close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

081. Таквир сураси

Маккада нозил бўлган. 29 оятдан иборат.
Ушбу сураи кариманинг номи унинг биринчи оятидаги маънодан олинган. «Таквир» деб, ёйилиб турган нарсани ўраб, тўплашга айтилади. Мазкур биринчи оятда Қуёшни ўраб-тўплаш ҳақида сўз кетади. Яъни, қиёмат куни шунчалик катта ҳажмдаги, бутун дунёни ўз ёруғи билан тутиб турган нарса ҳам осонгина ўралиб, ёруғи сўниб, ҳеч нарса бўлмай қолиши баён қилинади. Ана шу маъно сураи каримага ном қилиб олинган.
Бу сураи карима Ислом ақидасидаги улкан ҳақиқатлардан иккитасини муолажа қилади.
Биринчиси–қиёмат куни ва унда бўладиган инсон қалбини хавфга тўлдирувчи улкан ҳодисалар.
Иккинчиси–ваҳий ҳақиқати, уни келтирувчи фаришта Жиброил алайҳиссалом васфи ва ваҳийни қабул қилиб олувчи Муҳаммад алаҳиссалом васфлари.
Сураи карима қиёматнинг баёни, унда бўладиган улкан кавний тўс-тўполон: қуёш, юлдузлар, тоғлар, денгизлар, ер, осмон, чорва ҳайвонлари, ваҳший ҳайвонларни, шунингдек башарни ҳам ўз ичига олган даҳшатли ҳодисалар васфи ила бошланади. Ўша васф қилинётган ҳодиса чоғида дунёдаги ҳамма нарсанинг тартиби бузилиб, сочилиб кетиши, мазкур куннинг даҳшатидан ўзгаришга дучор бўлмаган, ўз мавқени йўқотмаган борор нарса қолмаслиги васф қилинади.
Сўнгра эса ваҳийнинг ҳақиқатини ва ўша ваҳийни қабул қилиб олаётган Пайғамбарнинг сифати васф қилинади. Шунинг учун мазкур ваҳий ила куфру ширк зулматию залолатидан иймону тавҳиднинг нур ва ҳидоятига чиқарилишлари кўзда тутилган қавмнинг васфи ҳам келтирилади.
Сураи кариманинг охирида мушрикларнинг Қуръони Карим ҳақидаги тахминлари ботил эканлиги таъкидланиб, Унинг инсоният учун Аллоҳ таоло томонидан туширилган мавъиза эканлиги баён қилинади.

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

1. Вақтики, қуёшни буклаб, ўралса.
Сиз билан биз инсонлар биладиган сайёралар мажмуаси «Қуёш мажмуаси» деб номланиши ва ўша мажмуъада Қуёш энг улкан нарса эканлиги ҳаммамизга маълум. Шунингдек, олимлар Қуёш ҳажми билан Ер ҳажми орасидаги фарқ,  катта тарвуз билан кичик нўхат доначаси орасидаги фарқчалик, деб айтадилар.  
Демак, бир вақт келиб, шунчалар катта ҳажмга эга бўлган, ёғдуси биз тасаввур қила олмайдиган кенгликка таралиб турган, ўзидаги иссиқлик қуввати ила сонсиз-саноқсиз нарсаларни манфаатлантириб турган Қуёш ўралиб, тўпланиб қўйилар экан. Ояти каримадаги таъбирдан бу ишнинг қилиниши ҳеч қандай куч-қувват, уриниш-ҳаракат сарфланмай амалга ошиши билиниб турибди. Бу эса ўз навбатида қиёматни қоим қилишАллоҳ таоло учун нақадар осон иш эканини билдиради. Зотан, мазкур улканликларга эга бўлган Қуёшнинг шундоққина ўраб, йиғиб қўйиш У кундаги кўплаб ишлардан арзимаган бири, холос.

2. Ва вақтики юлдузлар узилиб тушиб, сочилиб кетса.
Тунда кўзимизга кичкина бўлиб кўринадиган юлдузлар аслида жуда ҳам катта осмон жисмлари эканлиги ҳаммамизга маълум. Улар биздан жуда ҳам узоқ бўлганлари учунгина кичик кўринадилар. Аслида эса миллионлаб йиллар давомида қимр этмай турган ниҳоятда улкан сайёралардир. Юлдузлар доимо бир хил туришига кўзимиз ўрганиб қолган. Уларни узилиб пастга тушиши амри маҳол кўринади. Баъзи ўта кичик юлдузлардан сачраган «комета» деб ном олган арзимас учқун туша бошлаганда фалакиёт илми олимлари, мабодо шу арзимас учқун ерга тегса,  дунё ер курраси  тамом бўлади, деб дод-вой соладилар.
Ушбу ояти карима хабар бериши бўйича эса, бир вақти келиб барча юлдузлар худди тутдек тўкилиб, сочилиб кетар экан. Қиёмат куни содир бўладиган ушбу улкан инқилоб ҳам, худди кичик бир тут дарахтининг меваси тўкилиб атрофга сочилиб кетгандек васф қилинмоқда. Зотан, бизга ғоят улкан бўлиб кўринаётган иш Аллоҳ таоло учун ҳеч нарса эмас. Бинобарин, У Зот азза ва жалла учун қиёматни қоим қилиш ҳам ҳеч нарса эмас.

3. Ва вақтики, тоғлар жойидан кўчирилса.
Инсонга энг яқин ва энг салобатли нарса тоғдир. Ҳар бир инсон тасаввурида тоғлар қадимдан у яқиндан ҳис этадиган энг салобатли, энг улкан, энг катта, энг мустаҳкам нарса бўлиб келган. Қадимдан барча халқлар тоғни баҳайбатлик, сервиқорлик, салобатлик ва собитлик рамзи, деб билиб келганлар. Дарҳақиқат, ер юзида энг катта, энг салобатли ва энг юксак нарса тоғдир. Айниқса, ҳозирги илм ривожланган даврда аввал билинмаган маълумотлар ҳам, жумладан, ҳар бир тоғнинг ер остида ўзидан катта томири бўлиши ва шу кабилар ҳам аён бўлди.
Лекин Қуръони Каримнинг таъкидлашича, бир вақт келиб, ана шундоқ улкан, юксак, салобатли, собит, мустаҳкам ва виқорли тоғлар ҳам жойидан жуда осонликла кўчиб, осмонда чанг зарралари каби учиб юрар эканлар. Бу ҳодиса ҳам худди ер юзидаги чанг зарралари жойидан қўзғалиб ҳавода учиб юргандек осонлик билан содир бўлар экан. Чунки, бу ишни қилувчи Зот ҳар бир нарсага қодир Аллоҳ таолонинг Ўзидир. Бу ҳодиса эса қиёмат куни содир бўлур. Ҳа, У кун шу қадар даҳшатлики, унда улуғвор тоғларнинг чанг зарраси каби учиб юриши ҳеч нарса бўлмай қолади.

4. Ва вақтики, ҳомиласига ўн ой тўлган туялар қаровсиз қолса.
Қадимда арабларда туя энг қимматли мулк ҳисобланган: кишининг мол-дунёси, обрўси ҳам туяларнинг сони, сифатига қараб ўлчанган. Ҳомиласи ўн ойлик бўлиб, туғиши яқинлашган туя эса энг қадрли ҳисобланган, чунки туғса, туялар сони яна кўпаяди, сут бўлади ва ҳоказо. Шунинг учун ҳам улар бундоқ туяларга катта эътибор берганлар, ўзларига яқинроқ жойга боғлаб, ҳар дамда ундан хабар олиб турганлар. Қиёмат даҳшати шу қадар улканки, одам ўзи яхши кўрган барча нарсаларини, шу жумладан ҳомиласига ўн ой тўлган туяларини ҳам қаровсиз қолдиради, хабар ололмайди.

5. Ва вақтики, ваҳший ҳайвонлар бир жойга тўпланса.
Одатда, ваҳший ҳайвонлар бир-бирлари билан ашаддий душман бўладилар ва ҳеч қачон иккитаси бир жойда турмайди. Лекин қиёмат даҳшатидан улар ҳам бир жойга тўпланиб қоларкан.
Оддий ҳолатда бир-бирига умуман яқин келмайдиган, мабодо яқин келиб қолсалар, ҳамма нарсани унутиб, бир-бирини тилка-пора қилиш пайидан бўладиган ваҳшийлар қиёмат куни даҳшатидан бошқача бўлиб қолар экан. Ҳа, қиёмат куни даҳшатидан энг ашаддий ваҳший ҳайвоннинг ҳам ваҳшийлигидан асар қолмас экан. Мисли кўрилмаган даҳшат таъсирида ўзининг энг ашаддий душмани бўлган бошқа ваҳший ҳайвонлар билан бир жойга тўпланиб, атрофидагиларни ҳис эта олмай, илиги қалтираб, думи қисилиб тураверар экан.

6. Ва вақтики, денгизлар аланга олиб ёнса.
Одатда денгиз–сув оловни ўчиради, сув билан олов бир-бирларига қарши нарсалар. Лекин қиёмат даҳшатидан денгизлар ҳам олов бўлиб ёниб кетар экан.
Ҳа, қиёмат қоим бўлиши ана шундоқ улкан ва ғайри оддий бир нарсадир. Ҳар нарсага қодир Аллоҳнинг қудрати ила сиз билан бизнинг тасаввуримизда амри маҳол бўлган нарсалар ўз-ўзидан бўлаверади У кунда. Бир томчи сув оловланиб ёнади, деса ҳеч ким ишонмайди. Чунки, сувда ёниш қобилияти йўқ, аксинча сув оловни ўчириш учун ишлатиладиган асосий воситадир. Лекин, қиёмат шунчалик улкан даҳшатга, шиддатга тўла бир кунки, У Кунда бу дунёнинг биз ўрганиб қолган барча ўлчовлари остин-устин, алғов-далғов бўлиб кетади. Чунки, бу кунни ҳар бир нарсага қодир, қудратининг чеки йўқ Зот –Аллоҳ таоло қоим қилади. Ана ўша чексиз Қудратга соҳиб бўлган Зот, Ўз қудрати ила сувга берган ўтни ўчириш қобилиятини тескарисига–ўт бўлиб ёниш қобилиятига айлантириб қўйиши ҳеч нарса эмас. Бўлганда ҳам маълум миқдордаги ёки минтақадаги сувларни эмас, барча денгизлардаги сувларни ловуллаб, олов пуркаб ёнадиган қилиб қўяди. Қиёмат қоим қандоқ бўлишини бир оз бўлса ҳам, ўз тасаввуримизга яқинлаштириш учун дунёдаги барча сувларни ловуллаб ёнаётганини кўз олдимизга келтирайлик.
 
7. Ва вақтики, нафслар жуфтлаштирилса.
Яъни, руҳ танага қайтарилиб, икковлари бирлашсалар.
Уламоларимиз, жумладан, Имом Табарий ушбу оятнинг иккинчи бир таъвили борлигини ҳам айтадилар. Ўша таъвилга биноан, оятга, агар бир бирига ўхшаш жонлари бир-бирларига қўшилса, деган маъно берилади. Яъни, қиёмат куни яхши кишилар яхшиларга қўшилиб жаннатга киритилади, ёмон кишилар ёмон кишиларга қўшилиб дўзахга киритилади.
Бизнинг ожиз фикримизча ояти карима мазкур икки маънони ҳам ўзида мужассам қилгандир. Шунинг учун ҳам айнан ушбу шаклда таъбир этилган. Қиёмат куни олдин жонлар танага қўшилади, бирга тирилади, сўнгра эса яхши жон яхши жонга, ёмон жон ёмон жонга қўшилиб, ўзлари учун тайёрлаган жойга бориб қўшиладилар. Зотан, қиёматнинг қоим бўлишидан асосий ҳикмат ҳам кишиларнинг руҳини танаси ила қайта жуфтлаштириб, сўнгра яхшиларни бирга қўшиб жаннатга, ёмонларни бирга қўшиб дўзахга юборишдир. Ана ўша Кунда, албатта сўроқ-савол бўлиши келгуси оятда зикр қилинмоқда:

8. Ва вақтики, тириклай кўмилган қиздан сўралса.
9. У нима гуноҳ учун ўлдирилган?
Исломдан аввалги, жоҳилият даврида арабларнинг кўплаб ноинсоний, ваҳшиёна урф-одатлари бор эди. Жумладан, уларда қиз болани таҳқирлаш ҳаддан зиёд эди. Ҳаттоки, катта бўлса урушларда қатнаша олмайди, қайтага асир тушиб бизга шармандалик келтиради, деб қиз болаларни тириклай кўмиб юборар эдилар. Ушбу икки оятда мушрикларнинг бу иши қаттиқ қораланмоқда ва қиёмат куни бу ҳақда савол-жавоб бўлиши таъидланмоқда.
Табиийки, қиёмат куни фақат шу мазкур нарса ҳақидагина савол-сўроқ бўлмайди. Балки, зарра мисқолидаги амал ҳақида ҳам савол-сўроқ бўлади. Аммо, нима учун айнан қиз болани тириклай кўмиб юбориш иши ҳақида алоҳида оят келиб, таъкидланмоқда. Бу аввало ушбу ояти карималар нозил бўлаётган давр талаби шу эканининг далолатидир. Ушбу оятлар Исломнинг дастлабки даврида нозил бўлган. Ўша вақтдаги нозил бўладиган оятлар калимаи тавҳидга, соф иймон ва эътиқодга чақириб, ширк, куфр ва бузуқ эътиқодлардан қайтариш билан бирга, мўминлик фазилатларига даъват қилиб, кофирлик разолатларидан қайтарар эди. Ўша пайт жоҳилиятининг кўзга кўринган разолатларидан бири, аёл жинсини паст санаш, одам ўрнида кўрмаслик ва ўша тасаввурнинг самараси ўлароқ қизларни тириклай кўмиб юбориш одати эди.
Энг муҳими эса, бу оят Ислом дини дунёда биринчи бўлиб аёл жинсини улуғлаш борасида ёлғиз ўзи кураш бошлаганининг аломатидир. Ҳа, ўша даврда аёлларнинг инсонлик ҳуқуқларини ҳимоя қиладиган Исломдан бошқа томон йўқ эди. Ана шундоқ бир пайтда Ислом аёл жинси ҳам тўлақонли, Аллоҳ мукаррам этган инсон сифатида ҳаққини олиши учун ўз курашини бошлади. Ўша пайти нозил бўлган ояти карималар аёл ҳақидаги Исломий таълимотларни баён қилиш билан бирга, аёл жинсини ерга урувчи жоҳилий урф-одатлар ва қонун-қоидаларни қаттиқ қоралар эди. Ана ўша нарсалардан энг кўзга кўрингани қизларни тириклайин кўмиб юбориб, у келтирадиган ор-номусдан қутулдим, деб ғурур билан гердайиб юриш эди. Ўша вақт одамларнинг гувоҳлик беришларича, қиз бола 4-5 ёшларига етганда ота уни кўмиб ташламоқчи бўлса, онасига қизимизни ясантириб бер, ўйнатиб келай, дер эди. Бечора она «ўйнатиб келиш» нима эканлигини яхши билса ҳам жоҳилият қонунига қарши чиқа олмас эди. У юрак- бағри тилка- пора бўлган ҳолда, қон ютиб ўз жигаргўшасини бешафқат эрига ясантириб берарди. Ота номидаги махлуқ бўлса, қизни овлоқроқ бир жойга олиб борар, унга ўйинчоқ бериб ўйнатиб қўйиб, ўзи чуқур қазир эди. Чуқур тайёр бўлганда қизни ўшанга тушиб ўйнашга амр этар ва чуқурда ўйнаб турган гўдакни ўйини, ўйинчоғи билан шафқатсизларча кўмиб ташлар эди. Инсон номига доғ бўлган бу иш жоҳилиятнинг қинғир тарозисида юқори даража, деб тортиларди. Бу ишга ҳеч ким қарши чиқа олмас эди. Ўша ноинсоний одатга биринчи бўлиб Ислом қарши чиқди.
Мана «Таквир» сурасининг аввалидан бошлаб қиёмат қўрқинчларини васф қилиб ҳаммани унинг даҳшатидан қўрқитиб олиб, ана шундоқ кунда одамларга нима бўлар экан?-деган савол пайдо бўлганда, биринчи бўлиб тириклайин кўмиб ташланган қизлар, нима гуноҳи учун кўмилганлари сабаби уларни кўмганлар ва кўмишга ҳукм чиқарганлардан сўралиши таъкидлаб айтилмоқда.
 Дарҳақиқат, жажжи қизчалар нима гуноҳлари учун бунчалик бешафқатлик билан ўлдирилар эди? У осуда гўдакларнинг нима гуноҳи бор эди? Ҳали улар гуноҳ қилиш ёшига етмаган норасида эдилар-ку?! Ҳа, адолат, ҳақиқат назари билан қараладиган бўлса, у қизчаларнинг заррача ҳам гуноҳлари йўқ эди. Аммо жоҳилият назарида уларнинг айблари жуда ҳам катта–қиз бўлиб туғилганлари эди. Қуръони Карим мазкура ҳимоясиз қизларга ҳомий бўлди. Уларнинг ҳаёт кечириш ҳақларини ҳимоя қилди. Қиз болаларни тириклай кўмганлар қиёмат куни энг аввал шундан сўралишларини асрлар давомида, қиёматгача ибодат учун ўқиладиган оятларга битиб қўйилди.
Келгуси оятда эса, қиёмат куни бошқа амаллар ҳақида ҳам сўралиши ҳақида умумий баёнот берилмоқда.

10. Ва вақтики, саҳифалар нашр қилинса.
Ҳар бир инсоннинг бу дунёда қилаётган ишларини фаришталар ёзиб турадилар ва шу ёзувлар тўплами номаи аъмол бўлиб, қиёмат куни ўз қўлига топширилади.
Ана ўша номаи аъмолларни ушбу ояти каримада «саҳифалар» деб аталмоқда. Демак, қиёмат куни барча кишиларнинг саҳифалари–номаи амаллари нашр қилинади–ёйилади. Унда банда бу дунёда заррача яхшилик ёки ёмонлик қилган бўлса, ҳам аниқ ва очиқ ойдин битилган бўлади.
Кейинги оятларда яна қиёмат куни борлиқда бўладиган улкан инқилоблар ва ҳодисалар васфи давом этади.

11. Ва вақтики, осмон қўпорилса.
Осмон инсон кўз олдида доимо намоён бўлган энг катта ва энг мустаҳкам нарсадир. Инсон бошини тўғри тутса, юқори кўтарса, осмонни кўради. Осмоннинг чети йўқ. Унинг чегараси йўқ. Ҳамма нарсани осмон қамраб олгандек бўлиб кўринади. Осмонга бу дунёда бўлаётган нарсалар таъсир ҳам қилмайди. Умуман, осмонга етиш ва унга таъсир қилиш амри маҳолдек туюлади. Аммо, қиёмат куни ўшандоқ улкан ва чексиз осмон ҳам ўз жойидан осонгина қўпорилар экан. Бу ҳодиса қанчалик даҳшат эканини тасаввур қилиш учун осмон эмас, осмондаги ер куррасини ўраб турган азон қопламанинг баъзи нуқтаси сийраклашиб қолаётгани учун ер юзини қоплаб олиши мумкин бало-офотлар ҳақида мутахассислар қанча ташвиш тортаётгани ҳаммамизга маълум. Бунда гап осмон ҳақида эмас, осмоннинг кичик бир нуқтаси бўлмиш ерни қоплаб турган ҳаво тўғрисида гап кетмоқда. Энди, буни мазкур осмонни бирйўла қўпориб олиш билан тенглаштириб кўринг. Ана шундоқ ишни қилиши осон бўлган Зот қиёматни қилиши ҳам жуда осон, у кунда сиз билан бизни қайта тирилтириб сўроқ-савол қилиш ундан ҳам осон. Чунки, мазкур улкан даҳшатларни содир этиб, қиёматни қоим қилишдан асосий мақсад ҳам шу. Шунинг учун ҳам келаси икки оятда юқоридаги борлиқда содир бўладиган улкан инқилоблар сўнгида сўроқ-саволдан кейин одамларни бу дунёда қилган амалларига қараб юбориладиган асосий жойлари дўзах ва жаннат зикр қилинмоқда.

12. Ва вақтики, жаҳаннам қиздирилса.
13. Ва вақтики, жаннат яқинлаштирилса.
Юқорида ўтган ўн уч оят қиёмат куни бўладиган улкан ўзгаришлар, воқеалардан баъзи кўринишларни тасвирлаб беради. Бошқа сураларда ҳам бу куннинг васф келади, лекин бошқачароқ. Ҳар бир суранинг ўзига мос сўз, жумлаларла ва ундаги мавзуга мос қилиб васфи келтирилади. Бир сурада бир кўринишлар келтирилса, иккинчисида бошқаси келтирилади ва ҳоказо. Бу воқеалар ўша даҳшатли кунда бирин-кетин, босқичма-босқич бўлиб ўтади. Фалон сурада ундоқ деган эди, бунисида бундоқ, дебди, орасида нима фарқи бор, деган саволларга ҳожат йўқ. Ҳаммаси ўз жойида ҳакимона келтирилган.
Демак, юқоридаги даҳшатли ҳодисалар бўлиб, дўзах кофирлар учун қиздирилиб, жаннат мўминлар учун яқинлаштирилгандан сўнг нима бўлади?

14. Ҳар бир жон нима ҳозирлаганини биладир.
Яъни, ҳар бир жон ўша юқорида зикр қилинган улкан даҳшатли кун-қиёмат куни учун ўзи нима ҳозирлаб қўйганини билади. Чунки, ўша кунда унинг бу дунёда қилган ҳамма ишлари зарра миқдорича ҳам қолдирмай ўзига кўрсатилади. Ўша куни бу амал аниқ ўлчайдиган торозида тортилади. Яхши амал қилганлар яхши оқибатга эришиб жаннати фирдавсдан жой оладилар. Ёмон амал қилганлар эса ёмон оқибатга эришиб жаҳаннамга отиладилар.
Юқоридаги ояти карималарда қиёматда бўладиган улкан ва ўта даҳшатли ҳодисаларни зикр этиб уларнинг оқибати нима билан тугаши айтилгандан кейин, энди келадиган оятлардаАллоҳ таоло Ўзи яратган баъзи нарсалар билан қасам ичишни бошлайди.

15. (Кундузи) махфий бўлувчи(юлдуз)лар билан қасам.
Ушбу оятда зикр қилинган «хуннас» сўзи бир кўриниб, бир кўринмай турадиган нарсаларга ишлатилади. Юлдузлар ҳам кечаси кўриниб, кундузи кўринмай тургани учун араб тилида «хуннас» деб аталади.Аллоҳ таоло ўзи яратган нарсалардан қайси бири билан қасам ичса, ўша нарса аҳамиятли бўлади. Ушбу оятдаАллоҳ таоло юлдузларнинг кундузи кишилар кўзидан махфий бўлиб турган ҳоли ила қасам ичмоқда. Келаси оятда эса кечаси самода юрувчи бўлган ва охири бориб ўз буржига беркинувчи бўлган ҳоли билан қасам ичиб:

16. (Кечалари) юрувчи, беркинувчи(юлдуз)лар билан қасам.
демоқда ва шу билан юлдузларнинг барча ҳоли билан қасам ичмоқда.

17. Қоронғулиги билан кириб келган кеча билан қасам.
Кечаси ҳам Аллоҳ таоло халқ қилган ажойиб нарсалардан бири. У ўз қоронғулиги билан кириб келганда дунё ва ундаги нарсалар бошқача ҳолга тушади. Ушбу оятда Аллоҳ таоло айни кечанинг кириб келадиган вақти билан қасам ичмоқда.

18. Нафас олиб кириб келган тонг билан қасам.
Субҳ-тонг ҳам Аллоҳ яратган ажойиб нарсалардан бири. Субҳнинг васфини, гўзаллигини қанчадан-қанча шоирлар куйлаб охирига етказа олмаган, қанчадан-қанча сўз усталари, қаламкашлар, адиблар баён этиб адо қила олмаганлар, қанчадан-қанча рассомлар уни васфида ожиз қолганлар. Бор нарсани васф қилишга ожиз бандаларнинг холиқи эса Ўзи халқ қилган субҳни ушбу оятда икки сўз билан мўъжизавий васф этмоқда. Субҳ нафас олганда, демоқда, худди субҳ жонли нарсаю, кечаси ухлаб ётган эдию, тун битгандан сўнг уйғониб нафас олгандек васф қилмоқда. Нафас олиш ҳаёт, демакдир. Саҳар нафас олиб келган тонг кундузи билан ҳаёт қайнашга ишоратдир. Ана ўша пайт билан ҳам Аллоҳ таоло қасам ичмоқда.
Аллоҳ таоло кундузи кўздан яширинувчи, кечаси кўринувчи юлдузлар билан, кечанинг кириб келиши ва тонгнинг отиши билан қасам ичмоқда. Булар ниҳоятда улкан ҳодисалар. Агар ундоқ бўлмаса, Аллоҳ таоло улар билан қасам ичмасди. Мусулмонлар бу нарсаларга катта эътибор бермоқлари керак. Одатда, қасамдан сўнг келадиган хабар ниҳоятда муҳим бўлишини биламиз. Қани, кўрайлик-чи, Ҳақ таоло бу қасамлардан сўнг нимани таъкидламоқчи экан?

19. Албатта у(Қуръон) карамли элчининг сўзидир.
Ушбу ояти каримада биз «карамли элчи», таржима қилган таркиб «Расулин карим», деб келган ва Жиброил фаришта алайҳиссаломни англатади. У зот Пайғамбаримизга ваҳий орқали Қуръони Каримни етказиб туриш вазифаси юклатилган зотдир.
Демак, Аллоҳ таолонинг аввал ўтган тўрт оятда такрор-такрор қасам ичишидан мақсад Қуръони Каримнинг ҳақ эканини тасдиқлаш экан.
Аллоҳ таоло қасам ила таъкидлаб, Қуръонни Ўзидан Пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга етказувчи воситачи жуда ҳам улуғ зот эканини таъкидламоқда. Қуръонни элтувчи карамли Расул экан, фаришталарнинг улуғи Жиброил алайҳиссалом экан. Бинобарин, Қуръон ҳақида ҳеч қандай шак-шубҳа қилишга ўрин йўқ экан. Унга зудлик билан иймон келтириб, амал қилишга ўтиш керак экан.
Келаси оятда Қуръонни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга етказиб турувчи Жиброил алайҳиссаломни васф қилиш давом этади.

20. У қувватли, арш эгаси ҳузурида мартабаси олийдир.
21. Итоат қилинган, омонатлидир.
Яъни, Жиброил фариштага барча ўзига хос фаришталар итоат қилади. Улар унга итоат қилишдан заррача ҳам бўйин товламайди. У бўлса ваҳийни омонат билан етказади, хиёнат қилмайди.
Демак, Жиброил алайҳиссаломда Қуръонни турли нуқсонлардан сақлаш учун керак бўлган барча сифатлар мавжуд. Унинг ўзига итоат қиладиган хизматчи-ёрдамчилари ҳам бор. Ўша ёрдамчилар унинг итоатидан ҳеч чиқмайдилар. Улар Қуръонга тегишли хизматларни олиймақом этиб адо этадилар. Энг муҳими Жиброил алайҳиссалом ўзи омонатли, ишончли. У зот «амийнул ваҳий» номини олгандилар.Аллоҳ таоло Жиброил алайҳиссалом Ўз ваҳийсига амийн–ишончли шахс қилиб олган. Жиброил алайҳиссалом Аллоҳнинг барча Пайғамбарларига ваҳийни омонат билан етказиб келаётган фаришта. Ундан ҳеч бир хиёнат содир бўлмаган ва бўлиши мумкин ҳам эмас. Шу эътибордан ҳеч кимнинг Қуръон ҳақида зарарга шубҳа қилишга ҳаққи йўқ!
Аллоҳ таоло ўтган оятларда аввал қиёмат васфини қилди. Ва инсонни аҳволи у кунда қандоқ бўлишини баён қилди. Сўнг ўзини турли махлуқотлари билан қасам ичди ва Қуръони Карим ҳақиқий илоҳий китоб эканини таъкидлади. Кейин уни олиб келувчи фаришта Жиброил алайҳиссаломнинг сифатларини айтди. Энди Қуръони Каримни қабул қилиб олувчи зот Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг васфларини қилади. Яъни, Қуръони Каримнинг ҳамма тарафдан бекаму кўст эканини исботламоқда.

22. Сизнинг соҳибингиз мажнун эмасдир.
Дин душманлари доимо ёлғон, бўҳтон тарқатиб динга ва унинг аҳлига зарар етказмоқчи бўлишади. Макка кофирлари ҳам Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни «мажнун», жин урган: айтаётган гапларини катта бир жин келиб ўргатиб кетади, бунинг гапига ишонмаслик керак, деган иғволарни тарқатишган. Бу оятлар ўша туҳмат-бўҳтонларга раддиядир.  Эй маккаликлар, Муҳаммад «соҳиб»ларининг, яъни суҳбатингизда, сиз билан дўст бўлиб юрган одам буни сизлар яхши биласизлар–жинни эмас. Унга ваҳий келтираётган ҳам жин эмас, балки улкан фаришта, ишончли зот. Қуръон эса илоҳий дастур.

23. Батаҳқиқ ул ани очиқ-ойдин уфқда кўрди.
Яъни: Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Жиброилни очиқ-ойдин уфқда ўз кўзи билан асл яратилишида кўрдилар. Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васалламнинг ҳазрати Жиброилни бу кўришлари Ҳиро ғоридаги биринчи мулоқатдан кейин, тоғдан қайтаётган пайтларида, водийда содир бўлган. Ўшанда у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам Жиброил алайҳиссаломни Аллоҳ қандоқ халқ қилган бўлса шундоқ ҳолда кўрганлар. Жиброил алайҳиссалом у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга машриқ томонда баланд уфқда очиқ-ойдин кўринганлар, «ал-Баҳрул Муҳийт» тафсирида айтилишича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Жиброил алайҳиссаломни асл суратида олти юзта қаноти ила, машриқ ила мағрибни тўсиб курсида ўтирган ҳолларини кўрганлар.
Демак, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам юқоридаги оятларда васф қилинган фаришта Жиброил алайҳиссаломдан Қуръонни қабул қилиб олаётганлари аниқ. У зот Жиброилни асл ҳолида кўрганлари, кимдан ваҳийни қабул қилиб олаётганлари ҳам собит. Шунинг учун Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам «Қуръон» деб тақдим қилаётган нарсада ҳеч иккиланмаслик керак, уни Каломуллоҳ эканлигида ҳеч шак ва шубҳа йўқ.
 
24. Ва у ғайбга бахил эмасдир.
Яъни, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бахиллик қилиб ўзига келаётган ваҳийдан баъзисини беркитиб қолаётгани йўқ. Бу оятда ғайбдан мурод «ваҳий»дур.
У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларигаАллоҳ таоло томонидан Жиброил фаришта келтираётган Қуръон оятларини бахиллик қилиб беркитиб қолмайдилар. Балки уларга ҳеч бир нуқсон етказмай омонат билан, қандай қабул қилиб олсалар, шундай ҳолда кишиларга етказадилар. Ҳозиргача Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари яшаётган жамиятда «Амийн»–ишончли деган унвон олиб яшаб келаётган эдилар. Одамларга бирор оғиз ҳам ёлғон гапирмаганлари, зарра ҳам хиёнат қилмаганлари учун шу унвонни олган эдилар. Умр бўйи шундоқ ҳолда ўтган зот қирқ ёшдан ўтгандан кейин одамларга гапирмаган ёлғонниАллоҳ таолога гапирармиди?!. Одамларга қилмаган хиёнатни Роббил оламинга қилармиди?!

25. Ва у(Қуръон) тошбўрон қилинган шайтоннинг сўзи эмасдир.
Яъни, Қуръони Карим мушрик ва кофирлар гумон қилаётганларидек, Алллоҳнинг даргоҳидан қувилган Шайтоннинг сўзи эмас. Уни Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга жинлар келтираётгани йўқ. Балки Қуръон-Роббил оламин бўлганАллоҳ таолонинг сўзи, «Мутоъин самма амийн»–«итоат қилинган ва амин бўлган»-Жиброил фариштанинг сўзи, Муҳаммад ал-Амийн бўлган сўнгги ва энг афзал Пайғамбарнинг сўзи.
Ҳой одамлар! Шунинг учун ҳам, бу дунёда унга эътиқод ва амал қилиб юринглар. У сизгаАллоҳ таоло томонидан нозил қилинган дастурул амалдир. У сизга икки дунё соат йўлидир. Сиз икки дунё саодатига эришишингиз учун ана ўша йўлдангина кетмоғингиз лозим ва лобуддир.

26. Бас, қаёққа кетмоқдасиз?!
Эй одамлар!!! Қуръон йўлини ташлаб қаёққа кетмоқдасиз?! Эй, одамлар!!! Қуръон йўлидан юрмай, қаёққа кетмоқдасиз?! Ахир, Қуръон йўлида юрмасангиз, ҳалок бўласиз-ку! Қаёққа кетмоқдасиз?!

27. У (Қуръон) оламларга эслатмадан бошқа нарса эмасдир.
Ҳа, Қуръон барча оламларга эслатмадир! Эслатма бўлганида ҳам, илоҳий эслатмадир. Эслатма бўлганида ҳам, икки дунё саодатига элтувчи эслатмадир. Қуръон барча оламларнинг барча ишларида эслатмадир. Барча оламларни халқ қилган Зот, уларни нимага эҳтиёжи бор эканидан уларга Қуръонни эслатма қилиб нозил қилгандир. Ким Қуръонга амал қилса, Роббоний эслатмага амал қилса, албатта мақсадга эришади. Аммо, ушбу Қуръонни ҳамма ҳам эслайвермайди.
 
28. Сизлардан истиқомат–(тўғри йўл)да бўлишни хоҳловчилар учундир.
Ҳа, эй одамлар! Қуръон сизлардан истиқоматда бўлишни хоҳлаганлар учун эслатмадир. Қуръон ким тўғри йўлда бўлишни хоҳласа, ўшанга эслатма бўлади. Уни хоҳламаганларга эслатма бўлмайди. Лекин, бу хоҳиш сизнинг ихтиёрингизда, дегани эмас. Сизнинг хоҳишингиз ҳаммадан устун эмас. Дунёда ҳамма хоҳишлардан устун хоҳиш Аллоҳнинг хоҳишидир. Шунинг учун,

29. Оламларнинг Роббиси Аллоҳ хоҳламаса, сизлар хоҳлай олмассизлар.
Ҳа, ҳар бир нарсаАллоҳ таолонинг хоҳишига боғлиқ. Ҳар бир нарса Аллоҳ таолонинг хоҳиши ила бўлади. Жумладан, Қуръон кимга эслатма бўлиши ҳам Аллоҳнинг хоҳишига боғлиқ. Аллоҳ эса, Қуръонни ўзига эслатма бўлишини хоҳлаган кимсаларга эслатма бўлишини хоҳлашини Ўзи айтиб турибди.
Имом Термизий Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбар алайҳиссалом: «Ким қиёмат кунига ўз кўзи билан очиқ-ойдин назар солмоқчи бўлса, «Изашшамсу куввирот», «Изас самааун фаторот» ва «Изассамааун шаққот» сураларини қироат қилсин», деганлар.

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase