» сўзи зикр қилинмаган. Чунки Аллоҳдан ўзга зот яратувчи бўлиши ҳеч кимнинг, ҳатто ўша нобакор кофирнинг ҳам хаёлига келмайди. Мазкур кофирни буту санамлар халқ қилгани йўқ. Шунингдек, у ўзини ўзи халқ қилгани ҳам йўқ ёки уни ўзига ўхшаган бирор махлуқ ҳам халқ қилгани йўқ. Зотан махлуқ, ўзи махлуқ бўла туриб, бир вақтнинг ўзида холиқ ҳам бўлиши мумкин эмас.
Шунинг учун ҳам савол ким холиқ-яратувчи экани эмас, ягона холиқ–Аллоҳ ўша кофир инсонни нимадан халқ қилгани ҳақида бўлмоқда. Ушбу бўлаётган савол ҳам номаълум нарсани аниқлаш учун бўлаётгани йўқ. Балки маълум нарсани эсга солиб қўйиш учун бўлмоқда. Эсга солганда ҳам, унинг нақадар ҳақир, арзимас ва паст нарса эканини таъкидлаш учун бўлмоқда. Шунинг учун ҳам саволнинг жавоби кутилмасдан гапнинг давомида  жавоб бевосита айтиб кетилмоқда:
 
19. Нутфадан уни яратди ва уни  ўлчовли қилди.
Яъни, Аллоҳ таоло инсонни нутфадан яратди ва унинг барча аъзоларини ўлчовли қилди.
Ҳа, Аллоҳ таоло ўз Холиқини инкор қилиб куфрга кетган, У юборган Пайғамбарни ёлғончига чиқараётган ва У нозил қилган Қуръонни тан олмаётган мутакаббир кофирни «нутфа»дан-жинсий аъзодан чиқадиган жирканч сувдан халқ қилган. Бу сув шунчалик жирканчки, ундан ҳар қандай одам ўзини олиб қочади, бадани ёки кийимига тегиб қолса тезроқ ювиб ундан покланишга шошилади. Ана шундоқ сувдан пайдо қилинган инсон, энди ўзини Халқ қилган улуғ зотга куфр келтириб мутакаббирлик қиладиган бўлиб қолдими?
Имом Ҳасан ал-Басрий: «Сийдик йўлидан икки марта чиққан кимса қандоқ қилиб мутакаббирлик қилар экан?!»-деганлар. Яъни, отасининг сийдик йўлидан бир марта, онасининг сийдик йўлидан бир марта чиққан кимса учун мутакаббирлик қилишга йўл бўлсин!-деганларидир.
«Ва уни ўлчовли қилди».
Яъни, уни нутфадан яратган Зот барча аъзоларини аниқ ва дақиқ ўлчовли қилиб онасининг қорнига жойлаштирди. Инсоннинг ҳамма нарсаси Аллоҳ таоло яратган барча нарсалар қатори ўлчовли экани ҳаммага маълум. Инсоннинг ташқи ва ички аъзолари ўлчовли. Бири узун, иккинчиси қисқа эмас. Бири йўғон, иккинчиси ингичка ҳам эмас. Шунингдек, инсоннинг томирлари, ичаклари, пайлари, ҳужайралари ва бошқа нарсалари ҳам аниқ ва равшан ўлчовлидир. Буни айниқса соҳа мутахассислари жуда яхши биладилар. Ушбу оятда инсоннинг она қорнига жойлаштириш пайтидаги ўлчов ҳақида гап кетмоқда. Ҳали инсон энди уруғлик билан тухумлик урчиши пайтида ҳам ўлчовли эканлигига нима дейсиз? Ўша оддий кўзга кўринмайдиган босқичда ҳам Аллоҳ мукаммал инсоннинг ўлчовини қилиб қўйганига нима дейсиз? Инсон куфр келтириш ўрнига ўзини хақир сувдан яралганини эсласа бўлмасмиди? Агар Аллоҳ ўлчовини тўғрилаб қўймаса, бошқа ҳақир сувлар каби тўкилиб кетиши мумкинлигини ўйласа бўлмасмиди?

20. Сўнгра чиқиш йўлини осон қилди.
Яъни, Аллоҳ таоло инсонга онасининг қорнидан чиқиш йўлини осон қилди. Онаси қорнида ҳомила ҳолида тўққиз ой мукамал инсон ҳолига келган боланинг чиқиш йўлини Аллоҳнинг Ўзи осон қилмаса бўлармиди? Аллоҳдан ўзга ким осон қилиши мумкин, бу чиқиш йўлини? Ҳозир гердайиб, мутакаббирлик қилиб куфр келтираётган кимса онасининг қорнидан ўзи чиқишига йўл топа олмас эди. Онаси ҳам тўлғоқ дардидан бошқа нарсани сезмас эди. Салгина ўйлаш қобилиятига эга инсон тахминан уч-тўрт кило оғирликдаги ва шунга яраша ҳажмдаги боланинг ўз онаси қорнидан чиқиши учун Аллоҳдан бошқа ҳеч ким йўлни осон қила олмаслигини тушунади.
Туғилиш жараёни улкан мўъжиза. Фақат доимо такрорланиб тургани учунгина бу мўъжиза сиз билан биз ғофил бандалар учун оддий ишга ўхшаб қолган холос. Бўлмаса, маълум ҳажмдаги гўдакни она қорнидан ўта тор йўл орқали соғ-саломат чиқиши умуман мумкин эмас. Ана шу ҳақиқатни ўзини унутган кимсаларга эслатиб туриш учун Аллоҳ таоло баъзи бир ҳолатларда инсоннинг она қорнидан чиқиш йўлини осон қилмай қўяди. Бу ҳолатлар гоҳида ҳам онанинг, ҳам боланинг ўлими билан тугаса, гоҳида икковларидан бирининг ўлими билан тугайди. Кейинги пайтларда тиб илмининг ривожи сабабидан она қорнини ёриб болани олиш ҳам йўлга қўйилди. Бу ҳам ибратдир. Бундан агарАллоҳ таоло боланинг она қорнидан чиқиш йўлини осон қилмаса, ҳар сафар она қорнини ёриб болани чиқариб олишга тўғри келар экан, деган ибрат олишимизга асос бўлиши керак. Бу эса ўз навбатида Аллоҳга шукр қилишга чорлаши лозим. Кофир инсон эса ушбу улуғ неъматни, унинг она қорнидан чиқиш йўлини осон қилишининг ҳам шукрини қилмайди. Унга мазкур неъматни берган Аллоҳга куфр келтиради, У зот юборган Пайғамбарни ёлғонга чиқаради ва У зот нозил қилган Қуръонга ишонмайди. Аммо у ҳозирги ҳолида абадий қолмаслигини билмайди. Ҳали вақт ўтади, куч-қувват кетади. Аллоҳ унга тақдир этган ишлар етади.

21. Сўнгра ўлдирди ва қабрга киргазди.
Ҳа, Аллоҳ таоло инсон ким бўлишидан қатъий назар уни ўлдиради ва қабрга киритади. Ҳа, бу дунёда ўлмаган ким бор? Ўлим ҳақ. Унинг олдида ҳар қандай ашаддий кофир ҳам бўйин эгади. Ўлим Аллоҳдан бўлиши ҳам ҳақ. Бутун дунё бир бўлиб қадимдан буён ҳеч бўлмаса бирор шахсни ўлмай қолиши учун чора ахтармоқда, аммо иложини топа олмаяптилар. Аллоҳ таоло хоҳлаган шахсни хоҳлаган лаҳзасида ўлдириб, қабрга киритмоқда.
Ўлим ҳақ бўлганидан кейин, қабрга кириш ҳақ бўлганидан кейин беш кунлик дунёни куфр ва жаҳолатда ўтказишнинг нима кераги бор? Ўлим ҳақ бўлганидан кейин, қабрга кириш ҳақ бўлганидан кейин, инсон ўзини ўлдириб, қабрга киритадиган зот –Аллоҳ таолога куфр келтиришининг нима кераги бор?! Аллоҳ юборган Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васалламни ёлғончига чиқаришнинг нима кераги бор? Аллоҳ нозил қилган Қуръонга куфр келтиришнинг нима кераги бор?! Чунки,Аллоҳ таоло инсонни ўлдириб, қабрга киритиб қўйиши билан иш тамом бўлмайди. Балки, сўнгра бошқа ишлар ҳам бор...

22. Сўнгра (қачон) хоҳласа, уни қайта тирилтиради.
Ҳа, Аллоҳ таоло инсонни ўлдириб, қабрга киритиб, тек қўйиб қўймайди. Балки, қачон хоҳласа, уни қайта тирилтиради. Қайта тирилтириш эса, бу дунёда қилганларини ҳисоб-китоб қилиб, жазо ёки мукофотини бериш учун бўлади. Шунинг учун инсон бу дунёда Аллоҳга иймон келтириб, тоат қилиши, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга иймон келтириб, иттибоъ қилиши, Қуръонга иймон келтириб, амал қилиши лозим. Аммо инсон ўзини бошқача тутмоқда. Инсон ўзини бундоқ нотўғри тутмаслиги керак эди!

23. Йўқ ундоқ эмас! У ўзига У зот қилган амрни бажармади.
Ҳа, кофир инсон Аллоҳ унга қилган амри-фармонни бажармади.Аллоҳ таоло уни Ўзига иймон келтириб тоатида бўлишга амр қилган эди, бу амрни бажармай инсон кофир бўлди. Аллоҳ таоло уни Ўз Пайғамбари саллоллоҳу алайҳи васалламга иймон келтириб, у кишига ҳар бир нарсада эргашишни амр қилган эди, кофир инсон бу амрни ҳам бажармади. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга иймон келтирмади. У зотга эргашмай бошқаларга эргашди.Аллоҳ таоло уни Қуръонга амал қилишга амр этган эди, кофир инсон Қуръонни инкор этиб, бошқа ердан чиққан, бузилган таълимотларга амал қилди.
Юқоридаги оятларда Қуръони Карим инсоннинг келиб чиқишини ва охири нима бўлишини баён қилиб берди. Энди эса Аллоҳ инсонга берган неъматларидан баъзиларини эслатиб ўтади, шоядки, у шукур қилишга ўтса.

24. Инсон ўз таомига назар солсин.
Ҳа, инсон ҳеч бўлмаса, ўз таомига ибрат назари солсин! Дунёдаги сонсиз-саноқсиз улкан мўъжизаларга назар солишга ақли етмаса, қодир бўлмаса, ҳеч деганда ҳар куни бир неча марта эҳтиёжи тушиб турадиган, усиз ҳаёт кечира олмайдиган нарсаси-ўз таомига назар солсин! Назар солганда ҳам, ибрат назари солсин. Зотан, инсонни бошқа жонзотлардан ажратиб турадиган нарсалардан бири ҳам ибрат назаридир.
Инсон ўз таомига ибратсиз назар солганидан фойда йўқ. Инсон ўз таомига иштаҳа назари, шаҳват назари, айшу ишрат назари ёки яна қандайдир бошқача назарлар солишидан ҳеч қандай фойда йўқ.
Инсон ўз таомига айнан ибрат назари солмоғи лозим. Бу таом нима ўзи? Уни ким йўқдан бор қилди? Уни ким менга таом, озуқа қилди? Нима учун уни танаввул қилсам, очлигим кетади, ҳузур қиламан? Нима учун уни маълум муддат танаввул қилмаса, ҳолим танг бўлади? Бу таомларга озуқа кучини ким берган, турли таъмларни ким берган? Бу «таом» деб аталаётган нарса, менга емак бўлиб дастурхонимга қўйилгунча, қайси йўлларни босиб ўтган? Ва ҳоказо саволларни қўйиш керак. Айнан охирги саволнинг жавоби қуйидаги оятларда келади:

25. Албатта, Биз сувни роса қуйиб қўйибмиз.
Сувсиз ҳаёт йўқ. Жумладан инсон таомининг асосини ҳам сув ташкил қилади. Инсон ўзи ичадиган сувдан ташқари ҳам, таоми учун керак бўлган нарсаларнинг бирортаси ҳам сувсиз бўлмайди. Инсон ўз таомига ибрат назари солганда, ана шу ҳақиқатни энг аввал эсга келтириши керак. Борлиқни инсон учун энг зарур нарса-сув билан таъминлаб турган Зот ким? Сувни йўқдан бор қилган ким? Бор сувни буғ шаклида булутларга юклаб, ёмғир ва қор шаклида ер юзига қўйиб турувчи ким? Агар сув бўлмаса, инсон ўзи ҳам, унинг ҳеч бир таоми ҳам бўлмас эди. Инсон ўзи учун керак сувни йўқдан бор қила олмайди. Ёки бошқа бирор зот ҳам унга сув пайдо қилиб бера олмайди. Агар бир томчи сувни йўқдан бор қиладиган зот бўлса ҳам, ягона Аллоҳ таолонинг Ўзидир. Бас, шундоқ экан, нима учун инсон қурғур Аллоҳга иймон келтириб, Унинг амрига итоат қилмайди?! Нима учун Аллоҳнинг Пайғамбари соллаллоҳу алайҳи васалламга иймон келтириб, эргашмайди? Нима учун Аллоҳнинг китоби, Қуръонга иймон келтириб, амал қилмайди?!
Аллоҳ таоло сувни кўплаб қуйиб қўйиб, тек тургани йўқ. Балки, ундан сўнг бошқа ишларни ҳам қилган.

26. Сўнгра ерни ўзига хос ёрдик.
Яъни, ёмғир ёққандан сўнг наботот ерни ёриб ўсиб чиқди. Буларнинг барчаси Аллоҳ таолонинг қудрати билан бўлади ва Аллоқ тарафидан бандаларга улуғ неъматлар ҳисобланади.
Сиртдан қараганда ёмғир ёғиб ўсимликлар ерни ёриб чиққан бўлиб кўринади. Лекин, Аллоҳ:
«Ерни ўзига хос ёрдик»,–демоқда.
Ҳа, Аллоҳ таоло Ўзи ёрмаса, ерни бошқа ҳеч ким, ҳеч нарса ёра олмайди.
Келинг, инсоф билан ўйлаб кўрайлик. Ерда уруғ бор. Унга сув қуйилса, униб чиқади. Аммо бобо деҳқон ерга уруғни сепиб, устидан сув қўйишдан бошқа нима ҳам қила оларди. Ҳеч нарса қила олмайди. Фақат Аллоҳдан нажот талабидан бошқа нарсага ярамайди. Агар Аллоҳ хоҳламаса қанча уруғ сепса ҳам, қанча сув қуйса ҳам ўсимлик чиқмай тураверади. Ер ёрилмайди, ўсимлик чиқмайди. Эккан уруғлигига куйиб қолган деҳқонлар бу нарсани яхши биладилар.
Демак, сув билан бир қаторда инсонга таом етказиб беришдаАллоҳ таоло сабаб қилиб қўйган иккинчи муҳим омил ер экан. Ер бўлмаса, қуруқ сув билан ҳамма таом бўладиган нарсаларни етиштириб бўлмас экан. Хўш, ерни ким яратди? Тупроққа ўсимликларни ўстириш қобилиятини ким берган? Одам ўзи бу нарсани қила оладими? Ёки бошқа бир зот ёки нарса борми? Йўқ! Аллоҳ таолодан ўзга ҳеч нарса йўқ!
Аммо сув ва ер бўлишининг ўзи масалани тўлиқ ҳал қилмайди. Сув, ер ва бошқа омиллар Аллоҳнинг иродасисиз ҳеч нарсага омил бўла олмайдилар. Шунинг учун ҳамАллоҳ таоло қуйидаги оятларда зикр қилинадиган нарсаларнинг ҳаммасини:
«Биз ўстирдик», демоқда.
 
27. Биз унда донни,
28. Ва узум ва кўкларни,
29. Ва зайтун ва хурмоларни,
30. Ва тиғиз боғларни,
31. Ва мевалару ўт-ўланларни ўстириб қўйдик.
Дарҳақиқат, донми, узумми, кўкми, зайтунми, хурмоми, қалин-қуюқ боғларми, мева-чеваларми, ўт-ўланларми ёки бошқа нарсаларнинг ҳамма-ҳаммасини Аллоҳ таоло ўстиради. У зотдан бошқа ҳеч ким, ҳеч қандай куч бу ишнинг заррачасини ҳам қила олмайди.
Ўша зикр қилинган нарсаларни Аллоҳ таоло нима учун ўстиргани эса келаси оятда баён қилинади:

32. Сизларга ва чорваларингизга манфаат–мазза бўлсин,–деб.
Ҳа, ҳақиқатда зикр қилинган ва қилинмаган ҳамма озуқабоп нарсалардан ёки инсон ўзи ёки унинг чорвалари манфаатланади. Инсон эса мазкур набототларга қўшиб чорвалардан ҳам манфаат олади. Уларни ҳам таом қилиб ейди.
Бу нарсаларнинг ҳаммасини унга Аллоҳ таоло неъмат қилиб берган. Уларга инсон шукр қилиши керак. Шукр эса, Аллоҳга иймон келтириш, унга ибодат қилиш, амрида юриб, қайтарганидан қайтиш билан бўлади.
Ҳозиргача инсонга унинг ибтидосию интиҳоси ва яна унга берилган баъзи неъматлар эслатиб ўтилди.
Энди бепарво инсон туғилиш бору ўсиб-улғайиш бор, сўнг дунё матоларидан манфаатланиш бор, деб ўтиб кетавермаслиги учун, охиратда буларнинг барчасининг ҳисоб-китоби ҳам борлигини эслатиб, қиёмат ҳақида сўз очади.

33. Вақтики кар қилувчи овоз келса.
Биз, кар қилувчи овоз, деб таржима қилган маъно, Қуръони карим таъбири ила бир оғиз лафз ила «Ас-Соохха» дейилади. «Ас–Соохха»–қиёматнинг номларидан бири бўлиб, қулоқларни кар қилувчи овоз маъносини билдиради. Қиёмат  қаттиқ қичқириқ овоздан кейин қоим бўлишидан шу ном билан ҳам аталган. Ушбу ояти каримада қиёмат куни даҳшатини васф қилиш учун айнан ушбу сифатини келтирилмоқда.
Кейинги оятларда қулоқларни кар қилувчи қаттиқ қичқириқ ила қиёмат қоим бўлганидан сўнг нималар бўлиши зикр қилинади.

34. У кунда киши ўз ака-укасидан,
35. Ва онаси ва отасидан,
36. Ва хотини ва бола-чақасидан  қочади.
Яъни, қиёматнинг даҳшатидан ҳамма ўзи билан овора бўлиб қолади. Ҳатто ҳеч кимнинг ака укаси, ота–онаси ва хотинию бола-чақаси билан ҳам иши бўлмай қолади.
Бу дунёда инсон бошига оғирлик тушган хотини, бола-чақаси, она-отаси ва ака-укасига ёрдамга шошилади. Мазкур кишиларга каттадир-кичикдир, мусибат етганда ёрдам беришлик бурч, ёрдам бермаслик эса ор-номус ҳисобланади. Аммо, қиёмат қийинчилигида эса инсон мазкур кишиларни ташлаб қочади.
Чунки:

37. У кунда улардан ҳар бир шахсни овора қилувчи ўз иши бор.
Ҳа, қиёмат куни даҳшати шунчалик кучлики, ҳар бир одам ким бўлишидан қатъий назар, фақат ўзинигина ўйлаб қолади. Ака-ука ҳам, ота-она ҳам, бола-чақаю, эру-хотин ҳам ёдга келмай қолади. Ҳамма ўзини ўйлаб, бир-биридан қочади.
Демак, ўшандоқ кунда шарманда бўлиб қолмаслик учун ҳозирдан тайёргарлик кўриб бориш керак. Чунки, ушбу биз яшаб турган беш кунлик дунё охиратнинг экинзоридир. Ҳар ким экканини ўради. Бу дунёда иймон-эътиқоди билан, ибодату, амали солиҳ билан ўтганлар у дунёда бахт-саодатга эга бўладилар. Бу дунёда кофир бўлиб, фисқу фужур билан ўтганлар эса, оғир аҳволда қоладилар.

38. У кунда порлоқ чеҳралар бор.
39. Улар кулгу билан тўла, етган хушхабардан хурсанд.
Албатта булар жаннатий бандаларнинг чеҳраларидир. Қиёмат куни аввал зикр қилинганидек, ўта даҳшатли. Ҳар бир одамни ўзини ўзи билан овора қилиб қўядиган қўрқинчли бир кун бўлса ҳам, ўша кунда тақводор мўмин-мусулмонларнинг чеҳралари порлоқ бўлади. Улар бу дунёдаги иймон-эътиқодлари, ибодату амали солиҳлари мукофоти тариқасида ўзларига жаннат ва унинг неъмати ҳақида берилган хушхабардан хурсандлар, юзлари тўла кулгу.
Аммо дўзахийларнинг ҳоли қандоқ бўлади? Бу саволга жавоб қуйидаги оятларда келади:

40. У кунда бир чеҳралар борки, уларни ғубор босган.
41. Устини зулмат қоплаган.
42. Улар, ана ўшалар, кофирлар ва фожирлардир.
Жаннатийларнинг чеҳралари порлоқ бўлиб, ўзларига етган хушхабардан юзлари кулгуга тўлиб турган бир пайтда бошқа тоифа одамлар тамоман бошқача, аксинча ҳолатда бўладилар. Мазкур ҳолатдаги кишиларнинг юзини ғубор босган, ғуборнинг устидан зулмат ҳам қоплаган бўлади. Яъни, улар ғам устига ғам, андуҳ устига андуҳ тортаётган бўладилар. Чунки, ўз даҳшатлари ила ҳаммани қўрқинчга солиб турган қиёмат кунида у шўрликларга дўзах ва унинг азобларининг «башорати» берилган бўлади.
«Ана ўшалар, кофирлар ва фожирлардир».
Имом ас-Совий айтганларидек, улар бу дунёда кофирлик устига фожирлик ҳам қилганлари учун қиёмат куни юзлари қора бўлгани устига ғубор билан ҳам қопланган ҳолда хижолат ва паришонлар.
Бу оятларда зикр қилинган мўминлар ва кофирлар васфи ўз таъсирини ўтказиши керак. Мўминлар қалбида хотиржамлик, хурсандлик туйғусини, кофирларга бўлса, охиратдан қўрқиш ҳиссини уйғотиши керак. Шоядки, ёмонликдан қайтиб, яхши йўлга юрсалар.

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase