close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

057. Ҳадид сураси

Мадинада нозил бўлган. 29 оятдан иборат.
Бу сураи кариманинг номи ҳадид-темир бўлиб, бу ном «Биз темирни туширдик, унда катта қувват ва одамларга манфаатлар бордир», оятидан олингандир.
«Ҳадид» сураси шариат ҳукмлари билан бирга, мўминлар жамиятини тарбиялашга, соф ақида асосида мусулмон шахсни вояга етказишга эътибор беради.
Суранинг учта асосий мавзуи бордир:
1. Борлиқнинг барчаси Аллоҳники: уни  У зотнинг Ўзи яратган ва Ўзи қандай хоҳласа, шундай тасарруф қилади.
2. Аллоҳнинг дини йўлида мол ва жонни фидо қилиш; ҳақиқий мўмин билан мунофиқ ўртасида фарқ бўлишлиги.
3. Бу дунё ҳой-ҳавасининг алдамчи эканлиги, мўмин киши охиратни обод қилиш учун Аллоҳнинг розилигини топишга ҳаракат қилмоғи лозимлиги.
Суранинг аввалида Аллоҳнинг улуғлиги, Унга борлиқдаги барча нарса-инсон, ҳайвон, дарахт ва бошқалар тасбиҳ айтишлиги ҳақида сўз кетади.
Сўнгра Аллоҳнинг гўзал сифатлари, муқаддас исмлари эслатилади.
Сўнгра мўминлар дин йўлида, Аллоҳнинг розилиги учун молу жонни сарфлашга даъват қилинади. Мўминлар мол-дунё Аллоҳники, инсоннинг қўлига у омонат сифатида қўйилган, деб эътиқод қилишлари лозимлиги уқтирилади. Ҳамда мўминлардан молу пул сарфлаб, Аллоҳнинг розилигини топишдан, ҳақиқий комил иймонга эришишдан уларни нима тўсаётгани сўралади.
Ундан сўнг мўминлар билан мунофиқлар таққослаб кўрилади. Мўминларнинг йўлларини олдиларида ва ўнг тарафларида нур ёритиб кетиши, мунофиқлар эса қоронғу зулматда қолиб йўл топа олмасликлари уқтирилади.
Кейинги оятлар дунё билан охиратнинг ҳақиқатини жуда нозиклик билан тасвирлайди. Дунё тезда қурийдиган хашакка ўхшатилади. Охират эса боқийлик, абадийлик диёри бўлиб, инсон Аллоҳнинг розилигига уриниши лозим эканлиги таъкидланади.
Шунингдек, сурада Пайғамбарларни юборишдан мақсад Аллоҳга даъват қилиш, ҳақиқат ва адалот ўрнатиш эканлиги таъкидланади.
Суранинг охирида Пайғамбарларга иймон келтиришга ва Аллоҳга тақво қилишга даъват қилинади.

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

1. Осмонлардаги ва ердаги нарсалар Аллоҳга тасбиҳ айтди. Ва у азиз ва ҳакимдир.
Тасбиҳ айтиш дегани улуғлаш, поклаш, нуқсонсиз деб ёд этиш, каби маъноларни ўзида мужассамлаштирган.
Аслида, тасбиҳ айтиш «Субҳаналлоҳ» калимасини такрорлаш билан бўлади. Борлиқдаги ҳамма нарса ўзига хос йўл билан Аллоҳга тасбиҳ айтади. Биз фақат инсоннинг тасбиҳини англаймиз, бошқаларнинг тасбиҳини англамаймиз. Бу ҳақиқат «Исро» сурасида зикр қилинган.
Бошқа сураларда ҳам шунга ўхшаш хабарлар бор.
Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссалом: «Маккада бир тош янги Пайғамбар бўлган пайтимда менга салом берар эди. Ҳозир ҳам уни танийман», деганлар.
Имом Тирмизий қилган ривоятда ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳу: «Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам билан Макканинг четига чиқдик, кўринган ҳар бир тош, ҳар бир тоғ у кишига «Ассалому алайка, йа Расулуллоҳ» дер эди», деб айтганлар.
Имом Бухорий ривоятларида Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу: «Расулуллоҳ алайҳиссалом бир тўнка устида хутба айтардилар. У кишига минбар қилиб берилгач, унга чиқиб хутба айтаётганларида, тўнка туянинг овозига ўхшаш овоз чиқариб йиғлади. Расулуллоҳ тушиб уни ушлаган эдилар, жим бўлиб қолди», деганлар.
Оятнинг сўнгида Аллоҳнинг сифатларидан иккитаси зикр қилинади.
Биринчиси-«азиз». Азизлик бир сифат бўлиб, ўз эгасини мағлуб бўлишдан ман қилади. «Аллоҳ кучли ва доимо ғолибдир» маъносини англатади.
Иккинчиси-«Ҳаким» сифати эса, тўғриликни илм ва ақл билан топишга айтилади. Аллоҳнинг ҳакимлиги ҳар бир нарсани яхшилаб, ҳикмат билан қилишлигидадир.

2. Осмонлару ернинг мулки Уникидир. У тирилтирур ва ўлдирур ва У ҳар бир нарсага қодирдир.
Тириклик, ҳаёт, жон-буларнинг асли нима эканини ҳалигача ҳеч ким билгани йўқ. Ҳаётнинг масдари нима? У қаердан келади? Бу саволларга ҳеч ким жавоб бера  олмайди. Қуръон «ҳаётни Аллоҳ берди, тирилтирадиган зот ҳам фақат Унинг ўзи», дейди. Буни ҳеч ким инкор қила олмайди. Шунингдек, ўлимнинг ҳақиқатини ҳам бирон одам билмайди. Ҳаётни ҳеч ким бера олмаганидек, уни ҳеч ким ололмайди ҳам. Фақат Аллоҳнинг Ўзи олади, Ўзи тугатади. У ҳамма нарсага қодирдир. Қудратини чеклайдиган чегара ёки ўзга куч йўқ.

3. У аввал ва охир, ошкор ва пинҳондир. Ва У ҳар бир нарсани билувчидир.
Ушбу оятда Аллоҳнинг бешта сифати зикр қилинади.
1. «Аввал»-У ҳамма нарсадан аввал, яъни, барча мавжудотлар йўқлигида Аллоҳ бор эди. Мавжудотларни «Аввал» сифатига эга бўлган Аллоҳ яратди.
2. «Охир»-У ҳамма нарса йўқ бўлиб кетганда ҳам Ўзи қолади.
3. «Ошкор»-Унинг мавжудлиги ошкор, очиқ-ойдиндир, бунга беҳисоб далолатлар бор. У ҳамма нарсадан зоҳир-устундир.
4. «Пинҳон»-У кўзга кўринмайди. Ҳаммадан пинҳон-махфий нарсаларни билиб турувчидир.
5. «Ҳар бир нарсани билувчи»-Ундан яшириб қоладиган ҳеч нарса йўқ. Аллоҳнинг илмига яқин келадиган ҳеч бир илм йўқ.
Аллоҳнинг улуғлигини, баён қилиб бўлгандан сўнг яна бошқа ҳақиқатнинг тафсилоти бошланади:

4. У осмонлару ерни олти кунда яратиб, сўнгра аршни эгаллаган зотдир. Ерга нима кирганини ҳам, ундан нима чиққанини ҳам, осмондан нима тушганини ҳам, унга нима чиққанини ҳам биладир. У қаерда бўлсангиз ҳам сиз билан бирга. Аллоҳ қилаётган амалларингизни кўриб турувчидир.
Осмонлару ерни Аллоҳ яратгани ҳақиқат. Олти кунда яратилиши бизнинг тасаввуримиздаги кун ҳисобида эмаслиги ҳам аниқ. Чунки биз ҳисоблайдиган кунлар дунё яратилганидан кейин мавжуд бўлган. Демак, «олти кун» Аллоҳнинг ўзидан бошқа ҳеч ким билмайдиган кунлардир.
«У осмонлару ерни олти кунда яратиб»,
Насороларга ўхшаб, Аллоҳ душанба куни уни яратди, сешанба куни буни яратди... ва чарчаб, якшанда куни дам олди, дейиш мусулмонларга мутлақо тўғри келмайди.
Шунингдек, арш тўғрисида ҳам иймон келтирамиз-у, унинг ҳақиқатини билмаймиз. «Арш» луғатда подшоҳнинг тахтидир. Лекин Аршнинг ҳақиқатини фақат Аллоҳнинг Ўзи билади.
«…сўнгра аршни эгаллаган зотдир».
Оятда «сўнг Аршга истиво» қилди, дейилади, «истиво» луғатда кўтарилиш, ўрнашиш ва эгаллаш маъноларини билдиради. Лекин Аллоҳга нисбатан бу маъноларни биз тушунгандай ҳолатда ишлатиб бўлмайди. Шунинг учун, ҳамма нарсани яратгандан сўнг Аллоҳ уларни Ўзининг тасарруфига олди, деб шарҳланади бу ҳолат.
«Ерга нима кирганини ҳам» билади.
Ҳар лаҳзада ерга сон-саноқсиз нарсалар кириб туради, буларнинг барчасини фақат Аллоҳнинг Ўзигина билиши мумкин.
«ундан нима чиқганини ҳам» билади.
Албатта, ердан ҳар лаҳзада сон-саноқсиз нарсалар чиқиб туради. Буларнинг ҳаммасини ҳам фақат Аллоҳнинг Ўзигина билади.
«осмондан нима тушганини ҳам, унга нима чиққанини ҳам билади».
Худди шу каби осмондан тушиб ва унга чиқиб турувчи нарсаларни ҳам фақат Аллоҳнинг Ўзигина билади, бошқа ҳеч ким билмайди.
Аллоҳнинг
«У қаерда бўлсангиз ҳам сиз билан бирга», деган сўзи «илми ва қудрати билан» деб тушунилади.
Алоҳ таолога нисбатан жисм ҳақида сўз ҳам бўлиши мумкин эмас.
Демак, Аллоҳ Ўз илми ва қудрати билан бандаларининг барчаси қаерда бўлсалар ҳам бирга бўлади.
Демак, бандалар доимо ҳушёр бўлиши, яхши ишлар қилишга уриниб, ёмонликлардан узоқда бўлишлари лозим.
Аллоҳнинг чексиз қудратининг баёни каласи оятда ҳам давом этади:

5. Осмонлару ернинг мулки Уникидир ва барча ишлар Аллоҳнинг Ўзигагина қайтадир.
Модомики, Аллоҳ осмонлару ернинг ягона эгаси экан, дунёдаги барча ишлар фақат ягона Аллоҳнинг Ўзига қайтиши инкор қилиб бўлмас ҳақиқатдир.

6. Кечасини кундузга киритади, кундузни кечасига киритади ва У кўксингиздаги нарсани ҳам яхши билувчидир.
Кундуз билан кечанинг алмашинуви Аллоҳнинг қудратига ёрқин ва улкан далилдир. Қуръони Карим бу улкан мўъжизани,
«Кечасини кундузга киритади, кундузни кечасига киритади» деб ифодалайди. Ушбу ифодага ўхшаш иодаини ҳеч ким келтира олмаган. Ҳақиқатда, қараб турсангиз, кундуз тугаб бораётганда, худди кечасининг ичига кириб бораётганга ўхшайди. Ушбу ҳолат кундуз бўлишда ҳам такрорланади. Ҳамда бу жараён қадимдан бирор сония хато бўлмасдан такрорланиб келяпти. Инсон ихтиро қилган нозик соатлар вақтни ўлчашда доим хато қилиб тургани учун ҳар куни бир марта расмий равишда соатни тўғрилаш жорий қилинган. Лекин кеча билан кундузнинг алмашув вақти, қанчалик катта ҳажмдаги борлиққа тегишли бўлмасин, ҳалигача бирор сония хато қилган эмас. Бу иш осмонлару ернинг мулкига эга бўлган қудратли Аллоҳнинг иши бўлмаса, кимнинг иши бўларди?
«У кўксингиздаги нарсани ҳам яхши билувчидир».
У зот ҳамма нарсани, ҳаттоки, кишилар ўз қалбларида яшириб юрган махфий ниятларини ҳам билувчидир.
Аллоҳ таолонинг чексиз қудратига далолат қилувчи нарса ва ҳодисалар ҳамда у зотнинг илми ҳамма нарсани қамраб олгани баён қилингандан сўнг, энди инсонларга хитоб қилиняпти:

7. Аллоҳга ва Унинг Расулига иймон келтиринглар ҳамда сизларни халифа қилиб қўйган нарсалардан эҳсон қилинглар. Бас, сизлардан иймон келтирган ва эҳсон қилганларга улкан ажр бордир.
Ушбу оятда барча инсонларга қарата:
«Аллоҳга ва Унинг Расулига иймон келтиринглар», деб хитоб қилинмоқда. Иймонсизлар ҳам ўтган оятлардаги маъноларни мулоҳаза қилиб кўрсалар, бу гаплар бари беҳуда эмаслигини, ортидан тадбирини қилиб турган зот борлигини тушунадилар. Шундан экан, иймон келтиришлари лозим. Аллоҳга иймон келтирса, Унинг Расулига ҳам ўз-ўзидан иймон келтириш лозим бўлади. Аслида, иймони бор зотлар мазкурларни фикрлаб кўрса, албатта, иймони янада мустаҳкам бўлади ва динда собитқадам бўлади. Мўмин кишиларга яна «иймон келтиринг» деб хитоб қилиниши бежиз эмас, инсон доимо эслатмага муҳтож.
Иймонга қилинган даъватдан сўнг хайр-эҳсон,  қилишга даъват бўлмоқда.
«ҳамда сизларни халифа қилиб қўйган нарсалардан эҳсон қилинглар».
«Сизларни халифа қилиб қўйган нарсадан» жумласидан аён бўладики, инсонга берилган молу дунё Аллоҳнинг омонати, ҳақиқий эга эса Аллоҳнинг Ўзи. Қўлига мол-дунё берилган одам-вакил, халифа, холос. Агар у вафот этса ёки бирор бошқа сабаб чиқиб қолса, молу дунё бошқа вакилга ўтиб кетаверади. Шунинг учун қўлига Аллоҳнинг моли топширилган шахс унга хиёнат қилмаслиги зарур, ҳамда садақа қилиб, Аллоҳнинг ҳузурида ажру савобини кўпайтириши лозим.
Иймонга ва эҳсон қилишга даъватдан сўнг иймондан юз ўгирган кофирларга хитоб қилинади:

8. Сизларга нима бўлдики, Аллоҳга иймон келтирмайсизлар? Ҳолбуки, Пайғамбар сизларни Роббиларингизга иймон келтиришга чақириб турибди. У зот сизлардан аҳд олган эди. Агар иймон келтирувчи бўлсаларингиз.
Яъни, Агар сизлар ўзи бирор нарсага ишонувчи бўлсаларингиз, нима учун Аллоҳга иймон келтирмаяпсизлар? Ҳолбуки, орангизда Пайғамбар юриб, сизни Парвардигорингизга иймон келтиришга чақириб турибди.
«Сизларга нима бўлдики, Аллоҳга иймон келтирмайсизлар? Ҳолбуки, Пайғамбар сизларни Роббиларингизга иймон келтиришга чақириб турибди».
Дарҳақиқат, Пайғамбар алайҳиссаломнинг тириклик пайтлари ажойиб бўлган. У киши орқали Аллоҳ таоло Ўзи яратган бандаларининг турмушларига, ишларига аралашиб турган. Бу қилмишингиз яхши, савоб оласиз; буниси нотўғри, гуноҳ бўлади; энди бунақа ишларни такрорламанг; яхши, яхши, худди шундай бўлиши керак; бу иш жоҳилиятга тегишли эди, энди сиз мусулмон бўлдингиз, сизга тўғри келмайди, дегандек кўрсатмалар бериб турарди.
Демак, Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ҳаётлари, кишиларнинг орасида юришлари улуғ неъмат бўлган. Чунки у киши орқали Аллоҳ таоло мусулмонлар ҳаётига аралашиб, хатоларини тузатиб турган.
Кейинги мусулмонлар эса у киши келтирган Қуръон ва у киши қолдирган суннатнинг аралашуви ила яшайдилар. Шунинг учун ҳам кейинги авлоднинг алоҳида ўрни бор.
Имом Бухорий ўзларининг «Саҳиҳ» китобларида ривоят қилган ҳадисда бу нарса ўз ифодасини топган:
«Бир куни Пайғамбар алайҳиссалом саҳобаларга:
«Сизлар учун қайси мўминларнинг иймони ажабланарлидир?»  дедилар.
«Фаришталарнинг» деб жавоб бердилар саҳобалар.
«Улар Аллоҳнинг ҳузурида туриб иймон келтирмаганларида, нима бўларди?» дедилар Пайғамбар алайҳиссалом.
«(Унда) Пайғамбарларнинг!» дейишди саҳобаи киромлар.
«Уларга ваҳий тушиб турса-ю, иймон келтирмасалар, нима бўларди?» дедилар Пайғамбар алайҳиссалом.
«(Унда) Бизнинг ўзимизнинг», дейишди.
«Сизларнинг ичингизда мен турсам-у, иймон келтирмасаларингиз, нима бўларди? Мўминларнинг энг ажабланарли иймонга эга бўлганлари, сизлардан кейин келиб, ўзлари топган саҳифаларга ва нарсаларга (яъни, Қуръонга ва суннатга) иймон келтирадиганлардир, дедилар Пайғамбар алайҳиссалом».
«У зот сизлардан аҳд олган эди.
Яъни: Ўша Пайғамбар алайҳиссалом иймон келтиришга чақираётган Роббнинг Ўзи ҳам қадимда сизлардан Ўзига иймон келтиришга мийсоқ олган эди.
Келаси оятда  аввалги оятнинг маъноси давом этдирилади:

9. У зот Ўз бандасига сизларни зулматлардан нурга чиқариш учун равшан оятларни туширади. Ва, албатта, Аллоҳ сизларга шафқатли ва раҳмлидир.
Яъни, Аллоҳ таоло Ўз бандаси Муҳаммад алайҳиссаломга инсонларни жоҳилият зулматларидан Ислом нурига чиқариш учун Қуръони Каримнинг очиқ-ойдин оятларини туширади.
Бу эса Аллоҳ таолонинг Ўз бандаларига бўлган шафқати ва раҳмлилиги аломатларидандир.
Иймон келтирмаганларга қилинган хитоб тугагач, садақа қилмайдиган бахилларга қарата нидо бошланади:

10. Сизларга нима бўлдики, Аллоҳнинг йўлида эҳсон қилмайсизлар? Ҳолбуки, осмонлару ернинг мероси Аллоҳникидир. Сизлардан ҳеч ким фатҳдан илгари эҳсон қилганларга ва урушда қатнашганларга баробар бўла олмас. Уларнинг даражалари фатҳдан сўнг эҳсон қилганлардан ва урушда қатнашганлардан кўра улуғдир. Аллоҳ барчага яхшиликни ваъда қилган. Ва Аллоҳ нима қилаётганларингиздан хабардордир.
Аввал таъкидлангандек, инсоннинг ихтиёридаги молу дунё омонат, инсон халифа-вакил, холос. Шундай экан, нима учун қўлига берилган вақтинчалик молдан Аллоҳ йўлида сарфламайди? Ваҳоланки, нафақат одам боласининг қўлидаги молу дунё, балки осмонлару ердаги ортдан қоладиган барча нарсалар Аллоҳники-ку! Ҳамма моллар оқибатда Аллоҳнинг Ўзига қолади. Шундай экан, нима учун инсон ўлимидан олдин ўша молни эҳсон қилиб ўзига савобу ажр касб қилиб олмайди?!
«Сизларга нима бўлдики, Аллоҳнинг йўлида эҳсон қилмайсизлар? Ҳолбуки, осмонлару ернинг мероси Аллоҳникидир».
Шу билан бирга, мол сарф қилишнинг ҳам ўз йўли, жойи, вақти бор. Ўрнини топиб, оз сарф қилиб, кўп савоб олиш мумкин. Ёки, аксинча.
«Сизлардан ҳеч ким фатҳдан илгари эҳсон қилганларга ва урушда қатнашганларга баробар бўла олмас. Уларнинг даражалари фатҳдан сўнг эҳсон қилганлардан ва урушда қатнашганлардан кўра улуғдир».
Оятдаги «Фатҳ» сўзи Маккаи Мукаррамани Пайғмбар алайҳиссалом бошлиқ мусулмонлар Мадинаи Мунавварадан келиб мушриклардан озод қилиши маъносида айтилган.
Қуръони Каримнинг биринчи оятлари тушганидан бошлаб «фатҳ» кунигача бўлган йигирма йилдан ортиқ даврда мўмин-мусулмонлар бошидан ниҳоятда машаққатли даврлар ўтди. Ўша вақтда Исломга қарши турли душманликлар, фитналар тинимсиз бўлиб турди. Оқибати нима бўлишини ҳеч ким билмасди. Шунга қарамай, эътиқодли мусулмонлар ҳақ йўлда жонларини ва молларини фидо қилдилар. Ўша пайтда қилинган эҳсон инфоқда ҳеч қандай тамагирлик, риё ёки шахсий ғараз йўқ эди. Фақат Аллоҳнинг розилиги учун холис қилинарди.
Албатта, фатҳдан сўнг ҳамма мусулмон бўлиб, Исломга кенг йўл очилиб, имкониятлар кўпайгандан кейин эҳсон, садақа қиладиганлар ҳам кўпайиб кетди. Ўз-ўзидан, буларга ҳам аввал мол-пул сарфлаганларнинг даражаси берилармикан, деган савол пайдо бўлди. Жавобга эса юқоридаги оят тушди. Фатҳдан кейин Аллоҳнинг йўлида молу мулк сарфлаганларга ҳам савоб бўлади албатта, лекин аввалгиларнинг даражасида эмас.
«Аллоҳ барчага яхшиликни ваъда қилган. Ва Аллоҳ нима қилаётганларингиздан хабардордир».
Аллоҳ ҳаммаларига жаннатни ваъда қилган. Аллоҳ ҳамма нарсани, жумладан, ким қанча эҳсон-нафақа қилаётганини ҳам билади. Бас, шундай экан:

11. Аллоҳга яхши қарз берадиган киши борми?! Бас,  У зот унга бир неча марта кўпайтириб қайтаради ва унга карамли ажр бор.
Аслида «қарз» сўзи луғатда «кесмоқ» маъносини билдиради. Қарз берувчи киши ўз молидан кесиб, қарз сўровчига беради. Аллоҳ таоло Ўз дини йўлида сарфланадиган молу мулкни Унга берилган «яхши қарз»га, яъни, орага судхўрлик ва бошқа ғаразлар қўшилмаган қарзга ўхшатмоқда.
«Аллоҳга яхши қарз берадиган киши борми?!»
Бунда эҳсон, инфоқ қилишга катта тарғиб бордир. Чунки қарзни муҳтожлар олади, Аллоҳ эса ҳеч нарсага муҳтожлиги йўқ, балки барчанинг Унга муҳтожлиги бор зотдир. Оятда Аллоҳ таоло эҳсон қилганларнинг сарфини кўпайтириб беришга ва бунинг устига, уларни карамли жаннатга киритишга ваъда қилмоқда.
«Бас,  У зот унга бир неча марта кўпайтириб қайтаради ва унга карамли ажр бор».
Уламолар Аллоҳ таоло қабул қиладиган яхши қарзнинг шартларини ҳам зикр қилганлар:
1.Садақа қилувчининг нияти соф бўлсин.
2. Садақа чин кўнгилдан, риёсиз, Аллоҳнинг розилиги учун берилсин.
3. Ҳалол молдан бўлсин.
4. Сифатсиз бўлмасин.
5. Энг зарур жойга сарфлансин.
6. Садақа яширин ҳолда қилинсин.
7. Миннат қилинмасин.
8. Кўп бўлса ҳам, оз саналсин.
9.Ўзининг яхши кўрган молидан бўлсин.
10. Ўзини бой санаб, олувчини камбағал санамасин.
Маълумки, саҳобаи киромлар ҳар бир оятга тўлиқ амал қилишга шошилар эдилар. Шу маънода улуғ саҳобий Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган қуйидаги ривоят жуда ҳам ибратлидир. Ушбу оят нозил бўлганда Абу Даҳдаҳ Ансорий исмли саҳоба:
«Эй Аллоҳнинг Расули, Аллоҳ биздан қарз хоҳлаяптими?» деди.
«Ҳа, эй Абу Даҳдаҳ», дедилар сарвари олам. Шунда Абу Даҳдаҳ Расулуллоҳ алайҳиссаломга:
«Қўлингизни беринг», деди-да, у зоти бобарокатнинг муборак қўлларидан тутди. Сўнгра:
«Мен ўз Роббимга боғимни қарз бердим», деди.
Унинг боғида олти юз туп хурмоси, хотини Умму Даҳдаҳ ва фарзандлари бор эди. Абу Даҳдаҳ боғига келиб, хотини Умму Даҳдаҳни чақирган эди, у:
«Лаббай!» деб чиқди. Абу Даҳдаҳ:
«Боғдан чиқ, мен уни Роббимга қарз бердим», деди. Аёл эса:
«Қилган савдоингнинг даромади кўп бўлсин», деди-да, дарров болалари ва асбоб-анжомларини кўтариб, кўчди. Шунда Пайғамбар  алайҳиссалом:
«Жаннатдаги дуру ёқутдан бўлган қанчадан-қанча хурмолар Абу Даҳдаҳники бўлди», дедилар.
Юқоридаги оятлар эҳсон-инфоқ қилишга даъват этди ва бу учун улуғ ажр борлигининг хабарини берди. Келаси оят эса мазкур ажрнинг бир қисми ҳақида баён қилади.
Демак, карамли ажр қачон бўлади?

12. Мўмин ва мўминаларни уларнинг олдиларида ва ўнг тарафларида нурлари ҳаракат қилаётган ҳолда кўрган кунингда, Сизларга бугунги куннинг хушхабари, дарахтлари остидан сувлари оқиб турган жаннатлардир. У жойда абадий қолажаксиз. Бу эса, айнан улкан ютуқдир (дейилур).
Қиёмат кунида сирот кўпригига яқинлашганда атроф қоронғу зулмат бўлиб қолар, лекин бу дунёда қилган амалларига қараб мўмин ва мўминаларга нур ато қилинар экан.
«Мўмин ва мўминаларни уларнинг олдиларида ва ўнг тарафларида нурлари ҳаракат қилаётган ҳолда кўрган кунингда»,
Улуғ саҳобий Абдуллоҳ ибн Масъуд айтганларидек, кимнингдир нури тоғдек, кимники хурмодек, яна кимники тик турган кишидек, энг озиники бош бармоғидек бўлиб, бир ўчиб-бир ёниб туради. Шу ҳолда сиротдан ўтишга ҳаракат қиладилар.
Улуғ тобеинлардан Қатода розияллоҳу анҳудан бизга етиб келишича, Пайғамбаримиз алайҳиссалом: «Мўминлардан баъзиларининг нури Манинадан Адангача ёритади, баъзилариники Санъогача ёки ундан озроқ, ёритади, холос», деган эканлар.
Машҳур муҳаддислардан Ибн Аби Ҳотим Абу Дардо билан Абу Зарр исмли икки улуғ саҳобийлардан ривоят қилган ҳадисда ҳам қиёмат куни бўладиган ҳодисалар ичида мазкур маъно ўз ифодасини топган. Пайғамбаримиз Муҳаммад салоллоҳу алайҳи васаллам:
«Қиёмат кунида сажда қилишга биринчи изн берилган шахс мен бўламан. Саждадан бошини кўтариб олдимга, ортимга, ўнг ва чап тарафларимга қарайман, бошқа умматлар ичидан ўз умматимни танийман», дедилар.
«Нуҳдан бошлаб яшаб ўтган умматлар ичидан ўз умматингизни қандай танийсиз, эй Аллоҳнинг Пайғамбари?» деди бир киши.
«Таҳорат боисидан пайдо бўлган, бошқа умматлардан бирортасида учрамайдиган гўзал оқликдан танийман. Номаи амалларини ўнг тарафларидан берилишидан танийман. Юзларидаги равшанлик ва олдиларида йўлларини ёритиб бораётган нурларидан танийман», дедилар сарвари олам.
Мўмин ва мўминалар учун мазкур нурга эришган пайтларида бошқа хушхабар ҳам келадир.
 «Сизларга бугунги куннинг хушхабари, дарахтлари остидан сувлари оқиб турган жаннатлардир. У жойда абадий қолажаксиз. Бу эса, айнан улкан ютуқдир (дейилур)».
Мўмин ва мўминалар юқорида тасвир этилган ҳолда шаҳдам юриб бораётганларида, сиртидан мусулмон, ичида кофир бўлган мунофиқлар уларга ҳавас ва ҳасад қиладилар. Уларнинг ҳолати келаси оятда баён қилинади:

13. Мунофиқ ва мунофиқалар иймонлиларга: «Тўхтаб туринглар, биз ҳам нурингиздан бир оз олайлик», деган ва уларга: «Ортингизга қайтинг ҳамда нур қидиринг», дейилган кунда. Бас, уларнинг орасига эшиги бор қўрғон урилур. Унинг ичида раҳмат, ташқарисида-олдида азобдир.
Қиёмат куни зулмат бўлиб, албатта, бу ўша кунда рўй берадиган ҳодисаларнинг бир босқичи, холос. Ҳеч ким ҳеч нарсани кўрмай қолганда, мўминларга нур ато қилиниб, улар шодон ва шаҳдам юриб боришади. Шунда:
«Мунофиқ ва мунофиқалар иймонлиларга: «Тўхтаб туринглар, биз ҳам нурингиздан бир оз олайлик»,
Яъни, «Бизни ташлаб кетманглар, кутиб туринглар, бизга ҳам нурингиздан озгина беринглар», деб ялинишар экан. Уларнинг бу ялинишларига жавобан эса,
 «Ортингизга қайтинг ҳамда нур қидиринг»,
Яъни: «Ортингизга қайтиб, ўзингиз нур ахтаринг», дейиларкан. Улар қандай қилиб нур топишарди. Бу дунёда жоҳилият зулматларидан Ислом нурига чиқишни хоҳламаган эдилар. Энди охират зулматларида хору зор бўлишлари турган гап.
«Бас, уларнинг орасига эшиги бор қўрғон урилур».
Аллоҳ таоло икки гуруҳнинг орасига эшикли бир қўрғон ўрнатади. Эшикдан мўминлар кириб олиб, мунофиқлар ташқарида қолишади.
«Унинг ичида раҳмат, ташқарисида-олдида азобдир».
Қўрғоннинг ичкариси жаннат бўлса, ташқариси дўзахдир.
Келаси оятларда мунофиқлар билан мўминлар орасидаги айтишув давом этдирилади:

14. Уларга (мунофиқлар): «Биз сиз билан бирга эмасмидик?!» деб нидо қилурлар. Улар: «Худди шундай. Лекин сизлар Аллоҳнинг амри келгунча ўзингизни ўзингиз фитнага дучор қилдингиз, кўз тикиб кутдингиз, шубҳа қилдингиз ва сизларни хом-хаёллар ғурурга кетказди. Сизларни Аллоҳ ҳақида алдамчи алдаб қўйди.
15. Бугун сизлардан ҳам, куфр келтирганлардан ҳам тўлов олинмас. Жойларингиз жаҳаннамда, у сизнинг эгангиздир. Қандай ҳам ёмон борар жой!» дерлар.
Қиёмат куни Аллоҳ томонидан берилган нурга эга бўлган мўмин ва мўминалар ўзларидан ялиниб-ёлбориб нур сўраган мунофиқларга рад жавоб берганларида,
«Уларга (мунофиқлар): «Биз сиз билан бирга эмасмидик?!» деб нидо қилурлар».
Яъни, мунофиқлар бу дунёда юзаки таризда мўминлар билан бирга бўлганларини рўкач қилиб, ҳаёти дунёда бирга бўлган бўлсак ҳам энди бизни ёрдамсиз ташлаб кетасизларми, дерлар Шунда  мунофиқларнинг бу гапларига,
«Улар: «Худди шундай».
Ҳа, ростдан ҳам сиз биз билан бирга бўлган эдингиз.
«Лекин сизлар Аллоҳнинг амри келгунча ўзингизни ўзингиз фитнага дучор қилдингиз»,
Аммо сизлар ўзингизги ўлим келгунча, нивоқла ва  иккиюзламачилик ила Аллоҳни, Унинг Пайғамбарини ва бизни эмас, ўзингизни ўзингиз алдаб юрдингиз.
Бу ҳам етмаганидек сиз бизга бало-офат, ҳалокат ва мағлубият келишини,
«…кўз тикиб кутдингиз»,
Сиз Аллоҳнинг бирлигига, У зотнинг баркамол сифатларига, У зотнинг Пайғамбарига, Қуръонига ва бошқа иймон келтириш лозим бўлган нарсаларга,
«…шубҳа қилдингиз…»
Сиз ўзингиз ёмон йўлни ихтиёр қилганингиз учун манашу нарсаларга гирифтор бўлдингиз,
«…ва сизларни хом-хаёллар ғурурга кетказди».
Ҳа, хом-хаёлга берилиб алданиб қолдингиз. Шу билан бирга,
«Сизларни Аллоҳ ҳақида алдамчи алдаб қўйди».
Бу жумладаги алдамчидан мурод, шайтондир. Демак, мунофиқлар Шайтоннинг гапига кириб, алдовига учиб расво бўлганлар.
Мўминлар мунофиқларга қаратилган гаплари давомида яна қуйидагиларни айтадилар.
«Бугун сизлардан ҳам, куфр келтирганлардан ҳам тўлов олинмас».
Бугун қиёмат куни. Бу кун ўзига яраша қонун-қоидага эга. Бугун сиз-мунофиқлардан ҳам, кофирлардан ҳам куфр, нифоқ ва исёнларингизни ювиш учун тўлов олинмайди. Бинобарин,
«Жойларингиз жаҳаннамда, у сизнинг эгангиздир. Қандай ҳам ёмон борар жой!» дерлар».
Чиндан ҳам мунофиқлар зоҳирда мўминлар билан бирга бўладилар, мўминларнинг сўзларини айтадилар, одамлар кўрсин учун ибодатларни, яна бошқа ишларни ҳам адо этадилар. Лекин булар ҳаммаси нифоқ учундир. Улар ушбу мунофиқликлари билан ўзларини ўзлари фитнага дучор қиладилар. Ўзларича, мўминларни алдаяпман, деб ўйлайдилар, аслида эса, ўзларини алдайдилар.
Мунофиқларнинг иймонлари юзаки, ишончлари заиф бўлгани учун, мабода  дунё ишлари чаппа айланиб, мўминларнинг аҳволи оғирлашиб қолса, уларга қўшилиб аҳволим чатоқ бўлмасин, дея улар кўз тикиб кутадилар.
Мунофиқлар дину диёнат ишига ҳамиша шубҳа билан қарайдилар.
Мунофиқлар: «Ажаб эмас, Ислом мағлубиятга учраб, мусулмонлар енгилса», деган хом хаёлларга берилиб, ғурурга кетадилар.
Мунофиқларни шайтон алдайди: «Сизлар тўғри иш қиляпсизлар, барча фикрларингиз асосли, мабода нотўғри бўлса ҳам, Аллоҳнинг Ўзи кечиради», деб уларни алдаб қўяди.
Қиёмат кунида мунофиқларга ҳеч қандай нажот йўқ. Бу дунёда агар нотўғри иш қилсалар, уни тўлов эвазига тўғрилаб ёки ҳас-пўшлаб олар эдилар, аммо қиёматда мунофиқлардан ҳам, кофирлардан ҳам тўлов олинмайди. Барчаларининг борадиган жойлари жаҳаннамнинг олови, фақат ўша олов улар устидан ҳукмрондир.
Ушбу оятда агар мунофиқлар бу дунё ўзнифоқлари жазосини олмаган бўлсалар ҳам у дунёда албатта олишларининг тафсилоти баён қилинмоқда.
Шундан сўнг Аллоҳ таоло мўминларни мунофиқларга ўхшамасликка, яҳудий ва насоролар сингари Аллоҳнинг тоатидан чиқувчи бўлмасликка даъват қилади.

16. Иймон келтирганлар учун Аллоҳнинг зикрига ва нозил бўлган ҳаққа қалблари юмшаш, айни чоқда, олдин китоб берилган, сўнг муддат ўтиши билан қалблари қотиб қолган, кўплари фосиқ бўлганларга ўхшамаслик вақти келмадими?!
Инсон қалби тез ўзгарувчан нарса. Араб тилида «қалб» сўзи ўзгариш, айланиш каби маъноларни англатади. Қалбнинг тез ўзгарувчанлигини Қуръони Карим тез-тез эслатиб туради. Ушбу оят ҳам шундай эслатмалардан биридир. Инсон тез-тез Аллоҳнинг зикрини қилиб турса, қалби юмшайди, «мулойим бўлади, ҳис қилиш малакаси ошади.
«Иймон келтирганлар учун Аллоҳнинг зикрига ва нозил бўлган ҳаққа қалблари юмшаш…»
Оятдаги «нозил бўлган ҳақ» Қуръони Каримдир. Демак, уни тиловат қилиш ёдлаш, ўрганиш, унга амал қилиш инсон қалбини юмшатади.
Агар Аллоҳ тез-тез эслаб турилмаса, Қуръон ва шариатдан, дин таълимотларидан узоқлашилса, инсон қалбини моғор босади, бағри тошга айланади. Унга Аллоҳнинг зикри ҳам, диний таълимотлар ҳам таъсир қилмайдиган бўлиб қолади. Аввал Таврот ва Инжил каби илоҳий китоблар берилган яҳудий ва насронийларнинг вақт ўтиши билан оятда тасвирланганидек қалбларини моғор босиб, қаттиқ бўлиб қолган. Уларнинг кўплари фосиқлардир.
«…айни чоқда, олдин китоб берилган, сўнг муддат ўтиши билан қалблари қотиб қолган, кўплари фосиқ бўлганларга ўхшамаслик вақти келмадими?!»
Лекин қотиб қолган қалблардан умид узмаслик керак. Аллоҳнинг ўзига ҳамма нарса осон. У худди қуриб-қақшаган ерни жонлантирганидек, моғор босиб қотиб кетган қалбни ҳам юмшата олади.

17. Шуни билингларки, албатта Аллоҳ ўлик ерни тирилтирур. Дарҳақиқат, сизларга оятларни баён қилдик, шоядки ақл юритсангизлар.
Аллоҳни эслаш, зикр қилиш натижаси ва Қуръоннинг инсон қалбига ўтказадиган таъсири ушбу ояти каримада худди қақраб ётган ерга сувнинг таъсирига ўхшатилмоқда.
«Шуни билингларки, албатта Аллоҳ ўлик ерни тирилтирур».
Қуруқ ерга сув қўйилса, у юмшаб, жонланиб, самара бера бошлаганидек, Аллоҳ эсланса ва Қуръон ўқиб, унга амал қилинса, қалб ҳам юмшаб, самарасини бера бошлайди.
«Дарҳақиқат, сизларга оятларни баён қилдик, шоядки ақл юритсангизлар».
Шунинг учун қалби қаттиқ одамлар умидсиз бўлмасдан, кўпроқ Аллоҳнинг зикрини қилиб, Қуръон ўрганишлари керак.
Даъватчилар ҳам, фалончиларнинг қалби қотиб кетган, деб умидсиз бўлмай, даъватни янада кучайтиришлари лозим.
Иймон туфайли қалблари юмшаган кишилар нималар қилишларини келаси оят қисман баён қилади.

18. Албатта, садақа қилувчи эркагу аёл ҳамда Аллоҳга қарзи ҳасана берувчиларга (савоб) кўпайтириб берилур. Уларга карамли ажр ҳам бор.
Яъни, бечора ва камбағалларга садақа берувчи эр ва аёллар ҳам Аллоҳнинг йўлида савоб умидида молу дунё сарқлаганларнинг мукофотига Аллоҳ таоло савобни бир неча чандон, ривоятларда келишича, еттидан етти юзгача кўпайтириб беради. Шу билан бирга, уларга карамли ажр, яъни жаннатни ҳам раво кўради.

19. Аллоҳга ва Унинг Пайғамбарларига иймон келтирган кишилар, ана ўшалар, сиддиқлардир ва Роббилари ҳузуридаги шоҳидлардир. Уларнинг ажрлари ва нурлари бор. Куфр келтирганлар ва оятларимизни ёлғонга чиқарган кишилар, ана ўшалар дўзах эгаларидир.
Фақат Исломдагина мартаба ва мақомлар одамнинг ишига қараб берилади. Ким бўлишидан қатъи назар, иймонга келиб яхши амалларни қилса, энг юқори мақомларга эришиши турган гап.
Ушбу оятда Аллоҳга ва Унинг Пайғамбарларига иймон келтирганлар сиддиқлар деб аталмоқда.
«Аллоҳга ва Унинг Пайғамбарларига иймон келтирган кишилар, ана ўшалар, сиддиқлардир ва Роббилари ҳузуридаги шоҳидлардир».
«Сиддиқ» аслида сўзига, эътиқодига ва амалига содиқ кишиларнинг сифатидир. Улар фазл ва мартабада Пайғамбарлардан кейин турадилар.
Шоҳидлар эса ўзларининг содиқликлари билан юқори даражага эришиб, Аллоҳ ҳузурида бошқа одамлар тўғрисида гувоҳлик бериш даржасига эришганлардир.
Ушбу шоҳидлар калимаси кўпгина таржима ва тафсирларда, шаҳидлар шаклида ҳам талқин қилинган. Бунинг сабаби Қуръони Карим матнида «шуҳадау» деб келтирилган. Бу сўз жам сийғасида бўлиб, арабча икки сўзнинг: шоҳид ва шаҳид сўзларининг жами учун ишлатилади. Демак, тафсирчи ва таржиймонлар оятда келган жам сийғасидаги «шуҳадау» сўзи шоҳид-гувоҳ сўзининг жамими ёки шаҳид-Аллоҳнинг йўлидаги жангда жон фидо қилувчининг жамими эканлигида икки хил ижтиҳод қилганлар.
Биз шоҳид сўзини ихтиёр қилдик. Чунки, аввало Ҳадид сурасида ва ушбу оятда жиҳод ва шаҳидлик ҳақида бирор сўз ҳам йўқ. Иккинчидан, сиддиқлик даражасига етган кишилар Аллоҳнинг ҳузурида шоҳид-гувоҳ бўлишлари маълум ва машҳур.
«Уларнинг ажрлари ва нурлари бор».
Ҳаммаларига улуғ ажр ва қиёмат зулматида йўлларини ёритиб борадиган нур бордир.
Кофирларга эса дўзах рўпара қилинади.
«Куфр келтирганлар ва оятларимизни ёлғонга чиқарган кишилар, ана ўшалар дўзах эгаларидир».
Юқоридаги оятда зикри келган садақа ва мол сарфлаш, осон иш эмас. Мол-дунёнинг муҳаббати кишиларни мазкур ишдан қайтариб туради. Шунинг учун келаси оят бу дунёнинг ҳақиқати ва мол-дунёга унча берилмаслик ҳақида сўз юритади.

20. Билингки, албатта, бу дунё ҳаёти ўйин, кўнгил эрмаги ва зеб-зийнатдан, ўзаро фахрланишдан, мол-мулкни ва бола-чақани кўпайтиришдан иборатдир. У худди ўсимлиги деҳқонларни ажаблантирган ёмғирга ўхшайдир. Кейинроқ бу ўсимликлар қурийди ва сарғайганини кўрасан. У сўнгра хас-чўпга айланиб кетадир. Охиратда эса, қаттиқ азоб бор, Аллоҳдан мағфират ва розилик бор. Бу дунё ҳаёти ғурурга кетгазувчи матодан ўзга ҳеч нарса эмас.
Ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло бу дунё ҳаётини «ўйин, кўнгил эрмаги ва зеб-зийнат», деб таърифламоқда.
«Билингки, албатта, бу дунё ҳаёти ўйин, кўнгил эрмаги ва зеб-зийнатдан»,
Чиндан ҳам одамлар ўлчови билан қаралганда, ҳаёт беш кунлик дунёда ўйнаб олиш учун ажратилган фурсатга ўхшаб туюлади. Қаёққа қарасангиз, одамлар кийим-бош, емоқ-ичмоқ, ҳовли-жой, зеб-зийнат ортидан қувгани-қувган.
Бу дунё ҳаёти яна,
«ўзаро фахрланишдан, мол-мулкни ва бола-чақани кўпайтиришдан иборатдир».
Одамлар ўз обрўлари, мансаблари, хасабу насаблари билан фахрланишган, мол-дунё ва бола-чақани кўпайтиришга урингани-уринган.
Аслида эса, бу нарсалар арзимас, эътиборсиз ашёлардир. Бу ҳақиқатни янада очиқроқ тушунтириш учун Қуръони Карим кўзимизга доимо кўриниб турган, лекин кўпларимиз эътибор бермайдиган ҳодисани мисол қилиб келтиради.
«У худди ўсимлиги деҳқонларни ажаблантирган ёмғирга ўхшайдир.
Яъни, бу дунё ҳаёти шундай бир ёмғирга ўхшайдики, у ёққандан сўнг чиққан наботот деҳқонларни ҳайратга солади, завқлантиради. Аслида эса, бу ҳол ўткинчидир.
«Кейинроқ бу ўсимликлар қурийди ва сарғайганини кўрасан. У сўнгра хас-чўпга айланиб кетадир».
Яъни, ўсимликлар тезда қурийди. Ранги сарғаяди ва қуриб, қовжираб, уқаланиб кетади.
Ҳа, бу дунё ҳаёти ҳам шу каби алдамчидир. Шу билангина овуниб қолмаслиги керак.
«Охиратда эса, қаттиқ азоб бор, Аллоҳдан мағфират ва розилик бор».
Чунки охиратда кофирларга қаттиқ азоб, мўминларга эса Аллоҳнинг мағфирати ва розилиги бор.
«Бу дунё ҳаёти ғурурга кетгазувчи матодан ўзга ҳеч нарса эмас».
Албатта, бу гаплар тарки дунё қилишга, ҳамма нарсадан юз ўгиришга чақириқ эмас. Балки мезон ва ўлчовларни тўғри йўлга солишга, ўткинчи ҳой-ҳавасдан устун бўлишга даъватдир.

21. Роббингизнинг мағфиратига ва Аллоҳга ҳамда Унинг Пайғамбарларига иймон келтирганлар учун тайёрланган, кенглиги осмону ернинг кенглигича бўлган жаннатга мусобақалашинг. Ана ўша Аллоҳнинг фазли. Кимга хоҳласа беради, Аллоҳ улуғ фазл эгасидир.
Қуръони Карим назарида, мусобақа  қилиб шошилиш бу дунё ҳаётининг ўткинчи ҳой-ҳавасларига, бойликка, ўйин-кулгуга эмас, балки Аллоҳнинг мағфиратига ва жаннатга элтувчи яхши амалларга қаратилиши керак.
«Роббингизнинг мағфиратига ва Аллоҳга ҳамда Унинг Пайғамбарларига иймон келтирганлар учун тайёрланган, кенглиги осмону ернинг кенглигича бўлган жаннатга мусобақалашинг».
Бандалар бир-биридан ўзишга ҳаракат қилиши лозим биринчи иш, Аллоҳнинг мағфирати экан. Бас, шундоқ бўлганидан кейин ўша мағфирати Роббил оламийн тақозо қилган ишларни адо этиш лозим.
Бандалар бир-биридан ўзишга ҳаракат қилиши лозим бўлган иккинчи иш, Аллоҳга ҳамда Унинг Пайғамбарларига иймон келтирганлар учун тайёрланган, кенглиги осмону ернинг кенглигича бўлган жаннатга эришиш учун мусобақалашиш экан. Ушбу мусобақага иштирок этишнинг асосий шарти, Аллоҳга ва Унинг Пайғамбарларига иймон келтирган шахс бўлиши керак экан. Бу шартни ўзида мужассам қилмаган кимсалар мазкур мусабоқага иштирок эта олмас эканлар. Бас, шундоқ бўлгандан кейин мўминларнинг асосий мақсади ушбу мусобақада қатнашиб ютуққа эга бўлишдир.
«Ана ўша Аллоҳнинг фазли. Кимга хоҳласа беради, Аллоҳ улуғ фазл эгасидир».
Бас, ҳар бир банда Ўша улуғ фазл эгасининг фазлидан баҳраманд бўлиб қолмоққа ҳаракатда бўлиши лозим.

22. Бирор мусибатни пайдо қилмасамиздан олдин у Китобда битилган бўлур, акс ҳолда ер юзида ва ўз шахсларингизда сизга бирор мусибат етмас. Албатта, бу иш Аллоҳ учун осондир.
Ушбу оятда Аллоҳ таоло бизга етадиган ҳар бир мусибат-касаллик, очлик, камбағаллик, ўлим ва бошқалар, улар юзага чиқишидан аввал ҳам Лавҳул Маҳфузда, Аллоҳнинг илмида собит бўлишини таъкидламоқда. Шунинг учун мазкур мусибатларга ортиқча хафа бўлиб, ўзни қийнашнинг ҳожати йўқ. Ҳар бир мусибатни сабр-бардош билан қарши олиш мусулмонларнинг сиймоси эканлигини ҳамма билиши керак.
Худди мусибат каби, ҳар бир хурсандчилик, яхшилик ҳам аввалдан Лавҳул Маҳфузда ёзилган бўлади. Шунинг учун бирон-бир неъмат-яхшилик етса, ортиқча хурсанд бўлиб, ўзини йўқотиб қўйиш ҳам мусулмонларга хос эмас. Ушбу ҳолатларни кейинги оят баён қилади:

23. Токи, кетган нарсага қайғуриб, келган нарсадан хурсанд бўлмаслигингиз учун, Аллоҳ барча димоғдор ва мақтанчоқларни суймас.
Бу димоғдор ва мақтанчоқларни қуйидаги оят васф қилади:

24. Улар бахилдирлар ва кишиларни ҳам бахилликка буюрурлар. Ким юз ўгирса, бас, Аллоҳ беҳожат ва мақталган зотдир.
Улар бахиллик қилиб, кишиларни ҳам бахилликка буюрсалар-да, Аллоҳга ҳеч зарари йўқ, чунки Аллоҳ беҳожат, бой ва мақталган зотдир.
Сўнгра Пайғамбар юборишдан мақсад ва темирни одамларга берилишининг баёни келади:

25. Дарҳақиқат, Биз Пайғамбарларимизни равшан(нарса) лар ила юбордик ва улар ила китоб ҳамда одамлар адолатда туришлари учун мезон туширдик. Ва темирни туширдик-унда катта куч-қувват ва одамлар учун манфаатлар бор. Аллоҳ ким Ўзига ва Пайғамбларига ғойибона ёрдам бераётганини билиши учун. Албатта, Аллоҳ кучли ва азиздир.
Ояти каримада Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Ўз Пайғамбарларига юбордим деяётган равшан, очиқ-ойдин нарсалар-мўъжизалар, шариат аҳкомлари, оятлар бўлиши мумкин. Шунинг учун ояти каримада умумлашма сўз зикр қилинган, холос. Китоб ҳамда мезон-тарози эса, ваҳий ва одамлар ўртасида адолат ўрнатиш учун юборилган шариат аҳкомларидир.
«Дарҳақиқат, Биз Пайғамбарларимизни равшан(нарса)лар ила юбордик ва улар ила китоб ҳамда одамлар адолатда туришлари учун мезон туширдик».
Аллоҳ таолонинг темирда катта куч-қувват ва одамлар учун манфаатлар борлигини таъкидлаши ҳам улкан мўъжизадир.
«Ва темирни туширдик-унда катта куч-қувват ва одамлар учун манфаатлар бор».
Бундан минг тўрт юз йил илгари темир жуда кам ишлатилар эди. Баъзи уй асбоблари, қилич, найза ва совутдан бошқа ўринларда темирга эҳтиёж йўқ ҳисобида эди. Темирда чиндан ҳам катта куч-қувват борлигини келгуси замонларда ёрқин намоён бўлди. Ҳозир темирсиз тинч ҳаётни ҳам, ҳарбий ҳаётни ҳам тасаввур этиб бўлмайди.
Ҳолбуки, ушбу оят вақтидаёқ мусулмонларни темирга эътибор беришга, ундан самарали фойдаланишга даъват қилган эди.
Темирнинг одамлар учун манфаатини санаб тугатиб бўлмайди. Ҳатто инсон жисмида ҳам темир энг зарур моддалардан ҳисобланади. Темир инсоннинг қонида, жигари, талоғи, буйраги ва пайларида ҳам бўлар экан. Агар ушбу модда камайиб қолса, одам турли касалликларга, жумладан, камқонликка учрайди.
Оятнинг охиридаги жумлада бир-икки нозик маъно бор. Жумладан, темирдан ясалган асбобларни ишлатиб, Аллоҳга ва Унинг Пайғамбарларига ёрдам берувчиларни билиши учун, деган ишора бор.
«Аллоҳ ким Ўзига ва Пайғамбларига ғойибона ёрдам бераётганини билиши учун. Албатта, Аллоҳ кучли ва азиздир».
Маълумки, Аллоҳнинг илмининг чегараси йўқ-ҳамма нарсани рўй беришидан аввал билиб туради. Лекин бу оятдаги «билиши»ни юзага чиқариши, халойиққа билдириши деб тушунмоқ керак. Шунингдек, «ғойибона» сўзи ҳам Аллоҳни ва Унинг Пайғамбарларини кўрмасдан туриб уларни динига ёрдам беринглар, деб шарҳланади.
Келаси оятда равшан нарсалар билан юборилган ўша Пайғамбарлардан баъзилари зикр қилинади:

26. Дарҳақиқат, Нуҳ ва Иброҳимни Пайғамбар қилиб юбордик ҳамда Пайғамбарликни ва китобни икковларининг зурриётига хос қилдик. Улар орасида ҳидоят топганлар бор, лекин уларнинг кўплари фосиқлардир.
Аллоҳ таоло Нуҳ ва Иброҳим алайҳиссаломларни ўз қавмларини ҳидоятга бошлаш учун Пайғамбар қилиб юборди. Иброҳим алайҳиссаломнинг зурриётларидан кўплаб Пайғамбарлар, жумладан, Таврот, Забур, Инжил ва Қуръон туширилган Пайғамбарлар чиқди. Иброҳим Пайғамбарнинг ўзлари эса Нуҳ алайҳиссаломнинг зурриётларидандирлар. Шундай қилиб барча Пайғамбарлар ушбу икки зотнинг авлодлари десак, хато бўлмайди.
«Дарҳақиқат, Нуҳ ва Иброҳимни Пайғамбар қилиб юбордик ҳамда Пайғамбарликни ва китобни икковларининг зурриётига хос қилдик».
Шу билан бирга, уларнинг зурриёти орасида ҳидоятга тушиб тўғри йўлда юрганлари ҳам бор, лекин диндан чиққан фосиқлари кўпроқ.
Улар орасида ҳидоят топганлар бор, лекин уларнинг кўплари фосиқлардир.
Эндиги оятда Ийсо алайҳиссаломнинг Пайғамбарликлари ҳақида сўз юритилади:

27. Сўнгра уларнинг ортидан Пайғамбарларимизни кетма-кет юбордик ва Ийсо ибн Марямни ҳам ортларидан юбордик ҳамда унга Инжилни бердик. Унга эргашганларнинг қалбларига меҳрибонлик ва раҳмдилликни солдик. Роҳибликни ўзлари чиқариб олдилар, Биз буни уларга фарз қилмаган эдик, фақат ўзлари Аллоҳнинг розилигини тилаб қилдилар, лекин ҳақиқий риоясини қила олмадилар. Бас, улардан иймон келтирганларига ажрларини бердик, лекин уларнинг кўпи фосиқлардир.
Аллоҳ таоло Нуҳ ва Иброҳим алайҳиссаломлардан кейин шароитга қараб, аста-секин Ўз Пайғамбарларини юбориб, бандаларини ҳидоятга бошлаб турди. Вақти-соати етганда Ийсо алайҳиссаломни ҳам Пайғамбар этиб юборди.
«Сўнгра уларнинг ортидан Пайғамбарларимизни кетма-кет юбордик ва Ийсо ибн Марямни ҳам ортларидан юбордик ҳамда унга Инжилни бердик».
Демак, Ийсо ибн Марям алайҳиссалом Худо ҳам, Ўғил Худо ҳам, учтанинг учинчиси ҳам эмаслар. У киши Аллоҳнинг Пайғамбарларидан биридирлар. Аллоҳ таоло бошқа Пайғамбарларни қандоқ қилиб юборган бўлса, Ийсо алайҳиссаломни ҳам шундоқ юборган. Аллоҳ таоло Ўз Пайғамбарларидан қайси бирларига Ўз китобини берган бўлса, Ийсо алайҳиссаломга ҳам Инжилни шундоқ берган.
«Унга эргашганларнинг қалбларига меҳрибонлик ва раҳмдилликни солдик».
Аллоҳ таоло Ийсо алайҳиссаломга эргашганларнинг, у зотнинг даъватларини қабул қилганларнинг қалбиларига меҳрибонлик ва раҳимдилликни солиб уларни қўполлик ва раҳмсизликдан сақлади. Ийсо алайҳиссаломнинг бузулмаган, тўбрилича турган даъватларига ихлос билан эргашган кишиларда ушбу сифатлар мужассам бўлган. Аммо Ийсо алайҳиссаломдан кўп ўтмасдан у зотнинг таълимотлари бутунлай бузилиб кетди. Бинобарин, мазкур икки сифат ҳам бузилиб, Ийсо алайҳиссаломга эргашганликни даъво қиладиганлар ичидан сонсиз-саноқсиз энг меҳрсиз ва энг раҳмсиз кишилар чиқди.
«Роҳибликни ўзлари чиқариб олдилар, Биз буни уларга фарз қилмаган эдик, фақат ўзлари Аллоҳнинг розилигини тилаб қилдилар, лекин ҳақиқий риоясини қила олмадилар».
Роҳиблик таркидунёчиликдан иборат бўлиб, ўрисларда монахлик дейилади. Монахликни ихтиёр қилган эркак эркаклар монастирида, аёл эса аёллар монастирида, оила қурмай, дунёни тарк этиб ҳаёт кечирадилар. Қуръони Карим бундай роҳибликни Аллоҳ Ийсо алайҳиссаломга эргашувчиларга буюрмаганини, балки улар ўзлари бидъат сифатида кейинчалик ўйлаб топиб одат қилишганини эслатмоқда. Бу ҳам Қуръони Каримнинг мўъжизаларидандир. Тарихга назар солинса, илк масиҳийларда роҳиблик (монахлик) ҳам, монастирлар ҳам бўлмаган. Фақат милоднинг тўртинчи асрига келиб, Мисрда пайдо бўлди. 356 мелодий йили вафот этган Антоний исмли мисрлик киши дунёда биринчи бўлиб роҳибликка асос солган. Фиръавн давридаги таркидунёчиларнинг кийимларидан нусха олиб, у оқ рангли канопдан либос киярди. У роҳиблардан ибодат қилиш, фақирона ҳаёт кечириш ва қўл меҳнати билан шуғулланишни талаб қиларди.
Низомли монастирларни эса 346 мелодий санада вафот этган Бохум исмли шахс ўйлаб топган У ишлаб чиққан монахлик қоидаларига ҳозиргача амал қилинади. Насоролар ўзлари ўйлаб чиқарган, Аллоҳнинг розилигини топамиз, деб умид қилган роҳибликка вақт ўтиши билан ҳаққоний риоя қилмай қўйдилар. Сиртдан роҳиблик давом этиб турса ҳам, ичдан бузилди. У инсон табиатига зид нарса бўлгани учун, ўзлари ихтиёр қилган таркидунёчиликка ўзлари чидай олмадилар. Монастирларда, монахлар орасида бўлиб ўтган шармандагарчиликлар ҳақида кўп жилдлик китоблар битилган.
Уларнинг бидъат равишда ихтиро қилган таркидунёчиликлари одатдан ташқари кўпроқ қўшимча ибодат қилиш, дунёга қизиқмаслик, жамоатдан четда бўлиш, эътиборсиз кийимлар кийиш, фақат ўсимликлар билан овқатланиш, оила қурмасликдан иборат эди. Улар ушбу ишларнинг барчасида хатоликка йўл қўйдилар.
«Бас, улардан иймон келтирганларига ажрларини бердик, лекин уларнинг кўпи фосиқлардир».
Яъни, Аллоҳ таоло Ийсо алайҳиссаломга эргаўганлардан иймон келтириб, тўғри йўлда юрганларига ўз вақтида ажр-савобларини берган. Бари-бир ўша вақтда ҳам уларнинг кўпи фосиқ бўлганлар, дин чегарасидан чиқиб, фисқу-фужур ила машғул бўлганлар.
Ундан сўнг Қуръон мўминларга хитоб қилади:

28. Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга тақво қилинглар ва Унинг Пайғамбарига иймон келтиринглар. У зот Ўз раҳматидан сизларга икки ҳисса берадир ва сизларнинг юришингизга нур берадир ҳамда сизларни мағфират қиладир. Аллоҳ кечирувчи, раҳмли зотдир.
Ўтган ояти каримада Аллоҳ таоло Ийсо алайҳиссаломга эргашганлар ўзларига кўрсатилган илоҳий ишончни оқлай олмай йўлдан озганлари, Аллоҳ фарз қилмаган нарсаларни ўзларига фарз қилиб олганлари ва бошқа камчиликларга ўл қўйиб, фосиқ бўлганларини баён қилди. Энди эса, Муҳаммад алайҳиссаломга эргашган мўмин-мусулмонларга хитоб қилиб насоролар ва бошқалар уддалай олмаган нарсани уддалаб Аллоҳнинг раҳмати ва фазлига сазовор бўлишга чақирмоқда.
«Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга тақво қилинглар ва Унинг Пайғамбарига иймон келтиринглар».
Ушбу ояти карима мўминлар учун маълум ва машҳур, энг муҳими энг маҳбуб нидо,
«Эй иймон келтирганлар!» нидоси ила бошланмоқда. Бу нидо мўминларнинг шавқ-завқини ошириб, амрни ихлос ила адо этишга чорлайди.
«Аллоҳга тақво қилинглар ва Унинг Пайғамбарига иймон келтиринглар».
Иймон келтирган бўлганидан кейин, албатта тақво қилиш керак. Тақвосиз иш битмайди. Шунингдек, Аллоҳга иймон келтириб, У зотга тақво қилишнинг зимнида У зотнинг Пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломга иймон келтириш ҳам бор бусиз мутлақо мумкин эмас.
Агар ким Аллоҳга иймон келтириб, У зотга тақво қилиб ва У зотнинг Пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломга иймон келтирса, унга Аллоҳ таоло мукофот беради.
«У зот Ўз раҳматидан сизларга икки ҳисса беради ва сизларнинг юришингизга нур берадир ҳамда сизларни мағфират қиладир. Аллоҳ кечирувчи, раҳмли зотдир».
 Демак, ундоқ кишига Аллоҳ таоло Ўз раҳматидан бир ҳисса эмас, икки ҳисса берар экан.
«…ва сизларнинг юришингизга нур берадир…»
Бу Аллоҳнинг энг улкан неъматидир. Инсоннинг икки дунё саодат йўлига юриш учун жоҳилият зулматларини ёритувчи нури бўлиши, ниҳоятда аҳамиятли ва зарурдир. Аллоҳ ўшандаоқ нурни фақат Ўзига иймон келтириб, тақво қилган ва Пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломга иймон келтирганларга ваъда қилмоқда.
«…ҳамда сизларни мағфират қилади. Аллоҳ кечирувчи, раҳмли зотдир».
Бу ҳам Муҳаммад алайҳиссаломнинг умматларининг бахти ва бошқа уммутлардан фазлли эканлигидандир.

29. Токи китоб аҳллари Аллоҳнинг фазлидан ҳеч нарсага қодир эмасликларини, фазл Аллоҳнинг қўлида бўлиб, хоҳлаган кишисига беришини билсинлар. Аллоҳ улуғ фазл эгасидир.
Яҳудий ва насронийлар ваҳий, Пайғамбарлик ва илоҳий китоблар фақат бизга хос, ўзгаларга берилмайди, деб фахрланишар эди. Аллоҳ таоло уларнинг бу даъволарини рад қилиб, фазл Ўзининг қўлида эканини, кимга хоҳласа, шунга раво кўришини, шу жумладан, араблардан бўлган Муҳаммад алайҳиссаломга беришини таъкидламоқда.
Аллоҳ рост сўзлагувчидир.


Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase