close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

076. Инсон сураси

 

 

 

Мадинада нозил бўлган. 31 оятдан иборат.
Ушбу сура ўзининг биринчи оятида келган «Инсон» сўзи билан номланиб қолган.
Бу сура «Даҳр» сураси ҳам дейилади. У Қуръони Каримнинг 29-порасидаги суралар ичида Мадинада тушган ёлғиз сурадир. Чунки 29-порадаги бошқа сураларнинг ҳаммаси Маккаи Мукаррамада нозил бўлгандир. Ундаги ояти карималарда охират ишлари зикр қилинади.
Сураи карима Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло инсонни ўз қудрати билан яратганлиги, унга кўз, қулоқ каби аъзолар берганлиги ҳақидаги оятлар билан бошланади. Сўнгра Парвардигор охиратда жаннат аҳлига тайёр қилинган нозу неъматларнинг баёнини келтиради. Ҳўп, бундай иззат-ҳурматларга кимлар эришадилар? Бундай бахтга сазовор бандалар-бу дунёда Аллоҳнинг ризолиги учун бева-бечора, фақиру мискинларга таом берган, мазлумнинг ҳолини сўраган, доимо яхшилик, хайрли ишлару тоат ибодат билан банд бўлганлардир. Уларнинг сифати ана шундай баён қилинади. Яхши бандалар сифатлангач, уларга бўладиган ажру савоблар, қиёмат кунида улар оладиган фазлу карамлар баён қилинади.
Сурада фақат ва фақат жаннат аҳлига хос бўлган неъматлар бир-бир санаб чиқилади. Масалан: емоқлик, ичмоқлик, кийиму либослар ва жаннат аҳлига хизматда бўлган ҳуру-ғулмонлар ва ҳоказо.
«Инсон» сурасининг охирида Қуръони Карим ақлини ишлатган бандалар учун буюк бир эслатма эканлиги, бошқа сураларда айтилган бўлса-да, яна бир бор зикр қилинади.

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

1. Ҳақиқатда инсонга, у эсга олинадиган нарса бўлмаган бир замон келмадими?
Яъни, яқиндагина бу инсон зоти ҳеч кимнинг эсида йўқ эди. На фақат у, балки унинг ота-онаси ҳам бу дунёда йўқ эди. Биз ана шундай йўқ нарсадан инсонни бу дунёдаги энг олий махлуқ, яъни шахс қилиб яратдик, демоқда Ҳақ субҳанаҳу ва таоло. Биргина шу оятнинг ўзидаёқ ҳар бир киши  учун ибрат бўларли хитобдир. Ҳар биримиз ақлан ўйлаб кўрайлик: бундан 100 йил илгари қаерда эдик? Қандай қилиб бу дунёга келиб қолдик? Бизни йўқдан бор қилган, ўз қудрати туфайли ўзининг зикрини айтадиган, ҳар лаҳзада «Эй Худо», деб эслайдиган ёки тамоман Ўз марҳаматидан бенасиб қилиб қўйган ким? Бу саволларга жавобни ҳар биримиз ўзимизча холисона ўйлаб кўрайлик. Йўқ! Жавоб излашимизга ҳожат йўқ. Чунки жавобнинг ҳақиқийсини Аллоҳнинг Ўзи иккинчи оятда бериб қўйибди.

2. Албатта, Биз инсонни аралаш нутфадан яратдик. Синаш учун, бас, уни эшитадиган, кўрадиган қилдик.
Бу оятдан маълум бўляптики,Аллоҳ таоло инсонни беҳудадан-беҳудага яратган эмас. Балки синов учун яратган. Шариати Ислом аҳкомларига амал қиладими-йўқми? Унинг бошига ўз Роббиси тарафидан турли мусибатлар етганида қандай сабр қиладими, йўқми? Демак, бу дунёда инсоннинг ҳар бир қадами назоратда, ҳар бир куни синовдир. Лекин бандаси буни тушунмайди.
Инсонни имтиҳон қилиб, синаб кўриш унга ато қилинган ақли ва идрокига асослангандир. Шунинг учун ҳамАллоҳ таоло инсонга идрок қилсин, фикр юритсин, эшитсин ва англасин деб эшитиш ва кўриш қобилиятини берди. Эшитиш ва кўриш қобилиятлари ўзини англаган ҳар бир инсон учун улкан неъматдир. Лекин фақат эшитиш, кўриш ёки идрок қилишнинг ўзи кифоя эмас. Шунинг учун ҳам Аллоҳнинг Ўзи ҳидоят ва залолат йўлларини анқлаб берган. Бу биз гуноҳкор бандаларни ҳадеб залолат ботқоғида ётавермаслигимиз, балки маърифат, ҳидоят ва илмга интилишимиз, шу йўл билангина Аллоҳ ризолигини топишимиз учун тенги йўқ кўрсатмадир.

3. Албатта, Биз унга йўл кўрсатдик. (У эса) ёки шукр қилувчи, ёки куфр келтирувчи бўлди.
Яъни, Аллоҳ таоло инсонлар орасидан Пайғамбарлар етиштириш воситаси билан шариатлар юбориб, Ўзининг қонун-қоидаларида инсонларга яхшилик ва ёмонликни, тўғри ва нотўғри йўлни, савоб ва гуноҳни, ҳамма-ҳаммасини атрофлича баён этди. Сўнгра инсонга хоҳлаган кўйда юриш учун ихтиёр берди. Қудрати етса-да, уни жиловлаб қўймади. Не ажабким, тўғри йўлни танлаганлар ибодат қилиб, яхши амаллар билан Роббисининг розилигини топади. Нотўғри йўлни ихтиёр қилганлар эса Аллоҳнинг неъматига ношукрликда бўлиб, гуноҳ ишлар қиладилар ва Худонинг ғазабига учрайдилар.
Аллоҳ таоло гуноҳ ва нотўғри йўлда юрганлар учун охиратда тайёрлаб қўйган жазосини қуйидагича баён этади:

4. Албатта, Биз кофирлар учун занжирлар, кишанлар ва ёниб турган оловни тайёрлаб қўйганмиз.
Менимча, бу оятни махсус шарҳлашга ҳожат йўқ!
Ҳидоят йўлида юрганлар учун охиратдаги ажру-мукофотларнинг баёни эса бундай зикр қилинган:

5. Албатта, яхшилар каафур аралаштирилган қадаҳдан ичарлар.
Каафур–ичимликни хушбў ва хуштаъм қилувчи модда бўлиб араблар у аралашган шаробни энг яхши шароб ҳисоблашади. Тафсирчиларимиз оятдаги каафурдан мурод жаннатдаги булоқнинг исми дейишганлар.

6. Бир булоқданики, ундан Аллоҳнинг бандалари отилтириб ичарлар.
Яъни, жаннатдаги Каафур булоғидан Аллоҳ ризолигини топган бандалар хоҳлаган тарафга қаратиб отилтириб ичадилар, гўёки фавворалардек. Қасрда ўтириб ичгиси келса қасри олийда, хуру ғилмонлар бирла суҳбат қуриб ўтирган жойда хоҳлашса, ўша ерда, хуллас, қайси жойни ва қайси ҳолатни мақбул топсалар, каафур булоғи уларга мунтазир бўлади.
Келгуси оятларда эса, Аллоҳ таоло яхши бандаларнинг сифатларини зикр қилади.

7. Улар назрга вафо қиларлар ва ёмонлиги кенг тарқаладиган кундан қўрқарлар.
Назр-инсон ўзи учун аслида лозим бўлмаган ибодатни ўзича лозим қилиб олишликдир. Масалан: бир киши оғир бетоб бўлди, ётган жойида шундай ният қилади: «Эй Худо, агар касалимдан тузалиб кетсам, бир қўй сўйиб худойи қиламан». Ёки «Болам эсон-омон ҳарбий хизматдан қайтиб келса, ўн кун рўза тутаман» ва ҳоказо...
Кимки шундай нарсаларни назр қилса, унга вафо қилмоғи вожиб бўлади. Агар киши гуноҳ ишларни назр қилса-чи, деган савол ҳам туғилиши табиий. Мисол учун, фалон ишим битса, фалон мансабдагиларга қўй сўйиб ароқ қуяман, бош-оёқ сарпо қиламан, қабилидаги нопок ниятлар. Бундай ҳолда у назр ҳисобланмайди ва амалга оширилмайди. Бордию ҳотамтойлик қилиб ўтказилса ҳам, Парвардигор хўжакўрсинга қилинган бундай назрни қабул этмайди. Чунки у яхши бандалар назрини тилга олди. Элга ароқ бериб, ўзини ҳам, аҳли аёлини ҳам дўзахга тиқадиганлар ҳеч қачон аброр бўлмайдилар.
Иккинчи сифат (қиёматдан қўрқиш) эса доимий равишда фақат Аллоҳга хуш келадиган ишларни қилиб, унга ёқмайдиган ишлардан четлашишга чорлайди. Ана шундай хайрли ишларни қилувчи аброр бандаларнинг сифатларидан яна бири навбатдаги оятда нозил бўлган.

8. Ўзлари таомни яхши кўриб турсалар ҳам, уни мискин, етим ва асирларга берарлар.
Ана, биродарлар, аброрларнинг хислати нима экан! Улар ҳаттоки ўзларига таом керак бўлиб, ҳожатлари тушиб турса ҳам, мискин, етим, асирларни ўзларидан устун қўйиб, таомни уларга берадилар. Таом яхши бўлса, албатта, уни кўпроқ тановвул қилишга кишида мойиллик бўлади. Ана шундай ҳолларда уни фақирга бериш бойнинг камбағални ҳурмат қилишидан келиб чиқади. Бу эса ўз навбатида улар орасида тенглик бўлишига олиб келади. Оятдаги «мискин» сўзининг алоҳида таъкидланишини ҳам айнан шунга қаратилган. Чунки мискинга, яъни ўзига ва оиласига етарли еб-ичиш таоми бўлмаган одамга ёрдам бериш ўзига тўқларнинг бурчидир.
Етимларга ёрдам бериш ҳам ниҳоятда савобли иш. Етимларга овқат, кийим-кечак, таълим ва тарбия бериш ўзига тўқларнинг зиммасидаги бурчдир. Шундай қилинса, етим жамият учун фойдали шахс бўлиб етишади. Агар унга бепарво қаралса, камситилса, разолат ва жиноят кўчасига кириб, ўзи яшаётган жамиятга фақат зарар келтирувчи шахсга айланади. Бунга мисол келтириб ўтириш шарт эмас. Атрофимизга ақл кўзи билан бир назар солсак бас.
Ислом дини кишилик жамиятида қарор топа бошлаган дастлабки кунларданоқ душманлардан қўлга тушган асир ҳаётини сақлаб қолиш, унинг инсонлик ҳуқуқини ҳурмат қилишга даъват этди. Бу ҳақда Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васалламга оятлар ҳам нозил қилинади. Ва ул зот бундан 1400 йил аввал, бутун дунё инсон хуқуқи нима эканини билмай турган бир пайтда Аллоҳнинг ана шундай инсонпарвар ҳукмини эълон қилдилар.
Ислом татбиқ этган бу ҳуқуқларни, жумладан, асирларга яхши муомала қилиш, уларни бирор егулик билан таъминлашни бирлашган Миллатлар ташкилоти яқиндагина эълон қилди. Бундан юз ёки минг йил аввал эмас. Шунинг ўзиёқ Аллоҳнинг дини нима асосига қурилганлигига етарли далилдир.
Мусулмонлар бировга яхшилик қилганларида риё учун, миннат учун эмас, балки савоб умидида, қиёмат куни яхши ҳолатларга эришиш умидида қиладилар. Ушбу хислатлар қуйидаги оятларда ҳам ифода этилади.

9. «Албатта, биз сизларни фақат Аллоҳнинг розилиги учун овқатлантирамиз. Бунинг эвазига сизлардан мукофот ёки ташуккур хоҳлаймиз.
Демак, чин мўмин иккинчи бир биродарига яхшилик ёки ёрдам қилганида фийсабилиллоҳ, яъни Аллоҳ йўлида қилмоғи лозим экан. Қилган яхшилиги эвазига тамаъ талаб қилиш-Парвардигор ғазабини келтирадиган ва ул бандани мунофиққа айлантирадиган амаллардандир.

10. Албатта, биз қўрқинчли, шиддатли, узун кунда ўз Роббимиздан қўрқамиз», дерлар.
Демак, мусулмонлар муҳтожларга таом беришларининг икки боиси бор.
Биринчиси, Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг розилигини топиш.
Иккинчиси, халоиқ учун қўрқинчли ва шиддатли бўлган узоқ кун, яъни ўтиши қийин бўлган қиёмат кунида Аллоҳнинг азобига дучор бўлишдан қўрққанлари сабаблидир.
Кейинги оятда Аллоҳ таоло айнан ана шунга ишора қилиб, аброр бандаларини хотиржам бўлишга чақиради ва қиёмат куни хавфининг ўрнига омонлик ва хурсандлик ато қилишлигини айтади.

11. Бас уларни Роббилари ўшал кун шарридан сақлади ва уларга хушрўйлик ҳамда хурсандчилик ато қилди.
12. Ва сабр қилганликлари учун уларни боғу роғ ва ипаклар билан мукофотлади.
Бу оятда Аллоҳ таоло аброр бандалар васфига яна бир янги васф-сабрни қўшмоқда. Ҳақиқатда инсондаги сабр барча фазилатларнинг онасидир. Ер юзидаги жамики яхшиликларнинг манбаъсидир. Инсон ўз сабри туфайли ҳавои нафсидан ғолиб келади. Эътиқодига, иймонига зарарли хоҳишларни жиловлайди. Чунки мўминнинг ҳадоятда собит қалдам бўлиши учун энг аввало унга сабр керак!

13. У ерда сўриларда суянган ҳолдалар. У ерда қуёшни ҳам, совуқни ҳам кўрмаслар.
Аввалги оятда жаннатга кирганларга бериладиган неъматлар, боғу роғлар, улардаги лаззатли турли хил мевалар, кўзни қувонтирадиган ажойиб манзаралар ҳамда аброр бандалар киядиган ҳарир либослар зикр қилинган эди. Бу оятда жаннатга кирганлар роҳат-фароғатининг васфи давом этмоқда. Уларнинг ажойиб сўриларда ёнбошлаб ором олишлари ва жаннатда озор берадиган иссиғу совуқнинг йўқлиги васф қилиняпти.

14. Ва устиларига у(жаннат)нинг соялари яқиндир ҳамда унинг мевалари жуда ҳам осон қилингандир.
Яъни, жаннат дарахтлари жанатиларга доим соя солиб туради. Меваларнинг узишга осон қилинганини уламолар, киши тикка турса ҳам, ўтирса ҳам, ёнбошласа ҳам бир хилда-қўл узатса етгудек бўлиб туради, узаётганда қўлига тикон кириши ёки қўли етмай қолиш ҳолатлари йўқ деб васф қиладилар.
Бу дунёда боқимиздаги бирор мевадан тановвул қилиш учун, хоҳ у узум бўлсин, хоҳ ул олмаю нок бўлсин, албатта оёғимиз остига нарвон қўйишимиз лозим бўлади. Чунки шундай узалсак, бўйимиз етмайди. Қовун-тарвуз емоқчи бўлсак, бозорга тушамиз. Харид қиламиз. Охиратда эса жаннат аҳли ана шундай ташвишлардан холос бўладилар. У ерда сотувчи ҳам, харидор ҳам йўқ. Мева шоҳлари сизга эгилиб туради. Бундан ортиқ мукофот борми!

15. Ва уларга кумуш идишлар ва биллурлардан бўлган қадаҳлар айлантириб турилур.
Яъни, жаннат аҳлларига кумуш идишларда таом ва биллурдан бўлган қадаҳларда шароб айлантириб турилади. Ўзлари бориб, излаб ахтариб топмайдилар. Шу билан бирга овқат ейдиган идишлари ҳам, шароб ичадиган қадақлари ҳам роҳатбахшдир.
Охиратда жаннат аҳлига шароблар тутиб турилиши Қуръони Каримнинг бир неча сураларида нозил бўлган.
Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло ўзининг муқаддас китобида васф қилган шаробни бу дунёнинг ҳаром ичимлигига тенглаштиришнинг ўзи катта гуноҳдир. Чунки жаннатдаги шароб, у кишини ақлу ҳушидан айримайди, балки ҳушёр қилган ҳолда роҳат бағишлайди. Уни хурлар тутиб туради. Уни ичган бандалар бир-бирларига мунофиқона сўзламайдилар, балки Аллоҳнинг марҳамати нақадар беқиёс эканлиги ҳақида кишининнг тани яайрайдиган узундан-узоғ суҳбатлар қурадилар. Парвардигорга шукроналар айтадилар.
Бу дунёнинг Қуръонда ҳаром қилинган ичимлиги (хамр) эса фақат-фақат йўлдан оздиради, ақлу ҳушдан айиради, қавму қариндошлдан бегона қилади.
Энди навбатдаги оятларга кўз югуртиринг-да, хулосани ўзингиз чиқариб олавнринг...

16. Биллурлар кумушдандир, (соқийлар) ўлчовини келтирганлардир.
Яъни, шароб ичиладиган қадаҳлар шишанинг мусаффолиги ва кумуш рангини ўзида мужассамлаштирган ҳамда соқийлар шаробни шундоқ ўлчаб қўйганларки, ичган одамга кўплик ҳам қилмайди, озлик ҳам қилмайди. Балки қанча хоҳласа шунча бўлади.

17. Ва улар у(ер)да аралашмаси занжабил бўлган қадаҳдан суғорилурлар.
18. У(ер)даги сал сабийл номли булоқдан.
Занжабийл-ерга томир отган ўсимлик тури бўлиб, томири туйилиб хушбўй модда ясалади: араблар ундан ўз ичимликларига қўшиб ичишни жуда-жуда севадилар.
Ичувчининг томоғидан ҳузур бағишлаб, осонлик билан ўтувчи шаробни араблар салсабийл деб атайдилар. «Салсабийлан» дейилганда шунга ишора қилиняпти.
Жаннатдаги мазкур неъматлар ниҳоятда ҳузрбахш, лаззатли бўлши билан  бирга, уларни жаннатиларга тақдим қилувчи ходимларнинг хусни-жамоли ҳам кишини хурсанд қиладиган даражада эканлиги оятда баён қилинган:

19. Ва уларнинг атрофида абадий ёш болалар айланарлар, агар уларни кўрсанг, сочилган маржон деб ўйларсан.
«Абадий ёш болалар», яъни, ғилмонлар жаннат аҳли учун хизматкор қилиб яратилган шахслардир. Улар ёш, хушрўй бўлиши билан бирга бир хил ёшда бардавом бўладилар. Ёшлари катта бўлиб, шакллари ўзгармайди. Қариб, вафот этмайдилар.
Ўша болаларнинг хизмат қилиб елиб юрганлирини, юзлариннг хушрўйлигини, кийимларини кўрган киши худди сочилиб турган лаъл ва маржонларни кўргандек бўлади.

20. Ва агар кўрсанг, у ерда неъматни ва улкан мулкни кўрурсан.
Оятнинг маъносини бундай тушунмоқ лозим:
Жаннатга назар солган киши нафақат оддий неъмат ва мулкни, балки кўпдан-кўп неъматлар ва улкан мулкни кўради. Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларида айтиладики, «Аллоҳ таоло дўзахдан охири чиқиб, жаннатга охири кираётган кишига, албатта сенга у дунёчалик ва унга яна ўн баравар кўп дунёни бердим», дер экан.
Қуръони Каримнинг «Ҳадид» сурасидаги оятларда Аллоҳ жаннатнинг кенглигини еру осмоннинг кенглигидан-да каттроқ деб хабар қилади. Ушбу оятдаги улкан мулкдан мурод ана шудир.
Яна Аллоҳ таоло жаннатдаги бандаларининг кийимлари васфини келтиради.

21. Уларнинг устиларида яшил сундусдан (юпқа ипакдан) ва истобрақдан (қалин ипакдан) кийимлар бор ва кумуш билакузуклар-ла ясанганлар ва Роббилари уларни пок шароб билан суғорур.
Яъни, жаннат аҳлининг ички кийими юпқа ипакдан ва ташқи кийими қалин ипакдан бўлади. Парвардигори олам Ўзи уларга пок шароб беради. Юқорида айтиб ўтганимиздек, у шароб бу дунёнинг шаробига ҳеч-ҳеч ўхшамайди-зарари ҳам йўқ, қуйқаси ҳам йўқ.
Чин мўмин учун шунча нозу неъматларга эришишнинг ўзи катта бахтдир. Шу билан бирга уларни эълон қилиш бахтиёр бандалар севинчини янада оширади. Шунинг учун ҳам Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло жаннат аҳлига, жаннатга ва унинг неъматларига эришаётган пайтларида қуйидаги эълонини қилади:

22. Албатта, бу сизга мукофот бўлди, ва сизнинг амалингиз қабул бўлди.
Бу ниҳоятда ҳузурбахш, мўминларни беҳадду ҳисоб хурсанд қиладиган, уларга Аллоҳнинг розилигини, муҳаббатини сездирадиган нидодир.
Бу дунёда жамиятнинг бирор аъзоси ўз меҳнати учун мукофотланадиган бўлса, унинг исми шарифию оладиган туҳфасини рўзнамолару ойнаи жаҳон орқали қайта ва қайта эълон қиладилар. Уни қавму қариндошлари табриклайдилар. Хуллас, ўша киши учун кўп севинчли дақиқалар туғилади.
Лекин охиратда Аллоҳнинг эълон қилган фармони абадийдир. Жаннат аҳли олган мукофотлар абадийдир.
Шундай экан, ўткинчи дунёнинг беҳуда ҳой хавасларидан бир фурсат бўлса-да ўзни тўхтатинг. Навбатдаги оятларга кўз югуртиринг. Фарзадингизга, аҳли аёлингизга ўқиб эшиттиринг. Зора шу ишингиз туфайли улар ҳидоятга келса. Саодатга эришсалар.
Аллоҳ таоло тарафидан Ислом дини юборилиб, Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам Макка аҳлини бу динга даъват эта бошлаган дастлабки кунларданоқ, Макка мушриклари Расулуллоҳ саллоллоҳу алаҳи васалламнинг даъватларини тўсиш мақсадида гоҳида у зотга озор берардилар. Гоҳида эса у кишини мол-дунё, мансабу-султонлик билан йўлдан оздирмоқчи бўлардилар.Аллоҳ таоло мушрикларнинг бундай мунофиқлигига жавобан қуйидаги оятларни туширган:

23. Албатта, Биз сенга Қуръонни бўлак-бўлак қилиб туширдик.
Маълумки Қуръони Карим оятлари Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васаллам 23 йил давомида оятма-оят бўлиб тушган эди. «Бўлак-бўлак қилиб туширдик» деб ана шу ҳолатга ишора қилинмоқда.

24. Бас, Роббинг ҳукмига сабр қил ва улардан гуноҳкор ёки кофирларига итоат қилма.
Тафсирчилларимиз «Аасиман»ни гуноҳ ишларни қилувчи, «кофуурон» гуноҳ ақидаларга ишонувчи деб шарҳлаганлар.
Исломнинг дастлабки йиллари Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васаллам ва у кишига эргашган саҳобаларнинг вазифалари ниҳоятда оғир бўлиб, улар доимо ёрдамга муҳтож эдилар. Уларга ёрдам йўли кўрсатилди. Бу нажот йўлиАллоҳ таолога илтижо қилиш, Унинг зикрини тинмай айтиш ва ниҳоят намозни маҳкам тутишда эканлигини Парвардигор келгуси оятлар орқали баён қилди.

25. Эртаю кеч Роббинг исмини зикр қил.
26. Ва кечасида ҳам Унга сажда қил ва узоқ кечаларда Унга тасбиҳ айт.
Яъни, унинг номини поклаб ёд эт.
Баъзи тафсирчилар «букратан» мурод Бамдод намози, «асийло»дан мурод пешин ва аср намози, «Ва минал лайли»дан мурод эса Шом ва Хуфтон намозлари. «Лайлан товийло»дан мурод кечасини бедорлик билан ўтказиб ўқилган намоз деганлар.
Эндиги оятларда мушрикларнинг динга кирмасликларининг, яъни Аллоҳга иймон келтирмасликларнинг сабаби тушунтирилади:

27. Албатта, анавилар ўткинчи(дунё)ни  яхши кўрурлар ва оғир кунни ортларида қолдирурлар.
Кофирлар ўз қилмишларини давом эттириб, оғибати нима бўлишини сира-сира ўйламасалар-да, Аллоҳ уларга бу дунёнинг ўзидаёқ муқаррар жазо беришга қодирлигини эслатиб бундай хитоб қилади:

28. Биз уларни яратдик ва яратилишларини маҳкам қилдик. Ва агар хоҳласак уларнинг ўринларига ўхшашларини келтирамиз.
Яъни, уларни йўқдан бор қилган зот, яратилишларини маҳкам қилган зот уларни ҳалок қилиб ўринларига бошқаларни келтиришга ҳам қодирдир.
Келгуси оятларда Аллоҳ таоло бу сура ҳидоятни хоҳловчилар учун ваъз-насиҳат эканлигини, ким хоҳласа ўз Роббиси йўлга юришлигини ва бу ишларнинг барчаси Аллоҳнинг хоҳишидан ташқари бўлиши мумкин эмаслигини баён қилади.

29. Албатта, бу (сура) эслатмадур. Бас, ким хоҳласа ўз Роббисига йўл оладур.
Яъни, ушбу сура, унинг оятлари ўзининг дақиқ маънолари, гўзал лафзлари, ваъз насиҳатлари ила эслатмадир.
Ким манфаатни, ваъзланишни, саодат йўлига юришни хоҳласа Қуръон оятларидан ибрат олсин. Унинг нури ва зиёсидан фойдалансин. Ўз Роббисига элтувчи йўлни тутсин. Бунинг учун У зот азза ва жалланинг тоат ибодатини қилсин, розилигини истасин. Саодат йўллари осондир, нажот йўллари текисдир.

30. Ва Аллоҳ хоҳласагина, сизлар ҳам хоҳлайсизлар. Албатта, Аллоҳ билувчи ва ҳикматли зотдир.
Яъни, ҳеч бир ишни Аллоҳнинг тақдири ва хоҳишисиз ирода қила олмаймиз. Тоат, ибодат ҳам фақат Аллоҳнинг изни билангина ҳосил бўлади. Аллоҳнинг хоҳиши ҳамма хоҳишдан устундир. Бирор киши ўзини ўзи ҳидоятга сола олмайди, иймонга ҳам йўллай олмайди, манфаат ҳам етказа олмайди. Фақатгина Аллоҳнинг хоҳиши бўлсагина мазкур ишлар ҳам юзага чиқиши мумкин.
«Албатта, Аллоҳ билувчи ва ҳикматли зотдир».
Яъни, Аллоҳ Ўз бандаларининг аҳволларини тўлиқ билади. Уларнинг ишларини ўта ҳикмат билан тадбирини қилади. Ким ҳидоятга сазовор эканини ўта яхши билади ва уни ҳидоятга бошлайди. Шунингдек, зимматга берилганларни ҳам яхши билади ва улар билан ҳам Ўзи билиб муомала қилади.

31. У кимни хоҳласа Ўз раҳматига киритур ва золимлар учун аламли азоблар тайёрлаб қўйгандур.
Яъни, Аллоҳ Ўз бандаларидан кимни хоҳласа Ўз раҳмати бўлмиш жаннатига киритади. Улар мўмин бандалардир.
Золим-кофирлар учун эса дўзахнинг аламли азобларини тайёрлаб қўйгандир.
Азиз ўқувчи! Дунё аҳли нечун тоифаларга бўлиб яратилганлигини, нега Аллоҳ ҳамани бирдай мусулмон ёки кофир қилиб қўймаганлигини ана энди тушунгандирсиз!

 

 

 

 
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase