close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

100. Адият сураси

Маккада нозил бўлган. 11 оятдан иборат.
Ушбу сураи кариманинг номи ҳам ўзининг биринчи оятидаги биринчи сўздан олинган. «Адият» чопувчилар, деган маънони билдиради. Ушбу сурада эса «Адият»дан мужоҳидларнинг Аллоҳнинг йўлидаги жиҳодда чопувчи отлари кўзда тутилган. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло ушбу сураи каримада мужоҳидлар минган отларнинг турли сифатлари ила қасам ичиб, инсон ўз Роббиси неъматининг қадрига етмаслигини таъкидлайди. Шу билан бирга у яхшилик, молу-дунёни хуш кўриши ҳам алоҳида таъкидланади.
Ва ниҳоят, охиратда ҳамма нарса аён бўлиши баён қилинади.

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

1. Ҳарсиллаб чопувчи отлар билан қасам.
От қаттиқ чопганда, куч келганидан инқиллаганга ўхшаш овоз чиқарди. Сўз шунинг устида кетяпти.
Аллоҳ таоло мужоҳидларнинг овоз чиқариб-ҳарсиллаб ўқдек учиб кетаётган отлари билан қасам ичмоқда. Бу жиҳодга тарғиб эканлиги очиқ-ойдин кўриниб турибди.

2. Ўт чақнатиб чопувчи отлар билан қасам.
Бу оятда эса Аллоҳ таоло мужоҳидларнинг туёқлардан учқун чақнатиғ чопиб кетаётган отлари билан қасам ичмоқда. От чопганда туёғидан учқун чиқиши уларнинг ўта шиддатла чопаётганлари далилидир. Бунда ҳам жиҳодга бўлган кучли интилиш, Аллоҳнинг розилигини топишга шошилиш аломати бор.

3. Тонг чоғида ғорат қилувчи отлар билан қасам.
Тонг чоғида ғоратни бошлаш ҳам мусулмон мужоҳидларга хос ишдир. Улар кечаси билан жиҳодга тайёргарлик кўриб, Аллоҳга ёлбориб ибодат қилиб чиқиб, тонг чоғида, Бамдод намозини ўқиб бўлиб душман устига елдек бостириб борганлар.Аллоҳ таоло ўша чоғда чопувчи мужоҳидларнинг отлари билан қасам ичмоқда. Бу ҳам жиҳодни улуғлаш, унга тарғиб қилишнинг бир йўлидир.

4. Ўша ила чанг қўзғотдилар.
Яъни, ўша тонг пайтидаги тез ҳужумда мужоҳидларнинг отлари чанг қўзғотиб чопиб кетдилар. Ёки ўша чопишлари ила чанг қўзғотдилар. Бу ҳам тонг чоғида душман устига ғарот қилиб, ботириб бораётган мужоҳидларнинг отларини ўта шиддат ила чопишининг васфидир.
 
5. Ва у ила жамоа ўртасига (ёриб) кирдилар.
Яъни, мужоҳидларнинг отлари чанг чиқарганларича елдек учиб душман сафини ёриб, ўрталарига кириб бордилар.
Аллоҳ таоло урушга қатнашувчи отларнинг турли ҳолатлари билан қасам ичди. Чунки ўша пайтларда от энг муҳим улов эди. Хусусан, урушда унинг аҳамияти ҳаддан ташқари катта эди. Тарихдаги энг катта юришлар, фатҳ этишлар от ёрдамида, чавандозлик ила амалга ошрилган. Шунинг учун барча халқлар, шу жумладан мусулмонлар ҳам отга, чавандозликка катта эътибор берганлар. Қуръони Карим ҳам шуни таъкид этмоқда. Бу қасамдан яна бир мурод–келаси оятлардаги мавзуъга эътиборни тортиш.

6. Албатта, инсон ўз Роббисига ношукрдир.
Инсон Аллоҳ унга берган неъматларни унутиб қўяди. Етарли шукр қилмайди. Ўзига етган мусибатларни эслайдию, неъматларни эсламайди.

7. Ва албатта, у ана шунга ўзи гувоҳдир.
Яъни, инсон ўзининг кўрнамак эканлигига ўзи гувоҳдир. Уни ўзи тан олади, инкор эта олмайди.

8. Албатта, у мол-дунёга ҳаддан ташқари ўчдир.
Ҳа, инсон молу дунё тўплашни ҳеч эсдан чиқармайди.
Унинг молу-дунёга бўлган хирси жуда шиддатли.
Аллоҳнинг берган неъмати бўлмиш молу-дунёга шунчалик ўч бўлади, аммо, неъмат берувчи Зотга кўрнамаклик қилади.

9. У билмасми?! Қабрдагилар қўзғатилганда
10. Ва кўкракларидаги ошкор бўлганда.
11. Ўша кунда Роббилари улардан, хабардор эканини?!
Ҳа, ўша нобакор инсон қабрдаги барча-барча ўликлар қўзғотилиб тирилтириладиган, ҳатто кўкраклардаги сиру асрорларгача фош бўладиган қиёмат кунида, ҳа ўша кунда бандаларнинг Роббиси уларнинг каттаю кичик ҳар бир нарсасидан ўта хабардор бўлишини билмасмиди?! Нима учун нобакорлик қилмоқда ўзи! Унинг ўрнига Роббисига иймон келтириб, У зотга итоат ва ибодат қилса бўлмасмиди?

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase