close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

091. Шамс сураси

Маккада нозил бўлган. 15 оятдан иборат.
Ушбу суранинг номи ўзининг биринчи сўзидан олингандир. Шамс–Қуёш деганидир.Аллоҳ таоло ушбу сурани қуёш билан қасам ичиб бошлаган. Ана шу қасам сўзида ишлатилган «Шамс» калимаси сурага ном бўлиб қолган.
Бу сураи каримада Аллоҳ таоло яхшини ёмондан, савобни гуноҳдан ажрата олмай қолганларга бу нарсалар орасидаги фарқни тушунтиради. Аллоҳ инсонга баркамол жисм, ақл-идрок, тафаккур беришидан мақсад ҳам ўша яхши-ёмонни ажратиш учундир. Инсон тўғри йўлни танласа, саодатга эришади, нотўғри йўлни танласа, бадбахт бўлади, дўзахга тушади.
Суранинг иккинчи қисмида Самуд қавмининг мисолида осийликнинг оқибати нима билан тугашини эслатади.
Сураи карима Аллоҳ таолонинг махлуқотларидан еттитаси: қуёш ва ёғдуси, ундан сўнг келадиган ой, ёришган наҳор, зулмати ила қоплаган тун, осмон ва унинг бино қилиниши, ер ва унинг кенгайтирилиши ҳамда нафс ва унинг тўғриланиши ила қасам ичиш билан бошланади. Бу билан инсон Аллоҳга тақво қилса, нажот топиши, туғён ва исёнга кетса, хусронга учраши таъкидланади.
Сўнгра эса Самуд қавми қиссаси келтирилиб, улар куфрлари, туғён ва исёнлари туфайли қандоқ ҳалок бўлганлари баён қилинади. Улардан бошқалар ўрнак олишлари лозимлигига ишора қилинади.
«Шамс» сураси хотимасидаАллоҳ таоло кофир, тоғий ва осийларни ҳалок қилиш оқибатидан заррача қўрқмаслиги таъкидланади.

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

1. Қуёш билан ва унинг зиёси билан қасам.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг бошқа сураларида ҳам ушбу оятларда қасам ичган нарсалари ила, жумладан, Қуёш ила қасам ичган. Лекин эътибор берадиган бўлсак, ҳар бир қасамда жойига, мақомига қараб ўзига хослик бор. Ушбу оятларда қуёш ва бошқа нарсалар ила қасам ичиш билан бирга, уларнинг ўзига хос хусусиятларидан бирини ҳам қўшиб қасам ичилмоқда. Бунда аввало қасам ичиладиган нарсаларга эътиборни тортиш билан бир қаторда, уларнинг кетидан зикр қилинадиган хусусиятларига ҳам эътиборни тортиш қасд қилингандир.
Ушбу оятда Аллоҳ таоло қуёш ва унинг зиёси, ўзидан таратадиган ёғдуси ила қасам ичмоқда. Бу билан инсоннинг эътиборини қуёшга ва унинг ёғдусига тортмоқда. Ҳа, Аллоҳ таоло айнан қуёшнинг улканлигига, ундан чиқадиган ёғду, ҳарорат ва иссиқлик қуввати ва бошқа нарсаларга эътиборни қаратмоқда. Қуёшнинг ҳажми ернинг ҳажмидан бир миллион уч юз минг марта катта эканлигини мўмину кофир яхши биладиган бўлиб кетди. Фақат ҳамма ўшандоқ улкан нарсани яратган Зотга иймон келтириб, итоат ва ибодат қилиши қолди, холос. Шунингдек, мутахассисларнинг айтишларича, қуёш ўзининг ҳар бир квадрат метр сатҳидан 84 минг от кучига эга қувват таратар экан. Хўш, бу қувватни унга ким берди? Яна мутахассисларнинг айтишича, агар қуёш ҳозир ерга таратаётган иссиқлик бир оз камайса, ер музлаб, бир оз кўпайса, ёниб кетар экан. Хўш, қуёшнинг ерга бунчалик аниқлик билан иссиқлик узатиб туришини ким ташкил қилган?
Бу нарсаларни билгандан кейин, «уларни ким қилмоқда?» деган савол ҳар бир ақли бор инсонни ўйлантириши керак. Бу саволга берилиши мумкин бўлган бирдан-бир тўғри жавоб-буларнинг ҳаммасини Аллоҳ қилади, холос, дейишликдир. Демак, қуёшни ва унинг ёғдуси, ҳарорати ва бошқа фойдаларини тушуниб етгандан кейин Аллоҳ таолога иймон келтириб, итоат ва ибодат қилишдан бошқа чора қолмайди.

2. Унинг ортидан келган Ой билан қасам.
Агар эътибор берадиган бўлсак, ушбу оятдаАллоҳ таоло нафақат ой билан, балки, унинг қуёш ортидан келиши билан ҳам қасам ичмоқда. Худди ана шу омил жуда муҳимдир, ушбу оятдаги ой билан қасам ичишни бошқа оятлардаги ой билан қасам ичишдан ажратиб турувчи омилдир.
Ойнинг қуёш ортидан келиши ой қуёшга тобе эканлигини билдиради, бу эса ой ўз нурини қуёшдан олишига ишорадир. Ой ҳам қуёш каби Аллоҳ таолонинг қудрати чексиз эканлигига далил махлуқотлардан биридир. Агар ой бўлмаса ва у ўз нурини қуёшдан олиб ерга таратмаса, инсон яшаб турган муҳитда кўпгина қийинчиликлар юзага келар, балки яшаб бўлмайдиган ҳолга келар эди. Ойнинг нури фақат кечани ёритибгина қолмайди, балки бутун мавжудотга ўз таъсирини ўтказади. Мана шу нарсалар бу дунё ўзича пайдо бўлиб, яшаб турмаганига, балки, унинг холиқи ва мудаббири борлигига ёрқин далилдир.

3. Ва у(қуёш)ни  равшан кўрсатган наҳор билан қасам.
Бу ояти каримадаги қасам ҳақида ҳам худди аввалги оят тафсирида айтилган гапларнинг айнан ўзини такрорлашимиз мумкин. Аллоҳ таоло наҳорнинг қуёшни равшан қилиб кўрсатиш пайти ила қасам ичмоқда. Демак, қуёш кўриниб турган наҳорда гап бор. Ана ўшанда алоҳида фойда бор. Зотан қуёш заҳир бўлмаган наҳор бўлиши мумкин ҳам эмас. Мабодо бўлса, деб фараз қилинганда ҳам фойдасиз бўлар эди. Аллоҳ таоло қуёшли наҳорни инсон ҳаёти учун зарур омиллардан бири қилиб қўйгандир. Агар ушбу наҳор бўлмаса, инсон ҳаётини умуман тасаввур ҳам қилиб бўлмайди. Ҳар бир инсон ушбу ҳақиқатни тушуниб етмоғи ва ўша наҳорни яратган Зотга иймон келтириб итоат ва ибодат қилмоғи зарур.

4. Ва у(қуёш)ни  қоплаган тун билан қасам.
Бу қасам ҳам худди аввалги икки қасамга ўхшайди. БундаАллоҳ таоло қуёшни қоплаб олган тун билан қасам ичмоқда. Албатта, бу оддий инсон тасаввурига мослаб ишлатилган таъбир. Аслида ер айланиш туфайли унинг қуёшга қарама-қарши бўлиб қолган қисмида тун бўлади.
Лекин оддий тасаввурда худди тун қуёшни қоплаб кириб келганга ўхшайди. Худди ана шу қуёшли наҳордан сўнг қуёшни қоплаб келган тун тўла маънодаги тун бўлиши эътиборга сазовордир. Ана ўша тунда куни билан чарчаган, ҳориган мавжудот ором топади, ўзига керакли фойдалар олади. Агар оламда доимо кун бўлиб тун кирмаганида яшаш мумкин бўлмай қолар эди. Қуёшни қоплаб келадиган тунни халқ қилиб қўйган ким? Албатта, қудрати чексиз Аллоҳ.
Демак, ҳар бир ақлли инсон Аллоҳга иймон келтириб, Унга итоат ва ибодат қилмоғи лозим.

5. Ва осмон билан ва унинг бино қилиниши билан қасам.
Ушбу ва кейнги оятнинг араб тилидаги сўз тузилиши икки хил маънони кўтаради. Биринчиси, худди биз оятнинг маъносини таржима қилганимиздек, осмон ва унинг бино қилиниши билан қасам маъноси. Иккинчиси эса, осмон ва уни бино қилувчиси билан қасам маъноси, яъни, Аллоҳ таоло билан қасам маъносидир. Тафсирчиларимиз икки маънони ҳам баён қилганлар. Умумлаштириб олганимизда, икки маъно бир-бирини тўлдириб, маънони яна ҳам кучайтириб келади.
Осмон қанчалик улуғ, мустаҳкам, ажойиботларга тўла нарса эканлиги ҳақида аввалги суралар тафсирида кўп гапирилди. Ана шундоқ улкан, мустаҳкам нарсанинг бино қилинишига эътиборни тортиш эса, ушбу оят келтирган янги маънодир. Бунчалик нарсани бино қилиш осон иш эмас, у фақатгина Аллоҳ таоло томонидан амалга оширилиши мумкин. Ҳа, ушбу миллиардлаб юлдуз ва сайёраларни ўз ичига олган осмоннинг бонийси фақат Аллоҳ бўлиши мумкин, холос. Бу эса ўз навбатида ҳар бир инсонни ўша буюк Зот–Аллоҳга иймон келтириб, Унга итоат ва ибодат қилишга чорлаши лозим.

6. Ва ер билан ва унинг тўшалиши билан қасам.
Аввалги оят тафсирида айтилган гапларнинг айнан ўзини ушбу оят тафсирида ҳам айтишимиз мумкин. Ерни ва ундаги мавжудотлар яшаши учун мосликни ким муҳайё қилган? Албатта, Аллоҳ таоло қилган. Бас, шундоқ бўлганидан кейин ҳар бир инсон бу неъматга шукр қилсин, Аллоҳга иймон келтириб, Унга итоат ва ибодат қилсин.

7. Ва нафс билан ва унинг мукаммал қилиниши билан қасам.
Аллоҳ таоло инсон нафсини яратади. Яратганда ҳам ажойиб қилиб, камолга эришиш истеъдодига эга қилиб, ҳамма нарсасини мўътадил қилиб, турли қувват ва қобилиятларга эга қилиб, ақлли қилиб яратади. Инсон ўзини бекаму кўст қилиб яратган Аллоҳга иймон келтириши ва Унга итоату ибодат қилиши лозим ва лобуддир.
Аллоҳ таолонинг шунча нарсалар билан қасам ичдииидан мақсад улардан кейин келадиган масала инсон нафсининг пок бўлишига эътиборни ториш, унинг аҳамиятини орттиришдир.

8. Бас, унга фужурини ва тақвосини билдирди.
Яъни, Аллоҳ таоло инсон нафсини бекаму кўст қилиб яратган бўлишига қарамай, унга, унинг нафсига фужур йўли нимаю, тақво йўли нима эканини баён қилиб ҳам берди: яхши нима-ёмон нима, иймон нима-куфр нима, савоб нима-гуноҳ нима, ҳидоят нима-залолат нима–ҳамма-ҳаммасини тушунтириб берди.
Ана шундан кейин энди,
 
9. Батаҳқиқ, ким У(нафс)ни покласа, ютуққа эришди.
Яъни, ким ўз нафсини куфрдан, ширкдан, нифоқдан, турли ёмонлик ва гуноҳлардан покласа, икки дунёда ютуққа эришади.

10. Ва батаҳқиқ, ким У(нафс)ни кирласа, ноумид бўлди.
Яъни, ким ўз нафсини куфр, ширк, нифоқ, турли ёмонлик ва гуноҳлар ила ифлос қилса, икки дунёда ноумид бўлади. Ҳасратга учрайди.
Энди нафсини покламаганларнинг ноумид бўлиб, мағлубиятга учраганига Самуд қавмини мисол қилиб келтиради.

11. Самуд қавми ўз туғёни ила  ёлғонга чиқарди.
Самуд қавми Арабистон ярим ороли, Ҳижоз диёрининг шимолий қисмида Ҳижр деб аталадиган юртда истиқомат қилар эди. У юрт ҳозир Мадоини Солиҳ, деб аталади.Аллоҳ таоло Самуд қавмига ўз ичларидан Солиҳ алайҳиссаломни Пайғамбар қилиб юборди. Аммо самудликлар ўз Пайғамбарлари келтирган динга иймон келтирмадилар, уни ёлғонга чиқардилар. Самуд қавми Солиҳ алайҳиссаломдан ўз Пайғамбарликларини тасдиғи сифатида мўъжиза келтиришни талаб қилдилар. Шунда Аллоҳ таоло Солиҳ алайҳиссаломга мўъжиза қилиб, харсанг тош ичидан туя чиқариб берган ва ўша мўъжиза туяга ёмонлик етказмаслик, Ҳижрнинг сув манбасида навбат билан бир кун туя, бир кун Самуд қавми сув ичиши кераклигини амр қилган. Шу билан бирга туяга нисбатан тажовузкорлик қилсалар, қаттиқ азобга йўлиқишларини ҳам таъкидлаган. Мўъжиза туя маълум муддат ўша ерда ўтлаб, навбати келган кунда сувни ичиб юрган. Туянинг бу ҳолда юриши илоҳий мўъжиза ўлароқ кўпчиликнинг иймонга келишига сабаб бўлган. Бу эса Самуд қавмининг ашрофларини ташвишга солган, улар одамлар иймонга келсалар, ўз мартабаларини йўқотиб қўйишдан хавфга тушганлар. Улар туяни сўйишни маслаҳат қила бошлаган. Пайғамбарлари Солиҳ алайҳиссалом уларни бу набокорликдан қайтарганлар. Лекин улар ўз жиноятларини амалга ошириш йўлида маҳкам турганлар ва ичларидаги энг бадбахт шахс Қадор ибн Солиф исмли одам мўъжиза туяни сўйган. Ана шундан кейинАллоҳ таоло уларнинг ҳаммасини азобга гирифтор қилиб, ҳалок этган. Фақат Пайғамбар Солиҳ алайҳиссалом ва у кишига иймон келтирган кишиларгина омон қолганлар.
Энди қиссани ҳикоя қилувчи оятларнинг биринчиси маъноси ва қиссанинг тафсилотини ўрганиб олганимиздан сўнг қолган оятлар маъносини ҳам ўрганиб чиқайлик.

12. Вақтики, унинг энг бадбахти шошилиб турди.
Ундаги, яъни Самуд қавмидаги энг бадбахт шахс Қадор ибн Саолиф исмли шахсдир. У кишилар машварат қилиб гапни чўзишганда ҳеч ким сўймаса ҳам, мана, мен сўяман, деб ўрнидан туриб мўъжиза туяни сўймоқ ниятида интилиб юриб қолди.

13. Бас, уларга Аллоҳнинг Расули «Аллоҳнинг туясига ва унинг сувига тегманглар», деди.
Яъни, унга тегманглар, сув ичадиган пайти келганда тўсманглар, азобга қоласизлар, деди.

14. Бас, (уни) ёлғончига чиқаришди ва (туяни) сўйишди.
Шунда Роббилари гуноҳлари сабабидан уларни ер билан яксон қилди ва барчаларини баробар азоблади.

15. Ва  У зот бу ишнинг оқибатидан қўрқмас.
Бу дунёнинг подшоҳлари ўзларининг қилган ишларидан, оқибати нима бўларкин, деб ҳадиксираб турадилар. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло эса бундай хавфдан мустаснодир.

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase