close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

092. Лайл сураси

Маккада нозил бўлган. 21 оятдан иборат.
Ушбу сураи кариманинг номи ҳам ўзининг биринчи сўзидан олинган. Лайл–Тун деганидир.Аллоҳ таоло бу сурани тун ила қасам ичиб бошлаганидан унга «Лайл» номи берилган.
Бу сурада ҳаётнинг қарама-қарши йўллари баён қилинган. Сура иккига бўлиниб биринчи бўлагида бир-биридан тубдан фарқ қилувчи ахлоқий сифатлар келади. Бир гуруҳ кишилар ўз бойликларини Аллоҳнинг розилиги учун сарфлайдилар, тақводор бўлиб, қалбларини пок тутадилар, яхшини яхши, ёмонни ёмон деб биладилар.
Иккинчи гуруҳдагилар эса хасис, бахил, Худодан қўрқмайдиган, бандадан уялмайдиганлар бўлиб, ҳақиқатни ёлғон, разолатни фазилат, деб ҳисоблайдилар. Албатта, ҳар ким ўз қилмишига яраша қиёматда мукофот ёки жазосини олади.
Суранинг иккинчи қисмида Аллоҳ инсонга тўғри йўлни кўрсатиб қўйгани, Пайғамбарлар, самовий китоблар юборганини эслатади.
«Лайл» сураси бошида тун, кун ва эркагу урғочининг яратилиши ила қасам ичиб одамларнинг хатти-ҳаракатлари турлича бўлиши таъкидланади.
Сўнгра саодат ва шақоват йўли баён қилинади. Нажот изловчи киши учун юриши лозим бўлган йўл кўрсатилади. Яхшиларнинг сифатлари қандоқ бўлади-ю, ёмонларнинг сифати қандоқ бўлади, очилади.
Шунингдек, аҳли жаннат ва аҳли дўзах васфлари келтирилади.
Кейин эса кофир ва осийларнинг тўплаган молу дунёлари охиратда ҳеч қандай манфаат бермаслиги ажойиб услуб ила айтиб ўтилади.
Суранинг хотимасида солиҳ мўмин киши қандоқ бўлишига мисол келтирилади.

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

1. Туннинг қоплаб келаётган пайти билан қасам.
2. Наҳорнинг тажалли пайти билан қасам.
3. Эркак ва урғочининг яратилиши билан қасам.
Ушбу уч ояти каримадаАллоҳ таоло ўзининг  учта улуғ неъматлари билан қасам ичмоқда.
Кечаси улуғ неъмат, агар у бўлмаса, инсон учун ер юзида яшаш имкони бўлмас эди.
Шунингдек, кундузи ҳам улуғ неъмат, агар вақт ҳаммаси тундан иборат бўлиб наҳор бўлмаса, борлиқда ҳаёт бўлиши маҳол эди.
Аллоҳ таоло жонзотларни эркак ва урғочи қилиб яратиши ҳам улкан неъмат. Ўйлаб кўринг, эркак бўлса-ю, урғочи бўлмаса ёки аксинча, урғочи бўлса-ю, эркак бўлмаса ҳаётнинг давом этиш имкони бўлармиди?
Аллоҳ бир-бирига мухолиф қарама-қарши нарсалар билан қасам ичгани учун қасам жавоби ҳам, яъни келаси оятлар, мухолиф нарсаларда келяпти.

4. Албатта, сизларнинг ишларингиз турличадур.
Ҳақиқатда, одамларнинг саъйи-ҳаракатлари турличадир. Чунки уларнинг табиатлари, хоҳиш-истаклари, тасаввурлари, қизиқишлари, шароитлари турлича бўлиб, ҳар бирлари ўзига хос бир оламдир. Шунинг учун уларнинг ишлари ҳам йўналишда, келиб чиқишида ва натижасида турлича бўлади. Шу билан бирга, умумий ҳолатда бу ишларнинг тўплами икки асосий қарама-қарши гуруҳга бўлинади. Қуйидаги оятлар ушбу икки гуруҳ ишлар ҳақида сўз юритади.

5. Аммо кимки (ато) берса ва тақво қилса
Аллоҳ таоло берган молу дунёдан Аллоҳ Ўзи кўрсатган жойларга сарфлаш, жумладан муҳтож кишиларга ато бериш ҳам ибодатдир. Аллоҳ кўрсатмаси бўйича пул-мол, сарфлаш молиявий ибодат ҳисобланади. Молиявий ибодатни садақа ҳам, дейилади. Садақанинг луғатдаги маъноси «тасдиқлаш»дир. Кишилар тиллари билан иймонли эканликларини даъво қилаверадилар. Улар баъзи баданий-жисмоний ибодатларни ҳам қилаверадилар. Аммо иймон тасдиғини кўрсатиш молу-дунё сарфлашга келганда билинади. Ўзидан кечиб Аллоҳ кўрсатган жойга молу дунё сарфлаган одамнинг иймони тасдиқланади. Ислом бундоқ ибодатга ўзининг биринчи кунларидан бошлаб даъват қилган. Мана шу ояти карималарда ҳам инсоннинг турли яхши ишлари қаторида биринчи бўлиб молиявий ибодат зикр қилинмоқда. Албатта, ҳар бир ибодат учун шарт бўлган тақво молиявий ибодатга ҳам шартдир. Тақвосиз қилинган молиявий ато нотўғри бўлиши, риё, миннат ёки бошқа номақбул омиллар аралашиб кетиши мумкин.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Худонинг берган куни канда қилмасдан икки фаришта ботаётган қуёшнинг икки тарафида туриб нидо қиладилар. Уларнинг нидосини одамлар ва жинлардан бошқа ҳамма махлуқот эшитади: «Эй бор Худоё! Нафақа берувчига (бергани ўрнига, яна мол-дунё) бергин, мумсик (бахил)нинг (молини) йўқ қилгин», деганлар ва сўнг шу оятларни тиловат қилган эканлар.

6. Ва гўзални тасдиқ қилса
Ушу ояти каримадаги «гўзални» турлича таъвил қилинади: гўзал сўз–яъни, Лаа илаҳа иллаллоҳу, гўзал миллат–яъни, Ислом миллати, гўзал оқибат–яъни, жаннат кабилар.
Бизнингча, худди шундоқ тартиб ва услуб ишлатилиши Қуръони Каримнинг мўъжизасидир. Агар ушбу оятни таъвилларида келган маънолардан бирига боғлаб қўйилганда, оят тор маънода бўлиб қолар эди. Аммо, гўзални зикр қилиб, унинг мавсуфини зикр қилмаслик оят маъносининг жуда кенг бўлишига олиб келган. Демак, ким хайру садақа қилган, тақво қилган ҳамда гўзал калимани, миллатни ва оқибатни тасдиқлаган бўлса...
 
7. Бас, Биз уни осонга муяссар қиламиз.
Ўтган оятдаги «гўзал» сўзи ҳақидаги айтган гапларни ушбу оятдаги «осон» сўзи ҳақида ҳам айтишимиз мумкин. Яъни, ким молу-дунёсидан садақа қилса, тақво қилса, гўзал калима, миллат ва оқибатни тасдиқ қилса, Биз уни осон йўлга, динга, амалга ва оқибатга муяссар қиламиз. Осон йўл ҳидоят йўли, бу йўлда ҳеч қандай қийинчилик йўқ. Осон дин–Ислом дини, бу диннинг ақидасида ҳам, ибодатларида ҳам ҳеч бир қийинчилик йўқ. Осон оқибат-жаннат, унда ҳамма нарса осонликдан иборат.

8. Ва аммо кимки бахиллик ва истиғно қилса…
Бу оятларда ўтган оятларда зикр қилинган нарсаларнинг батамом тескариси, залолат, куфр ва унинг оқибатлари зикр қилинмоқда.
Яъни, ким Аллоҳ йўлида молу дунё сарфламай, бахиллик қилса ва истиғно ила ўзини беҳожат билиб,Аллоҳ таоло ҳузуридаги нарсаларга эришиш учун тақво қилмай фосиқлик қилиб юрса,

9. Ва гўзални ёлғонга чиқарса…
Яъни, гўзал калима–Лаа илаҳа иллаллоҳуни, гўзал миллат–Исломни ва гўзал оқибат–Жаннатни ёлғонга чиқарса,

10. Бас, Биз уни қийинга муяссар қиламиз.
Яъни, Биз уни қийин йўл–залолат йўлига, қийин эътиқод–куфрга, қийин амал–гуноҳга ва қийин оқибат–дўзахга муяссар қиламиз.
Дарҳақиқат, дунёда залолат йўлидан қийинроқ йўл йўқ. У йўлдан ким юрса, ҳалокат жарига қулаши турган гап. Бу дунёда куфр эътиқодидан қийин эътиқод йўқ. Куфрда бўлганларнинг умри маънавий қийинчиликка ботиб ўтади. Бу дунёда гуноҳдан қийин амал ҳам йўқ. У амални қилувчи ҳам банданинг, ҳам Аллоҳнинг қаҳрига учрайди.
Аммо, мазкур кофир ва осийларнинг жазолари бу билан тугайди. Уларнинг ҳақиқий ва асосий жазолари олдинда турибди. Охиратда...

11. У қулаган вақтда унга мол-мулки фойда бермас.
Ҳа, у жаҳаннамга қулаган вақтда бу дунёда бино қўйиб, ишониб юрган молу-дунёси унга ҳеч қандай фойда бермайди. Балки, унинг зарарига ҳужжат ва далил бўлиб хизмат қилади.
Шу ерда муҳим бир масалани эслаб қўйишимиз лозим. Аввало бу масала ушбу оятлар нозил бўлаётган давр талабини акс эттиришдир. Маълумки, Исломнинг дастлабки даврида фақат эътиқод масаласи олдинга сурилган. Ким ақидасини тузатса, мўмин-мусулмон бўлиб жаннатга тушиши қайта-қайта айтилган. Яна ўша вақтнинг талабидан келиб чиқиб бошқа баъзи нарсалар, жумладан ушбу биз ўрганаётган оятлардагига ўхшаб хайр-садақа қилишга ҳам тарғиб қилинган ва уни қилганларга жаннат ваъда қилинган. Дарҳақиқат, ўша пайтларда бу амрларни бажо келтириб туриб вафот этганлар жаннатга кирганлар. Шунинг учун ушбу ояти карималарни ўрганаётган пайтимизда нима учун жаннатга киришга сабаб бўладиган намоз, рўза, жиҳод каби нарсалар зикр қилинмади экан, деган хаёлга бормаслигимиз лозим. Қолаверса, ҳар қачон жаннатни ёки дўзах зикр қилинганда, уларга киришга сабаб бўладиган ҳамма нарсани бирма-бир санаб чиқишнинг ҳожати ҳам йўқ. Фалон амални қилган одам жаннатга киради, дегани, жаннатга киришга сабаб бўладиган амаллардан бирини қилди, деганидир.
Кейинги келадиган оятларда Аллоҳ таоло ҳидоят иши Ўз зиммасида экани, охират ҳам, бу дунё ҳам Ўзиники экани, бандаларини дўзахдан огоҳлантириб қўйгани ҳақида сўз юритади.

12. Албатта, ҳидоятга бошлаш Бизнинг зиммамиздадир.
Аллоҳ таоло доимо Пайғамбарлар юбориб, илоҳий китоблар тушириб, инсониятни тўғри йўлга бошлаб турган. Шу билан ўз зиммасидаги ҳидоятга бошлаш ишни юргизган.

13. Албатта, ҳам охират ва ҳам бу дунё Бизникидир.
Шунинг учун бу дунё саодатини тилаган ҳам, у дунё саодатини тилаган ҳам, икки дунё саодатини тилаган ҳам фақатАллоҳ таолонинг Ўзига ёлбориши лозим.

14. Бас, Мен сизларни ловуллаган ўтдан огоҳлантирдим.
Имом Бухорий ривоят қиладилар: «Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қиёмат куни дўзахга тушганлардан энг енгил азобга дучор бўлганларининг икки оёғи остига икки чўғ қўйилиб, уларнинг иссиғидан дўзахийларнинг мияси қайнаб туради», дедилар.

15. Унга бадбахтдан бошқа  кирмас.
Имом Аҳмад ривоят қиладилар: «Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Дўзахга бадбахтдан бошқа ҳеч ким кирмайди», деганларида,
«Бадбахт» ким?» деб сўрашибди. Шунда у зот:  
«Тоат қилмайдиган ва маъсиятни  тарк қилмайдиган шахс бадбахтдир», деб жавоб берибдилар.

16. Ўша ёлғонга чиқарган ва юз ўгирган эди.
Яъни, мазкур дўзахга кирадиган бадбахт Пайғамбарни, Қуръонни, жаннат ва дўзахни ҳамда бошқа нарсаларни ёлғонга чиқарган ва иймон-Исломдан юз ўгирган эди.

17. Ва албатта, ундан тақводор банда четда қоладир.
Яъни,  иймонли–ихлосли тақводор банда дўзахга кирмай ундан четда қолади.

18. У бойлигини сарфлайдир ва ўзини поклайдир.
Яъни, ўша дўзахга кирмай, ундан четда қоладиган банда ҳаёти дунёда моли–дунёсини Аллоҳ таолонинг йўлида сарфлайди. Куфр, ширк, нифоқ, гуноҳ ва ёмонликлардан ўзини поклайди. Шунинг учун ҳам охиратда дўзахдан четлайди.

19. Бирор кишининг унда қайтарилиши лозим яхшилиги йўқ эди.
Яъни,  ўша тақводор инсон ўзи қиладиган яхшиликларни бировнинг яхшилигига яхшилик қайтариш учун эмас, холис, Аллоҳ учун қилади.
Одатда кўпчилик, фалончи бир вақтлар менга яхшилик қилган эди, қарз бўлиб қолиб кетмасин, мен ҳам қайтариб қўяй, деб пул-мол сарфлайди. Бу мақтовга сазовор иш эмас экан. Мазкур оятлардаги ишлар фақат Аллоҳнинг розилигини топиш учун қилинадиган яхшиликлардир.
Ана ўша тақводор инсон барча яхшиликларни,

20. Магарам ўзининг олий мақом Роббисининг розилигини сўраб қиладир.
21. Ва албатта тезда рози бўладир.
Яъни, охиратда Аллоҳнинг бу қилган амалларига берган мукофотларидан рози бўлади.
Кўпчилик тафсирчиларимиз бу оятларда «ашқо»–бадбахтдан мурод Умайяту ибн Халаф ва «атқо»–тақводордан мурод ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ дейишади. Яъни бу оятлар шу икки шахс ҳақида нозил бўлган, деб нозил бўлиш сабаби ҳақида қуйидаги қиссани ривоят ҳиладилар: Умайяту ибн Халаф Билол ибн Робоҳ исмли қулини мусулмон бўлгани учун қаттиқ азоблай бошлабди. Кун қаттиқ қизиган пайтда иссиққа олиб чиқиб, кўкрагига харсанг тош бостириб қўяр, Муҳаммадга куфр келтирасан, бўлмаса, ўлгунингча, шундоқ турасан, дер экан. Бир куни уларнинг олдидан Абу Бакр Сиддиқ ўтиб қолибдилар ва Умайяга:
«Худодан қўрқмайсанми? Бу бечорани қачонгача азоблайсан», дебдилар. Умайя бўлса:
«Буни сен буздинг, раҳминг келса, азобдан қутқариб ол!»,  дебди. Шунда Абу Бакр Сиддиқ ҳазрати Билолни сотиб олиб озод қилган эканлар. Шундан сўнг юқоридаги оятлар нозил бўлибди. Оятларнинг нозил бўлиш сабаби хос кишилар учун бўлса ҳам, ҳукми ҳаммага баробардир.

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase